БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ЯНГИ ЎЗБЕК РОМАНЛАРИГА ЧИЗГИЛАР

(Охири. Боши ўтган сонда.)

Сўнгги йилларда ўзбек романчилигида соҳибқирон Амир Темурнинг тўлақонли ва ҳаққоний образини яратишга интилиш кучайди. Буюк саркарда сиймоси гавдалантирилган кўплаб романлар майдонга келди. Чунончи, Тўлқин Ҳайитнинг “Вафо маликаси” романида илк бор Амир Темурнинг Самарқанд тахтига чиқиши қонуний ҳодиса эканлиги фактик ва бадиий жиҳатдан анча ишонарли талқин этилган. Унда Темурнинг биринчи муҳаббати ҳисобланмиш Улжой Туркон оғо билан муносабатлари тарихий далиллар ёрдамида ўзига хос равишда тасвирланган.

Ёзувчи Муҳаммад Алининг икки жилдлик “Сарбадорлар” асари ва “Улуғ салтанат” номли тетрологияси ўзбек адабиётида неореализм методи шаклланаётганлигининг намунаси сифатида дунё юзини кўрди. Тетрологиянинг “Жаҳонгир Мирзо” деб номланган биринчи жилди Амир Темурнинг ҳар томонлама мукаммал ва ёрқин тимсолини яратишдек эзгу ниятни амалга ошириш йўлида ташланган жиддий қадам ҳисобланади. Унда муаллифнинг романга хос кенг кўламли ва ҳаяжонга тўлиқ манзаралар чизиш санъати ортганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Роман аввалида Ҳожитархонда Ўрисхон томондан чақирилган мўғул саркардаларининг маҳобатли қурултойи манзараси акс эттирилган. Қурултойда Ўрисхонга қарши гапирган бир амалдор ўша заҳоти қатл этилади. Ўлдирилган амалдорнинг ўғли Тўхтамиш Ўрисхондан юз ўгириб, Темур томон йўлга отланади. Муаллиф бу тасвирлар орқали мўғуллар орасидаги парчаланиш жараёнини очиб берган. Ўз навбатида бу ҳодиса Амир Темурнинг романга ниҳоятда табиий равишда кириб келиши учун йўл очади. Асарда унинг 1376 йилдан 1391 йилгача бўлган 15 йиллик ҳаёт йўли, саркардалик фаолияти руҳиятидаги ўзгаришлар билан ўзаро боғлиқликда қамраб олинган.

Китоб бошларида тўнғич ўғли Жаҳонгир Mирзо ўлимидан руҳи тушган, ҳамма нарсага қўл силтаган ҳолатда кўринган Амир Темур руҳиятига Қуръон тиловати ва Устози Мир Саййид Бараканинг доно сўзлари ижобий таъсир кўрсатади. Оқибатда у яна қудратли Туркистон амири, моҳир саркарда ва меҳрибон оила бошлиғи сифатида жўшқин фаолиятга киришади. Шу аснода Темур характеридаги кўплаб фазилатлар ва айрим заифликлар бирин-кетин очила боради. Хусусан, итоатдан чиққан Хоразм ҳукмдори Юсуф Сўфига қарши юришида Cоҳибқироннинг ниҳоятда тадбиркор, сулҳпарвар ва инсонпарвар саркарда эканлиги яққол кўринади. Қаҳрамоннинг бу каби фазилатларини ёрқинроқ кўрсатиш учун муаллиф китобхонни ҳайратда қолдирадиган фавқулодда гўзал деталлар, тафсилотлар топа олган. Бу ўринда янги пишган қовун деталини эслаш мумкин. Ширинликни кўриб, Юсуф Сўфининг кўнгли юмшашини ва урушсиз сулҳга рози бўлишини кутган Амир Темур Хоразм ҳукмдорига янги пишган қовун юборади. Машҳур тарихий асарлардан олинган бу деталь Амир Темур ўз юришларида имкон борича қон тўкилишининг олдини олишга интилган, узоқни ўйлайдиган ҳарбий қўмондон бўлганлигини аниқ-равшан тасаввур қилишимизга замин ҳозирлайди.

Деярли бутун китоб давомида соҳибқирон фаолияти ва руҳий дунёси оилавий муносабатлар билан боғлиқликда талқин этилади. Мазкур муносабатлар асарнинг биринчи китобида анча осойишта тарзда тасвирланади. Бироқ кейинроқ муаллиф китобхон эътиборини улардаги кескин ва мураккаб жиҳатлар, аниқроғи, Амир Темурнинг куёви Муҳаммад Мирак хиёнати билан боғлиқ ҳолда келиб чиққан конфликтга қаратади. Зиддият ҳалқаларини ташкил этувчи қатор воқеалар, хусусан, Миракнинг Тўхтамишхон тарафига ўтиши, Султонбахтбегимни бўғиши ва оқибатда Умаршайх томонидан маҳв этилиши Cоҳибқироннинг оилавий муносабатлари ҳам ниҳоятда даҳшатли тарангликлар, инсон характерини бутун мураккабликлари билан намоён қилувчи драматизмга бойлигини кўрсатади. Саркарда ўз ўғли деб эълон қилган Тўхтамишнинг баъзи хатти-ҳаракатларини кузатган Умаршайх унга бошданоқ шубҳа билан қарайди. Оқибатда муносабатлар урушга бориб тақалганда Амир Темурнинг Тўхтамишга ишониб доим адашганлиги, Умаршайхнинг эса ҳақлиги аён бўлади. Ўз навбатида бу далил ёзувчи Амир Темур тимсолини гавдалантиришда тарих ҳақиқатидан чекинмагани, уни идеаллаштириш йўлидан бормаганидан дарак беради. Умуман, Тўхтамишга муносабат ва унга қарши кураш воқеалари деярли китобнинг бошидан охиригача қаҳрамонларнинг турли-туман хусусиятларини яққол кўрсатувчи восита вазифасини ўтайди.

2007 йилда Муҳаммад Алининг “Улуғ салтанат” тетрологиясининг дастлабки икки китоби учун Ўзбекистон Давлат мукофоти берилиши неореализм йўлидаги изланишларнинг илк муваффақиятли самаралари жамоатчилик томонидан эътироф этилганини кўрсатади. Тетрологиянинг учинчи ва тўртинчи жилдларида ёзувчи Мироншоҳ ва Шоҳруҳ Мирзо фаолиятининг бошларидаги ижтимоий-тарихий ўзгаришларни муайян манбалар ва хаёл парвози воситасида жонлантиришга муваффақ бўлган. Айниқса, тўртинчи жилдда Амир Темурнинг Туркия султони Йилдирим Боязид устидан ғалаба қозониши муқаррарлигига китобхонни ишонтириш мақсадида соҳибқироннинг деярли бутун Яқин Шарқни босиб олиш жараёнининг муфассал манзараси чизилади. Сирасини айтганда, Муҳаммад Алининг “Сарбадорлар” ва “Улуғ салтанат” номли олтита китоби ўзбек адабиётида Амир Темурнинг кенг кўламли сиймосини гавдалантириш йўлидаги жиддий ҳодисага айланди.

Ҳозирги ўзбек насрида неореализм методи бадиий ижод соҳасидаги жаҳон андозалари билан уйғун ҳолда шаклланаётганидан гувоҳлик берувчи асарлардан яна бири сифатида Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Донишманд Сизиф” романини эътироф этиш мумкин. Романда ёзувчи Сизиф ҳақидаги қадимги юнон афсонасини эсга олади. Унга кўра, қайсидир гуноҳи учун Сизиф Худолар томонидан қаттиқ жазога, яъни катта бир харсангтошни баланд тоққа думалатиб чиқаришдек машаққатли ишга ҳукм этилади. Сизиф қанча уринмасин, тош баланд тоғдан орқага қайтиб тушаверади. Демак, қадимги юнон мифологиясида Худоларнинг ҳукмига қарши ҳеч қандай исён кўтариш мумкин эмаслиги тўғрисидаги ғоя ифодаланади. Жаҳон адабиётида Сизиф ҳақида яратилган кўплаб асарларда худди шу ғояга ўқувчини турли воситалар ёрдамида ишонтиришга уриниш кузатилади. Ҳатто ХХ асрнинг 30-йиллари охирида А. Камю ҳам ўзининг Сизиф ҳақидаги асарида афсона моҳиятини сақлаб қолган. Х. Дўстмуҳаммад эса бу борада новаторлик йўлидан бориб, уни бошқачароқ талқин этган. “Донишманд Сизиф” романида ҳам аввалига Сизиф бир неча йил харсангтошни тоққа думалатиш билан овора бўлади. Фақат у жаҳон адабиётида яратилган Сизифлардан фарқли равишда катта ирода кучига эга. У ўз иродасининг қудрати ва муваффақиятга эришувига ишонган ҳолда тошни думалатишда давом этади. Оқибатда инсон иродаси олдида харсангтош қисмларга бўлиниб, бор кучини ишга солган Сизиф харсанг бўлакларининг барчасини тоғ чўққисига олиб чиқади. Шу йўл билан муаллиф инсоннинг сабр-тоқати, ақл-идроки, иродаси, ғалабага ва эркинликка ишончидан қудратлироқ ҳеч қандай куч йўқдир, деган ғояни илгари суради.

ХХI асрнинг ўтган йилларида ўзбек адабиётида кўплаб романлар дунёга келган бўлса-да, бироқ уларнинг аксарияти бадиий маҳорат етишмаслиги ва бошқа сабаблар оқибатида савия жиҳатидан талабга жавоб бермайди. Улар орасида неореализм методи ривож топаётганидан дарак берувчи бирмунча муваффақиятли намуналар бўлишига қарамай, ўтган юз йилликдаги “Ўткан кунлар”, “Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Кўҳна дунё” сингари адабиётнинг олтин хазинасидан ўрин олишга лойиқ романлар деярли яратилмади. Ёзувчи Одил Ёқубовнинг “Осий банда” деб аталган катта ҳажмли асари ва Ўткир Ҳошимовнинг “Саид Аҳмаднинг Америкага саёҳати” номли сатирик романи ёзиб тугалланганда эди, улар адабиётимизнинг энг сара намуналари сифатида шуҳрат қозонган бўларди. Муаллифларнинг бевақт вафоти туфайли “Осий банда” асарининг биринчи китоби ва “Саид Аҳмаднинг Америкага саёҳати” романининг айрим бобларигина эълон қилинган. Эндиликда ана шундай асарлар яратилиши келажакда етишиб чиқадиган ўзбек адабиётининг янги авлоди зиммасидаги вазифа бўлиб қолади.

Санжар СОДИҚ,

Филология фанлари доктори,

 профессор.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш