БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

СЎЗ МУЛКИДА БЕНАЗИР ШОИР

         Абдулла Орипов XX аср ўзбек адабиётида шеърият, достончилик, драматургия ва таржима йўналишлари ривожига катта ҳисса қўшган серқирра истеъдод соҳибидир. Ижодининг илк давриданоқ, ўз услуби ва янгроқ овози билан шеърият ихлосмандлари кўнглидан жой олган шоир асарлари адабиётимизнинг янги босқичга кўтарилишида муҳим аҳамият касб этди.

А. Орипов 1941 йил 21 мартда Қашқадарё вилоятининг Косон тумани Некўз қишлоғида туғилди. 1958 йил ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлагач, ўша вақтдаги Тошкент Давлат университети филология факультетининг журналистика бўлимига ўқишга кирди. Бу ердаги адабий муҳит унинг бадиий ижод ҳақидаги тасаввурларини тубдан ўзгартириб юборди. Адабиёт тўгаракларида фаол қатнашиб, О. Шарафиддинов, М. Қўшжонов каби устозлар қўлида таҳсил олди. Ўша вақтларда ижод намуналари тез-тез матбуот саҳифаларида босилиб турган ёш қаламкаш Ойбек, Миртемир сингари улкан ижодкорлар назарига тушиб, кўп ўтмай Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди. Университетни тугаллагандан сўнг 1963 – 1980 йиллар давомида қатор нашриётлар,  “Шарқ юлдузи”, “Гулхан” журналлари, кейинроқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида турли лавозимларда фаолият кўрсатди. А. Орипов маълум муддат Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш давлат агентлиги, сўнгра бир неча йиллар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилди.

Шоирнинг дастлабки туркум шеърлари талабалик йилларидаёқ “Шарқ юлдузи” журналида устоз танқидчи О. Шарафиддиновнинг оқ йўл тилаб билдирган илиқ фикрлари остида эълон қилинади. Ушбу сатрларда унинг ҳам бошқа шоирлар сингари шаклланиш, тадрижий ўсиш йўлини босиб ўтаётгани, буюк устозлар ижодидан илҳомлангани сезилиб турар эди. Чунончи, ижодкор қаламига мансуб муҳаббат лирикасида А. С. Пушкин, М. Ю. Лермонтов шеърий услуби, пафоси ҳамда фикрларига ҳамоҳанглик унсурларини учратиш мумкин. “Атрофимда ётар ғариб бир виқор”, “Менинг юрагимнинг мажруҳ парчаси”, “Ҳайҳот, энди барча илтифотларинг менга туюлади масхара бўлиб”, “Мовий кўзларингга кўмгали мангу”, “Оҳ, қандай ўлим бу севги ўлими, унга на қабр бор ва на жаноза” каби мисралар улуғ шоирлар шеърларидан таъсирланиш асносида юзага келган бўлса ажаб эмас.

Иқтидорли қаламкашнинг 1965 йил чоп этилган “Митти юлдуз” номли илк шеърлар тўплами унинг ижод майдонидаги одимлари тобора дадиллашиб бораётгани исботи сифатида майдонга келди. Мазкур тўпламга кирган аксар шеърларда табиат манзаралари тасвирига ўрин берилган. Жумладан, шоир туйғулари юксак чўққига кўтарилган “Арча” шеърида Тошйўнар уста ногаҳон арча устига харсанг тушириб юборади. Аммо арча букилмайди. Йиллар ўтиб, қайтиб келган уста ҳайратдан қотиб қолади: арча тошни бошида кўтарганча гуркираб ўсиб турарди... Шоир шу манзара орқали ҳаёт бардавомлиги, табиат гўзалликлари бетакрорлигига ишора қилади. Ушбу сатрларни ўқиган китобхоннинг хаёлида беихтиёр шоир Ойбекнинг “Наъматак” шеъри жонланади. Ойбекнинг ҳассос санъатидан таъсирланган ҳолда А. Орипов “Арча” шеърида янги бадиий кашфиёт яратишга, яъни табиатнинг бошқалар кўрмаган қирраси ва ўзига хос ирода тимсолини акслантиришга муваффақ бўлган. Шунга қарамай, М. Қўшжонов, Сувон Мели каби мунаққидларнинг таъкидлашича, шоирнинг биринчи шеърларида қандайдир фикр айтиш истаги борлиги, бироқ уни ифодалашга йўл тополмай қийналгани сезилиб туради. Масалан, илк шеърларида шоир қандайдир ёр хаёлида ёнади, капалак билан бирга юриб завқ атирларин йиғади, шамолнинг шувиллаши, қалдироқлар ларзасини эшитиб, дўстнинг “баҳор келди”, деган хабаридан огоҳ бўлади. Бу тасвирлар баъзи шоирларда учраб турадиган ёр ҳажридаги “оҳ-воҳлар”дан афзал, албатта, бироқ булар фикрдан кўра кўпроқ ҳолат тасвири сифатида кўзга ташланади. Муҳими, камолот сари интилган шоирнинг ижод жилғаси тўлиб-тошиб, назми шеърдан-шеърга юксалиб боради. “Куз хаёллари” (1962) шеъридаги кишини мушоҳадага ундовчи қуйидаги мисралар бунга бир далил:

Қорайганда узоқ тоғларнинг қори,

Боғларга чўкканда оқшомги туман.

Совуқ куз елидан жунжикиб, нари –

Очиқ айвон остин этганда маскан.

Дўстгинам, хаёлан қучаман сени,

Хазон даврасида кутаман сени.

Шоир “Кўзларим йўлингда” (1966), “Онажон” (1969), “Чашма”, “Руҳим” (1971), “Ўзбекистон” (1972), “Ҳайрат” (1974), “Юртим шамоли” (1976), “Нажот қалъаси” (1980), “Йиллар армони” (1984), “Ишонч кўприклари” (1989), “Муножот” (1992), “Дунё” (1995), “Ҳаж дафтари” (1995), “Сайланма” (1996) номли бир қатор шеърий китоблар, 2001 йилда тўрт жилдлик тўлиқ асарлар тўпламини эълон қилди. Улардаги сара шеърлар муаллиф лирикасининг гўзал фазилатлари, ўзгача жозибаси, юксак мазмундорлиги ва бадиийлиги тўғрисида муайян хулосалар чиқаришга имкон беради. Жумладан, “Онажон” шеърини ўқиш билан қалбимизни чулғаган туйғулар жунбишга келиши асносида беихтиёр кўзимизда ёш қалқийди:

Балки сенинг қабринг узра

Кўкарганда гул-чечак,

Остонамга қадам қўяр

Сен истаган келинчак.

Балки унинг йўлларига

Кимдир гул ҳам сочадир,

Балки мунис опажоним

Кел, деб қучоқ очадир.

Балки дўстлар даврасида

Камим бўлмас ҳеч қачон.

Лекин сени ўша дамда

Қайдан топай, онажон...

Ушбу шеър хусусида А. Ориповнинг ўзи шундай деган эди: “Мен онамга бағишланган шеъримни марсия десам ҳам бўлади, узоқ вақт ёздим. Ўша пайтдаги аҳвол-руҳиятимдан сўз очмай қўяқолай. Лекин мен бу шеърни матбуот учун ёзган эмасман. Ҳеч қачон ғам одамнинг байроғи бўлолмайди.  Икки йил шеърни эълон қилмадим. Сабаби, мендан кейин учта синглим бор эди. Бу шеърни ўқишса, улар учун онам иккинчи марта қазо қилгандек бўларди-да...”

Шоир ижодида фақат мазмун теранлиги эмас, балки қофияларнинг содда, равон тартибда келганлиги ҳам ўзига хосликни таъминлайди:

Сени Чингиз ғазабга тўлиб,

Йўқотмоқчи бўлди дунёдан.

Жалолиддин самани бўлиб,

Сакраб ўтдинг Амударёдан.

Сенсан ўшал саманим маним,

Ўзбекистон – ватаним маним.

А. Ориповнинг юқоридаги мисралари бутун ўзбекистонликларнинг фахр-ифтихорига айланган, десак муболаға бўлмайди. Унинг ёзилиш тарихи борасида шоир қуйидагиларни баён этган: “У даврларда бутун Совет иттифоқи она Ватан сифатида улуғланарди ва куйланарди. Бу ҳолатда менинг кўнглимда: “Унда – Ўзбекистон-чи?!” – деган савол туғилган. Айни савол бутун шеър давомида “Ўзбекистон ватаним маним!” хитоби бўлиб янгради. Қизиқ бир деталь. Шеърнинг буюк Соҳибқиронга бағишланган сатрларида “Дейман бу кун у маним, маним” мисраси бор эди. Цензура тазйиқи билан “Демам бу кун у маним, маним” деб эълон қилинган. У замонларда Буюк бобомизни меники дейишга ҳаққимиз йўқ эди!”

Шуниси эътиборлики, шоир оғир шароитларда ҳам ўз асарларида истиқлол ғояларини акс эттиришга ҳаракат қилган:

Шоир қаламида ҳасратлар қат-қат,

Шоирни чулғайди ўйлар дафъатан.

Яшаб қолармикан шеърим оқибат?

Озод бўлармикан нотавон Ватан?

Бу мисралар 70-йилларнинг аввалида ёзилган бўлиб,  у вақтларда Ватаннинг нотавон эканини эътироф этишу унинг озод бўлишини орзу қилиш ақлга сиғмайдиган жасорат эди. Ҳукм сураётган мустабид тузум олқишларга кўмилаётган бир пайтда ёш шоир ундаги айрим иллатларни ўзининг “Юзма-юз” шеъри орқали қоралайди:

Ҳа, мен истиқболни ўйлайман, балки,

Унда халқ йўлига туташар йўлим.

Бироқ “ура”ларни севмайман ҳали,

“Ура” демакликка қисқадир тилим.

М. Қўшжонов ва Сувон Мели эътироф этганидек, бу шеър А. Орипов ижодини муҳим босқичга олиб чиқди. “Юзма-юз” одатдаги якка планли шеърлардан фарқ қилароқ кўп маъноли, мураккаб бўлиб, бу жиҳатдан  Ғафур Ғуломнинг йирик ижтимоий масалаларни қамраб олган назм намуналарини  эслатади. Шу тариқа оташқалб ижодкорнинг адабий жасорати, дадиллиги борган сари инсоний туйғулар ифодасидан ижтимоий ҳодисалар томон юксалишда давом этди. Шоирнинг Ватан, эл-юрт, она халқ ва миллат тўғрисидаги кўплаб шеърларини таҳлилдан ўтказган танқидчи У. Норматов ўз мушоҳадаларидан қуйидаги хулосани чиқаради: “Дадил айтиш мумкинки, миллий шеъриятимизда эл-юрт қайғуси, бинобарин, ижтимоий мотив билан шахсий майлларнинг уйғун келиши бобида Чўлпондан кейин А. Ориповэнг юксак мақомга кўтарила олди”. Яна бир адабиётшунос Ф. Ҳамроев кузатишларига кўра, Абдулла Орипов шеъриятда юқоридаги кабифазилатларнинг бўй кўрсатишида В. Маяковский, Ғафур Ғулом, Миртемир поэзиясининг таъсири кучли бўлган.

Санжар СОДИҚ,

филология фанлари доктори, профессор.

(Давоми бор.)