БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

МЎЪЖИЗАЛАР  МЎЪЖИЗАСИ

(Охири. Боши ўтган сонда.)

Устоз танқидчи Озод Шарафиддиновнинг деярли барча мақолалари, тақризлари, портретлари, ҳаттоки берган сабоқларида ҳам, албатта, қандайдир умумлашма ҳамда янги ғоялар илгари суриларди. Ўз ғояларининг ишончли ифодаланишида мунаққид бадиий асарлар таҳлилини асосий восита деб ҳисоблаган. Унинг бу борада юксак маҳорат, бадиий асарни таҳлил қилиш усуллари бўйича чуқур билим эгаси эканини “Замон, қалб, поэзия”, “Истеъдод жилолари”, “Биринчи мўъжиза”, “Ҳақиқатга садоқат” каби китобларидан англаш мумкин. Булардан ташқари олимнинг “Талант – халқ мулки” (1979), “Адабиёт – ҳаёт дарслиги” (1980), “Ҳаёт билан ҳамнафас” (1983), “Гўзаллик излаб” (1985) асарларида ўзбек шеърияти, насри ва танқидчилигининг муҳим муаммоларига тўхталиб ўтилган.

О. Шарафиддиновнинг мунаққидлик фаолиятида икки давр кўзга ташланади. Биринчи давр шўро тузумида кечган бўлиб, унда адабиётни тоталитар мафкурадан ҳимоялаш, адабий қонуниятлар асосида тадқиқотлар олиб бориш йўналиши етакчилик қилади. Бу даврда унинг “Заҳарханда қаҳқаҳа” (1962), “Ҳаётийлик жозибаси, схематизм инерцияси” (1979), “Юртин мадҳи бўлди сўнгги сатри ҳам” (1979), “Шеър кўп, аммо шоир-чи?” (1983) каби китоблари дунё юзини кўрди. Иккинчи асосий давр танқидчининг истиқлол йилларидаги ижодини қамраб олади. Бу пайтга келиб олим миллий адабиётни шакллантириш, ўзбек адабиётшунослиги ва танқидчилиги, таржима санъатини юксалтириш ҳамда жаҳон адабиёти анъаналарини ўзлаштириш масалаларини тадқиқ этган. Мазкур тадқиқотлар унинг “Бир тилда гаплашайлик” (1987), “Мағзи пуч сўзлардан бир тош нари қоч” (2000), “Қайдасан, Морико” (2002) сингари асарларида ўз аксини топган.

Озод аканинг бадиий асар таҳлилига ғоят талабчанлик билан ёндашганигамен ўз тажрибамда ҳам гувоҳ бўлганман. Номзодлик диссертациямни ёза бошлаганимда устоз дастлабки қораламаларни ўқиб чиқиб: “Баъзи тўғри фикрлар, кузатишлар бор-ку, фақат романларнинг муфассал ва чуқур таҳлили етишмаётганга ўхшайди”, деган эдилар. Шу гапдан кейин мен илмий ишда таҳлил ҳал қилувчи роль ўйнашини тушуниб етдим ҳамда ўша пайтларда босилиб чиққан Мирмуҳсиннинг “Чиниқиш”, П. Қодировнинг “Қора кўзлар” романлари таҳлили асосида бир мақола ёздим. Ҳар ҳолда қайта ишласам керак, деган ҳадик билан остига ҳеч қандай имзо қўймай, уни Озод акага ўқишга бердим. Хайриятки, хавотирим ўринсиз бўлиб чиқди, чунки Озод ака мақола остига “Санжар Содиқ” деб ёзиб, ўзлари уни “Шарқ юлдузи” журнали таҳририятигатопширдилар. Шу тариқа журналнинг 1967 йил 4-сонида О. Шарафиддиновнинг оқ йўл тилаб билдирган эзгу тилаклари остида “Ҳозирги ўзбек романи тараққиётининг баъзи хусусиятлари” ноли биринчи жиддий танқидий мақолам босилиб чиқди. Мен  ўшандан бери кўплаб тақриз ва китобларимни “Санжар Содиқ” тахаллуси билан эълон қилиб келаман.

Мунаққиднинг чексиз таъсирчанлик ва ишонтириш қудрати касб этган танқидий мақолаларида унинг илгари сурган ҳар бир ғояси, нуқтаи назари, ҳатто айтган биргина сўзи адабиёт равнақига кучли туртки берарли салмоққа эга эди. Ижодий жараёнга сезиларли таъсир кўрсатган айни қарашлар уни ўзбек танқидчилиги ҳамда сўз санъатида етакчи ғоялар генератори даражасига олиб чиқди. Натижада О. Шарафиддинов нафақат мамлакатимиз, балки ундан ташқари ҳудудларда ҳам юксак обрў-эътибор қозонди. 1959 йили Москвада бўлиб ўтган ўзбек адабиёти ва санъати декадаси фикримизни далиллайди. Мазкур декада вақтида ёзувчилар уюшмасида ўтказилган ўзбек адибларининг янги асарлари муҳокамасида танқидчи “Замонавийлик – адабиётнинг қалби” мавзусида катта маъруза қилади. У ўзбек ёзувчиларининг сўнгги йиллардаги энг яхши асарларини алоҳида эътироф этиш баробарида адабиёт ривожига халал бераётган иллатларни ҳам рўй-рост очиб беради. Ўша пайтларда адабиётимизнинг энг яқин дўстларидан ҳисобланган рус танқидчиси Вера Смирнова О. Шарафиддинов нутқини катта ҳаяжон билан тинглагани ва қаноат ҳосил қилганини, шунингдек, ўзбек халқи орасидан шу қадар билимдон, зукко ва истеъдодли танқидчилар етишиб чиқаётганидан чексиз қувонганлигини алоҳида таъкидлаган эди.

Ўзгалар учун умр чўққиси саналувчи юксакликларга кўтарилганда ҳам О. Шарафиддинов эришган мавқеини ўзи учун сўнгги марра ёки охирги нуқта деб ҳисобламас, ҳар доим билимлари, қилган ишлари ва қўлга киритган муваффақиятларидан мутлақо қониқмай яшар эди. Унинг фикрича, камолотнинг чегараси, охири бўлмайди. Шу сабабли инсон комилликнинг янгидан-янги марралари сари интилаверади. Устоз ҳар соҳада мукаммаллик бўлишини истагани учун чала иш қилган одамдан ёмони бўлмайди, деб ҳисобларди. Озод ака шогирдларининг билими, меҳнатсеварлиги, фаоллиги, истеъдоди тенгсиз самаралар беришини истар ҳамда шу йўлда муттасил кураш олиб борарди. Шу сабабли уларга мақола ёзиш ёки дарс ўтиш ҳақида маслаҳатлар берар экан, энг кичик тафсилотларни ҳам ипидан-игнасигача тушунтиришдан оғринмас эди. Фикримнинг исботи сифатида устознинг менга амалий машғулот ўтиш йўлларини ўргатган пайтдаги ўртамизда кечган суҳбатни келтираман:

– Мен ҳозирги ўзбек адабиётидан маъруза ўқийман, сиз амалий машғулот олиб борасиз. Унда талабаларнинг бадиий асарларни қай даражада ўқиганлигини аниқлаш ва баҳолаш зарур бўлади. Бунинг учун сиз ҳар бир талабадан асарнинг мазмуни, қаҳрамонлари ва тафсилотларини сўрайсиз. Масалан, “Тобутдан товуш” комедияси устида сўз борганда ўзингиз Абдулла Қаҳҳор билан бўлган учрашувда тилга олган “салкам мотоцикл” бирикмаси нимани англатишини сўрашингиз мумкин. Агар талаба “салкам мотоцикл” мотороллер эканлигини айтса, у асарни ўқиган бўлади. Тафсилотлар билан бир қаторда талабадан китобнинг ранги қандай эканлигини сўрайсиз.

– Озод ака, мен ўзим китобнинг рангини кўрмасам, уни талабадан қандай қилиб сўрайман?

– Дарвоқе, шундай-а. Майли, асарнинг мазмунини ва тафсилотларини сўрайверинг. Борди-ю китобнинг рангини сўраш ноқулай бўлса, муқоваси қалин ё юпқа эканлигини суриштира қолинг.

Шу сўзлардан кейин мен Озод аканинг ҳеч кимда йўқ буюк инсоний самимиятига, яъни мен билан суҳбатда кўзим ожизлигини буткул унутиб гаплашганига қойил қолганман. У кишининг менинг билимларим ҳам қотиб қолмай, бойиб боряптими-йўқлигини сездирмай текшириб кўриш одатлари бор эди. Бунга мен Эзоп ҳақидаги суҳбатимизда тўлиқ иқрор бўлганман. Мен Озод акага қул Эзопнинг хўжайини жуда қизиқ гаров ўйнаганини эслатган эдим. Шунда у киши:

Нимадан гаров ўйнашади? деб сўрадилар.

Денгизни ичишдан, деб жавоб қайтардим мен.

Хўш, гаровда ютқазган қулдор денгизни ичадими?

– Ичмайди. Уни Эзопнинг маслаҳати қутқаради.

– Эзоп қандай маслаҳат беради?

– Эзопнинг маслаҳати билан қулдор файласуфларга шундай маънода жавоб беради: Денгизга кўплаб дарёлар келиб қуйилади. Агар ўша дарё сувларини ажратиб олсанглар, денгизда қолганини мен ичаман.

– Мен билмайсиз деб ўйлаган эдим. Билар экансиз-а, дуруст, – дея Озод ака суҳбатга якун ясадилар. Демак, қизиқ бир суҳбат воситасида устоз менинг Эзоп ва унинг топқирлиги ҳамда қадимий масалчи тўғрисидаги бадиий асарлар юзасидан муайян тасаввурим борлигини аниқлаганлар. Шундан кейин улар маърузаларга, имтиҳонларга вақт топа олмасалар, ўринларига мени чақирадиган бўлганлар.

Озод Шарафиддинов ҳақиқий педагог каби чинакам олим ҳам ўз касбига боғлиқ вазифани бажарганда заррача хатога йўл қўйиши мумкин эмас, деб ҳисобларди. Ўзининг мазкур фазилатини у радио эфирлари учун ўзбек танқидчилиги ҳақида туркум эшиттиришлар тайёрлаётганимизда тўла намоён қилганига шоҳид бўлганман. Ҳар гал Озод ака бизнинг уйга келар ва бир неча соат давомида иккаламиз суҳ|бат қуриб, магнит лентасига ёзар эдик. У киши мулоқот давомида битта сўз ҳам хато қўлланишини истамас эдилар. Агар суҳбатнинг бирон жойи кўнгилдагидек чиқмаган бўлса, устоз ўша ердаги фикрларни қайта баён этар ва мен бошқатдан ёзиб олардим. Ёзув жараёни тугагач, уни бошидан-охиригача эшитиб кўрар ва биронта ҳам нуқсон йўқлигига ишонч ҳосил қилганимиздан кейингина ишни тўхтатардик.

Мен номзодлик диссертациясини ёқлаган кезларда Озод ака: “Санжар, энди унча-мунча қизлар билан юрсангиз бўларди”, дея маслаҳат берган эди. Кўп ўтмай тақдир менга Лобархон деган гўзал қизни рўбарў қилиб, тўйимиз тезлашиб кетди. Бундан чексиз қувонган Озод ака орадан ўттиз йил ўтгач, менга бағишланган “Ҳар инсон – бир мўъжиза” номли мақоласида Лобархонни ҳам тилга олиб: “Санжарнинг тўртта гулдек фарзанди бор”, деб ёзгани ҳамон ёдимда.

           Устоздаги инсонийлик ва бағрикенглик мутлақо ўзгача кўриниш касб этган эди. У ўзининг самимияти ёки кимгадир қилаётган яхшилиги барчага кўз-кўз бўлишини истамас ва писанда қилмасди. Олимдаги самимийлик буткул табиий равишда намоён бўларди. Бунга мен профессор Бердиали Имомовнинг тўйида яна бир бор амин бўлганман. Ўша куни тўй тунги соат 11:00 гача давом этди. Базмдан сўнг Озод ака Акажон деган аспирантни ёнларига чақириб, тўйга Санжар хотини билан келибди, уларни машинага чиқариб юборсангиз яхши бўларди, дебдилар. Кетишга чоғланиб турсак, Акажон ака бизни кутилмаганда безатилган “Жигули”га чиқариб юборди. Кейин билсам, бўш машина топа олмасдан, келин-куёвни ресторандан уйга олиб кетиш учун тайёрлаб қўйилган “Жигули”да бизни жўнатиб юборган экан.

           Озод аканинг яна бир фазилати ўз сўзини ҳеч кимга зўрлик ёки куч билан ўтказмаганлигидир. У киши бошқаларни фикрларидаги мантиқ қудрати ёки қизиқ мисоллар келтириш йўли билан сўзига ишонтирар эди. Кўпинча Озод аканинг фикрларини эшитган одамлар кула-кула муросага кўнганликларини ўзлари сезмай қолардилар. Ўз ҳаётимда ҳам худди шундай ҳодиса рўй берган. Дастлабки мақолаларимдан бирини устозга ўқитиб маъқуллатганимдан сўнг уни “Шарқ юлдузи” журналига олиб бордим. Ўша вақтда журналнинг танқид бўлимида менинг курсдош дўстим Маҳмуд Саъдий ишлар эди. У мақоладан Ҳамид Ғуломнинг “Сенга интиламан” романига оид танқидий фикрларни олиб ташлаш кераклигини айтди. Шундай қилинмаса, журнал бош муҳаррири бўлмиш Ҳамид Ғулом мақолани бутунлай чиқармай қўяр экан. Бу гапни мен дарҳол Озод акага етказдим. У киши Маҳмуд Саъдийнинг таклифини маъқулладилар. Мен бўлсам нуқул ўжарлик қилиб: “Қани демократия? Қани ижод эркинлиги?” деб жиғибийроним чиқар эди. Шунда Озод ака менга Н.В.Гоголнинг “Ревизор” комедиясидаги қизиқ бир воқеани эслатдилар. Асарда шаҳар ҳокими Хлестаковнинг олдига келиб: “Тўрам, ишонманг. Савдогарнинг хотинини мен урганим йўқ, у ўзини ўзи урган”, дейди. Шу гапларни хотирлаб Озод ака: “Ахир, Ҳамид Ғулом ўзини ўзи урмайди-ку?” деган эдилар ва мен кулгидан ўзимни тўхтатолмай, мақоладан “Сенга интиламан” романига оид танқидий ўринларни тушириб қолдирган эдим.

           Ҳазил-мутойиба, юморга мойил бўлиши билан бирга баъзида Озод аканинг ҳаддан ортиқ даражада ғазабланиб, кимларгадир чексиз жаҳл ва момақалдироқдек гулдурак овоз билан гап уқтирганини ҳам кузатганман. Ўшандай ҳодисалардан бири талабалардан имтиҳон олаётган вақтимизда рўй берган. Кўпинча биз имтиҳонларни Озод ака билан бирга олар, фақат алоҳида-алоҳида стол ёнида ўтириб, бир вақтнинг ўзида иккитадан талабанинг жавобини тинглар эдик. Ҳар ким ўз қаршисидаги талаба билан банд бўлгани учун нариги столдаги гапларни эшитавермас эди. Шундай имтиҳонларнинг бирида тўсатдан Озод аканинг қаттиқ-қаттиқ гапира бошлагани эшитилди. Бир талаба қизнинг қайсидир гапи домлани тутақтириб юборган эди. Улар орасида қандай гап ўтганлиги ҳозиргача менга қоронғу бўлиб келади. Фақат Озод аканинг ўша талаба қизга тутақиб айтган сўзлари ҳеч қачон қулоғимдан кетмайди: “Мен сизга нима дедим? Ё олдингизда маймун ўйнатяпманми? Боринг, қаерга шикоят қилсангиз қилаверинг. Барибир, мен сизга ижобий баҳо қўймайман”. Шундай пайтларда Озод акага эътироз билдириш ёки талабанинг ёнини олиш амри маҳол эди. Хайриятки, бундай ловуллаб ёниш узоқ давом этмас, кўп ҳолларда ғазаби пасайгандан кейин домланинг ўша талабага нисбатан муносабати ҳам ўзгарарди. Хусусан,жаҳл отига миндирган қиз имтиҳонга қайтадан тайёрланиб келгач, Озод ака унга қониқарли баҳо қўйиб берганлар. Бироқ домла ҳар доим  эмас, ўзининг ортиқча қизишиб кетганини пайқаган ҳолларда бироз ён бериши мумкин эди.

           Муҳим илмий-танқидий масалалар, адабий ҳодисалар, долзарб таълим тамойиллари устида гап кетганда О. Шарафиддинов ўзининг қатъийлик, изчиллик, фикрда собитлик, ҳужумкорлик, муросасиз курашчанлик сингари принципларидан сира чекинмасди. Мунаққиднинг бир қанча мақолалари, “Дамир Усмоновнинг икки баҳори”, “Генерал Равшанов”, “Ўзбекнома” сингари асарлар ҳақидаги тақризлари худди шундай фазилатларнинг маҳсули сифатида дунёга келган. Унинг 1967 йилда рус тилида нашр этилган “Ўзбек совет адабиёти тарихи” китобига киритилган Мақсуд Шайхзода ва Миртемир ҳақидаги икки портретида танқидчилик маҳоратининг юксак намунасини кўриш мумкин. Айнан ўша тадқиқотлар учун О. Шарафиддинов 1970 йилда Беруний номидаги республика давлат мукофоти билан тақдирланган. Олим фаолиятининг яна бир ўзига хос қирраси таржима санъатига танқидчилик концепциясини олиб кирганидир. У Л. Толстойнинг “Иқрорнома”, П. Коэлонинг “Алкимёгар”, Э. Савеланинг “Тўхтатинг самолётни тушиб қоламан” асарларини ўзбек тилига таржима қилди. О. Шарафиддиновнинг ўзбек адабиёти ривожи йўлидаги улкан хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланиб, у “Меҳнат шуҳрати” (1997), “Буюк хизматлари учун” (1999) орденлари билан мукофотланган.

           Тадқиқотлардаги бу каби фазилатларнинг барчаси жамланиб, пировардида О. Шарафиддиновни камолотнинг янада юксакроқ чўққиларига, хусусан, “Ўзбекистон Қаҳрамони” даражасига олиб чиқди. Гап 2002 йилда мунаққидга айни унвон берилгани ҳақидагина кетаётгани йўқ. Зеро, О. Шарафиддинов умрининг охирги саккиз йилида, яъни икки оёғи кесиб ташланган даврда тўла маънодаги қаҳрамон эканлигини намоён этди. Худди шу йилларда танқидчи аввалги йилларга нисбатан бир неча марта фаолроқ ва маҳсулдорроқ меҳнат қилди. Натижада олимнинг “Ижодни англаш бахти”, “Довондаги ўйлар” сингари китоблари, шунингдек, қўлёзма шаклида қолган яна юзлаб мақолалари майдонга келди ҳамда улар ўзбек танқидчилиги ва публицистикасининг нодир намуналари, энг жиддий ютуқлари қаторидан ўрин олди. Уларни ўқир эканмиз, Озод ака ёзувчи Н. Островский тўғрисидаги мақоласига қўйган ажойиб бир сарлавҳа хотирамизда жонланади. Муаллиф ўша мақоласини Ромен Роллан сўзлари билан “Фаолликнинг ёниқ машъали” деб атаган эди. Энди сўнгги йиллардаги матонатли меҳнати ва бунинг беқиёс самараларини инобатга олиб, Озод аканинг ўзини ҳам сира иккиланмай фаолликнинг ёниқ машъали, деб аташ ўринли бўлади.

Аслида юқорида тилга олинган сифатлашларнинг барчаси жамланган ҳолда ҳам бу азиз инсоннинг таърифи учун камлик қилади, назаримда. О. Шарафиддинов таърифига мос жумлани ҳам унинг ўзи қолдирган мақолалардан топиш жоиз кўринади. Юқорида айтганимдек, менинг тўғримдаги мақоласини у “Ҳар инсон – бир мўъжиза” деб номлаган эди. Гарчанд устоз мендай ожиз бир бандани мўъжиза даражасига кўтарган ҳамда шундай унвонга лойиқ топган экан, демак, унинг ўзи ҳақидаги хулосани ҳам мана бу битта жумла билан ифодалаш ўринли бўлади: Озод Шарафиддинов мўъжизалар мўъжизаси эди ва шундай бўлиб қолади.

Санжар СОДИҚ,

филология фанлари доктори,профессор.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш