БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

МЎЪЖИЗАЛАР  МЎЪЖИЗАСИ

Кўз очиб-юмгунча улуғ танқидчимиз Озод Шарафиддиновнинг оламдан ўтганига ўн тўрт йил тўлибди. Ҳар гал бу машъум воқеани дилда чексиз изтироб билан эслар эканман, шоир Н.А. Некрасовнинг:

“Қандай ақл чироғи сўнди,

Қандай юрак уришдан тинди?”

деган машҳур мисралари хаёлимда жонланаверади. Афсус-надоматга тўлиқ бу мисраларни шоир йигирма беш ёшида бевақт хазон бўлган истеъдодли танқидчи Н.А.Добролюбов вафоти муносабати билан ёзган эди. Энди бу мисраларни сира иккиланмасдан Озод Шарафиддиновга ҳам тааллуқли деса бўлади. Чунки у худди В.Г.Белинский, Н.Г.Чернышевский ва Н.А.Добролюбовлар каби ўз халқининг ақл-идроки, номус-ори, виждони ҳамда ифтихорига айланган даҳолар қаторидан ўрин олди. В.Г.Белинский ва Н.А.Добролюбовлар рус адабиёти тараққиёти олтин даврга кўтарилишида тенгсиз хизмат қилган бўлсалар, О.Шарафиддинов ўзбек сўз санъати ҳамда танқидчилиги равнақ топишида худди ўшандай, ҳатто ундан ортиқроқ аҳамиятли мавқе касб этди. Агар юқоридаги танқидчилар А.С.Пушкин, М.Ю.Лермонтов, Н.В.Гоголь, А.Н.Островский ижодий тажрибасини умумлаштирган ҳолдаХIХ асрда рус адабиёти янги босқичга кўтарилгани ва унда натурал мактабюзага келганлигини исботлаганбўлсалар, О. Шарафиддинов Чўлпон, Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов сингари сўз санъаткорлари асарларини теран таҳлилдан ўтказиш асосида ХХ асрда туғилган ўзбек реалистик сўз санъатинидунёга танитишдек буюк вазифани адо этди. Агар рус мунаққидлари адабиётнинг ғоявийлиги, халқчиллиги, мафкуравий бойлиги, ижтимоий қудрати ва таъсирчанлиги байроғини баланд кўтарган бўлсалар, О. Шарафиддинов сўз санъатимизнинг баёнчилик ҳамда шиорбозлик иллатлари, танқидчилигимизнинг вулгар социологизм унсурларидан халос бўлишига тенгсиз ҳисса қўшди. У шунчаки устоз танқидчилар анъаналарининг давомчисибўлиб қолмади, балки тўла маънодаги новатор мунаққид сифатида танилди. Новаторлик моҳияти ва унинг қайтарзда намоён бўлишини англаб етмоқ учун В.Г. Белинскийнинг қуйидаги сўзларини эслаш кифоя: “Буюк шоирнинг бошқа шоирларга бўлган таъсири бу шоир поэзиясининг бошқа шоирлар поэзиясида акс этишидан иборат эмас.Балки шу бошқа шоирларнинг ўз қувватини ишга солишидан иборатдир.Офтоб нури ҳам худди шундай ер юзига тушганда у ерга ўзидан қувват қўшмайди, балки ернинг ўзида бор қувватни ишга солади”.

О. Шарафиддинов жаҳоннинг энг буюк танқидчилари ижодидан илҳом ва руҳ олиш баробарида қолдирган бебаҳо маънавий меросини ўз тафаккурида жамлаган ҳолда уларгаақл-заковатининг, истеъдодининг қудратини қўшди. Натижадаўз сўзи, овози ва услубига эга бўлган танқидчи сифатида камолга етди. Мунаққид онгида етилган, вужудидан кенгликларга чиқишга талпинган, қалбида туғён урган сўзи, ҳис-туйғуларини мутлақо қирғоқдан тошириш мумкин бўлмаган шароитларда ҳам кишиларга, адабиёт оламига етказиш йўлларини топа олди. Бунинг учун у кўплаб таъналару таъқибларга дуч келса-да, фикрларидаги ҳаққоният ва мантиқнинг кучи, юксак нотиқлик санъати ва ишонтириш қудрати туфайли бошига тушиши мумкин бўлган турфа балолардан қутулиб қолди. Фикримиз исботи учун танқидчининг шоир Чўлпон ижодига оид ҳақиқатни тиклаш, меросини халққа қайтариш йўлидаги курашларини эслаш кифоя. Жамиятда “илиқлик” деб аталган қисқа давр шамоли эсган пайтларда Фитрат, Абдулла Қодирий, Чўлпон сингари адиблар фуқаро сифатида оқланган бўлишларига қарамай, ХХ асрнинг 60-йилларида эълон қилинган китобларда, хусусан, икки томлик “Ўзбек совет адабиёти тарихи очерки”да ҳам уларнинг ижодидан сиёсий хато қидириш, асарларидаги миллатпарварликни миллатчилик сифатида талқин қилиш давом этар эди. Худди шу китоб муҳокамасида О. Шарафиддинов бунга очиқдан-очиқ эътироз билдириб, энг истеъдодли адибларимизни шу тахлит қоралашвулгар социологизм сарқитидан бошқа нарса эмаслигини кўплаб далиллар келтириш йўли билан исботлаб беради. Танқидчининг бу янглиғ чиқишлари ўша давр ҳукмрон доираларининг кескин қаршилигига учрайди. Таъна-дашномлар, таъқиблар гирдоби остида қолганмунаққид Чўлпонни юзага чиқаришга қаратилганмардона саъй-ҳаракатларинидавом эттириб, 1967йилда нашр этилган ва ўзи муҳаррирлик қилган “Тирик сатрлар” китобидашоир ҳаёти ва ижодига оид мақола ҳамда энг яхши шеърларидан намуналар эълон қилади. Бироқ тўплам сотувга чиққан жойида китоб дўконларидан йиғиб олинади. Китоб мусодара қилинганига қарамай, қаҳрамонимиз уни халқ орасида тарқатиш, кишиларни Чўлпон шеъриятидаги гўзалликдан баҳраманд этиш йўлидакурашишни бир дақиқа ҳам тўхтатмайди. У китобнинг  ўзида қолган нусхаларини сўровчиларга бериб турар ва вақтида қайтаришларини талаб қиларди. Шундай кунларнинг бирида Озод аканинг “Волга” машинасида ўриндиққа ўтиришим билан қўлим бир қалин китобга тегди. Қизиқиб устоздан сўрадим:

Бу қандай китоб?

            “Тирик сатрлар”.

            Менга ўқишга бериб туринг.

Бу китобдан нимани ўқийсиз?

Чўлпон шеърларини.

Майли, олинг. Фақат китоб йўқолмасин. Кейинги ҳафта дарсга келганингизда, албатта, қайтариб олиб келинг.

Чўлпонни миллатчиликда айблаш давом этаётган пайтларда, аниқроғи, биз Тошкент Давлат университети филология факультетининг 5-курсида таҳсил олаётган 1964 йилда О. Шарафиддинов дарсда шоирнинг “Кўнгил”, “Гўзал”, “Бузилган ўлкага”, “Қаландар ишқи”, “Бир тутам сочларинг...”, “Бинафша”, “Халқ”, “Мен ва бошқалар” сингари энг яхши шеърларини санъаткорона ҳаяжон билан ўқиб берарди. Шу каби дарсларда устознинг маърузани спектакль, яъни санъат асари даражасига кўтариши, хотирада кўплаб ҳодисаларни жонлантириши оқибатида менда Чўлпон ижодига бўлган муҳаббат мактабдалик давридаёқ уйғонганини англаб етдим. Озод аканинг дарсларини тинглар эканман, беихтиёр 3-синфда И.А. Крыловнинг “Бўри билан қўзичоқ” масалини ёдлаганимни ҳамда у қуйидаги мисралар билан бошланишини хотирлаб кетдим:

Дарахтнинг бўшини қурт ейди доим,

Тарихда мисоллар жуда кўп бунга.

Тарих тўғрисида қолайлик-да жим

Бир эртак сўйлайин, қулоқ бер шунга.

Ёзнинг иссиқ бир кунида қўзи борди сув ичгали.

Ўз жонига қасд қилгандан хабари йўқ унинг ҳали.

Озод ака шу мисраларни тилга олар экан, бизга жуда қизиқ бир фактни маълум қилган эди. Мазкур масални тенгсиз маҳорат билан таржима қилган Чўлпон 1938йилда қатл этилганига қарамай, “халқ душмани”нинг таржимаси беқиёс даражада гўзал бўлганидан биз мактабда ўқиган 50-йилларда ҳам ушбу масал таржимони кўрсатилмаган ҳолда дарсликларданўрин олган. Чўлпон тўғрисида бир оғиз илиқ гап айтиш қийин бўлган даврларда бу фактни дарсда талабаларга очиқ-ойдин маълум қилиш учун улкан юрак ва жасорат керак эди.

“Тирик сатрлар” китобидаги мақола ва шеърлар ўша пайтларда ўсиб келаётган ёш авлоднинг Чўлпон ижодига доир билим ва тасаввурлари кўп жиҳатдан бойишига бемисл ҳисса қўшди. Танқидчининг Чўлпон тўғрисидаги ҳақиқатни тиклашга бўлган  уринишлари узоқ йиллар давом этар экан, 80-йиллар охирида Марказқўмда шоир ижодига бағишлаб ўтказилган мажлисда О. Шарафиддинов сўзлаган нутқни бу йўлдаги курашнинг энг олий чўққиси деб ҳисоблаш мумкин. Мунаққид ўз нутқида эндиликда Чўлпонни буюк шоир сифатида эътироф этиш, асарларини нашр қилишга ҳеч қандай тўсиқ монелик қила олмаслигини рад қилиб бўлмайдиган далиллар ёрдамида исботлаб беради. Гарчанд мажлисда Марказқўм котибаси О. Шарафиддиновга дакки бериб, Чўлпонни ҳаддан ташқари кўтаравериш кўнгилсиз оқибатларга олиб келиши мумкинлигини эслатган бўлса-да, худди шу нутқдан кейин юз берган ижтимоий ўзгаришлар натижасида адиб ижодини тўлиғича халққа қайтариш ва унинг тўғрисидаги бор ҳақиқатни рўёбга чиқариш учун кенг йўл очилади. Шундан сўнг танқидчининг шоир ижодига оид “Чўлпон” ва “Чўлпонни англаш” номли илмий китоблари, ўнлаб мақолалари босилиб чиқди. Шу билан бирга айнан унинг ташаббуси билан Чўлпоннинг жилд-жилд асарлари қайта нашр этилди. Мунаққид шоирга бағишланган китобларида ижодкорнинг ғоятда ёрқин, сира бўялмаган қиёфасини гавдалантиришга муваффақ бўлди. Бу борадаги кўп йиллик курашлар адибнинг бебаҳо асарлари янгидан халқнинг маънавий бойлигига айланиши ва у янги ўзбек шеъриятининг асосчиси эканлиги тўғрисидаги илмий қараш исботланиши билан хотималанди.

Озод Шарафиддинов ўзбек адабиётшунослиги ва адабий танқидга доир қарашларни шу хилдаги янги ғоялар билан бойитишга интилганлигини унинг ёзувчи Абдулла Қаҳҳор ижоди, хусусан, “Тобутдан товуш” комедияси атрофидаги мунозараларда олиб борган матонатга тўлиқ кураши манзараларида ҳам кузатиш мумкин. Бу кураш комедия саҳнага қўйилгандан кейин “Ўзбекистон маданияти” газетасининг 1962 йил 5 декабрь сонида танқидчининг “Заҳарханда қаҳқаҳа” номли тақризи босилиши билан бошланган эди. 1963 йил “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 11 август сонида унга жавобан эълон қилинган Ғ. Ғулом, В. Зоҳидов ва Ҳ. Ғуломларнинг “Тобутдан товуш” ҳақида” номли тақризларида комедиянинг айрим ўринларида ғайриахлоқий, фаҳш сўзлар, хатти-ҳаракатлар борлиги, О. Шарафиддинов тақризида эса шундай асар юқори баҳоланганлиги кескин танқид остига олинади. Ўшанда бу қарши тақриз юқоридан берилган топшириқ асосида ёзилгани маълум эди. Озод ака дарсда буни тўғридан-тўғри эътироф этиб, 60 дан ортиқ талаба олдида очиқдан-очиқ “Ғафур Ғулом умуман спектаклни бориб кўрмаган ҳам”, дея таъкидлаганди. Шундан сўнг комедия ва О. Шарафиддинов тақризини ҳимоя қилувчи кўплаб мақолалар матбуот юзини кўрди. Энди ўйлаб қарасам, уларнинг ҳеч бирида, ҳатто ўзимнинг докторлик диссертациямда ҳам комедия ва тақризининг ҳукмрон доираларга ёқмаганлигининг асл сабаблари ҳаққоний очиб берилмаган экан. Бизнингча, ўша даврдаги амалдорларга биринчи навбатда асар пафоси, ўткир ҳажвий тиғи маъқул бўлмаган. Комедиянинг бутун жанговар ва кулгига йўғрилган руҳи жамиятдаги порахўрликдек даҳшатли иллатни таг-томири билан қўпориб ташлашга йўналтирилган эди. Ундаги асосий муаммо юзасидан эътироз билдиришга журъат тополмаган ҳожатбарор шоирлару академиклар асардаги арзимас камчиликларни рўкач қилиб, ёзувчи ва мунаққидни бошқа усулда оёқларидан чалишга уринганлар. Вақт ўтиб О. Шарафиддинов бундай уринишларни ҳам жавобсиз қолдирмади. У 25 йил кейин эълон қилган “Абдулла Қаҳҳор” номли китобида уларнинг даъволаринитўлиғича инкор этиб, “Тобутдан товуш” ўзбек адабиётида яратилган энг гўзал ҳамда узоқ замонларгача қадр-қийматини йўқотмайдиган комедия эканлигини исботлаб берди.

Баъзан Озод ака ўзларининг ўта қалтис қарашларини матбуотда эмас, балки дарсларда, талабалар даврасида ўртага ташлар эдилар. Энг буюк ёзувчилар аксарият ҳолларда ҳукмрон ижтимоий тузум билан чиқишмай қолиши, кескин зиддиятлар келиб чиқиши билан боғлиқ фикрларни қўрқмай таъкидлаб, даъвосининг исботи учун талайгина мисоллар келтирарди. Шўро замонида бундай гапларни айтиш даҳшатли оқибатларга олиб келиши мумкин эди. Талабаларнинг Озод акага бўлган чексиз ҳурмати туфайли бундай гаплар аудиториядан ташқарига чиқмас ва жасур муаллим содиқ тингловчиларини юқоридаги каби донолик меваларидан баҳраманд этиш, улар онгини оҳори тўкилмаган фикрлар билан бойитишда давом этаверарди. О. Шарафиддинов нафақат фидойи устоз, балки мутлақо кутилмаган вазиятларда талабалар манфаатини ҳимоя қилиш, турмушларидаги энг мураккаб муаммоларни кўтариб чиқиш имкониятларини топа олган жонкуяр инсон сифатида ҳам ёдимизда қолган. Унинг Ўзбекистон Миллий Университети 85 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда сўзлаган нутқи фикримизнинг ёрқин далили бўла олади. Ўшанда ҳамма университет шаънига баландпарвоз мақтовлар ёғдираётган бир пайтда ғамхўр устоз талабаларни пул тўлаб ўқитиш ота-оналар учун ниҳоятда оғирлик қилаётгани, моддий имкониятлари етишмаётган сон-саноқсиз истеъдодли ёшлар олий таълим ололмай қолаётганини чексиз ачиниш ва катта жасорат билан сўзлаган эди. Юқори расмий доиралар вакиллари олдида сўзланган бу мардона нутқдан мурод ҳаётимизнинг энг оғриқли муаммоларидан бирига жамоатчилик эътиборини қаратиш эди.

Санжар СОДИҚ,

филология фанлари доктори,профессор.

(Давоми келгуси сонда.)

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш