БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

  MAKTABLARNING ASOSIY TAMOYILLARI Кўзи ожизл
Давомини ўқиш»
  O’ZBEKISTON RESPUBLIKASIDA NOGIRONLARNI IJTIMOIY HIMOY
Давомини ўқиш»
  ОБУНА –2019 ҚАДРДОН НАШРИНГИЗ С
Давомини ўқиш»

                                       Меҳр бериб яшанг, одамлар!

         Ўз-ўзини енгган инсон енгилмасдир.

                                                                                                                                Конфуций.

         Жисмоний жиҳатдан камчилиги бўлишига қарамай, ҳаётнинг турли жабҳаларида муваффақиятга эришаётган кишиларнинг соғлом инсонларга-да ўрнак бўлиб, тўрт мучаси соғлар қилолмаган ишларни бажараётгани, ўз ўрнида дарддошларига ҳам наф келтираётгани мақтовга лойиқдир. Бундай тоифадагилар жисмоний жиҳатдан чекланганлик мақсадга эришиш йўлида тўсиқ бўлолмаслигини исботлаб, ногиронлар ҳам ўз қадр-қиммати ва атрофдагиларга керак эканликларини ҳис этиб яшамоқлари лозим, деб ҳисоблайдилар. Қобилжон ака Мирзааҳмедов ана шундай фикрлаб яшайдиган инсонлар сирасига киради.

         У 1947 йили Андижон шаҳрида ишчи оиласида дунёга келиб, то 4-синфда ўқигунига қадар олам гўзалликларини кўришдек бахтга ошно бўлиб яшади. Эҳтиётсизлик туфайли кўзига дори сачраб кетиб, бу ошнолик завол топди. Даволанишлар самара  бермагач, 1960 йили Асакадаги кўзи ожиз болалар интернат-мактабига ўқишга борди. Ўрта маълумотга эга бўлганидан сўнг Фарғонадаги  педагогика институтининг тарих факультетида ўқиди. Талабалик давридаёқ кечки мактабда дарс бера бошлади. 1972 йили  олийгоҳни тугаллаш арафасида уни Қува ЎИЧКга маданий-маърифий ҳамда мафкуравий ишлар бўйича директор ўринбосари этиб тайинлашди. Қатор йиллар давомида у Андижон корхонасида айни лавозимда ишлади, шунингдек, ўқитувчилик ҳам қилди. Жамиятимизнинг ўша пайтдаги раҳбари Қ.Примқулов тавсиясига кўра Москвадаги раҳбар кадрларнинг малакасини ошириш курсида ўқиб қайтди. 1984 йилда эса Андижон ВилКОЖ бошқарувига раис этиб сайланиб, у ерда 1997 йилга қадар фаолият кўрсатди. Бу муддат ичида фақат жамият сармояларига  кўз тикиб қолинмай, унинг раҳбарлигида 1992 йилдан эътиборан маҳаллий ҳукуматдан 47 штат бирлиги учун маош ундиришга эришилди. Шу йўсинда 18 туман ташкилоти раис ва котибалари, ВБнинг 16 нафар ходими узлуксиз равишда ойлик маош билан таъминланди. Республика Вазирлар Маҳкамасининг 251-сонли қарорига биноан Андижон ва Асакада 50 ҳамда 24 хонадонли турар жой бинолари, 180 ва 90 ўринли болалар боғчалари барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Туман ташкилотларига ёрдамчи хўжаликлар учун ер майдонлари ажратилди. Шу йилларда тизимимизда Андижон вилояти иш тажрибасини ҳаётга жорий этиш, деган ибора бот-бот қўллана бошлади.

         2005 йили ЎзКОЖ МБ Раёсати қарорига кўра тажриба тариқасида Фарғона водийси вилоятлари бўйича  кенгаш тузилди ва унга раҳбар этиб Қ.Мирзааҳмедов тайинланди. Унинг таркибига учала ВБ раислари ва биттадан ЎИЧК директорлари киритилди. Минтақада 3 та ВБ, 16 корхона, 20 та маданий-маърифий муассаса ва  3 та интернат-мактаб мавжуд бўлиб, улар 12 мингдан зиёд кўриш бўйича ногиронларга хизмат кўрсатади. Кенгаш томонидан водий вилоятларидаги кўзи ожизлар жамиятини ривожлантиришга йўналтирилган 21 банддан иборат дастур ишлаб чиқилиб, учала вилоят ҳокимликларига ҳавола қилинди. Ушбу дастур кўзи ожизларга иш ўринлари яратиш, корхоналаримиз ишлаб чиқараётган маҳсулотларни ҳокимликлар ёрдамида бюджет ташкилотларига сотиш, Андижон вилоятида дарддошларимиз учун дам олиш масканини ташкил этиш, ВБларга транспорт воситалари, ТТларга ёрдамчи хўжаликлар учун  ер майдонлари ажратиш, кам таъминланган кўриш бўйича ногиронларни ҳомий ташкилотларга бириктириш, клубларни мебель, чолғу асбоблари ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминлаш, таълим муассасаларини қўллаб-қувватлаш, Андижон ЎИЧКга табиий газ ўтказиш каби муҳим масалаларни ўз ичига олган.

         Унинг самараси ўлароқ Фарғона вилоят ҳокимлигида икки йиллик тадбирлар мажмуи ишлаб чиқилиб, муаммолар юзасидан амалий ҳаракатлар бошланган. Хусусан, Тошлоқ, Ўзбекистон, Фарғона ТТларига фойдаланиш учун ер майдолари ажратилган. Бюджет ташкилотларига жамият корхоналари маҳсулотларини харид қилиш юзасидан топшириқлар берилмоқда. Кенгаш аъзолари саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ Наманган вилоят ҳокимлигининг ҳам ёрдам бериши кутилмоқда. Бироқ юқорида баён этилган масалаларнинг Андижон вилоятида ҳал бўлиши қийин кўчяпти.     

         Биламизки, кўзи ожизларнинг аксарияти  ЎзКОЖ тизимида меҳнат қилади. Чунки дарддошларимизнинг соғлом кишилар қаторида фаолият юритишларининг ўзига хос мураккабликлари бор. Бу синовга ҳамма ҳам бардош беравермайди. Негаки, бунинг учун аксар ҳолларда алоҳида иқтидор  талаб қилинади. Қ.Мирзааҳмедов 1997 йили ВБ раислиги лавозимидан кетгач, кўп ўтмасдан Андижон вилоят Чўлпон хайрия жамғармасига директор ўринбосари этиб ишга қабул қилинди. 1998 йилнинг  сентябрида эса мазкур муассаса ижрочи директори вазифасига тайинланди. Бу борада унга ижод билан шуғуллангани, шоир-ёзувчилар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, кўплаб дўстлар орттиргани, жамият ташкилотларига уларни таклиф қилиб, учрашувлар уюштиргани қўл келди. Ўз навбатида вилоят ёзувчилар уюшмаси раҳбари Қамчибек Кенжа, Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом, Одил Абдураҳмон, Фарид Усмон, Усмонжон Шукуров каби таниқли ижодкорлар маслаҳати ва кўмагига таяниб жамғарма фаолиятини ривожлантиришга эришди.

         Айтиш жоизки, Қ.Мирзааҳмедов ишга янги келган кезларда ташкилот молиявий жиҳатдан ўта оғир аҳволда бўлиб, жамғарма хўжалик ҳисобида фаолият юритгани боис жами харажатлар учун маблағни ўзи топиши лозим бўлган. Унинг саъй-ҳаракатлари билан ташкилотни молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан бириктирилган 20 дона “Дамас” русумли автоуловдан тушган фойда эвазига ишлар анча юришиб кетди. Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва ҳаваскор қаламкашлар бирлаштирилиб, жамғарма ишига жалб этилди. Бу даврда жамғарма ижодкорларга қалам-қоғоз харид қилиш, асарларини оққа кўчириш, чоп эттиришларида моддий ёрдам кўрсатди. Шунингдек, “Камалак” нашриёти билан тузилган шартномага кўра унинг вилоятдаги шохобчаси  очилиб, унда 31 номда китоб нашр этилди. Жамғарма қошида фаолият юритувчи адабий гурунгга аъзо 30 дан зиёд ижодкорлар иштирокида Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш, тарғиб қилиш каби ишлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили бир маротаба Чўлпон ҳафталиги, 4 октябрда унинг хотира куни, май ойининг сўнгги саналарида таваллуди муносабати билан тадбирлар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, таниқли шоир-у ёзувчилар, санъаткорлар билан корхона, ташкилот, муассасалар, олийгоҳ ва коллежлар, дала шийпонларида учрашувлар, адабий-бадиий кечалар уюштирилмоқда.          

          Қ.Мирзааҳмедов жамиятга қайта ишга ўтганидан кейин ҳам жамғармада жамоатчилик асосида ижрочи директор вазифасини сидқидилдан бажариб келмоқда.

         - Мен жамғармада маош олмай ишлаётганимдан норизо эмасман. Сабаби кўриш қобилиятидан маҳрум бўлган ҳолатимда ҳам одамларга нафим тегяпти. Турли тадбир ва учрашувларга борганимда атрофдагилар: ”Бу кўзи ожиз инсон нима ҳақида гапирар экан?” - дея қизиқиш билан кузатишади. Гўзал инсоний фазилатларни улуғловчи таъсирчан нутқим, ўқиб берган шеърларим билан кишиларда қониқиш ҳиссини уйғотганимдан сўнг уларнинг олқиш ва гулларига сазовор бўлиш мен учун ҳар қандай моддий бойликдан афзалдир, - дейди Қобил ака.

         Албатта, дарддошларимизнинг турли тоифа инсонлар орасидаги бундайин чиқишлари ўз навбатида кўзи ожизларнинг жамоатчилик ўртасидаги нуфузи ошишига хизмат қилади. Қаҳрамонимиз уйда ўтириб қолмагани, инсонларга нафи  тегаётгани, жамиятда ўз ўрни ва овози борлиги, ёзган шеърларидан мухлислари баҳраманд бўлаётганидан ўзини бахтиёр сезади. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, орамиздаги жамоатчилик ичида ўзини тута билмайдиган, маданиятдан йироқ, маънавияти қашшоқ дарддошларимиз кўзи ожизларга нисбатан беписанд қарашлар юзага келишига сабабчи бўладилар. Истардикки, ҳаёт тарозусининг тафаккури камолга етган инсонлар палласи ҳамиша оғир келса. Бу икки тоифадаги кишилар соғломлар муҳитида ҳам кўплаб топилади. Лекин биз каби жисмоний имконияти чекланганларга алоҳида эътибор қаратилгани учун яхши ва ёмон томонларимиз тез кўзга ташланади. Атрофдагилар кўпинча кўзи ожизларга нисбатан ўзлари илк дафъа кўрганларига қараб хулоса чиқарадилар ва шунга яраша муносабатда бўладилар. Юриш-туришимиз, кийинишимиз, сўзлаш, ҳатто тановул қилиш маданиятимиз четдагиларда кўпроқ қизиқиш уйғотади. Шу важдан Қобил ака ногиронларга нисбатан ночор, дардманд деган салбий қарашларни ўзимиз имкониятларни ишга солиб ўзгартиришга ҳаракат қилишимиз зарур, дея кўп бор уқтиради.

         Қ.Мирзааҳмедов кўзи ожизлик унинг учун фожиа эмаслиги, лекин бу хасталикни ҳеч кимга раво кўрмаслиги, жисмоний имконияти чекланганлигига қарамай, Аллоҳдан тилаганларига эришгани, ибратли умр, оила, фарзандлар, илҳом, обрў соҳиби эканлиги, етук инсонлар қаторида юрганлигини таъкидлайди. Тўрт мучаси соғлом бўлишдек бахт, катта давлатга эга бўла туриб ношукурлик қилмасликка чақиради.

         - Оламда ҳар кимнинг ҳам қўли етиши мумкин бўлган бир бойлик борки, у меҳр ҳисобланади. Кези келганда инсонлар қалбдаги меҳрни бир-бирларидан қизғанадилар. Натижада жоҳиллик юзага чиқади. Нега энди биз юрагимизда тўлиб-тошиб ётган меҳрни улашмаймиз?! Мунофиқлик, разиллик, ўзгаларнинг ҳақини ейишдек, тарозидан уриб қолишдек бемаънигарчиликларга, фисқ-у фасодга йўл берамиз?! Бунинг ўрнига бебаҳо неъмат бўлмиш меҳрни улашайлик, инсонлар ўртасида тарғиб этайлик!

         Шунда эзгулик ғолиб келиб, турли низолар-у келишмовчиликларга  ўрин қолмайди, - дейди у.

         Айримлар менинг пешонамга ёзилган, дея ўғрилик, каззоблик, қотиллик қиладилар, хиёнат кўчасига кирадилар. Ваҳоланки, Қуръони Каримда: Биз баланд билан пастни, ўнг билан чапни яратдик, ҳидоятдан чиқарувчи ҳам ўзимиз, ҳидоятга киргазувчи ҳам ўзимиз, лекин қайси йўлни танлашни банданинг ихтиёрига ташладик, деган  мазмундаги оят бор. Тўғри, биз қисматнинг, тақдири азалнинг муқаррарлигига ишонамиз. Аммо инсонларга Тангри инояти билан меҳнат қилиш, ибодат этиш – ўз умрини шарафларга кўмиш имконияти берилган. Бу неъматдан қандай фойдаланиш инсоннинг ўзига ҳавола этилади. Жаннат ва дўзахга йўл шу дунёдан бошланади. Тангри таоло жазосини ҳам, мукофотини ҳам шу дунёдан бошлаб беради. Шундай экан, икки дунё саодатини топиб яшашга интилайлик. Бундай бахтга юракдаги қора халтада зардоби камлар эришади. Иғво, фисқ-у фасодга тўла қора халтадаги зардобни камайтириш ўзимизнинг ихтиёримизда. Дилни ҳам, ақлни ҳам яхшиликка ишлатайлик. Аллоҳ номи зикр этилган тил воситасида бировни ҳақорат қилиш катта гуноҳ, гумроҳлик белгисидир.

         Айримлар дунёга меҳр қўйиш мумкин эмас дейишади. Тўғри, мол-у дунёга, зар-жавоҳирга меҳр қўйиб бўлмайди. Лекин бу ёруғ жаҳонга, борлиқ мавжудотга  меҳр бериб яшаш керак. Боиси Аллоҳ таоло инсонни ўзидан кейин азиз-у мукаррам қилиб яратиб, ер юзига халифа қилган. Ҳар бир банда у насроний бўладими, яҳудийми, мажусий ё мусулмон бўладими, Аллоҳ ҳузурида жавоб беради. Қодир эгам коинот-у ердаги барча мавжудотни уларга хизмат қилиш учун яратди. Ҳатто фаришталар ҳам одам хизматида собит туради. Шунчалик юксак даража берилган ҳолда нега биз бир-биримизга паст назар билан қараймиз? Не сабабдан ўзимизга хизмат қиладиган яралмишларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўламиз? Дарахтларни кесамиз, биноларни бузамиз, қирғин-барот қилиб кўп жойларни вайронага айлантирамиз, сувларни, ҳавони булғаймиз, ҳайвонот дунёсига қирон келтирамиз. Ўзгалардан иззат-ҳурмат талаб қилгандан кўра уларга меҳримизни берайлик. Шундагина биз ҳам меҳр топамиз.

         Биргина мевали дарахтнинг ўзида инсонларга наф келтирувчи етти мўъжизани кўриш мумкин. У аввало соя беради, қолаверса, кислород ишлаб чиқариб, ҳавони тозалайди. Яшнаб туришидан, чиройидан баҳра оламиз. Меваси организмимизга дармондори. Поясидан қурилишда ёки жиҳозлар ясашда фойдаланамиз. Шох-шаббаларини ўтин қилиб ёқамиз. Яқин ўтмишда кулидан кир ювишда фойдаланилган. Борди-ю, уни меҳр билан парваришламасак, қуриб қолиб, санаб ўтилган хислатларидан бебаҳра қолдиради. Шу йўсин Аллоҳнинг мўъжизаларига зид иш тутган бўламиз. Айни фикрлар Қ.Мирзааҳмедовнинг ижод намуналарида ўз аксини топганини қайд этиш мумкин.

         Қ.Мирзааҳмедов шеърият ихлосмандлари орасида Қобил Мирзо тахаллуси билан яхши танилган. Унинг дард, теран фалсафий фикрлар акс этган назм гулшанига ошно жамиятдошларимиз ижодкорни тизимимиздаги қаламкашларнинг яловбардори деб билишади. Қаҳрамонимиз бу мартабага узоқ йиллик изланишлари, ўқиб-ўрганиши оқибатида сазовор бўлди. У дастлаб мактабдаги адабиёт тўгаракларига қатнаб, шеърлар ёзишни машқ қилди. 80-йилларга қадар шеърларини матбуотда кўп ҳам чоп эттиравермади. Сўнг шоир Абдулла Абдураҳмон даъвати туфайли телевидение, радио ва марказий газеталарда чиқишлар қила бошлади. 1991 йилга келиб унинг “Муҳаббат баҳори” номли илк шеърлар тўплами, кейинчалик  “Севги офтоби”, “Зулфи суманбар”, “Саодат тонги”, “Қаро зулфунг...” китоблари мухлисларга тақдим этилди. Шоирнинг сўнгги саналган асари Бобурнинг 40 та ғазалига боғлаган мухаммасларидан таркиб топган. Ушбу тўплам Бобур жамғармаси илмий экспедицияси раҳбари Зокиржон ака Машрабов саъй-ҳаракатлари ва ҳомийлигида 2000 йили чоп этилган.  Жамғарма китоб муаллифини Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини ўрганиш соҳасида олиб бораётган ижодий-илмий фаолияти учун 2004 йили тақдирлов ёрлиғи ва 250 минг сўм билан мукофотлади. Ана шундай шарафга Андижон вилоятида яна Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом, Бобур илмий экспедицияси аъзоси Қамчибек Кенжа ва олим Сайфиддин Жалиловлар лойиқ кўрилганлар. Ҳозирда ижодкор сайланма нашр эттириш тараддудида. Унга озодлик, эрк ҳақида битилган “Қафасда туғилган тўтилар” достони ҳам киритилмоқда.

         Бугунги кунда Қобил Мирзо насрда ҳам қалам тебратиб, “Туғилмаган одам қиссаси” номли асар устида иш олиб бормоқда. Қиссанинг сюжети ҳам номланиши каби ўзига хос бўлиб, китобхон фаришта билан ҳали туғилмаган инсон руҳининг кечинмалари ва фалсафий мушоҳадаларидан воқиф бўлади. Унда руҳ бу дунё билан танишиб, ёмон одамларнинг кирдикорларига гувоҳ бўлади. Фаришта руҳга, сен ана шу дунёда яшашинг керак деганида, руҳ, мен ҳар қандай қабиҳликдан тоймайдиганлар бисёр бу рўйи заминда туғилишни, гуноҳга ботиб яшашни истамайман. Аллоҳ таолонинг ҳузурига покиза ҳолда боришни афзал биламан, дейди. Фаришта, йўқ, Аллоҳнинг ҳукми ҳақ, сен яшашга маҳкумсан, дея ғойиб бўлади. Хуллас, бу дунёда яшашни истамай фарёд чекиб чақалоқ туғилади. Демак, чақалоқнинг йиғлаб туғилиши бу дунёга келишдан норозилик аломати, дея хулоса чиқаради муаллиф.

         Эътиборли жиҳати шундаки, Қобил ака адабиёт йўналишида махсус таълим олмаганига қарамай, аруз вазнини мукаммал билади. Битган ғазаллари ҳам бунга шоҳидлик бериб турибди. Бу даражага эришиш учун у Машраб, Бобур, Э.Воҳидовларнинг магнит тасмаларига туширилган ижод намуналарини қайта-қайта тинглаб, чуқур ўрганди. Шоир арузни ўзлаштиришида рубоб чалиб, қўшиқ куйлашни билгани ҳам қўл келганини таъкидлайди. Дарҳақиқат, ғазалиётда оҳанг етакчи ўринни тутгани боис мусиқадан хабари бўлмаган ижодкор бу соҳада сакталикка йўл қўйиши мумкин.

         Жисмоний нуқсонли кишиларни камситиш, уларга ноўрин ачиниш ҳолларидан қалби озор чеккан ижодкор ўз муносабатини “Кўнгли ярим деманг, одамлар!” шеърида қуйидагича ифодалайди:

                            Кўнгли ярим деманг мени, одамлар!

                            Ҳар бир инсонда бор бир дунё ғамлар.

                            Ҳақиқатни айтсин одил ҳакамлар,

                            Қай киши оламдан беармон ўтган?

                            Қай замон, қай макон, қайси жон ўтган?

                            Нуқсоним борлигин писанда қилманг,

                            Бу тийра бағримни қийнаманг, тилманг.

                            Айбсиз Аллоҳдир, беҳуда кулманг,

                            Жаҳонгир Темур ҳам ногирон ўтган,

                            Қай киши оламдан беармон ўтган?

                            Девонаи Машраб чекса-да афғон,

                            Золим фалак унга бермади омон.

                            Адолатли бўлган, айтинг, қай замон?

                            Шоҳ ҳам гадо бирдек бағри қон ўтган,

                            Қай киши оламдан беармон ўтган?

                            Фарҳодлар етдими ёр висолиға?

                            Ошиқлар тушдилар Мажнун ҳолиға.

                            Алданиб дунёнинг асал, болиға,

                            Тақдирнинг макридан кўп ҳайрон ўтган,

                            Қай киши оламдан беармон ўтган?

                            Ким қабр бағрига кўз билан борган?

                            Қулоқ, оёқ, қўлми, сўз билан борган?

                            Насиб қилса сурп, бўз билан борган,

                            Ким билур ким яхши, ким ёмон ўтган?

                            Қай киши оламдан беармон ўтган?

                            Ярим жон эмассан, нолима Мирзо!

                            Тегрангда одамлар, қалбингда Худо.

                            Кўнглингда муҳаббат, ишқ деган савдо,

                            Кўп сўник юраклар гунг, ниҳон ўтган,

                            Қай киши оламдан беармон ўтган?

         Шеър матбуотда эълон қилингач, кенг жамоатчиликнинг эътирофига сабаб бўлиб, ҳатто республика Кар-соқовлар жамияти уни ўзига гимн қилиб олади. Эндиликда бу шеър О.Сафаров ижросида янада сайқал топиб, кўпчиликнинг қалбидан жой олган қўшиққа айланган. Дарҳақиқат, шоирнинг йигирмадан зиёд ғазалларига таниқли санъаткорлар О.Сафаров, И.Қаландаров, Д.Зокирова, С.Азизбоев, К.Раҳматов, Андижон театри артисти М.Комилов, хонанда А.Қодировлар куй басталаб, радио ва телевидение орқали мухлисларга ҳавола этишмоқда.

         Қайд этиш жоизки, бундан 3 йил муқаддам бўлиб ўтган кўрик-танловда Қ.Мирзааҳмедовлар хонадони маҳаллада энг намунали оила деб топилди. Чиндан ҳам Қобил ака рафиқаси Раънохон Миркомилова билан  ҳавас қилса арзигулик уч қиз, бир ўғилни вояга етказди. Иккита катта қизи оилали. Бири ҳамшира, иккинчиси ҳуқуқшунослик техникумини тугаллаб, ижтимоий таъминот тизимида ҳисобчи бўлиб ишлайди. Уларнинг бири ўзлари истиқомат қилаётган маҳаллага келин бўлиб тушган. Яхши қиз маҳалладан нари кетмайди, деганлари шу бўлса керак-да! Ўғли Зуфаржон Андижон Пахтачилик институти иқтисодиёт ва бошқарув факультетининг талабаси.

         Қобил аканинг таъкидлашича, тарбияни бола она қорнидалигидаёқ бошлаш, энг аввало, онани ҳар томонлама эҳтиётлаш лозим. Чунки ҳомила 3-4 ойлигидаёқ ташқи таъсирни сеза бошлайди. Носоғлом муҳит унинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Тотув, аҳил оилада бола комил бўлиб улғаяди. Акс ҳолда унинг тарбияси бузилади. Шундан келиб чиқиб, қаҳрамонимиз ўз фарзандларига атрофдагиларга нисбатан ширинсухан бўлиш,  яхши инсонлар билан дўстлашиш, оила шаънига доғ туширмаслик, бировнинг ҳақини емаслик, ёлғон сўзламасликни уқтиради. Ҳозирда  Республика Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси Қ.Мирзааҳмедов “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони, ЎзКОЖ ҳамда  ижтимоий таъминот тизими аълочиси нишонларининг соҳибидир. Яна у жамиятдошларимиз орасида биринчи бўлиб 1995 йили 34-сайлов округидан Олий Мажлис депутатлигига номзод қилиб кўрсатилган. Шунингдек, 50 ёшга тўлиши муносабати билан унинг юбилейи вилоят ҳокимлиги қарорига биноан кенг тантана қилинди. Бу эса қаҳрамонимизнинг кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилганини англатади. Дарддошимизнинг айни муваффақиятлари билан биз ҳам  фахрланамиз.

                                                                          Абдусаид МИРҲАМИДОВ.