БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

БАРҲАЁТ САБОҚЛАР

ҲАР ДАРСИ САНЪАТ АСАРИ

Устозлар борки, улар илмидан таралмиш ёрқин шуъла не-не авлодлар ҳаёт йўлини ёритади. Устозлар борки, улар берган сабоқ ва ўгитлар дунёдан ўтганларидан кейин ҳам қалбларни эзгуликка ошно этишда давом этади. Ўқитувчи аталмиш улуғ мақомда катта йўлни босиб ўтган ва ўзидан улкан илмий-педагогик мактаб қолдирган Омонулла ака Мадаев ана шундай сабоқлари барҳаёт устозлар сирасига киради. Етук адабиётшунос олим, ўзбек тарбияшунослигининг катта устунларидан бўлган О. Мадаев ўлмас сабоқлари заминида бино қилган маҳобатли тарбия мактабида камол топганлар беҳисоб. Улар орасида мактаб ўқувчисидан тортиб кекса авлод вакилларигача учратиш мумкин. Таълим тизимининг қуйидан то олий босқичига қадар қамраб олган узоқ йиллик фаолияти давомида устоз ўргатган адаб илми, берган маънавият сабоқлари қанчадан-қанча зиёга интиқ қалбларда чин меҳр-муҳаббат, садоқат, инсонийлик туйғуларининг камол топишига ҳисса қўшди. Бу илм ёғдуси авлодларни яна эзгу мақсадлар, нурли истиқбол йўлига олиб чиқди.

Биз ҳам улуғ устознинг улуғвор сабоқларидан баҳрамандлик бахти насиб этган бахтиёр авлодлармиз. Дарҳақиқат, ҳар бири санъат асарига тенг абадиятга дахлдор дарсларга насибамиз қўшилганидан кўнглимиз осмон қадар. Улар шу даражада баркамол таҳсил намуналари эдики, бирор ери-да таҳрир, ислоҳга муҳтож эмасди. 1995 йил 2 сентябрь. Ўзбек филологияси факультетидаги таҳсил ибтидосида таълим дарғаси Омонулла аканинг илк дарси қалбимизга муҳрланган унутилмас кун. Шу дамдан эътиборан бизнинг қаршимизда она тилимиз, адабиётимиз жонкуяри, сўз санъатининг фидойиси О. Мадаевнинг беқиёс дарсхонаси эшиклари кенг очилди.                                                                                                                                                                                           Бу эшиклардан кирган талаба борки, демак, унга ҳар бири дурдона сифатида эъзозланишга лойиқ ўқув-амалий машғулотлар ила умр китобини бойитиш имкони насиб этибди. Илк машғулотдаёқ мен билан кўп йиллик қадрдонлардек ғоят самимий муносабатга киришган домланинг нутқида тизилаётган сўз маржонлари, теранлигини кўз-кўз этаётган фикрлар, маърифат нури таралаётган сабоқлар бизни кўп ўтмай моҳир педагог санъатининг мухлисига айлантирди. Биз дарсларни гўё сеҳрланган каби ҳайрат оғушида тинглар, бутун фикру зикримиз устознинг айтаётганлари билан банд бўларди. Бу ажойиб инсондаги юксак билим ва маҳорат, фасоҳатли нутқ, теран мантиқ ва кенг мушоҳада барчани бирдек маҳлиё этганди. Дарсга шунчаки кирган эътиборсиз талаба ҳам кўп ўтмай устоз сабоқларининг чинакам шайдосига айланарди.

Талабалик даврининг унутилмас хотираларидан бири биз устоз бошчилигида Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи Чори бахшининг хонадонига ташриф буюриб, халқ ижодкорлигининг ажойиб намуналаридан баҳраманд бўлганимиздир. Чиндан ҳам бахши ижросида ажиб дўмбира садолари остида достонлардан парчалар, яна ҳар биримизга аталган бағишловларни тинглаганимиз биз учун бир умрга татигулик завқиёб ва ҳаяжонли дамларни инъом этганди. Шу тариқа оғзаки ижодга мансуб гўзал намуналар яралиши жараёнига бевосита шоҳид бўлгандик ўшанда. Сафардан қайтишда устоз Тошкент денгизи яқинида машинани тўхтатиб, талабаларни бу ўзига хос манзарани томоша қилишга чорладилар. Бу олийжаноб инсоннинг кўнглимизда яшаб қолган яна бир ғамхўрлиги ҳамсафарларнинг аксарини ташкил этувчи талаба қизларнинг барини машинада уй-уйига элтиб қўйганлари бўлди. Мана, сизга адабиётимиз асосини белгиловчи халқ оғзаки ижодига чин шайдолик ва унга нисбатан муҳаббат туйғусини ёшлар қалбига сингдириш йўлида кўрсатилган фидойилик. Биз устознинг амалларидан шу ва бошқа фазилатлар бобида ҳам катта ибрат дарсини олдик. Зеро, унинг нафақат айтган сўзи, берган билими, балки яшаган нурли лаҳзалари, амалга оширган эзгу ишлари, умуман, кечирган бутун ҳаёти ҳар биримиз учун улкан сабоқдир.

ЭЪТИҚОДИ БИР УСТОЗ-ШОГИРД

Давлатимиз томонидан “халқ ўқитувчиси” дея эътироф этилган севимли домламиз бутун ҳаёти давомида ушбу юксак мавқега садоқатларини намоён этиб яшадилар. Бу илм хазинасидаги дуру жавоҳирлар қалбини асир этган ёшлар учун Омонулла ака шунчаки ўқитувчи, оддийгина мураббий эмас. Балки тил-адабиёт дарслари мақомини юксакларга кўтарган, бу йўлда бутун қалб қўри, жисму жонини бериб, навқирон кўнгиллар ила мустаҳкам меҳр ришталари орқали чамбарчас боғланган чин маънодаги комил устоздирлар. Айни ҳақиқатни ЎзРФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти катта илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Шаҳноза Назарова қуйидаги хотираларида ўзига хос тарзда ифодалайди: “Муаллимнинг машғулотлари, сабоқлари устоз талабаларни мафтун қилиб қўйгандагина севимлидир, ўшандагина унинг айтганлари ҳақиқатдир. Муаллим, муаллима юзлаб, минглаб ҳамкасблари орасида талабани қандай йўл билан ўзиники қилиб олади, қай тарзда унинг қалби ва онгини бошқара бошлайди? 2006 йил ЎзМУ Ўзбек филологияси факультети 1-курсида ўқиб юрган вақтимда устозимни факультетда китоб сотувчи амакининг ёнида, китоб варақлаётган ҳолатида биринчи марта кўрганман. Кўркам қиёфасидан ўзгача виқор ва салобат ёғилиб турар, қора қошларини хиёл чимирганча китобларни кўздан кечирарди. Кўриб тўхтаб қолдим, кўринишидан завқландим, ўзим билган улуғ устозларнинг ҳаммасига бу одам ўхшар эди. Ўзимга дедим: “Менинг устозим шу одам бўлади, бошқа ҳеч ким”. Моҳиятга эътибор бериш керак, одамнинг ташқи кўринишига эмас, дейдилар. Бу гап муаллимларга тегишли эмас, назаримда. Муаллим зоҳиран ҳам ботинан кўркам ва улуғвор қиёфада бўлиши керак, токи ҳар бир жиҳат унинг талабадан юқори туришини тасдиқласин.

О. Мадаев аудиторияга кириб келганларида мана шу хусусиятлар хонани тўлдириб турарди. Устознинг назари аудиторияни бошқарарди, унинг овозида қаттиққўллик ва меҳр бирлашиб кетганди. Бу одамни алдаш, унинг овозидан баландроқ гапириш мумкин эмас эди. Эҳтимол, бу айтаётганларимни ўқиганлар устозини жуда идеаллаштириб юборибди, дер. Лекин аслида шундай эди. Устоз ўз дарси ва ўз аудиториясининг эгаси эди. Бу қобилият ҳатто академик, профессорларда ҳам топилмаслиги мумкин. Ҳар бир дарс машғулоти алоҳида бир спектаклга тенг эди. 80 та талаба узоғи билан 7-8 дақиқада йўқламадан ўтиб бўлар, ўтилажак янги мавзуга мос кайфият яратилиб, у илмий адабиётлар, қизиқ-қизиқ ҳаётий ҳодисалар билан уйғунликда тушунтириларди. Худди илм ҳаёт ичидан миямизга оқиб кираётгандек бўларди. Бу жараёнда устоз ва талаба ўртасидаги бегоналик унутилар, аммо ҳеч қачон талабанинг ҳаддидан ошишига йўл қўйилмасди. Омонулла ака қойилмақом актёр, нотиқ, созанда эдиларки, бу жиҳатлар талабалар диққатини тинимсиз янгилаб турар, натижада мавзу енгил ўзлаштириларди. Бу қадар етук анъанавий дарс шахсан менга замонавий, мураккаб ва ўлик педтехнологиялардан афзалроқдир. Илми ва амали тенг келган устозим фольклор асарларини мактабда, академик лицей ва олий таълим муассасаларида ўқитиш бўйича ўқув-методик қўлланмалар, дарсликлар яратди. Фольклоршунос олимларни таълимга яқинлаштирди. У киши маҳоратли педагог сифатида болаларга бериладиган меҳр ва қаттиққўлликнинг миқдорини кимёгарлардек билар эди. Мавзуни юрагидан ўтказиб талабаларга етказар ва бу жараёнда исталган методдан эркин фойдалана оларди, шу аснода эҳтимол, янги бир методни ҳам яратишга эришарди. Устозим таълим ва тарбия жонкуяри ҳам эди. Факультет талабаларининг тарбияси учун ўзини масъуллардан деб билар, бундаги дарслар сифати, талабаликка қабул қилинаётганлар савияси учун астойдил қайғурарди. Домла чинакам ёшлар раҳнамоси, ишончли инсон эди. Қанчадан-қанча талабаларнинг, айниқса, бошқа ўқитувчилар шикоятига сабаб бўлган ёшларнинг устоз билан яқин сирдош тутинганига гувоҳ бўлганман. Улар “менинг шогирдим” дейишни қанчалар яхши кўрса, шогирдларининг ҳам “менинг устозим” дея мағрурланиб юришларини шунчалар хоҳларди.

Устоз-шогирдлик муносабатларида топганларим, ўрганганларимнинг ҳисобини аниқ айтиб беролмайман. Вақт ўтган сари бу ҳисоб кўпайиб бормоқда. Келинг, Сизга бир воқеани айтиб берай. Талабалигимнинг 3-босқичида ФарДУга фан олимпиадасига бордик. Устозим, у кишининг дўсти ҳамда маслакдоши профессор Ёрмат Тожиев ва мен йўлга тушдик. Машинани устознинг ўзи бошқардилар, йўл бўйи қизиқ-қизиқ гапларни гапириб кулдириб бордилар. Кўнгиллари жўшиб қўшиқ айтиб бердилар: “Олманинг нозуклигидин кўринодур донаси...” Манзилга етдик, эртасига синовлар бошланди. Яширадиган жойи йўқ, олимпиада турли ўйинлар, ёлғонлар билан ўтди. Иншомни текширган ва паст баҳолаган одам изсиз йўқолди, тестнинг оёғи осмондан бўлди. Оғзаки савол-жавобда бўлса бизга ҳеч ким етолмади, устозимдан руҳланиб университет, институт ўқитувчиларини мот қилдик (бу ғалабани устоз ҳар доим ғурурланиб, тўлиб-тошиб эслаб юрдилар). Кечки пайт очиқ ҳавода чиройли зиёфат берилди. Эртага охирги кун, натижалар эълон қилинади. Ҳамма ҳаяжонда. Аммо менинг натижаларим сунъий тарзда тушириб юборилган, юқори ўриндан умид йўқ эди. Устоз университет, факультет олдидаги масъулиятни чуқур ҳис қилган ҳолда ҳам ҳайъат ишига аралашмади. Яқин йўламади. Фақат кечки зиёфатда устозга сўз берилганида бир шеърни ўқиб бердилар. Бу Абдулла Ориповнинг “Булоқ” шеъри бўлиб, “Майли, ўз йўлини ўзи очсин у” деб якунланарди. Ўктам, мағрур овозда ўқилган шеър болаларни катта йўлга ёлғон билан олиб чиқмайлик, дерди. Устоз натижани “қинғирлик қилишга улар мендан уялсалар керак” деган умид билан кутди... Биз ютқаздик. Аламлар ва довонда устоз сотиб олган алвон лолалар билан Тошкентга қайтдик. Устоз факультетдаги таъна-маломатларнинг ҳеч бирини менга яқинлаштирмади. Мен бунда нимагадир эришиш учун тиз чўкиш шарт эмаслигини, ғалаба эмас, қандай курашмоқ муҳимлигини, курашларда устоз-шогирд бирбутун бўлиб кетиши-ю улар бир-бирини доимо қўллаши кераклигини англаб етдим. Одатда устоз ва шогирдни ғалабалар яқинлаштиради, бизни эса мағлубиятлар яқинлаштирган. Устоз ярадор шеригини жанггоҳда қолдириб кетмайдиган жангчи эди.

2-босқичда “Навоий поэтикаси” фани ўтилади. Бу фандан дарсларни устоз олиб борганлар. Улар машғулотлардан бирига магнитофон олиб келдилар. Ғазал, уни куйлаган ҳофиз ҳақида маълумот бериб, “Муножот”ни қўйиб эшиттирдилар. Сўнг “Насруллойи”ни тингладик. Дастлаб ёшлик ҳавоси буларни эшитишга халақит берди. Аммо устознинг ҳолати бизни эшитишга мажбур қилди. Ҳаммамизни зириллатаётган домла стулда қунишиб ўтириб олганча бошини хам қилиб, дунёни унутиб куй тингларди, куй таъсирида йиғларди. Улар жуда кичрайиб қолгандек кўринди. Биз ўшанда биринчи марта эшитишни ўргандик. адабиётга шайдолик, китобга муҳаббат, илмга рағбат мана шудир. Бундай воқеалар, маслаҳату ўгитлар, танбеҳлар, йўлга солишлар жуда кўп бўлган. Аммо устознинг бир гапи юрагимда чўғдай ёниб туради. 2013 йил августда ЎзМУ Ўзбек филологияси факультетида нафақа ёшига етган барча устозлар бирданига бир вақтда ишдан бўшатилди. Улар гўё ёш боладек мунғайиб қолдилар. Ўша йили ўз хоҳишим билан мен ҳам бўшашга ариза бердим. Устоз бу ишимдан кўп норози бўлдилар ва охири кўниб шундай дедилар: “Иккимизнинг эътиқодимиз бир, болам”. Орзуларга тўла ёш юрак билан янги манзиллар изладим. Бироқ ич-ичимдан бироз сакина топган заҳотим Устозимнинг меҳрига, уларнинг “Иккимизнинг эътиқодимиз бир, болам” деган сўзларига қайтавердим. Мен бир шогирд бўлсам, бу шогирднинг ҳаёти мана шу сўзлар айтилгунча ва ушбу сўзлар айтилгандан сўнг давом этаётган ҳаётдир. Ҳамма гап шундаки, “Иккимизнинг эътиқодимиз бир, устоз” дейишга биз жасорат топа олармиканмиз...”

КЎНГИЛГА ЁЗИЛГАН АМАЛЛАР

Домланинг ўргатганлари ва англатганлари у камол топтирган бугунги кун ўқитувчиларининг бир неча авлоди йўлида маёқ вазифасини ўтаётгани ҳақиқат. Шундай издошларнинг бири - Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университети катта ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Комил Ҳамроев устоз сиймосига қуйидагича чизгилар беради: “О. Мадаев талабаларга бир нигоҳ доирасида ёндашар, айтайлик, кўзи ожизларга қандайдир имтиёз бериш, ҳаракатини чеклаш сабаб интилиш ва иштиёқига қанчалар зарба етиши мумкинлигини яхши ҳис қиларди. Тенгликка асосланган ёндашувнинг кўзи ожиз учун афзаллиги у ўзини бошқалардан кам деб билмайди, ҳатто жисмидаги кемтикни унутгандек бўлади. Бу ҳолатдаги талабани аяш, қўшимча шароит ва енгилликлар билан сийлаш йўлидан борилдими, мана шу ердан ўқитувчи ва таҳсил олувчи учун масъулиятсизлик бошланади. Домла дарс жараёнида ҳар бир сўзни юракдан ҳис қилиб сўзлар, ёшларда ҳам сўзга нисбатан шундай муносабатни тарбиялашга интиларди. Асар мутолааси асносида ҳам ундаги ҳар бир сўз ва иборага диққат қаратиш, маънолари юзасидан кенг мушоҳада юритишни талаб қиларди. Айни талабга жавоб бериш учун устоз Навоий поэтикаси фанидан сабоқ берган кезлари “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва ширин” достонларини қайта-қайта ўқишимизга тўғри келган. Бундан кўзланган мақсад асарнинг маъно қатламларига чуқур кириб бориш, ундаги сўзларни англаб етиш асносида моҳиятни теран идрок этишга эришишдир. Нафақат бу каби қадри баланд сабоқлари, балки ўқитувчилик фаолиятига киришган кезларда соҳада ўз ўрнимизни топишимизда қўллаб-қувватлагани ва астойдил берган ёрдами учун ҳам Омонулла акадан умрбод миннатдорман. Ўқувчи билан ишлаш, билим даражасини баҳолаш, унинг сабоқларни қай даражада ўзлаштираётгани, ҳатто китоб ўқиган-ўқимаганини аниқлаш масалаларида ҳам устоз қўллаган илғор педагогик усуллардан унумли фойдаланиб келяпмиз. Академик лицейда ишлаган кезларимиз устозни бир неча бор ўқувчилар билан учрашувга таклиф этган бўлсак, у киши ҳеч маҳал сўзимизни ерда қолдирмаганлар. Боиси, домла катта-ю кичикнинг бирор мурожаатини эътибордан четда қолдирмас, инсон кўнгли билан ҳисоблашиб иш тутардилар. Айтиш жоиз, бу каби учрашувлар катта маърифий тадбир, адабиёт байрамига айланиб кетарди. Шунданми, бунга ўхшаш ташрифларга рағбат билдирмаган билим масканини топиш мушкул. Қолаверса, устоз айримлар каби давраларни у ёки бу жиҳатдан фарқламас, ташрифдан бирор манфаат кўзламас эди. У доимо шогирдлари даврасида, уззукун уларнинг ғам-ташвишлари билан яшарди.

Ёрқин хотираларнинг яна бир қирраси у кишининг севимли машғулоти бўлмиш шатранж ўйини билан боғлиқ. Буни қарангки, устоз ақл баҳси чоғида ҳам сўзга ошно қалб воситасида рақибга таъсир кўрсатиш, яъни унинг руҳиятига юриш қилиш тактикасини моҳирона қўлларди. Биз Омонулла ака билан неча бор шахмат ўйинларини ўтказган бўлсак, улар шогирдларини ҳам тенг кўриб дона сурганлари, башарти иккинчи томон зафар қучгани тақдирда ўзлари ғалабага эришганларидан-да кўпроқ шодланганларига шоҳид бўлганмиз. Ёдимда, талабалик йиллари Тошкент вилояти Ангрен туманидаги Қорабоғ қишлоғига амалиёт учун чиққанимизда иккимиз иштирокимизда кечган ақл жанглари сафаримизга ўзгача файз бағишлаганди. Эътиборли жиҳати, О. Мадаев, Ё. Тожиев сингари моҳир шахматчи устозларимиз университет доирасида ёки олий ўқув юртлари ўртасида бўлиб ўтган беллашувларда мудом факультетимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишган. Сирасини айтганда, домлада кўрганимиз, топганимиз яхшиликларнинг бари бизнинг кўнглимизга, юрагимизга ёзилиб қолди ва бу битиклар ҳаргиз ўчмайди. “Китобга эмас, кўнгилга, қалбга ёзинг”, деганлари шу бўлса керак. Китобга битилган ёзувлар кун келиб ўчиши мумкин, аммо қалбга ёзилмиш битикларни ҳеч нарса ўчира олмайди. Домланинг кўнглимизга ёзилган эзгу амаллари вақти келиб келгуси авлодлар қалбида ўз умрини яшашда давом этса-да, барибир, улар устознинг ёзганлари, битганлари мақомида қолаверади”.

(Давоми келгуси сонда).

Нодира ЗОКИРОВА.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш