ПРОЗАНИНГ ШОИРИ

Ўзининг ранг-баранг ҳикоялари, публицистик мақолалари, реалистик қисса-ю романлари, сатира ва юмор устаси сифатида битган ўткир ҳажвий асарлари билан янги ўзбек адабиётида чуқур из қолдирган атоқли адиб Саид Аҳмад Ҳусанхўжаев 1920 йилнинг 10 июнь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб журналист-очеркчи сифатидаадабиётгакириб келганёш адиб кейинроқ ҳикоянавис сифатида танилди ва бу жанрда баракали ижод қилди. Унинг “Ишқибоз” деб  аталган биринчи  ҳажвий ҳикояси 1936 йили “Муштум” журналида босилиб чиқди. Саид Аҳмад ўша пайтларда “Самарқанд дарвоза” маҳалласида машҳур ёзувчи Абдулла Қодирийнинг уйидаўтказиладиган адабий давраларда тез-тез иштирок этар,  Ойбек, Ғафур Ғулом, Ғулом Зафарий, Хуршид, Элбек каби ижодкорларнинг адабиёт ва санъат хусусидаги қизғин суҳбатларидан баҳраманд бўларди. Бундай ажойиб муҳит ундаги бадиий адабиётга бўлган ҳавас ва қизиқишнингянада кучайишига туртки берган омиллардан бири бўлди.

 1940 йилда ижодкорнинг “Тортиқ” номи остида биринчи ҳикоялар тўплами дунё юзини кўрди. Ёшлар устози бўлмиш Абдулла Қаҳҳор тўпламни қаттиқ танқид қилиб: “Саид Аҳмад қўлига танбур олибди, қулоғини бурашига, парда босишига, чертишига қараганда тузук бир машқ чала оладиганга ўхшайди, лекин ҳали машқ чалгани йўқ, “Тортиқ”даги ҳамма ҳикоялар шуни кўрсатади”, деб ёзган эди. Шунингдек, Абдулла Қаҳҳор мазкур танқидий мақолада қаламкашнинг ўз  ёзганига масъулиятсизлик билан ёндашганини, ҳикояларда  чуқур мазмун-мақсад йўқлигини, улар “беъмани”, “сўз бўтқаси” бўлиб қолганини таъкидлайди. Бу воқеани Саид Аҳмаднинг ўзи шундай хотирлайди:“Уч ой деганда “Тортиқ” деган  китобим босилиб чиқди. Тошкентда нечта китоб дўкони бўлса, ҳаммасидан беш-ўнтадан сотиб олавердим.Шундай қилиб, учиб-қўниб юрган кезларимда бирдан бошимга чақмоқ урилгандек бўлди. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” журналида китобим тўғрисида Абдулла Қаҳҳорнинг танқидий мақоласи босилибди. Ўқиб кўзларим тиниб кетди. Бошим айланиб, ўтириб қолдим. Абдулла Қаҳҳор китобдаги биронта ҳикояни кўнгил учун ҳам дуруст демаган. Кошки эди, айтадиган гапларини илиқ-иссиқ қилиб айтган бўлса, ачитиб-ачитиб гапирган. Ҳозирги савиям билан ўқисам, у кишининг айтган гаплари юз фоиз ҳақ эканига тан берардим. Аммо мен ўша пайтларда ғирт гўдак “ёзувчи” эдим. Адабиёт ҳақидаги илмим Ғафур Ғуломнинг тўртта, Абдулла Қаҳҳорнинг олтита ҳикояси берган илм эди. На роман ўқиганман, на адабиёт назариясини биламан. Қизиқ бир воқеани олиб, охирида қизиқ қилиб тугатсам ҳикоя бўлади, деб ўйлардим. Мақолани ўқиганимдан кейин ҳар хил ўйларга бордим. Абдулла Қаҳҳор мени  кўролмайди: ўзидан ўтиб кетишимни хоҳламаяпти, икки қўчқорнинг боши бир қозонда қайнамас” деб шуни айтишади-да, деб ўйлардим”.

Қисқаси, ёш ижодкорнинг адабиётга кириб келиши мана шундай бошланган эди. Саид Аҳмаднинг ундан кейинги ҳаёт йўли машаққатларга тўла бўлган. У 50-йиллар бошида миллатчи ва “халқ душмани” сифатида узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилади. Қаҳрамонимизнинг сургун йиллари Қозоғистоннинг Жезқозғон вилоятида заҳматга тўла меҳнат жабҳасида ўтган. 50-йиллар ўрталарига келиб ижодкороқланиб, озодликка чиқади ва Тошкентга қайтади. Аммо барибир,Саид Аҳмадўз асарларини чоп эттиришда жиддий тўсиқларга учрайди.У ортга чекинмай, ҳаёт синовларини мардонавор енгиб яшайди.

Урушдан кейинги йиллардаёзувчи ҳикоялар билан бир қаторда “Қадрдон далалар” деб аталган дастлабки қиссасини эълон қилади. Асарда ҳаётни бўяб- безаб, пардозлаб акс эттиришнинг, конфликтсизлик “назария”сининг таъсири яққол сезилиб турарди. Қиссанинг бош қаҳрамони − урушдан қайтган бир оёғи  ногирон Пўлатжон колхоз фирқа ташкилоти котиби ва қурилаётган электр станцияси бошлиғи сифатида енг шимариб ишлайди. У Назокатга бўлган муҳаббати тантана қилишида ҳам, ота-оналарнинг қаршилигини енгишда ҳам, қишлоқдаги иллатларга қарши курашда ҳам осонлик билан муваффақиятга эришади. Асарда деярли барча зиддиятлар енгил-елпи ва жўн ҳал қилинади.  Шунга қарамай, “Қадрдон далалар”нинг айрим саҳифалари инсон руҳининг нозик таҳлилига, оҳангларнинг ранг-баранглигига бойлиги билан ажралиб туришини эътироф этиш жоиз.

 Адибнинг 1958 йилда чоп этилган “Ҳукм” номли иккинчи қиссасидааввалгисидан фарқли тарза қишлоқларни колхозлаштириш осонликча  кечмагани, кескин курашлар жараёни сифатида давом этганлигига алоҳида урғу берилади. Ундаги Саломатхоннинг ўлдирилиши тимсолида ёзувчи катта  жасорат билан колхозлаштириш миллионлаб бегуноҳ кишиларнинг ҳалокати эвазига амалга оширилган сиёсат эканлигини очиб берган эди. Муаллиф мазкур асарда ранг-баранг характерлар психологик тасвиридагииндивидуаллик сирларини ўзлаштириб бораётганини кўрсата олган. Ёзувчи орттирилган тажриба асосида кейинчалик “Суд”, “Ғилдирак” номли қизиқарли қиссаларини яратди. “Суд” асари ўзбек адабиётидаги детектив жанрнинг, “Ғилдирак” эса ҳажвий қиссачиликнинг кишилар севиб ўқийдиган намуналари бўлиб қолди. Буларнинг бари ёзувчи ижодининг биринчи босқичи маҳсуллари ҳисобланади.

Саид Аҳмад ижод йўлининг 1956 йиллардан бошланганиккинчи босқичида кўплаб ҳикоялар дунёга келди. Уларни  мазмунига кўра икки гуруҳга ажратиш мумкин: Биринчи гуруҳга кирувчи “Кўклам чечаклари”, “Хазина”, “Иқбол чироқлари”, “Турналар” каби ҳикоялар лиризм чуқурлиги билан ажралиб туради. Уларда ёзувчи кишилар ҳаётида учрайдиган турли ғаройиб воқеалар, урушнинг тақдир сўқмоқларида қолдирган аччиқ изларини акс эттиради. Бу ҳикоялардатурфа тақдирлар ва фавқулодда қизиқ ҳодисалар жонлантирилар экан, муаллиф улар юзасидан ўзининг ёки қаҳрамонларинингўй-фикрлари, ҳис-туйғуларини муфассал тарзда ёритишга интилади.Сюжет оқимидан адибнинг ғоявий мақсади аён кўриниб турган ҳолларда ҳам муаллиф уни алоҳида таъкидлашга, кимнингдир тилидан баён қилишга уринаверади.

“Турналар” ҳикоясидаги Собир отанинг бошдан кечирганлари, фарзанд доғи туғдирган азобу изтироблар урушдан жабр кўрган кишилар, ота-оналарнинг дилдаги битмас яраси сифатида талқин этилади. Уни ўқиганимиз сари қаҳрамоннинг оғир қисмати, иродаси, гўзал қалбинияқиндан кашф эта борамиз. Шундай асарларга суянган ҳолда танқидчи Иброҳим Ғафуров Саид Аҳмадни “прозанинг шоири” деб таърифлаган эди. Бунинг сабаби шундаки, ёзувчининг аксар ҳикоялари каби “Турналар” ҳам бамисоли шеърдек ўқилади. Адиб ҳикоянинг яратилиш тарихини қуйидагича хотирлайди: “Олтмиш биринчи йили телевизор кўриб ўтирганимизда (қайси фильм эканлиги эсимда йўқ) асар қаҳрамони “Турналар” деган қўшиқ айтди. Негадир бу қўшиқ менга жудаям таъсир қилди. Фильм тугаганида Саидахонга “Турналар” деган ҳикоя ёзаман, дедим. Авваллари ҳеч қачон фалон нарса ёзаман деб айтмасдим. Саидахон ҳайрон бўлди. Кўпдан бери ҳеч нарса ёзмай, ўртоқларимдан дакки эшитиб юрган пайтларим эди. Саидахон ҳар доим овқат маҳалидаям, бирон иш қилаётганимдаям, қачон бирорта ҳикоя ёзасиз, сиз тенгилар тез-тез ёзиб туришибди, бунақада орқада қолиб кетасиз-ку, деб тинмай гапираверарди. Турна ҳақида ёзаман деганимдан севиниб кетди. Хуллас, ўша кеча ухламай тонг оттирдим. Ёшлигимда эшитган, ўзим кўрган воқеаларни эсладим, болалик пайтимда уйимизда битта чўлоқ турна бўларди. Орқамдан эргашиб юрарди. Онамнинг айтишига қараганда, бу турна қаердадир яраланиб, тонг маҳали тўдасидан ажралиб ҳовлимизга тушган экан. Ўша турна кўз олдимга келаверди. Бугунги воқеаларга омухта қилиб ўша турнани ҳикоямга қаҳрамон қилдим”.

“Кўклам чечаклари” ҳикояси орқали Саид Аҳмад уруш туфайли тўшакка михланиб қолган беморнинг ўй-хаёллари, аёлларнинг ўз оиласига вафодорлиги,уларга хос ҳис-туйғуларнинг жўшқинлигини ёрқин чизгиларда ифодалайди.Бунда ҳам юқорида тилга олинган ҳикоялардаги каби ғоянинг баёни учраши муаллифнингҳали ҳам изланишлар жараёнида эканини англатарди. Яъни уларда чинакам образли тасвир ўрнини айрим ҳолларда қуруқ баёнчилик эгаллаб олганлиги яққол сезилиб турарди.

Иккинчи гуруҳга ёзувчининг ҳажвий руҳ етакчилик қилувчи “Чўл бургути”, “Чўл шамоллари” туркум ҳикоялари, “Ҳиндча  ўйин”, “Кучукча”, “Колбаса қори”, “Ўрик домла” каби асарлари мансубдир. Улардаги  халқимизга хос сўз ўйинлари, аския ва муболағалар асар тили жозибадорлигиниоширишга хизмат қилади. “Чўл бургути”, “Чўл шамоллари” туркумларига кирган ҳикояларда ижодкор ҳаётнинг гўзал жиҳатлари, кишиларнинг ёрқин фазилатларини-да кулги воситасида кўрсатиш мумкинлигини исботлаш билан жуда кам адиблар ижодида учрайдиган ўзига хос санъаткорликни намоён этади. Адибнинг “Бегона”, “Ханка билан Танка”, “Менинг дўстим Бобоев”, “Қўриқхона”, “Дадамнинг ўртоғи”, “Азиз ва Бонапарт” каби ҳажвий ҳикояларида эса ҳаётда учраб турадиган манманлик, иғвогарлик, кўзбўямачилик сингари иллатлар усталик билан фош этилади. Саид Аҳмад кичик ҳажвий асарлари билан ўзбек радио ва телевидениесида қувноқ миниатюралар йўналишига асос солди.

Истиқлол даврида кечган жўшқин фаолияти давомида ёзувчи бир вақтлар ноҳақ қатағонга учраган кишилар тақдири тасвирланган қатор ижод намуналарини яратди. “Борса келмас дарвозаси” (2000), “Тақдир, тақдир, мунча шафқатсизсан?” (2000), “Офтобойим” (2001) ҳикоялари шулар жумласига   киради. “Борса келмас дарвозаси”да юртдошлар хўрлик, зулм исканжасида жувонмарг бўлган бир инсонни охирги йўлга иззат-ҳурмат билан кузатадилар. Китобхон бу тасвирларни ички бир қайғу, ҳамдардлик билан ўқийди. Жазо муддатини ўтаб юрган тутқунга ўн йил бирга ўқиган синфдош дўсти учраб қолади. У тирик “халқ душмани”ни кўриб қўрқиб кетади. Вақтлар ўтибсинфдош дўсти халқ ёзувчиси унвонига сазовор бўлган маҳбусни ахтариб келади. “У бағрига босиб кўришмоқчи бўлди”, – деб ёзади ҳикоянавис. “Орқага чекиндим... эшикни бекитиб, ичкарига кириб кетдим... У берган таклиф қоғозини ўқимай, ғижимлаб, йўлакдаги ахлат челагига ташладим”. Саид Аҳмад собиқ Иттифоқ ҳудудида асир сифатида яшаган японлар тўғрисида ёзиб, Дюн, Судзе, “бир вақтлар парижликлар ҳуснига маҳлиё бўлиб Офтобойим деб атаган тенгсиз гўзал Манико хоним” образларини яратди. “Офтобойим” асари хусусида Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Кёко Накаяма шундай фикр билдирган: “Бу ҳикояда инсоннинг туйғулари ва ички кечинмалари чуқур ҳиссиёт билан акс эттирилган, шунингдек, унда ҳозирги кунга келиб унутилаёзган анъаналар ҳам ёритилган”.   

Санжар СОДИҚ,

Филология фанлари

 доктори, профессор.

(Давоми келгуси сонда.)