КИТОБГА РАҒБАТ – ТАФАККУРГА МАНФААТ

         Одамзод ҳамиша комиллик, маънан юксакликка интилиб яшайди. Зеро, чин инсонийликнинг асосий шарти ҳам маънавий етукликдир. Кишини ана шундай нурли манзилларга китоб аталмиш буюк хазина ва ундаги сир-синоатлар етаклайди. Китоб мутолааси инсон руҳиятига поклик, қалбига эзгу ҳисларни бахш этади. Шунинг учун мутолаа тарбиянинг муҳим унсури сифатида алоҳида аҳамиятга эга. Ҳаёт ҳақиқатини англаш, тилсимларига ечим топиш саодатига ҳам тафаккурни озуқа билан таъминловчи китоб кўмагида эришилади. Ахборот олиш имкониятлари шиддат билан кенгаяётган бир шароитда камол топаётган бугунги авлоднинг, жумладан, кўзи ожиз ёшларнинг китоб мутолаасига муносабати қандай? Уларнинг мутолаа бобида фаоллигини ошириш учун нималарга эътибор қаратиш лозим? Бу борада оила ва мактаб муҳитининг роли қай даражада? Қуйида шу саволлар атрофида сўз юритамиз.

         Дастлаб Сурхондарёдаги кўзи ожиз болалар мактаб-интернатининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Исмоил Омонов мулоҳазаларига эътибор қаратсак: “Болада мутолаага қизиқиш, китобга меҳр уйғониши учун ота-она, қолаверса, оиланинг бошқа аъзолари унга намуна бўлмоғи даркор. Чунки боладаги илк тасаввурлар оила муҳитида шаклланади. Манбаларда келтирилишича, Японияда ҳомиладор аёлларга мактаб дастуридаги бошланғич таълим дарслари қайта ўқитилар экан. Бу ташаббусдан кўзланган мақсад она орқали ривожланаётган ҳомилага таъсир ўтказиш йўли билан келгусида унинг илмга бўлган лаёқатини оширишдан иборат. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, бола характеридаги ижобий ва салбий хислатларнинг 20 фоизи ирсият орқали ота-онадан ўтади. Қолган 80 фоизи ташқи муҳит таъсирида шаклланади. Ташқи муҳитнинг бирламчи кўриниши бу оиладир. Мактаб эса иккиламчи характерга эга. Бунда педагог боланинг жинси, ёши ва руҳиятидан келиб чиқиб уни мутолаага қизиқтириш йўлларини топа билиши лозим. Боланинг феъл-атворида у яшаган муҳит таъсирида қусурли жиҳатлар кузатилса, ўқитувчи уларни бартараф этиш учун вазиятга кескинлик билан ёндашмаган ҳолда ўқувчини мутолаага жалб этиши даркор. Чунки кескин ёндашув акстаъсир кўрсатиб, бола онгида мутолаа мушкул вазифа, деган фикр уйғотиши мумкин. Айни дамда вазиятни қатъият билан назорат қилиш заруратини ҳам унутмаслик лозим. Бу иккисининг қай бири бўлса ҳам меъёрдан ошиши ўқувчининг мутолаага нисбатан муносабатини салбий томонга ўзгартиради”.     

Ёш авлодда китобхонлик хислатини шакллантиришда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар хусусида Қашқадарё вилояти китоб туманидаги 80- умумтаълим мактабининг инглиз тили фани ўқитувчиси Шаҳноза Қодирова шундай дейди: “Ҳар бир бола оламни идрок этиш остонасида эртак тинглашни хуш кўради. Агар ота-она бу вазиятда йўналишни тўғри белгилай олса, ундаги бу қизиқиш келгусида мутолаага бўлган рағбатга айланади. Бу рағбатнинг янада кучайиши бевосита мактаб муҳитига боғлиқ. Мен бу ўринда таълим масканларида китобхонлик тўгаракларини ташкил этиш, ўқувчилар ўртасида бадиий ўқиш мусобақаларини щтказиб, ғолибларини тақдирлаш каби амалий тадбирлар самарали натижа беради деб ҳисоблайман”.

         Мутолаа самарадорлигини оширишнинг асосий шартларидан бири ўқилган бадиий асарни таҳлил қилиш қобилиятини ривожлантиришдир. Бунинг учун адабиёт ўқитиш методикасида кўплаб ноанъанавий усуллар мавжуд. Махсус таълимда уларнинг қўлланиш тарзи хусусида И. Омонов қуйидагича фикр билдиради: “Адабиёт машғулотларида “маъруза”, “муаммо” каби интерфаол усуллардан унумли фойдаланиш ижобий натижа беради. “Маъруза” методида дарс жараёнининг сўзловчиси ўқитувчи ҳисобланиб, ўқувчининг тинглаш орқали маълумотга эга бўлиши таъминланади. “Муаммо” усули эса ўқувчиларни ўринли мулоҳаза юритишга ўргатади. Мен дарсларда асосан “муаммо” методидан фойдаланаман. Дейлик, уйга топшириқ сифатида А. Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи берилган. Дарс жараёнида ўқувчилар олдига Ҳомид образи характеридаги ўзига хосликлар қай жиҳатдан ўзини оқлаш-оқламаслиги, унинг яхшими ё ёмон инсон экани, умуман, асардаги бирор-бир қаҳрамонга тўлақонли яхши ёки ёмон деб сифат бериш мумкинми-йўқлиги сингари бир неча муаммоли саволлар қўйилади. Таҳсил олувчилар навбати билан ўз мулоҳазаларини билдириш асносида бир-бирини тўлдирувчи ёки рад этувчи фикрларни илгари сурадилар. Беихтиёр баҳсга киришиб, ўз қарашларини асослашга уринадилар. Шу тариқа ўқувчининг “Ўткан кунлар” романини қай даражада эътибор билан ўқиганлиги, ундаги қаҳрамонлар характер хусусиятларини нечоғли даражада таҳлил қила олиши, шунингдек, бадиий образ тушунчаси юзасидан билимлари синовдан ўтказилади. Мунозара тарзида олиб борилувчи бундай машғулотлар ўқувчининг мутолаага бўлган қизиқишини ошириш билан бирга ўқиганларини таҳлил этиш кўникмаси шаклланишига ҳам хизмат қилади. Биз яшаб турган ҳаётнинг бадиий инъикоси бўлмиш асарларни ўрганиш жараёнида ўқитувчи улардаги воқеалар ва ҳаёт ҳодисаларини бир-бирига чамбарчас боғлиқ тарзда тушунтириши лозим. Шундагина ўқувчи онгида ҳаётий ва бадиий ҳақиқат ўртасида муштараклик борлиги хусусида тушунча пайдо бўлади. Болаларнинг ушбу ҳақиқатлар моҳиятини теран англай олиши кўп жиҳатдан  педагогнинг иқтидори ва лаёқатига боғлиқ”.

Суҳбатдошимиз тилга олган педагогик иқтидор қай нуқталарда ўз аксини топади? Бу борада Ш. Қодированинг қарашлари қуйидагича: “Бир нарсани ёдда тутиш керакки, асар муҳокамаси пайтида ўқитувчи ўқувчининг билдираётган фикрларини тўлдириши, таҳлилини тўғри йўналишга буриши зарур, бироқ кескинлик билан буткул рад этмаслиги даркор. Чунки бу унинг муҳокамадаги фаоллигига салбий таъсир кўрсатади. Бундан ташқари, ўқувчиларга асардаги диалогларни ролларга бўлиб ўқиш имкони яратилиши ҳам уларнинг мутолаага бўлган қизиқишини оширади”.

         Мутолаа маданияти адабиётлар билан танишиш, китобни танлаб ўқиш ва ахборот манбаларидан фойдаланиш бобида махсус билим ва кўникмаларга эга бўлишни англатади. Маданиятнинг ушбу тури кишининг манбани тўлақонли тушуниши, ундан эстетик завқ туйиши, муаллиф фикри ва ғоясини тўғри баҳолай олишини таъминлайди. И. Омоновнинг фикрича: “Ўқувчиларда мутолаа кўникмасини шакллантиришнинг биринчи шарти уларни китобга қизиқтиришдир. Болада қизиқиш уйғониши учун унинг дунёқараши, тафаккур тарзига мос асарларни  тавсия қила билиш лозим. Шундагина бола қўлига китоб олади ва мутолаага киришади. Бу жараёнда унга турли мультипликацион фильмлардан кўра китоб кенгроқ тасаввур беришини англатиш керак. Бир жиҳатдан кўз билан томоша қилишга мўлжалланган театр, кинофильм, мультфильмларни тушуниш у қадар мураккаб эмасдек. Бироқ улар китобдан олинадиган маънавий озуқани бера олмайди. Буни тушуниш учун бола ўқиётган асари моҳиятини англай олиши лозим. Қолаверса, унда мутолаага рағбат ҳиссини тарбиялаш, машаққатига кўникма ҳосил қилиш талаб этилади”.

Бугунги кунга келиб аудиокитоблар кўриш имконияти чекланган инсонларни   турли йўналишдаги манбалар билан таъминлашнинг энг фаол усулига айланди.  Кўзи ожиз китобхонларга янги нашрлар тақдим этишда “гапирувчи” китоблар илғорлик қилиши айтилса, қўл моторикаси ҳамда ифодали ўқиш қобилиятини ривожлантиришда Байль ёзувидаги адабиётлар етакчи аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланади. Шу ўринда зукко китобхонларимиздан бири, Алишер Навоий номидаги Тошкент Давлат Ўзбек тили ва адабиёти университети талабаси Мирали Ғиёсовнинг фикрларига қулоқ тутсак:

– Танганинг икки томони бўлганидек, ҳар бир масаланинг ўзига яраша ижобий ва салбий жиҳатлари бўлиши табиий. Аудиокитобнинг қулайлиги шундаки, уни махсус қурилмалар орқали исталган жойда тинглаш мумкин. Қолаверса, равон тарзда ўқилган бундай китобларни тинглаган кишининг оғзаки нутқи, сўзлаш малакаси шаклланиб боради. У табиий равишда асарни ўқиб бераётган сухандонга тақлид қила бошлайди. “Гапирувчи” китобларни мунтазам мутолаа қилишнинг зарарли томони эса кишининг ёзма нутқ кўникмалари, имло қоидаларини ўзлаштиришига путур етишида кўзга ташланади. Шу боис бўртма нуқтали ва овозли манбалардан тенгликда фойдаланган маъқул.

Жаҳон адабиётининг йирик намояндаларидан бири, Нобель мукофоти совриндори Ҳерманн Ҳессе мутолаа ҳақида шундай деган эди:Китоблар инсонни ҳаётга йўллаб, унга хизмат қилгандагина фойдалидир. Агар китоб ўқувчига оз бўлса-да куч-ғайрат, шижоат, маънавий поклик бахш этмаса, мутолаа учун сарф этилган ҳар бир соат беҳуда, бесамар бўлиб қолаверади. Шунчаки ўқиш бу диққатни тўплашга мажбур этувчи машғулот ва овуниш учунгина ўқиш ўз-ўзини алдашдир”. Дарҳақиқат, инсон ўлчовли умрининг маълум қисмини мутолаага сарфлар экан, ўқиганлари ибратми ёки эрмак эканини яхши фарқлай олиши лозим. Шу маънода бугунги ёш авлодни кўпроқ қандай мазмундаги асарлар қизиқтиради, деган саволимизга И. Омонов шундай жавоб берди: “Таассуфки, бугун ўқувчиларимизнинг аксарияти жангари фильмлардаги каби воқеалар асосига қурилган, бадиий жиҳатдан анча заиф асарлар мутолааси билан вақт ўтказишмоқда. Бу каби китоблар ёш китобхон маънавиятига фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради. Зеро, мактаб ёшидаги болаларда ўзи мутолаа қилаётган асарлардаги қаҳрамонлар нутқи, ҳаракатларига тақлид қилиш ҳолатлари учраб туради. Айтайлик, детектив йўналишидаги адабиётларда ёшлар учун намуна бўларли, ҳаётига татбиқ этишга арзийдиган эзгуликларни кузатиш душвор. Бу асарларнинг характерига қасоскорлик руҳи сингдирилган қаҳрамонлари ҳаёти аламзадалик фонида тасвирланади. Шу жиҳатдан улар ўқувчи тарбиясига салбий таъсир кўрсатиши баробарида бадиий дидини ҳам сусайтиради. Демак, ўқувчи асарларни танлаб ўқиши мақсадга мувофиқ. Танлов жараёни аввалига ўқитувчи кўмагида амалга ошгани маъқул. Негаки, мазмун жиҳатдан қабул қилиниши мушкул, инсон тафаккурини чалғитувчи асарлар ҳам мавжуд. Ҳақиқий ўқувчи бадиий қиммати юксак ва енгил-елпи асарларни фарқлай оладиган, маънавий бойлик даражасида эъзозланувчи китобларнигина мутолаа қиладиган қалби ва фикри уйғоқ китобхондир”.

         Таниқли адабиётшунос олим Қ. Йўлдошев таъкидлаганидек: “Ҳозирги ёш авлод китоб ўқимайди, деган қараш нотўғри. Аксинча, улар аввалгиларга нисбатан кўпроқ мутолаа қилмоқда. Бироқ ўқиган нарсалари орасида ўзи учун фойдалиси камроқ”. Биз кузатишларимиз мобайнида кўзи ожиз ёш китобхонлар ўртасида кишини мушоҳадага ундовчи, айрича жозибага эга сўз санъати намуналаридан кўра ғоявий-бадиий жиҳатдан саёз, кўп ҳолларда якуни аввалдан маълум бўлган асарларга талаб кучли эканлигига гувоҳ бўлдик. Ушбу ҳолатга М. Ғиёсов қуйидагича муносабат билдирди:

– Биласизми, инсон имкон қадар енгилликка интилади. Баъзи асарлар борки, уларни ўқиш кишидан меҳнат талаб қилмайди. Соддароқ айтганда, мутолаа учун чуқур мулоҳаза юритишнинг ҳожати йўқ. Гарчанд жанр талабларига тўла жавоб бермаса-да, муаллифи томонидан детектив дея баҳоланаётган бу каби ижод намуналарини бадиий асарлар сирасига кирита олмаймиз. Бугунги ўқувчига кенг қамровли мушоҳададан кўра воқеа устунлик қилувчи ана шундай воқеабанд асарларни ўқиш ва тушуниш осонроқ. Уларнинг мутолааси эса киши тафаккурини заифлаштиради. Ўрни келганда яна бир мулоҳаза. Бугун ўзбек адабиётида айрим асарлар детектив-саргузашт роман дея эълон қилинар экан, аслида бу икки тушунча алоҳида жанрларни англатади. Яъни жиноятни фош этиш мазмунидаги асарлар детектив, саёҳат воқеаларини акс эттирувчи романлар саргузашт жанрига мансубдир. Ўзимга келсак, мени кўпроқ ҳаёт синовларида тобланган инсонлар тақдиридан ҳикоя қилувчи асарлар қизиқтиради. Ўзбек адибларидан Саид Аҳмад, Ўткир Ҳошимов, Нормурод Норқобилов, жаҳон адабиёти вакилларидан Агата Кристи, Жек Лондон, Жеймс Хедли Чейс, Александр Дюма каби ёзувчиларнинг асарларини севиб ўқийман. Қаҳрамонлар қисматида рўй берган ҳодисаларни мушоҳада қилар эканман, инсон ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш учун раво кўрилган ҳар қандай синовни сабр билан енгиши лозимлигини тушуниб етдим.  

         Китоб – кўнгил кўзгуси. Унда акс этмиш ботиний туйғулар жилваси қалб ҳақиқатларини англашга чорлайди. Ҳақиқий бадиий асар бутун руҳимиз билан унинг оламида яшашимизни талаб этади. Мазкур олам идрокимизни уйғотиб, борлиқни ва унинг бир зарраси ҳисобланмиш ўзимизни танишга ёрдам беради. Китобхонликнинг ҳақиқий завқи ҳам, бахти ҳам ана шунда.

Озод ҚУРБОНОВ.