БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

2007 йил 1-сон

MAKTABLARNING ASOSIY TAMOYILLARI

Кўзи ожизлар мактабида бирдан-бир тўғри усул мустақил кузатиш ҳисобланади. Зотан,кўришдан маҳрум инсон шу йўл билангина билим олишига пойдевор бўлувчи асосий тушунчаларга эга бўлади. Мустақил кузатиш орқалигина у жисмлар ва улар орасидаги алоқа ҳақида тўғри хулоса чиқара олади. Бу эса кўзи ожизнинг ўзига ишончини орттиради. Жисм билан танитишда ўқитувчи ҳар бир кўзи ожиз қўлида ўша жисмнинг бўлишига эришиши лозим. Акс ҳолда бола жисмни эмас, ўқитувчининг жисм ҳақидаги тушунчаларини ўрганади. Бу ҳолда ўқувчи янги маълумотни осон ўзлаштириш, таҳлил қилиш ва ўз услубида тадқиқ этиш имконидан маҳрум бўлади. Масалан, ботаника дарсида бир ўқувчи қиз ўрганилаётган гулнинг барча қисмини, ҳатто уруғлари сонигача жуда тўғри айтиб берганди. Шу тарзда кўзи ожиз қисм ва бутун, сабаб ва ҳаракат орасидаги узвий алоқани аста-секинлик билан ўзлаштира боради. Бирор ҳайвон тана тузилишини ўрганиш орқали ўз ҳаёти ҳақида тўғри хулоса чиқара олган кўзи ожиз кейинчалик табиат ва жамият орасидаги ички боғлиқлик, муштаракликни жуда осон илғайдиган бўлади. Демак, жисмни бевосита мустақил ўрганиш уни яхшироқ билишгагина эмас, балки чуқур тадқиқ этишга ҳам йўл очади. Бунинг эса кейинчалик муҳим аҳамиятга эга бўлиши аниқ. Кўзи ожизлар мактабида болалар бир-бирининг ишини катта қизиқиш билан кузатаётгани, жойда қотганча қушлар сайрашига қулоқ тутаётгани, баҳорда гуллаётган бутани пайпаслаб ўрганаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Кўзи ожиз болага атроф-муҳитни тўғри ўргатишгина эмас,уни жисмлар орасидаги ички алоқани илғашга ҳам одатлантириш керак. Мактабда ўрганилаётган нарса ҳамишаўқувчининг қўл остида бўлиши, унинг ўз гули, ўз боғчаси бўлиши муҳим. Буларнинг барчаси болада билимга меҳр ва самимий қувонч уйғотади. У, айниқса, ўрмонга, тоққа, дарёга қилинган сафарлардан жуда катта озуқа олади.

Жисм ўрганилиши жараёнида бола уни ясай олишига эътибор қаратиш керак. Чунки ҳар бир ўрганилган нарсани тасаввур ёрдамида тиклай билиш салоҳияти ўқувчининг жисмни тўғри қабул қилганлигига далилдир. Унинг учун ранг ва бўёқ мавжуд эмас. Аммо унда хаёлот оламини бой, гўзал ва ойдин қиладиган, кўрувчи боланинг ҳатто тушига ҳам кирмаган ички куч бор. Бу — ижодий тасаввур. Айнан шу хислат бола қалбида ижодий даҳо, буюк шоир ва нозик мусиқашуносни уйғотади, лойиқ ҳаёт кечириш имконини беради.

Шу жиҳатдан Песталлоци таълими аҳамиятли эди. Инсониятга буюк ва самимий меҳр қўйган Песталлоци атрофига ташландиқ болаларни йиғарди. Мақсади шу болаларни олижаноб қилиб тарбиялаш эди. Буюк ислоҳотчи йўқотишлар-у қурбон беришлардан иборат умрини тикиб, фақат ҳар бир тирик жонда ИНСОНни кўрган ва қайғурган тарбиячигина ўқувчиларининг жисмоний ва ақлий нуқсонларини бартараф эта олишини исботлади. Бу таълим ҳозир ҳам истеъмолда. Зотан, фақат меҳр ва тоқатгина буюк мақсадлар рўёбини таъминлайди. Песталлоци усули қўлланиладиган мактабларда меҳр ва ишонч руҳи ҳукмрон. "Бу ўз меҳнатим самараси"сўзлари ҳар бир ўқувчининг бош шиорига айланган. Мазкур шиор ўқувчига меҳнат аҳамияти, унинг ортидан келадиган қувончни тўла англаш имконини беради.

Шу боис Европа кўзи ожиз болалар ўқув муассасаларида асосий эътибор ўқувчини мустақил ҳаётга тайёрлашга қаратилади. Шунда бола ҳеч кимнинг кўмагисиз кийиниб-ечинадиган, бирор жойга борадиган, ўзига емак пиширадиган, хонасини йиғиштира оладиган бўлади. Бу тамойиллар бола шахсияти шаклланиши, ўз қобилияти ва ҳунари ёрдамида кун кўриши, жамиятга фойда келтирадиган аъзога айланишини таъминлайди.

Европа кўзи ожиз болалар ўқув муассасаларида қуйидаги мақсад ва вазифалар амалга оширилади:

1.Ўқув дастури ёрдамида ўқувчининг ақлий салоҳиятини ошириш;

2.Маълум касб-ҳунар турларини ўргатиш тизимини шакллантириш;

3.Мусиқанинг назарий ва амалий таълимини таъминлаш, чолғу асбобларида чалиш ва хорда куйлашни ўргатиш;

4.Ўқувчилар ҳаётинимуассасани битирганларидан сўнг ҳам кузатиб бориш, уларни зарур маблағ ва хом ашё билан таъминлаш.

Ўрганиладиган фанлар:

1.Илоҳий қонунлар - дин тарихи, катехизис, муқаддас битиклар изоҳи, черков қўшиқлари,Инжил таълими.

2.Она тили - оғзаки машқлар, насрий ва назмий асарларни ёд олиш, грамматика, ватан адабиётининг қисқача шарҳи, бадиий образлар таҳлили, ўқиб гапириб бериш машқи.

3.Арифметика - бутун ва каср сонларнинг тўрт амали, бир хонали, ўн хонали, квадрат ва куб сонлар.

4.Ўқиш - бўртма ҳарфлар, бўғин, сўз ва жумлаларни, катта матнларни тез ва тўғри ўқиш.

5.Ёзиш - бирор услубга таянмаган ҳолда фикрни ёзувда эркин баён этиш.

6.География - она диёр, Европа давлатлари, дунё қитъалари, ер шарини тасвирлаб бериш.

7.Тарих – ватанўтмиши ва умумий тарих.

8.Табиий тарих - ҳайвонот, ўсимлик ва органик дунё билан танишув.

9.Табиатшунослик - табиат ҳодисалари илдизини, табиатнинг физик қонунларини ўрганиш.

10.Геометрия - жисмлар, яссиликлар, чегаралар, ҳажм, шаклларни пайпаслаб ўрганиш.

11.Ўқишга ўргатиш.

Пайпаслаш ёрдамида ўқувчи турли шрифтларни фарқлашни ўрганади:

1.Йирик лотин ҳарфларидан иборат рим унциал тизими:

a.тешма ҳарфли Штутгарт шрифти

b.бўртма лотин ҳарфли Берлин шрифти;

c.ҳозирда деярли қўлланмайдиган Бреслав игна шрифти.

2.Луи Брайль алифбоси (Франция).

3.Муна тизими (Англия).

Олмон кўзи ожизлар мактабларининг деярли барчасида бўртма ҳарфлар қўлланилади.

Русчадан Муҳайё ИСМОИЛОВА
таржимаси.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш