БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

САЛОМАТЛИККА ЗИЁН МОДДАЛАР

Ҳар йили жаҳон фармацевтика бозорида 100 дан зиёд янги кимёвий моддалар пайдо бўлади. Уларнинг кўпчилиги косметологияда ишлаб чиқарилувчи косметик воситалар таркибида учрайди. Хўш, бугунги пардоз ашёлари инсон саломатлиги учун қандай фойдали ёки зарарли хусусиятларга эга? Аввало айтиш жоиз, косметик воситалар таркибига кирувчи моддаларни уч гуруҳга ажратиш мумкин. Дастлабки фойдали моддалар гуруҳига мансуб гиалурон кислотаси, эластин, коллаген кабилар муайян қўлланиш шароитларида фойдаланувчига наф беради. 2-гуруҳдан ўрин олган фойдасиз моддалар тери ва организмга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. 3-гуруҳга тегишли зарарли унсурларга келсак, ушбу токсик моддалар кишида турли касалликларга мойиллик пайдо қилади.

Нефть-кимё чиқиндилари бўлмиш минерал ёғлар пардоз воситалари таркибидаги энг зарарли компонентлар ҳисобланади. Ҳуснбузар ҳосил қилувчи, аллергияга чалиниш хавфини кучайтирувчи мазкур моддалар теридаги регенерация жараёнини секинлаштиради. Улар организмда тўпланиб қолган тақдирда артрит, мигрень, диабет, эпилепсия каби хасталиклар ривожланиши юз беради.

Минерал ёғлардан ҳам заҳарлироқ яна бир нефть-кимё маҳсулоти парафин саналади. Косметик воситалар таркибидаги глицерин моддаси эса рекламаларда таъкидланганига кўра терини намлантирмай, балки унинг қуришига сабаб бўлади. Машинасозликда тормоз суюқлиги ва антифриз сифатида фойдаланилувчи пропилен гликоль кучли аллерген бўлиб, у гиперкератоз ва ҳуснбузарларни юзага келтиради. Организмда тўпланган вақтда жигар ва буйрак токсик заҳарланишга учрайди.

Натрий сульфати ёки лаурил сульфат ҳам  токсик моддалар сирасига киради. У юрак, мия, буйрак, жигарга салбий таъсир кўрсатади. Сочларнинг ингичкалашиши ва тўкилишини келтириб чиқаради, аллергик дерматит, конъюнктивит ва ҳатто катарактага олиб келади. Тери ферментларини зарарловчи парабенлар гормонал мувозанатга путур етказувчи ксено-эстрогенлар сифатида таъсир қилади. Баъзи маълумотларда парабенлар кўкрак бези саратони ривожланишига туртки бериши айтилади. Шундай экан, азиз аёлларимизга пардоз воситаларини харид қилишдан аввал уларнинг таркибини диққат билан ўрганиб чиқишларини тавсия этамиз.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш