БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

СИНОВЛАРДА ЮКСАЛГАН ИЖОД

Ўзининг улуғвор ижоди ила XX аср ўзбек адабиётининг чўққиларидан бирини тиклаган, бу йил таваллудига 110 йил тўлган Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек биргина назм ё насрда қалам тебратмиш айрим замондошларидан фарқли равишда ушбу иккала йўналишда ҳам муваффақият юксакликларига кўтарила олган забардаст ижодкорлардандир. Аслида Ойбек етук шоир ва адибгина эмас, балки заҳматкаш олим, зукко тарихчи, моҳир таржимон, ўткир публицист, йирик давлат ва жамоат арбоби бўлиш билан ҳам ўтган асрнинг улкан намояндаларидан бири сифатида тарихда қолди.  У мураккаб ҳаёт йўлини босиб ўтиши асносида ижоднинг залворли юкини кўтариш ва бу жабҳада азму шижоат ила меҳнат қилишдан асло чекинмади, унга бутун куч-қуввати, истеъдод қўри-ю юрак ҳароратини бағишлади. Шунданми, XX аср ўзбек адабиёти вакиллари орасида Ойбекдайин ижоди сермаҳсул, унга ўхшаш турфа жанр ва мавзуларда баракали қалам тебратган ижодкорни топиш мушкул. Унинг нақ 20 жилдликка жо бўлмиш бой меросидаги кўламдорлик, фикрий теранлик ва ҳиссий сержилолик ҳам фақат ҳайратни оширади.

Ойбекнинг йиллар давомида барпо бўлган улкан ижод салтанатига дастлаб лирик шеърлар ва достонлар ила пойдевор қўйилди. Гап шундаки, у 1925 – 1930 йилларда Тошкентдаги Ўрта Осиё Давлат Университети (ҳозирги ЎзМУ), шу вақт оралиғида яна Ленинград (ҳозирги Санкт-Петербург)даги Плеханов номли Халқ хўжалиги институтида иқтисод бўйича таълим олган. 1930 – 1935 йилларда эса ўзи ўқиган Тошкентдаги Дорилфунунда сиёсий иқтисоддан сабоқ берган. Шу йиллар давомида ёрқин иқтидор эгасининг адабиёт сеҳри кўнглини банд этгани, шеърият ила яқин ошно тутингани исботи сифатида “Туйғулар”, “Кўнгил найлари”, “Машъала” номли шеърий тўпламлари, “Дилбар – давр қизи”, “Ўч”, “Бахтигул ва Соғиндиқ” аталмиш қатор достонлари нашр этилди. Айтиш жоизки, ўша пайтлар шоир ижодида нафақат гўзал лирик намуналар, балки давр руҳи сингдирилган “Беш йиллик план”, “Днепрострой”га ўхшаш ижтимоий йўналишдаги шеърлар салмоғи ҳам орта борди. Ойбекни ижоднинг маҳобатли олами ўзига шу қадар ром этган эдики, охир-оқибат, ижод дунёсида муқим яшаш, унинг кўнгилга солган иштиёқ чўғига жавобан қаламни ҳамишалик ҳамроҳ тутиш истаги иқтисод илмига бўлган рағбатдан устун келди. Бу ҳақда ижодкор ўз таржимаи ҳолида қуйидагиларни қайд этган: “...Шундай пайт келиб қолдики, мен энди ё олим-иқтисодчи ва ё ёзувчиликдан бирини танлаб олишим зарурлигини яхши ҳис этдим. Аммо кўнгилда адабиётга, шеъриятга муҳаббат зўр бўлганидан билдимки, менинг чинакам майлим адабиёт томонида. Шунда иқтисодий фанлардан дарс беришни тўхтатишга рози бўлдим. Лекин илмий-тадқиқот ишларига ҳавасим зўр бўлганлиги учун А.С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институтида илмий ходим бўлиб ишлашни давом эттирдим”. Бора-бора адабиёт назарияси соҳасида олим сифатида танила бошлаган, қолаверса, юксак савиядаги бадиий таржималари билан кўзга кўринган бу серқирра истеъдод соҳиби учун барибир, назм дарёсининг шиддаткор оқими бўйлаб сузиш кўпроқ нашъали эди. Аслида ҳам шоир бутун умр шеър ижод қилишдек кўнгилли машғулотдан чекинмай, ўзи айтмоқчи, юрак қони билан ёзишни сира канда қилмади. Зеро, унинг нафақат ҳаётда, балки ижодда ҳам яқин йўлдоши бўлган рафиқаси Зарифа Саидносированинг таърифича: Ойбек “...Табиати шеърият билан суғорилган, санъат ишқи бутун вужудини эгаллаган, қалби шеър каби мусаффо ва покиза инсон эди”.

Халқ турмушини яқинданкузатиш, оддий кишилар билан суҳбатлашиб, улар бошдан кечирган воқеаларни мушоҳада этишни севган Ойбек насрда ҳам самарали ижод қилгани маълум. Унинг гоҳ замонавий, гоҳ тарихий давр воқелигини ёрқин бўёқларда ҳаққоний акс эттирувчи, теран бадиий таҳлилдан ўтказувчи қисса ва романдан иборат кўплаб насрий асарлари ўзбек адабиёти хазинасини бойитишга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди. 1937 йилнинг халқимиз адабиёти ва маданиятини каллаклаш сиёсати авжга чиққан алғов-далғовли кунларида Ойбек ҳам Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси таркибидан чиқарилиб, Тил ва адабиёт институтидаги вазифасидан четлатилган, унинг учун матбуот эшиклари-да ёпилган дамлар эди. Мана шундай мушкул пайтда ижодкор “Қутлуғ қон” аталмиш дастлабки йирик насрий асарини яратишдек улкан ижодий ишга қўл урди. 1916 йил қўзғолони арафасидаги халқ ҳаётининг ҳаққоний манзаралари акслантирилган мазкур романнинг ёзилиш жараёни хусусида Зарифа опа ўз хотираларида шуларни ёзади: “Ойбекнинг барча устозлари аллақачон қамоқда азоб чекаётган, бир қанча тенгдошлари секин-аста ғойиб бўлаётган, унинг ўзига ҳам қамалиш навбати келган пайт эди. Шундай таҳликали айёмда ижод билан шуғулланиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Аммо Ойбек буюк ирода эгаси эди. ...Ғурбат ютиб кечирилган ҳаётда “Қутлуғ қон”дай гўзал ва ўлмас бир асарни яратди. Ижодиёт булоғидан ҳеч нарсага қарамай, тўйиб-тўйиб сув ичди... Ижод нашидаси билан банд бўлган Ойбек ҳатто булутли ҳаётни ҳам унутгандек бўлди”.

Роман ўша пайтлар Қодирий, Чўлпон асарларидан узиб қўйилган ўзбек китобхонлари томонидан ташналик билан кутиб олиниб, қўлма-қўл бўлиб ўқилди. Унинг бу даражада севиб мутолаа қилинишини таъминлаган омиллар хусусида Ўзбекистон Халқ ёзувчиси Саид Аҳмад қуйидаги фикрларни билдиради: “Романнинг бунчалик довруғига сабаб нима эди? Унда акс эттирилган воқеаларнинг шоҳидлари ҳали ҳаёт эдилар. Инқилоб бўлганига атиги йигирма йил бўлган. Ёзувчининг жиндек уйдирмасини ўқувчининг синчков назари дарров илғаб оларди. Ойбек воқеаларга ёлғон аралаштирмади. Рост гапни ёзди”.

Адиб ижодининг муҳим хусусиятларидан бири унда даҳо ижодкор Алишер Навоий ҳаёти ва кўп қиррали фаолиятига кенг ўрин берилганида кўринади. Бундан аввал у таҳсил ва фаолият йилларида Навоийнинг бой илмий-бадиий  мероси, мутафаккир шоир ҳақида битилган талай тарихий ва адабий асарларни қунт билан ўрганди. Навоий ҳаёти-ю ижоди, у яшаган даврдаги тарихий шароит, ижтимоий-сиёсий вазият тўғрисида тўлақонли тасаввурга эга бўлди. Бу тариқа чуқур ўрганишу салмоқли изланишлар охир-натижада Ойбекнинг Навоийга бағишланган илмий тадқиқотлари майдонга келишидан ташқари, у ҳақда достон, қисса-ю романларгача яратиши учун мустаҳкам асос вазифасини ўтади. Аслида Ойбекнинг яқинлари тўғри таъкидлаганидек, “У бутун умри бўйи Навоий ҳақида ўйлади, Навоий ҳақида ёзди”. Улуғ ўзбек шоирига атаб яхши бир асар яратиш, бунда унинг мукаммал образини гавдалантириш ва мутафаккир шахсиятининг кўплаб қирраларини яққол очиб бериш орзуси Ойбекка сира тинчлик бермасди. У бу ижодий режасини амалга ошириш учун жиддий ҳозирлик кўрди, Навоий яшаган олис асрларга хаёлан саёҳат қилди. Воқеалар ва образлар кўнглида пишиб етилгач, улкан шоирнинг ёрқин сиймоси, XV асрдаги Хуросон ҳаётини маҳорат ила тасвирлашга тутинди. Гап шундаки, ёзувчи ижодини юксакларга кўтарган, унинг Навоий шахсига нисбатан катта ҳурмат, муҳаббати ила йўғрилган “Навоий” номли ушбу йирик эпик полотнонинг яратилиши иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келди. Ойбек романни қандайин машаққатли шароитда ёзгани ҳақида аввал унинг ўз таржимаи ҳолида айтганларидан билсак: “Навоий” романини оғир йилларда – уруш даврида ёздим. Қиш фасли, совуқ хонада, жинчироқнинг титроқ шуъласида ёзганман”.

З. Саидносирова “Ойбегим менинг” китобида шундай ҳикоя қилади: “Бир кеча ёдимда. Ойбек ёзиб ўтирарди. Мен ҳам ёзибми, ўқибми ўтирибман. “Зарифа, қорним оч, жуда очиқдим”, - деб қолди Ойбек. Мен нима дейишни билмайман, индамадим. Жавоб қилолмадим. Негаки, уй қуп-қуруқ эди. “Бирор нарса йўқми?” – сўради Ойбек. Ўрнимдан туриб шкафни ахтардим. Ҳужрадаги хурмача, халталарни текширдим. Бир ҳовуч йирик кепак, бир-икки қошиқ шакар топдим, сўнг хурмачанинг тагини сидира-сидира бир қошиқ ёғ олдим. Примусда кепакни қовуриб, сўнг унга шакар аралаштириб дастурхонга тортдим. Билмадим, бу қандай таом бўлди экан? Ойбек ҳазратлари номи менга ҳам номаълум бўлган бу таомдан бир-икки марта қошиқ учида олган бўлди. Сўнг “сен ҳам егин”, - деб мени қистади. “Йўқ, очиқмадим, ўзингиз еяберинг”, – дедим унга. Менинг қурсоғимда ҳеч нарса йўқ эди. Фақат қаноат бор, холос. Ойбек озгина еди. Озгинасини қолдириб деди: “Эрталаб болаларга берарсан”. Менга боқиб жилмайди-да, тағин ёзувга киришди...”

Уруш кишилар бошига ҳар турли мушкул савдоларни пешма-пеш солиб турган бир паллада ёзувчи кечаси-ю кундузи асар устида тинимсиз ишлаб, ниҳоят, 1942 йилда унга якуний нуқта қўйди. Етук ижодий салоҳият билан бирга улкан матонат, азму шижоатнинг-да маҳсули бўлган, ўқувчини Навоийнинг бой фикрий-маънавий олами-ла яқин ошно эта олган ушбу бетакрор асари учун адиб  I  даражали давлат мукофоти билан тақдирланди. У улкан сўз санъаткорига бағишлаб “Навоий”, “Гули ва Навоий” достонлари, “Бола Алишер” қиссасини ҳам яратди. Бугина эмас, Ойбек умрининг сўнгги йилларида Бобур ва Темур ҳақида ҳам достонлар ёзишга киришгани айтилади. Аммо уларни ниҳоясига етказиш ижодкорга насиб бўлмади.

“Навоий” қоғозга муҳрланаётган кезларда адиб қалбида бошқа бир уруш мавзусидаги асар туғилиб вояга етар, уни битишга доир ўй-фикрлар хаёлотига тобора мустаҳкам ўрнашиб борарди. Аввалроқ “Қутлуғ қон” ёзилаётган пайтда ҳам “Навоий” романи кўнгилда бўй ростлаб, ижодкор қаламидан тўкилишга тайёр тургани Ойбекнинг асардан-асарга ўтиши ғоят тез фурсатда содир бўлишининг яна бир далилидир. Ёзувчи уруш тўғрисида ёзажак асарида айни воқеликни ҳаққоний акс эттириш, ёвга қарши кураш лавҳаларини реал чизгиларда тасвирлаш учун бир гуруҳ санъаткорларга қўшилиб фронтга отланди. Қақшатқич жанглар кечаётган оловли жанггоҳларни ўз кўзи билан кўриб, жангчиларнинг айни оғир фурсатлардаги руҳий кечинмалари, жанговар ҳаётини яқиндан ўрганди. Ўзбек аскарлари билан учрашувларда уларни руҳлантирувчи, кўнгилларига далда бўлувчи ижод намуналаридан ўқиб, айримларига шу ернинг ўзида шеърлар бағишлаб тақдим этди. Уруш тугаган кезларда ҳам Ойбек рафиқаси билан биргаликда харобага айланган қаҳрамон Сталинград шаҳрини кўриб қайтди. Ёзувчи шу тариқа бўлғуси “Қуёш қораймас” романи учун бой материал тўплаб, уни ёзишга киришди.  Шу ўринда Ойбекнинг “Ёр кетди...”, “Сенинг қувончинг”, “Она сўзи”,  “Сендадир кўзларим...” каби уруш мавзусида битган қатор шеърларидан иборат тўплами “Оловли йиллар” номи остида, жанг майдонларида кўрган-кечирганларига оид қайдлар эса “Фронт бўйлаб” кундалиги тарзида нашр этилганини эслатиш жоиз.

Адиб 1943 йил янги таъсис этилган Ўзбекистон Фанлар академияси ҳақиқий аъзолигига қабул қилинар экан, академиянинг гуманитар фанлар бўлимини бошқариш вазифаси ҳам унинг зиммасига юклатилди. 1945 йилдан эътиборан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси лавозимида ишлай бошлаган Ойбек айни пайтда “Шарқ юлдузи” журналига-да муҳаррирлик қилар, 1946 йил баҳорида эса собиқ иттифоқ Олий кенгашига депутат этиб сайланганди. Бир вақтнинг ўзида шунча масъулиятли вазифани бажариш, илмий анжуманлар, уюшма пленумлари-ю Олий кенгаш сессияларида иштирок этиш, боз устига маърузалар, газета-журналлар учун мақолалар тайёрлаш – буларнинг бари академик ёзувчини ижод фурсатлари тақчиллигига рўбарў этганди. Ҳолбуки, Ойбекнинг хаёли кўпдан-кўп мавзулар, баркамол ижодий ғоя ва фикрлар билан мудом банд эди. У зиммасидаги фаолият юки ҳар қанча залворли бўлмасин, “Қизлар”, “Ҳамза” достонлари, колхоз ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Олтин водийдан шабадалар” романини ёзиб тугатиб,  Покистонга сафар қилиб қайтгач эса “Ҳақгўйлар”, “Зафар ва Заҳро” асарларини китобхонларга туҳфа этди.

Ўша пайтлар истеъдодли ижодкорларга қарши қаратилувчи ҳужумлар замоннинг илғор ёзувчиларидан бўлган Ойбекни-да четлаб ўтмади. Унинг асарларидан сиёсий “хато”лар топиб, ўзини эса “миллатчи”ликда айблаб, шу тариқа ижоди қаддини букишга, мавқеини туширишга зўр бериб уринувчилар майдонга чиқди. Газеталарда Ойбекнинг юксак мақомдаги ижодига қарата туҳмат тошларини отувчи мақолалар кетма-кет босила бошлади. Аввалги йилларда “Қутлуғ қон” романига шўро сиёсати талабларидан келиб чиқиб зўрлик билан айрим ўзгартишлар киритилган бўлса, эндиликда ёзувчининг “Навоий”, “Олтин водийдан шабадалар” сингари насрий ижод намуналари ғаразли ниятлар ҳосиласи сифатидаги асоссиз танқидларга нишон бўлди. Адабиёт майдонидаги бир гуруҳ кишилар адибни бадном қилишга бўлган бу каби уринишлари оқибатида унинг юқори лавозимлардан четлашишига эришган бўлишса-да, аммо Ойбек ижодининг ўқувчилар қалбига таралаётган равшан нурлари йўлини тўса олмадилар. Ижодкор шу қадар олийжаноб, бағрикенг ва кечиримли инсон эдики, душманларига дўстлик, ёмонликларга эзгулик ила жавоб берарди. Бу хусусда С. Аҳмад ўз мақоласида шундай ҳаётий мисол келтирган: “Ҳамма вақт йўлига тўғаноқ бўладиган Воҳид Зоҳидов докторлик диссертациясини олиб келганда Ойбек ёзиб турган романини тўхтатиб, 1200 саҳифали қўлёзмани синчковлик билан ўқиб чиқади. Унга қимматли маслаҳатлар беради. Атайин Москвага бориб ҳимояга бағишланган илмий йиғинда нутқ сўзлаб, уни ёқлайди... Мана шу одам миннатдорчилик ўрнига “Олтин водийдан шабадалар”га тухмат қилди”.

Ойбекка рақибларидан етган ҳар турли ранжу озорлар, табиийки, унинг соғлиғига зиён етказмай қолмади. Ёзувчи 46 ёшида инсульт хасталигига чалиниб, қўл бармоқлари ишламай қолиши устига тили ҳам бир маромда сўзлаш қобилиятини йўқотди. Ҳа, энди унинг қўллари қалам тутолмас, гапириш имкони-да жиддий тарзда чекланганди. Шифокорлар назоратида бўлган адиб эндиликда дард исканжасида туриб ижод қилар, зеро, қалбидаги фикр ва туйғулар ёлқини уни фақат ёзишга ундарди. Ойбек  кўнглида бирин-кетин пайдо бўлиб, ғалаён қилаётган турфа жанрдаги  асарларни гарчи машаққатли бўлса-да, сўл қўли билан қоғозга муҳрлашга уринар, ё бўлмаса, айтиб туриб ёздирарди. Тўғрироғи, ижодкорнинг яхши-ёмон кунида ёнида бўлиб, ҳаёт қийинчиликлари-ю дард азобларини у билан бирга тортган, унга ҳар он ҳамнафасу ҳамқадам бўлган рафиқаси Зарифа опа айни синовни енгишда ҳам энг яқин кўмакчига айланди. Забардаст ёзувчига муносиб умр йўлдоши, етук олима ҳам яхши ижодкор бўлган бу аёл Ойбекнинг биргина имо ё ҳаракатиданоқ нима демоқчи эканини дарҳол уқиб олар, ғоят зийраклик ва ҳушёрлик билан унинг кўнгил, тафаккур маҳсулларини қалбдан қоғозга кўчириш йўлида астойдил меҳнат қиларди. Улар ўртасидаги руҳий, фикрий яқинлик, кўнгилларнинг ўзаро пайвандлиги ушбу биргаликдаги ижод дамларининг ажойиб ҳосилаларини майдонга келтиргани шубҳасиз. С. Аҳмад Ойбек ижоди учун рафиқасининг фидойиларча қилган улкан хизматини шундай эътироф этади: “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати, профессор Зарифа Саидносирова уйда Ойбекнинг шахсий котибаси ва хонадон соҳибаси эди. Ойбекнинг кейинги ўн йил ичида яратган роману қиссаларини, достону шеърларини, мақолаларини Зарифахоним унинг имо-ишораларидан, кўз қарашларидан, қўл ҳаракатларидан сезиб қоғозга туширганди”. Ҳа, Зарифа опа адиб билан бир кам 40 йил давомида кечирган ҳавас қиларли турмуши асносида уни қанчалаб асарларни ёзишга илҳомлантирган, ижодкор учун зарур ижодий муҳитни яратиш билан бирга қаламидан тўкилмиш ҳар бир сатр ва битикни кўз қорачиғидек асраб-авайлаган, бир сўз билан айтганда, Ойбекнинг улкан ижод мулки майдонга келишида фаол хизмат кўрсатган заҳматкаш инсон эди.

Ойбек 17 йил мобайнида хасталик машаққатларини мардона енгиб, у юзага келтирган баъзи имконсизликларга сабр қилиб яшади. Ибратли жиҳати, ижоддан бир он тўхтамай, ижодий жасоратнинг ёрқин намуналаридан ўқувчиларни кетма-кет баҳраманд қилаверди. Мудом ижод хаёли билан яшаб, ёзишнинг фароғатли дамларига интилувчи Ойбекнинг айни кезларда битган шундай мисралари бор:

Хастамен... Фикрга, туйғуга тўлиб–

Ой менга ҳамқадам – сокин юрамен.

Соғайсам бир куни ёзамен тўйиб,

Ҳисларга қалбимни қўшиб ёзамен.

Гап шундаки, ёзувчи “Қуёш қораймас” романи, “Болалик”, “Бола Алишер”, “Нур қидириб” қиссаларини ҳали дардга чалинмаган вақтида ёза бошлаб, маълум бобларини қоғозга туширган, аммо улар турли сабабларга кўра якунига етмай қолганди. У дард чекаётган пайтида мана шу асарларини ниҳоясига етказди ва улар тез орада бошқа тилларга ҳам таржима қилинди. Ойбекнинг бу пайтдаги ижодида шеъру достонлар, илмий мақолалар билан бирга умрининг сўнгги йилларида “Қутлуғ қон”нинг давоми бўлмиш “Улуғ йўл” романи ҳам дунё юзини кўрди. Англашилганидек, ёзиш муҳим ҳаётий эҳтиёжига айланган ушбу матонатли ижодкор дардмандлик чоғида керак бўлса, сафдошларини ортда қолдириш даражасида қизғин ижодий меҳнат ила машғул бўлди.

“Навоий” асарининг мухлисларидан бири Ойбекка йўллаган мактубида шундай сўзларни ёзган экан: “Ўзи Навоийга ўхшамаган адиб Навоий ҳақида бундай роман ёза олмаган бўларди”. Бутун умрини, илмий-адабий ҳаётининг салмоқли қисмини мутафаккирга бағишлаган ижодкор чиндан-да шундай юксак эътирофга лойиқ. Ўзбекнинг фахри, мумтоз ёзувчиларидан бўлган Ойбекнинг бир-биридан мазмунли саҳифалар, ёруғ кечмишлар билан бирга турли мушкул синовлар, илму ижоднинг мунир онлари-ю эзгулик, инсонийликнинг амалдаги юксак ифодаларидан иборат ўз ҳаёти ҳам яхши бир китоб битишга арзигулик, аслида. Вақти келиб Ойбек кечирган ибратли умр ҳақида шундай асар битилса-ю, авлодлар унинг серқирра ижоди билан бирга мазкур ҳаёт қиссасидан ҳам маънавий сабоқлар ўрганишса ажаб эмас.

Нодира Зокирова.