БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

СОЧ ОҚАРМАСИН ДЕСАНГИЗ...

Ёш ўтгани сайин бошдаги оқ сочлар кўпайиши табиий ҳол. Лекин бугунги кунда 20 – 25 ёшдаги айрим йигит-қизлар ҳам айни ҳолатдан шикоят қилишмоқда. Сочлар эрта оқармасин десангиз, аввало, таомномага эътибор қаратинг. Соғлом турмуш тарзи ва тўғри овқатланиш соч оқаришининг олдини олишда риоя қилинувчи олтин қоидадир. Агар сочларингиз тезлик билан оқараётган бўлса, таомномангизда кўп тановул қиладиган егуликлардан вақтинча воз кечинг. Шунда бу ҳолатнинг юз бериш сабабини аниқлаш осон кечади. Мутахассислар кундалик таомномасида ловия, исмалоқ ва шолғомдан кўп фойдаланадиган кишининг сочи тез оқармайди, деган фикрда. Шунингдек, таркибида йод кўп учрайдиган маҳсулотлар соч оқаришига қарши энг яхши восита ҳисобланади.

Сариёғ таркибидаги минераллар соч оқариши жараёнини секинлаштириши айтилади. Уни эритган ҳолда соч илдизига уқалаш тарзида суртиш лозим. Муолажани ҳафтада икки марта такрорлаш тавсия этилади. Қаттиқ тушкунликка тушиш ҳам муддатидан олдин соч оқаришига сабаб бўлади. Уззукун бир нарсани ўйлаш, ўзини нотинч ҳис қилиш ва нимадандир қўрқиб яшашдан нафақат сочлар, балки тана ҳам азият чекади. Бунинг олдини олиш учун муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилишни ўрганиш зарур. Қолаверса, мунтазам равишда жисмоний тарбия машқларини бажариш орқали танани чиниқтириш яхши наф беради.

Қора чой ҳам соч оқаришига қарши қўлланадиган энг самарали воситалардан биридир. Чойнинг фойдали хусусияти шундаки, у оқариш жараёнини тўхтатиш билан бирга сочларга қайтадан ранг бериб, аввалги ҳолатини тиклашда кўмаклашади. Бир стакан аччиқ қилиб дамланган қора чойни бир ош қошиқ ўсимлик ёғи билан яхшилаб аралаштириб, соч илдизидан бошлаб то учигача суртиб чиқилади. Ниқобни кунига икки маҳал қўллаш тавсия этилади. Яна бир усулга кўра, 1 стакан аччиқ қора чой ва 1 ош қошиқ ош тузи аралашмасини уқаловчи ҳаракатлар ёрдамида бошга суртиб, 1 соат ўтгандан сўнг илиқ сув билан ювиб ташланади. Муолажани кунига бир маҳал қўллаш кифоя қилади.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш