БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ДУНЁНИ ТИТРАТГАН ТОЖДОР ВИРУС

Маълумки, SARS-CoV-2 коронавирусидан келиб чиққан ҳаво-томчи орқали одамдан-одамга юқувчи ва ўлимга олиб келувчи COVID-19 касаллиги 2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Хубэй провинциясида жойлашган, 11 млн. аҳолига эга Ухань шаҳрида тарқала бошлаганди. Хитой ҳукумати бу ҳақда 31 декабрь куни жаҳон ҳамжамияти ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)ни хабардор этди. 2020 йил 9 январда мамлакатда янги турдаги коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд қилинди. 13 январда Хитойдан ташқарида дастлабки бемор аниқланиб, орадан бир ой ўтгач, биринчи қурбон ҳам берилди. Мазкур эпидемия 11 мартда ЖССТ томонидан пандемия дея эълон қилинди. 2 апрелгача дунё миқёсида беморлар сони 1 млн., бир ярим ойдан кейин эса 4,5 млн., қурбонлар сони 300 минг нафардан ошиб кетди. Хитойдан кейин дастлаб Эрон, сўнг Италия ва Европанинг бошқа мамлакатлари, АҚШ, Россия ҳамда Бразилия вирус энг авж олган ҳудудларга айланди.

Коронавирусреспиратор инфекция бўлиб, у ўпканинг ҳозирча аниқ давоси бўлмаган касаллигини келтириб чиқаради. Вируслар узоқ масофаларга ҳаво орқали тарқалмасаа, инсонга асосан йўтал ёки акса уришдан сачраган жуда майда томчилар орқали юқади. Бундан ташқари, уни жисмлар, масалан, эшик тутқичи, лифт тугмаси, қоғоз,кўпчилик қўлма-қўл қилишга ўрганган телефон орқали ҳам юқтириш мумкин. Маълумотларга кўра, инфекция қоғоз ва пластикда 5, ёғоч ҳамда шишада 4 кунгача, алюминий юзаларда 2 – 8, жарроҳлик қўлқопларида 8, темир сиртларда 48 соатгача сақланади. Вируснингиситма, ланжлик, қуруқ йўтал, баъзан бурун битиши, нафас етишмаслиги, томоқ, мушак оғриқлари ва ич суриши билан кечувчи белгилари 14 кун давомида пайдо бўлади. Ўзида бундай аломатлар сезган фуқаро хонадонидан чиқмасдан тез тиббий ёрдам ёки поликлиника шифокорига мурожаат қилиши ёхуд Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 1003 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар бериши зарур.

Хитойлик тадқиқотчиларнинг аниқлашича, +5 даражадан +8 даражагача илиқ ҳарорат ва 35 – 50 фоиз намлик коронавирус тарқалиши учун шароит яратади. АҚШ Миллий хавфсизлик вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотларда юқори ҳарорат, намлик ва қуёш нури коронавирусга салбий таъсир кўрсатиши айтилади. Агар ташқаридаги ҳаво ҳарорати 23-24 даража, намлик 20 фоиз бўлса, нарсалар юзасидаги 50 фоиз вирус ўлиши учун 18, ўша ҳароратда намлик 80 фоизгача кўтарилса, 6 соат вақт керак бўлар экан. Ўша намликда ҳарорат 30 даражага кўтарилган тақдирда коронавирус 1 соат, мабодо у ерга қуёш нури тушиб турса 1,5 дақиқада нобуд бўлади.

COVID-19 ҳар қанча шов-шувларга сабаб бўлмасин, 80 фоиз ҳолларда жуда енгил ва ҳатто умуман симптомларсиз, 15 фоиз ҳолатда ўрта, тахминан 5 фоизда оғир кечади. Шу 5 фоиз беморларнинг ҳам 90 фоизи кексалар ва сурункали касалликларга чалинганлардир. Ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, кишининг ёши қанчалик улуғ бўлса, хасталик шунчалик хавфли кечар экан. Хитойда 9 ёшгача бўлган ёш болаларда бирорта ўлим ҳолати қайд этилмагани маълум бўлди. Қўлларни совунлаб ювиш ёки дезинфекция воситаларидан фойдаланиш, ювилмаган қўллар билан оғиз, кўз, бурун ва юзга тегмаслик, одамлар кўп тўпланадиган жойларга бормаслик, аксириш ёки йўтал пайтида оғиз ва бурунни ёпиш, шамоллаш белгилари бўлган одамлар билан мулоқот қилишдан сақланиш, ёввойи ва уй ҳайвонларидан узоқ масофада туриш вирус профилактикасининг оддий усуллари ҳисобланади.Коронавирусдан ҳимояловчи тиббий ниқоблардан турига қараб 20 дақиқадан 3 соатгача фойдаланиш мумкин. Ишлатилган ниқобларни ювиб ёки дезинфекциялаб қайта ишлатиш тавсия этилмайди. Ўзбекистонда дезинфекцияловчи воситаларнинг 100 дан ортиқ турлари рўйхатга олинган ва қўлланишига рухсат этилган.

Коронавирус инфекцияси текширувида аввало терапевт-инфекционист   кўригидан ўтиш талаб этилади. Эпидемиологик кўрсатма берилган тақдирда кишини коронавирусда гумон қилиб текширувни кучайтириш мумкин. Бунда инфекцияни ташхислаш молекуляр-генетик усуллар – полимераз занжир реакцияси воситасида амалга оширилади. Тадқиқ учун юқори нафас йўллари, бурун ва томоқдан суртма олиб текширилади. Чунки вирус айнан шу ерларда ривожланади ва тарқалади. Бундан ташқари, врач кўрсатмасига қараб экспресс-тест усулида бемордан олинган қон ёки нажас, сийдик орқали ҳам уни текшириш мумкин. Ташхис тестлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги вирусология лабораторияларида ўтказилади. Вирус бор-йўқлигини аниқлаш учун5-6 соат керак бўлади. Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини аниқлаш тест тизими ЖССТ, Россия Федерацияси, Хитой ва Германиядан келтирилган. Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази олимлари томонидан коронавирусни аниқловчи тест тизимини ишлаб чиқиш устида иш олиб борилмоқда.

Мутахассисларнинг фикрича, коронавирусга чалинган битта бемор жамоат орасида эътиборсиз қолдирилса, бир ойда 400 дан зиёд кишига касалликни юқтириши мумкин экан. Шу боис Ўзбекистонда карантин бўйича амалдаги қонунчилик талабларини бузган, ўзида коронавирус аломатларини сезса-да, буни яширган, кўча-кўйда касалликни бошқаларга қасддан юқтирган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади. Тиббий ниқобсиз юрганларга 223 мингдан 669 минг сўмгача жарима қўлланади. Аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уйдирмаларни тарқатиш 44 млн. 600 минг сўмдан 89 млн. 200 минг сўмгача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишларига жалб этиш, 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 14 майдаги қарорига кўра, Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатиладиган ҳудудлар аниқ мезонлар асосида белгиланиб, туман, шаҳар ва вилоятлар “қизил” (юқори хавфли), “сариқ” (ўрта хавфли) ва “яшил” (хавфсиз) ҳудудларга ажратилди.    

Пандемия муносабати билан Қорақалпоғистон Республикасида 4 та, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 3 тадан 14 кунлик карантин тадбирлари учун мослаштирилган базалар ташкил этилди. Айни даврда қурилган махсус шифохоналарни кейинчалик юқумли касалликлар даволанадиган шифо масканларига айлантириш режалаштирилган. Ҳозирда пойтахтнинг Чилонзор тумани ҳамда Самарқандда юқумли касалликларга мўлжалланган шифохоналар барпо этилмоқда. Пандемия ўтгандан сўнг Зангиотадаги 2000, Намангандаги 150 ўринли касалхоналар ҳам кўп тармоқли шифохонага айлантирилади.

Таъкидлаш ўринлики, иммунитетни кучайтириш учун юқори калорияли таомлар, дармондорига бой турли салатлар истеъмол қилиш зарур. Ҳафталик меню ҳар хил таомлардан таркиб топишига эътибор қаратиш, ҳар куни тухум, дуккакли маҳсулотлар, ёши катталарга ёғсизроқ мол гўшти ейиш тавсия этилади. Коронавирусдан ҳимояланишда саримсоқ пиёзни бошқа кўкатлар билан аралаштирган ҳолда истеъмол қилиш ҳам фойдалидир. Хасталикдан кейин турғун орттирилган иммунитет пайдо бўлса-да, инфекциянинг мавжуд 40 дан ортиқ турларининг барчасига қарши кураша олмайди. Эпидемик нохуш ҳудудларда қолган фуқаролар ҳам оз-оз вирус юқиши ҳисобига ўзларида иммун тизимини шакллантиришлари мумкин. Covid-19 касаллигини даволаш ечимлари топилмаган ҳозирги шароитда инфекциянинг ўзи эмас, балки у келтириб чиқарган аломатларга қарши даво чоралари қўлланмоқда.

Коронавирусга қарши вакцина яратиш устида бир қанча мамлакатларда иш олиб борилмоқда. Исроиллик олимлар вирусни аниқлашнинг янги усули тажрибада муваффақиятли синаб кўрилгани тўғрисида хабар беришмоқда. Бирйўла бир нечта намуналарни қайта ишлаш имконини берувчи бундай молекуляр тест услуби касалликка ташхис қўйишда ўта муҳим. Чунки инсон ҳеч қандай симптомсиз вирус ташувчи бўлиш эҳтимоли мавжуд. Айниқса, охирги вақтларда коронавирусдан тузалган беморларнинг яна қайтиб касалланаётгани тўғрисида хабарлар тарқалмоқда. Бу ҳол улар ўзларига зарар етказмаган ҳолда бошқалар ҳаётини хавф остига қўйишлари мумкинлигидан дарак беради.

Жаҳоннинг айрим давлатларида коронавирусга чалиниш кўрсаткичлари камаяётган бўлса-да, аммо инсоният вирус штаммларининг келгуси ҳаракатини тўлиқ баҳолай олганича йўқ ва унга қарши вакцина топилмагунча бу бало буткул даф бўлмайди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳушёрликни бой бермасликка, карантин тугагач ҳам ниқоб тақиш, қўл ювиш,   дўконлар ва жамоат транспортида қўлқоп кийиш, 1,5-2 метр оралиқда ижтимоий масофа сақлаш, имкон қадар гавжум жойларга бормаслик каби қоидаларга оғишмай амал қилишга чақиради. Фақатгина қатъий чоралар касаллик авжини пасайтиришга этишга ёрдам беради. Шунинг учун ўз-ўзини изоляциялаш режимига риоя қилиш зарур.

Америкалик машҳур шифокор Меҳмет Ўз бу борада қуйидагиларни тавсия қилади:Ҳозир жорий қилинаётган карантин, таътил ва бошқа чоралар вируснинг тарқаш шиддатини сусайтириш, тиббиёт ночор ҳолатга тушишининг олдини олишга қаратилган. Иммун тизими кучли, соғлом турмуш тарзига риоя қилувчи кишилар бу касалликни умуман сезмайдилар. Балки енгил шамоллаш каби ўтказиб яшайверадилар. Шундай экан, гигиена ва тозалик меъёрларига амал қилган ҳолда имунитетни мустаҳкамловчи мева ва сабзавотлар, саримсоқ, қатиқ, йогурт каби маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Серҳаракат бўлинг ва уйда спорт билан шуғулланинг, чекманг!Сув ичишни кўпайтиринг”. Жоржия штати университетининг Герардо Ковель бошчилигидаги эпидемиологлари фикрича, бундай шароитда хавфсиз ҳаракатланиш учун инсонлар ўзларининг ижтимоий муносабатларини коронавирус тарқалмасдан олдинги вазиятга қараганда 65 фоизга қисқартиришлари зарур. Уларнинг ҳисоблашича, ижтимоий муносабатларни қисқартириш вирус юқиши кўрсаткичининг пасайиши, ҳолатни назоратда ушлаб туришга кўмак беради. Бунга эришиш учун жамиятда умумқабул қилинган нормалар ҳам ўзгариши, одамлар бошқалар билан мулоқот чекланишига ва ҳимоя воситаларидан фойдаланишга кўникишлари, улар нафақат ўз атрофидаги оиласи, дўстлари, ҳамкасблари, балки бутун жамият олдида масъулиятли эканини ҳис этишлари, зарур вазифаларни офисга бормасдан уйда бажариш чорасини кўришлари даркор.

Дунё бўйлаб тарқалишда давом этаётган коронавирус инсонлар соғлиғига, иқтисодиётга катта зарба берса-да, айни вақтда унинг экологик барқарорлик, йирик мегаполис шаҳарлар ҳавоси мусаффолашишига хизмат қилишдек ижобий жиҳатлари ҳам мавжуд. Ҳозир ҳаёт аввалгидек ўз изига тушиб, бемалол ишга, ўқишга бориш имконларининг тикланиши барчанинг умумистагидир. Аммо вакцина кашф этилмагунча тўлиқ эркинлик бўлмаслиги аниқ.

Интернет материаллари асосида Қудратилла тайёрлади.