БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

(Охири. Боши ўтган сонда.)

1964 йилда яратилган “Уфқ” романи ёзувчи ижод йўлидаги 2-босқичнинг энг катта ютуғи сифатида эътироф этилади. “Қирқ беш кун”, “Ҳижрон кунлари”, “Уфқ бўсағасида” номли уч китобдан таркиб топган ушбу трилогияда жафокаш қишлоқ кишиларининг уруш йилларида фронт ортида кўрсатган меҳнат қаҳрамонликлари, ўзбек халқига хос бағрикенглик, ориятлилик, фидойилик, меҳнатсеварлик каби фазилатлар улуғланади. Асарда халқимиз ҳаётининг уч муҳим оғир даврида амалга оширилган тарихий ва салмоқли ишларга бош-қош бўлган, кези келганда кишилар билан бирга тош чайнаб, тупроқ ютган Усмон Юсупов, Йўлдош Охунбобоев, Раҳимберди Тўхтабоев сингари халқпарвар раҳбарларнинг ёрқин тимсоллари яратилган. Адибга катта шуҳрат келтирган “Уфқ” романи ўзбек, қорақалпоқ, қозоқ, литва тилларидан ташқари, рус тилида уч марта нашр этилди. Унинг асосида саҳналаштирилган телепостановка Москва телевидениеси орқали икки кун намойиш қилинган. Бир пайтлар ёш ёзувчини қаттиқ танқид қилган Абдулла Қаҳҳор 1965 йили ўзининг “Илҳом ва маҳорат самараси” номли мақоласида асарни қуйидагича баҳолайди: “Саид Аҳмад бундан кўп йиллар муқаддам қўлига адабиёт танбурини олиб чертганда қўли келишганини кўриб, яхши созанда бўлиб, яхши-яхши машқлар чалишини орзу қилган эдик. Шу орзу ушалиб келаётибди. “Уфқ” унинг илҳом ва маҳорат билан чалган машқидир”.

Ёзувчи ижодининг 3-етуклик босқичига хос истеъдод самаралари айниқса, 1988 йилда эълон қилинган “Жимжитлик” романида яққол кўринади. Асарда турғунлик даври иллатлари, раҳбарларнинг ўз обрўйини суиистеъмол қилиши, адолатсизлигу порахўрлик каби ижтимоий муаммолар фош этилади. Турғунлик йиллари воқелигини кўп томонлама қамраб олган романда муаллиф асосий эътиборни давр моҳияти ва умумий руҳини очишга қаратгани боис унга “Жимжитлик” деган рамзий ном берган.

Асосий воқеалар ўтган асрнинг 80-йиллари бошларида Қашқадарё воҳасидаги қишлоқларда содир бўлади. Худди шу даврда асар қаҳрамонларидан Толибжон қарийб 20 йиллик жудоликдан сўнг она қишлоғига қайтади ва унинг қучоғида хотиржам яшамоқчи бўлади. Толибжон қандай одам? У нега жимжитлик қидириб қолди? Бу саволларга жавоб қайтариш учун муаллиф Толибжоннинг қишлоғида қандай одамлар яшаши, уларнинг маънавий илдизлари қаерларга бориб тақалишини турли хил чекинишлар ва афсоналар воситасида кўз ўнгимизда намоён қилади. Улар орқали биз қаҳрамоннинг покиза қалбли, инсонпарвар кишилар авлодидан эканлигини англаймиз. Шундан сўнг ёзувчи Толибжоннинг жимжитлик излаши сабабларини бадиий таҳлил этишга интилади. Воқеалар ривожи билан танишар эканмиз, гўё кўз олдимиздан турғунлик даврининг даҳшатлари, иллатлари бирма-бир ўтгандек бўлади. Муаммонинг илдизи аспирантурани тамомлаган, ўз ишининг билимдони ҳисобланган обком ходими – Толибжон катта йиғинда жумҳурият раҳбари Шавкат Раҳимович олдида ҳаётимиздаги ҳамда унинг фаолиятидаги нуқсонларни танқид қилиб нутқ сўзлаганидан бошланади. У ҳақиқатни айтгани учун узоқ муддатга чет элга ишга жўнатиб юборилади. У ерда Толибжон рафиқаси, ўғлидан жудо бўлади. Ўзи эса касаллик чангалидан зўрға қутулиб қолади. Шу тариқа романда турғунлик йилларидаги иллатларнинг бош сабабларидан бири сифатида ҳақиқатнинг бўғилиши ғояси илгари сурилиб, воқеаларнинг кейинги ривожи ёрдамида далиллана боради. Ҳодисалар асносида Толибжоннинг кўплаб инсоний фазилатлари, хусусан, Шавкат Раҳимовга муносабатида тўғрисўзлиги, Жайрона билан яқинлигида самимий туйғулар эгаси эканлиги, янги чарх ясашида ақлининг теранлиги, китобларини қишлоққа ва йиққан пулларини қариндошларига беришида беқиёс саховати, ота-онасидан ажраган Азизбекни кўриб ғам чекишларида ўта нозик қалби яққол англашилади. Ёзувчи қаҳрамонини мутлақо бенуқсон этиб тасвирламайди. Кўплаб юксак фазилатларига қарамай, Толибжон ҳақиқатгўйлиги туфайли қаршисидан чиққан ғовлар олдида довдираб қолади ва ноҳақликларга қарши қандай курашишни билмайди.

Романнинг ғоявий фалсафасидан аён бўлишича, ҳақсизликларга қаршилик кўрсата олмаслик, яъни одамларнинг курашга ноқобил қилиб қўйилганлиги турғунлик иллатларининг илдиз отишига йўл очган жиддий сабаблардан ҳисобланади. Асарда кишиларни курашга ожиз қилиб қўйган, ҳақиқатнинг аёвсиз бўғилишига сабаб бўлган омиллар жуда кенг таҳлил қилинган. Буни айниқса, образлар тасвири, характерлар қарама-қаршиликларида кузатиш мумкин. Қаҳрамонлардан яна бири – совхоз директори Мирвали қаршимизда гўё Толибжон билан ёнма-ён тургандек, у сингари яхши ишларга ҳам қодирдек, лекин моҳиятда бутунлай унинг зидди бўлган бир қиёфада гавдаланади. Буни далилловчи воқеалар романда жуда кўп. Чунончи, Мирвали Бодомгул, Седона каби аёлларни йўлдан уриб, оилаларнинг ёстиғини қуритади, сирларидан хабардор бўлгани учун Асқарали ҳамда Расулбекни ўз қўли билан ўлдиради, манаман деган генерални доғда қолдириб кетади, зўрлик билан отини тортиб олиб, Эрали чавандознинг телба бўлиб қолишига, қилмишларидан огоҳ Жайронани йўқотишга уриниб, Толибжоннинг ўлимига сабабчи бўлади. Бундай даҳшатларнинг илдизлари турғунлик йилларида жамиятга раҳбарликда бўй кўрсатган иллатларга бориб тақалади. Уларнинг мужассами сифатида романда Шавкат Раҳимов қиёфаси чизилади. Бу чизгиларда биз Шавкат Раҳимовнинг деярли ҳар доим Мирвалини қўллаб-қувватлагани, ўзбошимчаликларини билгани ҳолда ёвузликлар сари бошлагани, унга катта унвонлар олиб берганини равшан кўрамиз. Айниқса, Толибжонни оломон ичида таниб, Шавкат Раҳимовнинг уни қишлоқдан бадарға қилишга фатво бериши китобхонни ларзага солади ва ҳақиқатнинг асл бўғувчилари кимлар эканлигини аниқ тасаввур қилишга имкон туғдиради.

Муаллиф фалсафасига кўра, бундай ҳол абадий давом этиши мумкин эмас. Чунки Саид Аҳмад кўп марта қайд қилганидек, инсон тобутга эмас, бешикка қараб яшайди. Шунингдек, у оёқ остига қараб эмас, балки олис уфқларни кўзлаб олға интилади. Роман қаҳрамони Толибжон ҳам оқибатда “бу нотинч ХХ асрда жимжитлик қидириш... телбалик эканига” иқрор бўлади. Турғунлик чексиз давом этмаслигининг сабабларидан бири шундаки, бизнинг жамиятимизда ҳақиқат, адолат ва эзгулик учун курашчиларни бутунлай йўқотиб бўлмайди. Уларнинг ёрқин тимсоли сифатида романда Жайрона сиймоси нур сочиб туради. Унинг сиймоси шунинг учун нурлики, Жайронанинг боши “тошларга урилиб ёрилмаган, ҳеч кимга эгилмаган”, машаққатли ҳаётига эса “нопоклик аралашмаган”. Жайрона қиёфасини нурлантирган бу фазилатларни муаллиф кўплаб ғоят қизиқарли воқеаларда рўёбга чиқаради. Чунончи, ўзга юртларда ўлим билан олишиб ётган Толибжонни Жайрона ечинтириб-кийинтиришдан, ювинтиришдан тортинмайди, Мирвалининг тоғлар орасидаги яширин уясидан уни фош қиладиган ҳужжатларни олиб қочишга муваффақ бўлади. Энг муҳими, Жайрона ўзининг кўп қиррали билимлари, дунё кезиб орттирган тажрибаларига ишониб ҳеч нарсадан ҳайиқмайди ва ҳақиқат учун кураш йўлидан асло чекинмайди. Танқидчиликда унинг айрим хатти-ҳаракатлари, айниқса, Мирвалининг қароргоҳидан қочиши у қадар ишонарли чиқмаганлиги қайд қилинади. Тўғри, айрим ишонилиши қийин ўринлар бўлиши мумкин. Лекин шуни тан олиш зарурки, ёзувчи Жайронанинг деярли ҳар бир хатти-ҳаракатини имкон борича мукаммал далиллашга интилган. Балки шунинг учундир, романда Жайрона тимсолида ҳозирги ўзбек аёлининг ёрқин, жозибадор, самимиятга тўла ва курашчан қиёфаси гавдалантирилган. Мана шундай қаҳрамонларнинг саъй-ҳаракатлари натижа бера бошлаганлиги ва роман охиридаги қатор воқеалар, хусусан, “ўзбек пахтакорлари отаси”нинг ўлими, Шавкат Раҳимовнинг талвасага тушиши ва Мирвалининг тубсиз жарликка қулаши турғунликнинг умри тугаб бораётганидан далолат беради. Шу тариқа асарда турғунлик жамиятимиз тарихида ўткинчи ҳодиса эканлиги, халқимиз унинг иллатларидан покланиб, адолатли ҳаёт томон йўл олиши муқаррарлиги ҳақидаги ғоя анча ишонарли ифодаланган.

Баъзи кам-кўстлари бўлмаганда, роман адабиётимизда яна ҳам каттароқ ҳодиса даражасига кўтарилиши мумкин эди. Бундай нуқсонлардан бири қаҳрамонларнинг руҳий дунёси ҳар доим ҳам бир хилда теран очилмаганлиги бўлса керак. Фикримиз далили сифатида Толибжонинг руҳий олами таҳлилини эслаш кифоя. Толибжон Мирвалининг ўзбошимчаликлари, қинғир ишлари, ёвузликларидан норози бўлиб, кўп марта унинг олдига боради, лекин ҳар гал ҳам деярли ҳеч нарса деёлмайди, бирон жиддий ҳаракат ҳам қила олмайди. Худди шунингдек, ўсмир Азизбек ўз ёшига тўғри келмайдиган кўп нарсалардан  хабардор бўлади ва гўё катта кишилардек фикр юритади. Айниқса, унинг онасининг нопок ишлари тўғрисидаги гаплари ғайритабиий туюлади. Шу ҳолида ҳам Саид Аҳмаднинг “Жимжитлик” романи турғунлик даври моҳиятини ва ундан қолган сарқитлардан халқимизнинг покланиш жараёнини анча кенг, қизиқарли ҳамда таъсирчан тарзда ёритган асарлардан ҳисобланади.

Адиб “Келинлар қўзғолони”, “Фармонбиби аразлади”, “Куёв” каби комедиялари билан ҳам шуҳрат қозонди. “Келинлар қўзғолони”да катта бир ўзбек оиласининг ўзига хос серзавқ ҳаёти тасвирланса-да, ундаги муҳим ижтимоий муаммолар талқинини сезмаслик мумкин эмас. Хусусан, комедияда ўғли қамалиб қолган аёлнинг уни қамоқдан қутқариш учун Фармонбибига 15 минг сўм таклиф қилиши саҳнаси ифодаланган. Фармонбиби ва унинг фарзандлари таклифни якдиллик билан рад этишида бу оила аъзолари характерининг моҳияти, яъни барчасининг соф виждон эгаси эканлиги яққол намоён бўлади. Афсуски, асардаги барча саҳналар мана шундай ижтимоий теран мазмунга эга бўлмай, енгил-елпи кулги асосига қурилган. Шунга қарамай, катта муваффақиятларга эришган “Келинлар қўзғолони” комедияси ўттиз йилдан буён саҳнадан тушмай келади. У  ҳаттоки Америкада ҳам яҳудийлар томонидан саҳналаштирилиб, томошабинларга тақдим этилди. Адабий жараёнда катта таъсир кучига эга эканлиги исботланган ушбу пьеса Қозоғистон театрларидан бирида қўйилган пайтда спектакль давомида томошабинлар тинимсиз куладилар. Улар орасида асарни қизиқиш билан томоша қилаётган бир ҳомиладор аёл кулгининг зўридан театр залида кўзи ёриган экан. Чақалоққа Саид Аҳмад дея исм қўйишган экан.

Ёзувчи умрининг сўнгги йилларида “Йўқотганларим ва топганларим” китобини эълон қилади. Китобдан ўрин олган ажойиб хотираларда муаллиф Саида Зуннунова, Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ойбек ва бошқа  ижодкорларнинг таъсирчан тимсолларини гавдалантиради. Саид Аҳмаднинг яна бир бахти тақдир унга Саида Зуннуновадек бир ижодкор аёлни умр йўлдоши қилганидир. Ёзувчи Саида опа тимсолини ниҳоятда самимият билан қуйидагича тасвирлайди: “Негадир мен танқидни унчалик хуш кўрмайман. Танқид эшитган куним қўлим ишга бормайди. Бирон ҳикоямми, китобимми танқидга учраса, ойлаб ёзмай қўяман. Мақтов эшитсам, ёзгим келаверади. Шу феълимни билган Саидахон кўчадан гап топиб келади. Ростми, ёлғонми менга ёқадиган гап бўлади.

− Ойбек акани кўргандим. Ҳикояларингизни жуда яхши кўрар экан. Нега ёзмаяпти, деб сўрадилар. Бу гап ёлғон бўлишини билсам ҳам барибир ёқарди. Балки ростдир, Ойбек ака ўқиса ҳафсаласи пир бўлмасин деб яхшироқ ёзишга ҳаракат қилардим. Саидахон, Ғафур акани кўрдим, ундоқ деди, бир куни Абдулла акани кўрдим, сизни бундоқ деди, деб мени қизиқтириб қўярди. Олтмиш бешинчи йилда “Шарқ юлдузи” журналида “Уфқ” романимнинг биринчи китобини қаттиқ танқид қилган мақола босилибди. Почтачи журнал олиб келганда Саидахон варақлаб кўрса, шунақа мақола бор. Ўзи ўқиб, ўша саҳифаларни йиртиб олиб қўйибди. Ўша кезларда романнинг иккинчи китобини жуда ҳафсала билан берилиб ёзаётган пайтим эди. Ўқиса қўли ишга бормай, янги китоби бир-икки ой тўхтаб қолади, деб атайин шундай қилган. Мақолани бошқалардан эшитиб, бирон ойлардан кейин ўқидим. Биз мана шундай бир-биримизни аярдик. Ёзишга бир-биримизни рағбатлантириб турардик”.

  Хотиралардан маълум бўлишича, адиб қатағонга учраган йилларда Саида опага кўп жабр-зулмлар, ситамлар ўтказилган. Шунга қарамай, у ўз умр йўлдошига садоқатли бўлиб қолди. Шу сабабли ҳам бу аёл буюк эҳтиромга лойиқдир. Кўринадики, “Йўқотганларим ва топганларим” китоби Саид Аҳмаднинг ҳаёт йўли ва ижод лабораторияси тўғрисидаги тасаввуримизни кўп жиҳатдан бойитувчи асар ҳисобланади.

Адиб хаёлида яна шу хилдаги кўплаб асарлар яратиш нияти мавж ураётган эди. Афсуски, унинг 2007 йил 5 декабрдаги вафоти бу хаёлларнинг юзага чиқишига имкон қолдирмади. Ёзувчининг адабиёт майдонидаги қарийб 70 йиллик  ижодий меҳнати халқимиз томонидан муносиб тақдирланиб, Саид Аҳмадга “Ўзбекистон халқ ёзувчиси” ва “Ўзбекистон қаҳрамони” унвонлари берилди.

Узоқ йиллардан буён танқидчи ва адабиётшунослар эътиборини жалб этиб келаётган ижодкор асарлари юзасидан истеъдодли адиб Абдулла Қаҳҳор, мунаққидлардан О. Шарафиддинов, Н. Каримовлар мазмундор тақриз ҳамда мақолалар эълон қилганлар. Танқидчи У. Норматовнинг 1971 йили нашр этилган “Саид Аҳмад” номли китоби билан ёзувчи ижодини кенг кўламда таҳлил этиш   бошланган. И. Ғафуровнинг 1981 йилда чоп этилган “Прозанинг шоири” номли китоби эса Саид Аҳмад ижодини ўрганиш тарихида умумлашмалар сари бурилиш содир бўлаётганлигидан далолат берган эди. 2008 йилда илгариги кўплаб тадқиқотларнинг умумлашмаси сифатида У. Норматов қаламига мансуб “Уфқларнинг чин ошиғи” номли янги асар дунё юзини кўрди. Бу китоб ёзувчи ижод намуналарининг тубдан янгиланган талқинлари асосига қурилганлиги сабабли Саид Аҳмад ижодини тадқиқ этиш соҳасининг энг жиддий ютуғи даражасига кўтарилди. Бир сўз билан айтганда, Саид Аҳмад ўзининг қувноқ ҳикоялари, қиссалари, салмоқдор романлари, кулгига тўлиқ комедиялари билан ўзбек прозаси ва драматургияси ривожига катта ҳисса қўшган забардаст ёзувчи ҳисобланади.

Санжар СОДИҚ,

   Филология фанлари доктори,

профессор.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш