ЮРАГИДА ПУШКИН СИЙМОСИ

XX аср рус адабиётининг йирик намояндаларидан бири Иван Алексеевич Бунин 1870 йил Россиянинг Воронеж губерниясидаги қашшоқлашаётган дворянлар оиласида туғилган. Адибнинг ота-онаси ўз даврининг ўқимишли кишиларидан ҳисобланиб, фарзандларини ёшликдан ватанга муҳаббат ва А.С. Пушкин, М.Ю. Лермонтов, Н.В. Гоголь, В.А. Жуковский, Я.П. Полонскийлар яратган илғор рус маданиятига садоқат руҳида тарбиялашга ҳаракат қилганлар. Иван Алексеевич қийин шароитда улғайганига қарамай, ўзининг Орёл губерниясининг Бутирки қишлоғида ўтган болалик чоғлари “ғалла, ўтлар, ёруғлик денгизида”, “буткул дара сукунати ичида” кечганини таъкидлайди. Кичиклигиданоқ саводи яхши шаклланган Бунин дастлабки таълимни рассомлик, мусиқа ва адабиёт соҳасидан яхши хабардор Ромашков деган талаба йигитдан олади. У бўлажак ёзувчи билан бадиий адабиёт, шеърият ҳақида мароқли суҳбатлар ўтказар, машҳур шоирлар асарларидан намуналар ёдлатар ва шу йўл билан бола онгида образли тафаккур унсурлари шаклланишига ҳисса қўшарди. Иван Буниннинг хотирлашича, ўша талаба раҳбарлигида инглиз шоирларининг шеърий тўплами ва Гомернинг “Одиссея” достонини ўқигандан кейин унинг ўзида ҳам нимадир ёзиш истаги туғилган.

         1881 йилда Ваня Бунин Елецдаги гимназияга ўқишга киради. Таҳсил йиллари унинг қалбида шеър ёзишга қизиқиш уйғониб, дастлабки ҳосилалар сифатида “Надсон қабри узра” ва “Қишлоқи гадой” номли илк шеърлар дунё юзини кўради. Бадиий жиҳатдан бирмунча ночор бўлган бу шеърларда ёш ижодкор юрагини тўлдирган изтироблар, эзилганларга чинакамига ачиниш руҳини пайқаш қийин эмас. Унинг ижодида табиат тасвири, муҳаббат изтироблари ўзига хос тарзда акс эттирилган. Буниннинг дастлабки насрий асарлари, хусусан, “Ҳаёт шуъласи. Эртак”, “Нефедка”, “Икки ажойибот” сингари очеркларида ҳам мазкур фазилатлар ўз изини қолдирган.

Ҳаётга яқинлик адиб асарлари муваффақиятини таъминлаган омиллардан бири ҳисобланади. Ижодкор ёзмоқ учун материални ҳаётнинг, табиатнинг ўзидан олишга интиларди. Кунлардан бир кун у Елец деган жойда ҳаваскор шоир Назаров билан танишиб “Родина” газетасида у ҳақда “Ўзи ўрганган шоир” деган катта мақола эълон қилади. Мақолада Назаровга ўхшаш қирқ ёшга яқинлашган шоирлар оилавий аҳволининг оғирлиги туфайли гўзал ғояларидан ажралиб, ижоддан узоқлашишга мажбур бўлаётгани, уларни фаоллаштириш учун жамият қўллаб-қувватлови ҳамда шу мақсадга хизмат қилувчи махсус ташкилотлар тузилиши лозимлиги ҳақида ёзилган эди. Шундан сўнг Буниннинг ҳурмат-эътибори ортиб, у “Орловский вестник” газетасига ишга таклиф қилинади. Бу ерда ижодкор мусаҳҳиҳ, муҳаррир каби қатор вазифаларда меҳнат қилади.

         1889 йилда “Орловский вестник” газетасида бошланган жўшқин фаолият “Киевлянин”, “Полтавские губернские ведомости” номли нашрларда давом этади. Худди шу йилларда Буниннинг дастлабки шеърий ва насрий китоблари босилиб чиқади. Жумладан, “Шеърлар” деб аталган тўпламдаги табиат лирикасини ташкил этувчи намуналарда қишлоқдаги жараёнларни бошдан кечирган кишининг кўнгил туйғулари яққол сезилиб турар эди. Бу туйғулар ёш шоир юрагида Пушкин сиймоси ярқираб нур сочиб турганлиги, муаллиф худди рус поэзиясининг қуёшидек барчанинг қалбига йўл топишга интилаётганлигидан далолат берарди. “Очиқ осмон остида” (1898) ва Пушкин мукофотига сазовор бўлган “Хазонрезги” (1901) тўпламларидаги шеърлар янги рус поэзиясининг асосчиси А.С. Пушкин ҳамда М.Ю. Лермонтов, А.М. Фет, Я.П. Полонский, А.К. Толстой сингари йирик шоирларнинг энг илғор анъаналари асосида ёзилган бўлиб, она ватан ва унинг “қашшоқ қишлоқлари”, “атласга ўралган қайинзорлари” ҳақидаги маҳзун қўшиқдек жаранглайди.  

         Наср соҳасидаги маҳоратини оширишга интилган Бунин ўз даврининг буюк ёзувчилари А.П. Чехов, М. Горький билан учрашиб, улардан бадиий ижод ривожига доир фойдали маслаҳатлар олади. Шунинг самараси ўлароқ ижодкор қаламига мансуб “Антоновка олмалари” (1900), “Қарағайлар” (1901), “Қора тупроқ” (1904), “Дунёнинг чеккасига”, “Ўқитувчи”, “Далада”, “Қариндош-уруғининг тайини йўқ” деб аталган кўп жиҳатдан мукаммал ҳикоялар юзага келади. Уларда қишлоқ манзаралари чизилиб, инқирозга учраган катта ер эгаларининг ҳалокати гавдалантирилган. Долзарб ижтимоий муаммоларнинг кўтариб чиқилиши, кўтаринки оҳангдаги жиддий ҳикоя ритмининг тасвирий яхлитлик билан уйғунлашиб кетганлиги, кутилмаган метафоралар қўлланиши ҳамда лакконизм ўша даврдаги адибнинг насрий асарлари поэтикасига новаторлик бахш этган асосий омиллар ҳисобланади. Юқорида санаб ўтилган жиҳатлар Буниннинг шеърият ва наср соҳасида машқлар ва изланишлар босқичидан ўтиб, бадиий ижоднинг катта йўлига чиқиб олган, ўз тасвир манбалари, овози, услубига эга бўлган санъаткор даражасига кўтарилганлигидан далолат беради.

Ижодкор рус адабиётининг яна бир забардаст адиби Лев Николаевич Толстой билан ҳам учрашишга муваффақ бўлган. У буюк ёзувчи ҳақидаги барча ўйлари, эсдаликларини ўзининг хотираларида ҳамда “Толстойнинг озод қилиниши” (1937) китобида ёзиб қолдирган. Юқоридаги каби адабий учрашувлар натижасида Бунин ижодида ҳаётни кенгроқ миқёсда қамраб олувчи, унинг мураккаб муаммолари ҳақида ўйга толдирувчи турли жанрлардаги асарлар пайдо бўлади. “Қишлоқ”, “Сувсиз водий” қиссалари, “Эпитафия”, “Сукунат”, “Туман остида”, “Кеч оқшом”, “Кузда”, “Янги йил”, “Тун бўйи нур сочган ёғду”, “Кун бошланишида” сингари ҳикоя ва очерклар шулар жумласидандир. Уларда муаллиф қашшоқ рус деҳқонининг аҳволини яхшилаш билан бирга фаровон ҳаёт, муҳаббат, бахт каби умуминсоний масалалар талқинида ҳам жиддий муваффақиятларга эришган. Буниннинг 1898 йилда юнон қизи Анна Николаевна Цакни билан қурган турмуши афсуски, узоққа чўзилмайди. 1900 йилда туғилган ўғли ҳам кўп ўтмай оламдан кўз юмади. Ўзининг ягона фарзандига бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини, унинг вафоти туфайли қалбида туғилган адоқсиз изтиробларини Бунин “Рақамлар” номли ҳикоясида тўкиб солган эди.

Адиб ижодида унинг саёҳатлари алоҳида ўрин тутади. “Қуш сояси” номли очерклар туркуми, “Қадимги одам”, “Нимжон майса”, “Қора чигиртка”, “Ғамхўрлик”, “Захар Воробьёв”, “Ермил”, “Князь устидан князлик”, “Ҳаёт косаси”, “Архив иши”, “Клаша”, “Енгил нафас” каби ҳикоялари бошқа мамлакатларга қилинган сафар таассуротлари асосида майдонга келган. Шу билан бирга ёзувчи хорижий халқлар бадиий ижодининг энг яхши намуналарини рус тилига таржима қилиш билан ҳам шуғулланган. Жумладан, америкалик машҳур ижодкор Генри Лонгфеллонинг “Гайавата ҳақида қўшиқ” достони, оташин инглиз шоири Ж. Байроннинг “Манфред”, “Хоин”, “Осмон ва ер” сингари фалсафий драмалари таржимаси китобхонлар томонидан илиқ қарши олинган. Бунин бадиий адабиёт ва таржимачилик соҳасидаги хизматлари инобатга олинган ҳолда 1909 йилда Россия фанлар академияси томонидан фахрий академикликка сайланди. Айни даврга келиб адиб ижоди чет элларда ҳам шуҳрат қозониб, унинг айрим асарлари жаҳонга машҳур ёзувчилар томонидан юқори баҳоланади. Масалан, француз адиби Ромен Роллан Буниннинг 1914 йил бошларида ёзилган “Ака-укалар” номли ҳикояси ўзини қаттиқ ларзага солганлигини алоҳида эътироф этган. Шу каби таъсирчан руҳда битилган асарлар қаторида “Сан-францисколик жаноб”, “Чангнинг тушлари”, “Сиртмоқ қулоқ” кабиларни ҳам кўрсатиш мумкин.

         1914 йилнинг 1 августида бошланган Биринчи жаҳон уруши кўпчилик ёзувчилар каби Иван Бунинни ҳам даҳшатга солади ва у ўзининг бутун истеъдоди, ақлий салоҳиятини мана шу машъум ҳодисага қарши курашишга сафарбар қилади. Энди ёзувчи асосий эътиборини асарларида рус қишлоғининг уруш туфайли харобага айланганлиги ва ундаги кишиларнинг очликдан ҳалокатга маҳкум этилганлиги манзараларини чизишга қаратади. Бу борадаги сара ижод намуналари сифатида “Кампир”, “Сўнгги баҳор”, “Охирги куз”, “Натижа”, “Готами” каби ҳикояларни эслаш кифоя.

1920 йилга келиб Бунин оиласи билан Парижда яшай бошлайди. Янги шароитларга мослашиши ва кун кўриш учун маблағ топиши аввалига жуда қийин кечади. Моддий тангликдан қутулиш учун ёзувчи тинимсиз ижод қилишга бел боғлайди. Натижада унинг “Бойчечак”, “Номаълум дўст”, “Ўзгариш”, “Қўшни”, “Шараф”, “Пашшалар”, “Юк”, “Илоҳий дарахт”, “Бемаврид баҳор”, “Битиклар” сингари бир-биридан гўзал ҳикоялари дунёга келади. Уларда муаллифнинг табиат манзаралари тасвирида ҳассос санъаткор даражасига кўтарилганлиги яққол кўзга ташланади. Ушбу насрий намуналарда ижодкорнинг табиатга бўлган қайноқ муҳаббати, унга нисбатан фалсафий назари ва ҳар бир ҳодисадан ҳаётий сабоқлар чиқариш фазилати жиддий бадиий муваффақиятлар гарови бўлганлигини кузатиш мумкин.

         Реал ҳодисалардан бадиий ҳақиқат яратишдек мураккаб соҳада муайян тажриба тўплаган Бунин ўзининг асосий асари бўлмиш “Арсеньев ҳаёти” романини ёзишга киришади. 1927 – 1933 йиллар давомида битилган ушбу роман учун муаллифнинг ёшлик чоғларидаги кўп воқеалар асос қилиб олинган. Асарга тўла маънодаги автобиографик роман деб қараш мумкин эмас, чунки унинг катта қисми бадиий тўқима билан бойитилган. Романда бош қаҳрамон – Арсеньевнинг 20 йиллик ҳаёт йўли, яъни XIX аср охиридаги Россия воқелиги манзаралари қамраб олинади. Ёзувчи қаҳрамон ҳаётидаги қизиқарли воқеаларни гавдалантириш йўли билан, яъни шахс биографияси орқали Россия жамияти ва давр таржимаи ҳолини акс эттиришга интилган. “Арсеньев ҳаёти” романи катта ижтимоий-бадиий қийматга эгалиги сабабли 1933 йилда Нобель мукофоти билан тақдирланган.

Иккинчи жаҳон уруши йилларида И. Буниннинг “Қоронғи хиёбонлар” номли ҳикоялар тўплами дунё юзини кўради. Китобга кирган ҳикояларда кўпроқ умуминсоний муаммолар ва айниқса, муҳаббат мавзуси оригинал талқин этилган. Мазкур асарларида муаллиф фожиавий муҳаббат фалсафасини яратишга ҳаракат қилади. Жумладан, унинг “Қуёшдан ҳам гўзал” номли ҳикоясидан аён бўлишича, муҳаббат ер юзида эмас, балки шоирнинг орзуларида яшагандагина узоқ давом этиши мумкин. Шунингдек, “Совуқ куз”, “Генрих”, “Натали”, “Илҳом париси”, “Қарға”, “Антигона”, “Зойка ва Валерия”, “Парижда” сингари бир-биридан мазмундору таъсирчан ҳикояларни ўз ичига олган “Қоронғи хиёбонлар” китоби ўзига хос муҳаббат қомусига айланди. Бу каби асарлари билан Иван Алексеевич Бунин XX асрнинг биринчи ярмидаги реалистик рус адабиётининг атоқли намояндалари қаторидан ўрин олди. У 1953 йил 7 ноябрда вафот этган.

Ўзбек китобхонлари Бунин ижоди билан ўтган асрнинг сўнгги чорагидан таниша бошлаган. 1980 йилда муаллифнинг О. Ҳусанов, Ш. Маҳмудовалар томонидан таржима қилинган сара ҳикоялари жамланган “Сан-францисколик жаноб” номли китоб илк бор ўзбек тилида нашр этилган. 2018 йилда шоир ва адибнинг 30 га яқин ҳикояси ва кўплаб шеърларини ўз ичига қамраб олган ўзбек тилидаги “Тийрамоҳ” номли тўплам босилиб чиқди. Булардан ташқари, турли йилларда ўзбек матбуоти саҳифаларида Бунин қаламига мансуб кўплаб назмий, насрий намуналар Ортиқбой Абдуллаев, Вафо Файзулло, Абдулла Шер, Ғулом Мирзо, Сирожиддин Рауф, Турсун Али, Мурод Хидир каби ижодкорлар таржимасида эълон қилинган. Биз ҳам китобхонларимизни Бунин ижодидан янада кенгроқ кўламда баҳраманд этиш мақсадида ёзувчининг йирик асари ҳисобланмиш “Арсеньев ҳаёти” романини ўзбек тилига ўгиришга жазм этдик. Ундаги шеърий парчаларни таржима қилишда дўстимиз – шоир Муҳаммадали Қўшмоқов яқиндан ёрдам берди. Тез орада нашрдан чиқажак мазкур асар ўзбек ўқувчилари кўнглидан жой олишидан умидвормиз.

Санжар СОДИҚ,

Филология фанлари доктори, профессор.