БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

 

ПЛАСТИК ИДИШЛАР ЗАРАРИДАН ОГОҲМИСИЗ?

Кундалик турмушда гўдаклар идишлари, рўзғор буюмлари, уй жиҳозлари тайёрлаш ва яна кўплаб мақсадларда пластик хом ашёсидан кенг фойдаланилади. Шуни унутмаслик зарурки, ҳар қандай пластик маҳсулот нотўғри қўлланган тақдирда саломатлик учун катта хавф туғдиради. Демак, сотиб олинаётган пластик буюмлар ҳақида зарур билимга эга бўлиш, харид вақтида қайдномадаги ёзув ва белгиларга эътибор бериш соғлиғимизни асрашда муҳим аҳамият касб этади.

Пластикдан ажралиб чиққан зарарли моддалар ички аъзоларни заҳарлаб, иммунитетга путур етказади, ҳатто ўсма юзага чиқишига сабаб бўлади. Пластик буюмлардан нотўғри фойдаланиш оқибатида жигарда патологик ўзгаришлар юз бериши билан бирга буйракда тиқинлар пайдо бўлиши, кўриш ёмонлашиши кузатилади. Канцероген аралашмалар сабаб бўлувчи яна бир кўнгилсиз ҳолат гормонал бузилишдир. Теридаги муаммолар, вужуднинг дармонсизланиши, руҳиятдаги танглик, инфекцияли касалликларга чалинувчанлик унинг белгилари ҳисобланади. Таомланиш ва сув ичиш мақсадида пластик идишлардан қайта-қайта фойдаланиш гормонал мувозанатни издан чиқаради.

Пластик буюмлар ёрлиғида учровчи белгилар қуйидагича: полиэтилентере-фталат (РЕТЕ) – маъданли сув, салқин ичимликлар, ўсимлик мойи, пиво учун бир марталик ушбу идишлар ўзидан фталатлар ажратиб, уларни такрор ишлатиш қатъиян тақиқланади. Зичлиги юқори полиэтилен (НDPE) – сут қадоқлашда қўлланувчи мазкур ашё канцерогенли формальдегид ажратиб чиқариши мумкин. Поливинилхлорид (PVC) – ўраш мақсадларида ишлатилувчи ушбу плёнка иссиқ ёки серёғ маҳсулотлар билан реакцияга киришганда канцерогенли винилхлорид ва фталатлар ажратади. Зичлиги паст полиэтилен (LDPE) – маҳсулотларни ўрашда кенг фойдаланилувчи мазкур плёнка ва пакетлар ҳам зарарли таъсир манбаи саналади. Полипропилен (РР) – озиқ-овқат ва ичимликлар солишда асқотувчи стаканлар, контейнер ва банкалар ажратувчи канцерогенли формальдегид соғлиққа зиёндир.  

 

Меламиндан тайёрланган, таркибида полимерланган формальдегид бўлган енгил идишлар кўринишдан оқ, ялтироқ чиннига ўхшаса-да, улардан фойдаланиш фавқулодда хавфли. Чертганда жарангсиз, бўғиқ овоз чиқарувчи бундай идишларни иссиқ таомлар учун ишлатиш мумкин эмас. Унга иссиқ сув қўйилганда формальдегид эрий бошлайди. Идишларнинг мустаҳкамлигини ошириш учун қўшилувчи материал – асбестни ҳатто қурилишда ишлатиш тақиқланган. Улар Ўзбекистонга асосан Туркия, Иордания ва Хитойдан келтирилади. Бу каби идишлардаги расмлар узоқ муддат сақланиши учун таркибида қўрғошин ва бошқа оғир металлар бўлган бўёқлардан фойдаланилади. Қисқаси, кимё саноати тақдим этаётган ва саломатлик учун хатарли пластик буюмларни чинни идишлар билан алмаштириш энг мақбул танловдир.