БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ҚАРДОШ ХАЛҚ ИФТИХОРИ

        Дунёдаги ҳар бир миллатнинг тақдирига даҳолар ва улуғ алломалар битилганига тарих гувоҳ. Улар ўз ҳаёт йўли, амалга оширган ишлари билан халқига раҳнамолик қилади, қолдирган бой илмий-ижодий мероси унинг маънавият хазинасини бойитади. Азалдан ўзбеклар билан бир дарёдан сув ичиб, дўст ва ҳамкор бўлиб яшаб келаётган қон-қардош қозоқ халқидан ҳам фахрланишга арзигулик асл фарзандлар етишиб чиқиб, ўз элининг ғурурига айланган. Ана шундай улуғ сиймолардан бири ХIХ асрнинг иккинчи ярми, ХХ асрнинг бошларида яшаб ижод этган қозоқ маърифатпарвар шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоевдир.

Қозоқ адабиётининг ёрқин намояндаси, бастакор ва файласуф Абай 1845 йил 10 августда Қозоғистоннинг Семипалатинск вилоятига қарашли ҳозирги Абай тумани Қашқабулоқ овулида туғилган. Шоирнинг асл исми Иброҳим бўлиб, онаси ва бувиси уни кичиклигида эркалаб Абай деб чақиришган. Кейинчалик унинг тахаллусига айланган бу сўз “эҳтиёткор” деган маънони англатади. У дастлаб овулдаги диний мадрасада савод чиқариб, 10 ёшидан Семипалатинск шаҳридаги Аҳмад Ризо мактабида таҳсилни давом эттиради. Зеҳни ўткир болакай кўп мутолаа қилар, айниқса, эртак, достон ва қиссаларни севиб ўқирди. Бувиси ва онасидан эшитган эртак, қўшиқ ва ўланлар таъсирида ўқиб юрган вақтларидаёқ шеър машқ қила бошлади. 13 ёшга тўлганда отасининг инон-ихтиёри билан ўқишни тарк этиб, бошқарув ишларини ўрганиш мақсадида ўз овулига йўл олди. Ҳаётни зийраклик билан кузата бошлаган Абай жамиятдаги синфий келишмовчиликларнинг туб илдизини ахтаришга киришди. 1875 йилда Қўнғиркўкча элига ҳоким бўлган бу инсон ижтимоий турмушдаги зиддият ва қарама-қаршиликлар сирини тушуна борди. Шу тариқа у адолат байроғини баланд кўтарган жафокаш халқ ҳомийсига айланди. Оилавий ҳаёти ҳам мураккабликларга юз тутган шоирнинг икки ўғлидан жудо бўлиши уни  руҳан чўктириб қўйди ва ўзи ҳам хасталаниб, 1904 йил 6 июлда 59 ёшида  вафот этади.

Шоирнинг “Ёз” номли илк шеъри 1886 йилда босилиб чиқади. Унинг қаламига мансуб халқ дарди, орзу-умидлари акс этган шеърий намуналарда элни ғафлат уйқусидан уйғонишга, ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга даъват этиш ғояси устунлик қилади. Бу ҳолат ўша даврнинг ҳукмрон доиралари томонидан тузумга қарши ҳаракат сифатида баҳоланади. Натижада шоирни бир томондан рус истилочилари, иккинчи тафдан эса маҳаллий амалдорлар сиқувга олишади. Унга қарши турли туҳмат тошлари отилади. Ижодкорнинг элни қашшоқликка олиб келган бу тузумга қарата битган шундай сатрлари бор:

Ўз сўзидан сўзни уқмайди,

         Оғзи билан ўроқ мақтанчоқ,

         Бир кун жиринг этар, бир кун бўртинг.

         Ёш бошга бий бўлган қийқим бойлар.

         Неча кўп бузасиз элнинг турқин?

Абай ўз ижодида Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Фузулий анъаналарига содиқ қолиш билан бирга шу вақтгача оғзаки куйлаб келинган ўланларни ёзма адабиётга олиб кирган шоирдир. Қолаверса, ижодкор мазкур ўланларга куй басталаб, уларни маҳорат билан ижро этган. Абай куйи билан айтилувчи 17 ўлан ҳозиргача оқинлар томонидан севиб куйланмоқда. Шунингдек, унинг ижод намуналари орасида муҳаббат, дард изтироблари, илмга даъват, халқчиллик руҳи билан суғорилган, Шарқ шеъриятидан таъсирланиб ёзилган шеърлар учрайди. Хусусан, “Жим-жим кўнглим, жим кўнглим” мисраси билан бошланувчи шеърда кўнгил ва нафсни жиловлаш лозимиги, акс ҳолда улар инсонни хароб қилажаги уқтирилади.

Абай қозоқ шеъриятига биринчилардан бўлиб реалистик достон жанрини олиб кирди. Унинг “Искандар”, “Масъуд”, “Азим афсонаси”, “Вадим” достонлари ушбу жанрда битилган етук намуналар ҳисобланади. Чунончи, “Масъуд” достонида муаллиф “Минг бир кеча” эртагидаги афсоналарга мурожаат қилган. Асарга Масъуд исмли ҳалол ва покиза йигитнинг мазлумларни ҳимоя қилиб, мардлик ва жасорат кўрсатгани ҳақидаги ривоят асос қилиб олиниб, шунинг баробарида замонга хос ўзгартиришлар ҳам киритилган. Натижада Масъуд ривоятда келтирилганидек араб йигити эмас, балки оддий, мард қозоқ йигити сифатида ўқувчи кўз ўнгида гавдаланади. Шоир ўз гуманистик ғояларини шу тарзда тарғиб қилади.

Маълумки, Шарқ адабиётида Искандар Зулқарнайн ҳақида кўплаб асарлар яратилган. Абай ҳам ушбу анъанани давом эттирган ҳолда “Искандар” номли достон ёзади. Унда Искандар салбий образ сифатида талқин этилар экан, қўшни мамлакатларни қўлга киритганига қаноатланмай, катта қўшин тўплаб бутун дунёни босиб олишга ҳаракат қилгани, бироқ бу ишнинг уддасидан чиқмагани ҳикоя қилинади. Воқеалар ривожига кўра, Искандар ўз қўшини билан жазирама чўлни кесиб ўтиб, бир тоққа дуч келади. Тоғ дарасига киришда катта олтин дарвоза унга тўсиқ бўлади. Шоҳнинг “Дарвозани оч, мен бутун дунё ҳукмдори Искандар бўламан”, деган сўзига жавобан “мумкин эмас”, деган садо келади. Шундан сўнг Искандарга дарвоза ортидан суяк ташлашади. Суяк жуда оғир бўлиб, уни кўтариш мушкул эди. Бунинг сирини Искандарнинг устози Арасту ойдинлаштиради. У тарозининг бир палласига суякни қўйиб, иккинчи томонига бир сиқим тупроқ ташлаганда суяк турган палла енгил келади. Инсондаги очкўзлик, дунёга тўймасликни танқид қилган муаллиф уни бир ҳовуч тупроқ тўйдиради, деган хулоса билан достонни тугаллайди.

Абай А. Пушкин, М. Лермонтов шеърлари, И. Крылов масалларини юксак маҳорат билан қозоқ тилига ўгирган. “Евгений Онегин” шеърий романини эркин таржима қилиш орқали шоир ўз Онегини, ўз Татьянасини яратди, десак муболаға бўлмайди. Қозоқ оқинлари Татьянанинг севги изтиробларига тўла мактубини ўлан сингари куйлашган. Айтиш мумкинки, нафақат қозоқ халқ оғзаки ижоди ва Шарқ шеърияти, балки рус адабиёти ҳам шоир ижодий камолотини таъминлаган омиллар сирасига киради. Ана шу уч манба Абайни буюк шоир этиб тарбиялади, оламга танитди, асарларини машҳур қилди. Ижодкор асарлари орқали замондошларини ўйлантирган кўпгина муаммоларни қаламга олди, одоб-ахлоқ, маънавият тантанаси учун курашди. Адолатли жамиятни қуриш йўлларини ахтариб, озод замонда яшашни орзу қилди.

Ўзбек ва қозоқ миллати замонлар синовидан ўтган кўп асрлик дўстлик ва қардошлик ришталари билан чамбарчас боғланган яқин қўшнилардир. Шоирнинг қуйидаги сўзлари бу фикрни қувватлайди:

         Эй инсон, ор-номус дилдошинг бўлсин,

         Боболар ҳикмати қўлдошинг бўлсин.

         Мол-дунё, шон-шуҳрат – барчаси бекор,

         Жондош, содиқ дўст, йўлдошинг бўлсин.

Шоир асарларини она тилимизга таржима қилишда Уйғун, Миртемир, Асқад Мухтор, Қуддус Муҳаммадий, Носир Фозилов, Жуманиёз Жабборов каби ўзбек ижодкорларнинг хизматлари таҳсинга лойиқ. 1995 йил ЮНЕСКО ташкилоти қарорига кўра “Абай йили” деб эълон қилиниши ва бутун жаҳон бўйлаб улуғ шоирнинг 150 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан ажойиб таржимон Носир Фозилов таржимасида ижодкорнинг шеърлар, поэмалар ва насиҳатлари ўзбек китобхонларига ҳавола этилди. 2018 йил 13 мартда ЎзР Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги ПҚ-3598-сонли қарори эълон қилинди. Ушбу қарор ижросини таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги ахборот ресурс марказлари, таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида адабий кечалар, учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб, Абай китоблари кўргазмалари ташкил этилмоқда.

Бугунги кунда юртимиздаги кўча ва бир қанча қозоқ мактаблари Абай номи билан аталади. 2013 йили Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси олдида қозоқ шоирининг ҳайкали ўрнатилди. Улуғ мутафаккир, халқлар дўстлигининг оташин куйчиси Абай Қўнонбоевнинг шарафли номи ва бой ижодий мероси нафақат қозоқ, айни пайтда бутун туркий халқлар қалбида безавол яшайди.

 Эштемир ХИДИРОВ,

Қашқадарё вилоят кўзи ожизлар

кутубхонаси бўлим мудири.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш