БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Бола луғат заҳирасининг бойиш омиллари

(Тошкент шаҳар шевасида сўзлашувчи болалар нутқи мисолида)

         Кичик ёшдаги болаларда нутқий функцияларни эгаллаш жараёни гўдаклик даврининг илк етти йилида, уч босқичда амалга ошади. Биринчи босқичда (туғилганидан бошлаб 9 ойлик давригача) гўдак атрофидаги катталарнинг нутқларини тушунмайди ва  ўзи ҳам сўзлай олмайди. Аммо ушбу босқичда келажакда шаклланадиган нутқни эгаллашга замин ҳозирланади. Лингвистик адабиётларда иккинчи давр (9 ойдан 3 ёшгача)  новербал босқич  деб юритилиб, нутқнинг пайдо бўлишида бола катталарнинг оддий, содда шаклдаги гап қурилмаларини тушунишга ҳаракат қилади, ўзи ҳам  дастлабки сўзларни талаффуз эта бошлайди. Учинчи босқич 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган даврни ўз ичига олади. Бунда бола она тилидаги нутқни тўлиқ эгаллайди ва атрофидаги катталар билан мулоқот жараёнида ундан кенг фойдаланади. Бу босқич нутқий мулоқотнинг ривожланиш даври ҳисобланади.

         Шу ўринда ривожланишнинг ҳар бир босқичида коммуникатив фаолиятнинг барча компонентлари ўзаро боғлиқлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Нутқ алоқа воситаси сифатида коммуникатив  фаолиятнинг маълум бир босқичида юзага келади. Унинг шаклланиши ва ривожланиши боланинг умумий ҳаётий фаолияти ва мулоқот эҳтиёжи билан ўзаро боғлиқ. Турли мулоқот вазиятларида етакчи ўринни бола томонидан катталарнинг ақлий хусусият ва қизиқишларига бўлган тақлид тусини олган хатти-ҳаракатлар ташкил этади. Бунда нутқ мулоқотнинг асосий воситаси сифатида хизмат қилади, чунки сўзгина болага вазиятдан чиқишни енгиллаштиради.

Гўдак ижтимоий ҳаётга кириб келиши билан унинг нутқи ҳам ижтимоийлашиб боради. Боланинг ижтимоий муҳитни билишга бўлган қизиқишларини қондириш унга ўзини қуршаб турган теварак-атроф билан янада кенгроқ танишишга имкон беради. Танишув жараёнида бола нарса-буюмларнинг номлари, ҳаракат ҳолатларини ифодаловчи сўзларни ўзлаштиради. Бир ёшга етгач, унинг талаффуз қиладиган сўзлари 20 - 30 тани ташкил этади. Шу даврдан бошлаб  луғат заҳираси миқдор жиҳатдан жадаллик билан ортиб боради. Боланинг янги сўзларни ўзлаштиришида катталар нутқига тақлид қилиш муҳим аҳамият касб этади. Бола дастлаб нарса-предмет номларини англатувчи сўзларни кўп ишлатса, кейинчалик иш-ҳаракатнинг номини билдирувчи сўзларни ҳам қўллай бошлайди. 2 ёшга тўлган боланинг сўз бойлиги 250 - 300 тага етади. 3 ёшга қадам қўйиши билан унинг луғатида ҳаракатнинг белгисини билдирувчи сўзлар пайдо бўла бошлайди. Бу даврда бола теварак-атрофидаги кишиларнинг нутқини тобора мукаммалроқ тушунадиган бўлади, уларнинг айтиб берган ҳикояларини, кичик шеърларини, ашула ва эртакларини диққат билан тинглайди, янги сўзларни ўзлаштириб боради. Катталарга: “Бунинг номи нима?”, “Нима учун?”, “Нега шундай?”, “Қаерда?”, “Қаерга кетди?”, “Қаердан келди?”, “Нимадан ясалган?” каби  саволларни беради. Шулар асосида  3 ёшга тўлган боланинг луғат бойлиги 1000 тадан 1200 тагача, 6 ёшли боланинг сўз заҳираси миқдори 3 - 3,5 мингтагача етади.  Бола лексиконининг бу тарзда бойиб бориши унинг тил қоидаларини чуқур ўзлаштиришига асос бўлади. Албатта, боғча ёшидаги барча тенгқур болаларнинг сўз бойлиги бир хил кўрсаткични ташкил этмайди. Тилшунос Г. Искандарова бу ҳақда шундай деб ёзади: “Боланинг ақлий ва лисоний фаолияти ривожланишида ота-онанинг ёши ҳам аҳамиятга эга. Агар боланинг ота-онаси ёш жиҳатидан каттароқ бўлса, яъни 35 - 40 ёш ёки ундан ҳам катта бўлиши, уларнинг фарзандлари нутқига жиддий эътибор беришини таъминлайди”.

Таъкидлаш жоизки, боғча ёшидаги бола сўз заҳирасининг миқдори кўп жиҳатдан у тарбияланаётган оиланинг маданий савияси билан ҳам бевосита боғлиқ. Чунки баъзи оилаларда бола нутқий мулоқотини ривожлатириш билан мунтазам равишда шуғулланилса, айрим оилаларда масалага етарли даражада эътибор берилмайди. Бу эса болада нутқий мулоқотга бўлган эҳтиёжни сусайтиради. Шу сабабли бола ўз фикрларини ифодалашда кўпроқ экстралингвистик воситалар (мимика, имо-ишоралар) дан фойдаланишга ҳаракат қилади. Натижада боғча ёшидаги тенгдош болалар сўз заҳираси ўртасида сезирларли тафовут кўзга ташланади.

Айрим нутқий вазиятларда кичик ёшдаги бола томонидан эндигина ўзлаштирилган сўзлар унинг луғат заҳирасида мавжуд бўган лексик бирликлар билан алмаштириб қўлланилиш ҳолатларини учратишимиз мумкин. Масалан, Иродахон Эркинова (5 ёш 11 ой) нутқида “шеърнинг биринчи банди” “шеърри биринчи серияси” тарзида ифодаланади. Кўп ҳолларда бундай ҳодисалар бола нутқида ташқи манба, яъни ўзбек тилига ўзлашган рус-байналмилал сўзларнинг ифодаланиш жараёнида юз беради.

Кузатишларга кўра юқоридаги каби мисолларнинг аксарият қисмини От сўз туркумига оид луғавий бирликлар ташкил этади. Бундай ҳолатларда бола нутқий мулоқотида ўзига хосликларнинг юзага келишига қуйидаги омиллар сабаб бўлади:

а) сўзларнинг орфоэпик (талаффузига кўра) жиҳатдан яқинлиги. Масалан, Иродахон Эркинова (5 ёш 11 ой) опасига шундай савол беради: “Кактел йисизми?”. Бунда у “тефтель” сўзининг ўрнига “коктейл” сўзини ишлатади;

б) сўзларнинг бир ўзакдан ҳосил қилинганлиги. Масалан, боғчада ёд олган шеърини қайта такрорлаётган Ҳилолахон Эркинова (5 ёш 8 ой) “Ман репититор қивомман” жумласи орқали байрамга тайёрланаётганлигини айтади. Бундан англашиладики, бола томонидан “тайёргарлик” маъносини иқфодаловчи “репитиция” сўзи ўрнида “тайёрловчи” маъносини англатувчи “репититор” сўзи қўлланилган.

Кўпинча кичик ёшдаги бола нутқига хос бундай қўлланишлар бир туркум доирасидаги тушунчаларни ифодалаш жараёнида кузатилади. Чунки мазкур ёш даврида бола семантик жиҳатдан бир-бирига яқин сўзлар ўртасидаги ўзаро нозик маъно фарқланишларни тўлиқ англамайди. Бу ҳолат, айниқса, Равиш сўз туркумига оид сўзлар иштирок этган жумлаларда яққол акс этади.  Масалан, Сарварбек Умаров (3 ёш 5 ой) кечаги кунни назарда тутган ҳолда “Эртага мани томоғим ориди-де, бунним шомоллаб қолди” деб айтса, Салоҳиддин Асқаров (3 ёш 11 ой) “Қачон боғчага борасан?” деган саволга “Эртага” дейиш ўрнига “Боя бораман” деб жавоб беради.

 Баъзан бола ўз нутқида сифат сўз туркумига оид сўзларни ҳам алмаштириб қўллайди. Ҳилолахон Эркинова (5 ёш 9 ой) опасига қараб шундай дейди: “Шаҳло, шаҳло сочлариз!”. Ундан “шаҳло сочлар” нимани англатиши сўралганда,  “чиройли сочла” деб изоҳ беради. Кўринадики, бу ўринда сочга нисбатан қўлланиладиган “сумбул” сўзи, кўзга нисбатан ишлатиладиган “шаҳло” сўзи билан алмаштириб қўлланилган. Кузатишлар давомида тўпланган қуйидаги мисоллар бизга боғча ёшидаги болалар нутқида учрайдиган яна бир хусусиятни тадқиқ этиш имконини берди. Сарварбек Умаровдан (3 ёш 6 ой) боғчада нималар қилиши сўралганда, у: “...ўйинла ўйнимиз, расмла ёзамиз, - деб жавоб берди. Худди шу ҳолат бошқа болалар нутқи мисолида ҳам кузатилади. Салоҳиддин Асқаров (3 ёш 6 ой) онасига нонни ёзиб беринг  деб мурожаат қилади. Салоҳиддиннинг онаси “нон” сўзини қоғозга ёзиб кўрсатганида, у: йўқ, унақамас, - деб ноннинг расмини чизади. Демак, бу ёшдаги болаларнинг кўпчилиги феъл туркумига оид ёзмоқ ва чизмоқ сўзларини бир тушунча сифатида идрок этган ҳолда, ҳар икки тушунчани ифодалашда ҳам “ёзмоқ”феълидан фойдаланади.

Уч ёшли бола томонидан Олмош туркумига оид сўзларнинг ишлатилишида бундай ўзгариш сезилмайди, яъни Олмош сўз туркуми катталар нутқида қандай ифодаланса, бола томонидан ҳам худди шундай ўзлаштирилади.

Баъзан 3-4 ёшли бола нутқида Сон сўз туркумига оид бирликларнинг ифодаланиши билан боғлиқ айрим ўзига хос хусусиятлар кўзга ташланади. Масалан, автомобилда кетаётган Сарварбек Умаров (3 ёш 4 ой) отасига: “Ана милиса. Тўрттами-бешта милиса турипти”, - дейди уч бармоғини кўрсатиб. Ҳақиқатан ҳам, кўчада уч нафар милиция ходими турган эди. Бунда бола милиционерлар сонини бармоғида тўғри аниқлаган бўлишига қарамай, унинг фикри нутқ орқали ўз мазмунига мувофиқ тарзда акс этмайди. 5-6 ёшли бола нутқида эса катталардан ўзлаштирилган ҳисоб сўзлари ҳам ўзаро алмаштирилган ҳолда ифодаланади. Масалан, Ҳилолахон Эркинова (5 ёш 10 ой) бир килограмм майизни “бир литр майиз” деб тушунтиради. Бу ҳолатни мактабгача ёшдаги боланинг луғат бойлигида мавжуд ҳисоб сўзлари маъноларини тўлиқ англаб етиш имкониятига эга эмаслиги билан изоҳлаш мумкин.

Фикримизча, кичик ёшдаги болаларда кузатиладиган бундай хусусиятларга нутқий нуқсон сифатида қараш тўғри бўлмайди. Чунки ижтимоийлашув жараёнида боланинг нутқи сифат жиҳатдан такомиллашиб, анъанавий тил меъёрларига мослашиб боради. Бу ёшдаги болаларда адабий тил меъёрларига амал қилиш кўникмасини шакллантиришга асосан мулоқот орқали эришилади, яъни мулоқот боланинг тил ва нутқ меъёрларини ўзлаштиришида асосий восита вазифасини ўтайди.          

Шу ўринда катталар томонидан болани мулоқотга жалб этиш унда муомала маромини шакллантиришда ҳам муҳим аҳамиятга молик масала эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Мутахассисларнинг билдиришича, бу жараённи амалга оширишда қуйида келтирилган усуллардан фойдаланиш ўринли: “Макатабгача ёшдаги болалар учун содда ва қизиқарли ўйинлар, ҳисоблашлар, тез айтишлар, шеърлар, эртаклар керак. Болалар учун яратилган китоблар атроф-муҳитни, ҳаётни билиш ва уни севишга ёрдам беради, мурғак қалбларнинг зеҳнини, онгини юксалтиради, турмушини содда ва ҳаққоний равишда тасвирлайди, болаларнинг луғат бойлигини оширади, нутқини ўстиради”.

Эртак сюжети болага тўрт ёшгача бўлган даврда оғзаки тарзда баён этилиши, тўрт ёшдан бошлаб эса китоблардан ўқиб эшиттирилиши мақсадга мувофиқдир. Чунки аниқ, равон, қизиқарли услубда ёзилган асар боланинг руҳиятига ижобий таъсир кўрсатади, фикрини теранлаштириб, дунёқарашини кенгайтиради. Эртак асосида савол-жавоб ўтказилганида бола ундаги қаҳрамонларнинг ўзаро диалогларини эслаб қолади ва китобда тасвирланган суратлар ёрдамида эртак персонажларининг сўзларини қайта ҳикоя қилиб беради. Тингланган эртак мазмунини расмлар воситасида сўзлаб бериш бола монологик нутқининг ривожланиб боришида муҳим омиллардан бири саналади. Эртак саҳналаштирилганида бола унинг матнидаги нутқий моделларни янада чуқурроқ ўзлаштириш имкониятига эга бўлади. Бу эса унда мулоқотга киришув жараёнининг осон кечишига муайян даражада ёрдам беради. 

         Болалар учун мўлжалланган кинофильмлар, телекўрсатувларни томоша қилиш ҳамда радиоэшиттиришларни тинглаш орқали ҳам боланинг сўз заҳираси маълум даражада янги сўзлар билан бойиб боради. Бироқ юқоридаги каби воситалардан фойдаланишда диглоссия (шевага хос унсурлар аралашуви) ҳодисаси кузатилади.

         Демак, кичик ёшдаги бола томонидан адабий тилга оид сўзларнинг осон қабул қилиниши ҳамда  пухта ўзлаштирилиши учун қўлланиладиган энг самарали усул унга шеър ёдлатишдир. Чунки шеърий асар композициясида жонли сўзлашув услубига хос хусусиятлар кам учрайди. Бола сўз заҳирасининг бойиб бориши унинг хотираси билан боғлиқ. Хотирани мустаҳкамлаш эса, асосан, шеър ёдлатиш орқали амалга оширилади.

           Аксарият ҳолларда ёд олинган шеър ва қўшиқларни такрорлаш орқали хотирада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказиладиган машғулотларда бола нутқига оид фонетик ўзгаришлар кузатилади. Қуйида ушбу фикрнинг исботи сифатида айрим мисолларни келтириб ўтамиз. Ҳилолахон Эркинова (3 ёш 6 ой) “Қорбобо” ҳақидаги шеърий мисраларни қуйидагича ифода этади:

                            Қорбобожон, қорбобо,

                            Соғваларибор бобо...

Бу каби ҳолат Иродахон Эркинова (4 ёш 3 ой) нутқида ҳам учрайди:

                            Яшна Ватан, ҳур Ватан,

                            Дунёга машҳур Ватан.

                            Истиқлолга эришдик,

                            Дарву дарвон сур Ватан!

Мисоллардан кўринадики, бу ўринлардаги “совғалари”, “давру даврон” сўзларининг болалар нутқида қўлланишида контакт метатеза (сўздаги ёндош товушлар алмашинуви) ҳодисаси юз берган.

         Кўпинча шеърий асар кичик ёшдаги бола томонидан ижро этилганида ундаги сўзларнинг баъзи товушлари боланинг талаффузида акс этмайди. Салоҳиддин Асқаров (4 ёш 2 ой) нутқида ифода этилган шеърий матнда шундай ҳолатга дуч келамиз:

                            Қорбобом оппо,

                            Пешанаси ялпо,

                            Ҳассаси узунчо,

                            Қопи тўла ўйинчо...

Бундан англашиладики, бола нутқида юқорида ажратиб кўрсатилган сўзлар охиридаги “қ” товушининг тушуриб қолдирилиши, яъни апокопа ҳодисаси юз берган.

Баъзан бундай фонетик ҳодисалар катталар томонидан болани “Тили ширин” деб эркалаб, мулоқот жараёнида ўз нутқларини унинг талаффузига мослаштирган ҳолда ифода этишлари туфайли ҳам юзага келиши мумкин. Албатта, кичик ёшдаги болаларнинг тили биз катталар учун жуда ёқимли, қизиқарли туюлади. Бироқ ушбу мавзуга оид тадқиқотларда қайд этилганидек, юқоридаги сингари фонетик ўзгаришларнинг кузатилиши бола нутқ аппаратининг сўзларни тўғри талаффуз этишга тўла мослашмаганини кўрсатади.  Бу борадаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида кичик ёшдаги болалар нутқини ўстиришга доир методик қўлланмада боланинг ота-онаси, боғча тарбиячилари, умуман, унинг яқинлари томонидан қуйидаги усулларни амалда татбиқ  қилиш тавсия этилади:

  1.    Сўзларни бўғин ва товуш томондан таҳлил қилиш;

  2. Бўғинлардаги ҳарфларнинг товуш томондан тўғри талаффуз қилинишига эътибор бериш, яъни фонематик эшитишни ривожлантириш.

Демак, тарбиячи фақат машғулотлар олиб бориш жараёнида эмас, балки машғулотдан ташқари вақтларда ўзи ўзбек адабий тилининг талаффуз меъёрларига тўлиқ риоя қилгани ҳолда болалардан ҳам шуни талаб қилиши зарур.

Мунаввара Қурбонова,

ЎзМУ Ўзбек филологияси

 факультети 2-курс магистранти.

 

 

Романларда микромакон тасвири

         Омон Мухторнинг фикрича, икки адиб орасидаги муносабатни халқ олдидаги масъулият ҳисси бир йўлга солади, шунингдек, бир ёзувчи бошқа ижодкорнинг маҳорат мактабида ўқишни, одамиятда ҳам, ижодий услубда ҳам бу буюк инсоннинг изидан боришни маъқул кўради. Бу фикр исботини ўзбек адабиётининг етук вакиллари – Абдулла Қаҳҳор ва Омон Мухтор эпик ижоди ўртасидаги зоҳирий ва ботиний муносабатлар мисолида яққол кўриш мумкин. Албатта, Абдулла Қаҳҳор ва Омон Мухтор ўз такрорланмас услубига, мустақил дунёқарашига эга бўлган ижодкорлардир. Шунга қарамай, муайян маданий-маънавий, адабий-эстетик хусусиятлар улар ижодини ўзаро боғлаб, бирлаштириб туради. Биз ушбу икки адибнинг йирик насрий асарларида зуҳур этган микромакон тасвиридаги бадиий боғланишлар ҳақида фикр юритмоқчимиз.

         Микромакон бу бадиий матндаги муайян жой – хона, уй, ҳовли, майдон, кўча, қалъа, қўрғон, қароргоҳ кабиларнинг бадиий тасвиридир. У асар структурасида муҳим эстетик вазифа бажаради, ёзувчи бадиий концепциясини юзага чиқаришга хизмат қилади. Хусусан, тарихий материалга асосланган классик романларда микромакон ғоят муҳим ўрин тутган. Яъни катта эпик асар бошланмасида, кейинги бобларда воқеа жойи ғоят батафсил тасвирланган ва бу бадиийликнинг, роман структурасининг ажралмас қисмини ташкил этган. Биринчи ўзбек романи – “Ўткан кунлар”да ҳам микромакон (экспозиция)га алоҳида аҳамият берилган.Гап шундаки, А.Қаҳҳор романларига хос бадиий матн таркибида микромакондан фойдаланиш усули классик (анъанавий) романчиликдан жиддий ажралиб туради. Ёзувчи ўз устозлари ва сафдошларидан фарқли равишда иложи борича микромакон тасвирига камроқ ўрин ажратади, унинг романларида кенг-мўл жой тасвири деярли учрамайди. Бу адибнинг сўзга тежамкорлигидан, имкон даражасида ихчамликка интилишидан келиб чиққан. Аммо бадиий ижод тажрибасидан маълумки, макон, шу жумладан, микромакон ва замон тасвирисиз сюжет майдонини юзага келтириш мумкин эмас.

         Табиийки, А.Қаҳҳор романлари (“Сароб”, “Қўшчинор чироқлари”)да микромакон тасвири мавжуд ва улар ўзаро бирлашиб, муайян тарихий давр (ХХ асрнинг 20 – 30-йиллари) ҳамда яхлит макон (Ўзбекистон, унинг муайян ҳудудлари) манзарасини гавдалантирган. “Сароб”да микромаконга оид унсурлар сюжетнинг муайян бўлакларида ифода топган бўлиб, масалан, Саидий билан Мунисхоннинг университет биносидаги тасодифий илк учрашувида бинога кириш эшиги, унинг қабзаси, шу эшик ёнида қаҳрамоннинг эндигина кўрган қизни кутиб туриши тасвирланган. Лекин бино, унинг шакл-шамойили, жиҳозлари, меъморий жиҳатлари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Бундай ўзига хослик турган гапки, муаллифнинг  бадиий-ғоявий концепцияси моҳияти билан боғлиқдир. Ушбу фаслнинг охирига келиб нисбатан кенгроқ жой тасвири берилган: Университет эшиги олдидаги “цемент пиллапоянинг усти, анҳор бўйлари, мажнунтолларнинг ости, бутун боғ турли рангдаги кўрпалар билан чипорланган. Дарахтларнинг шохида, ерда халта, қоп”. Ушбу тасвир ўша даврда илм эгаллашга бўлган интилишнинг кўламини кўрсатиш учун қўлланилган. Маълумки, аср бошларида юзага келган жадидчилик ҳаракати ва   адабиёти   Туркистонни   ғафлат   уйқусидан   уйғонишга,  илм-маърифат эгаллашга даъват қилган, фақат чақириқлар билан кифояланмай, маориф, маданият масканларини очишга интилган эди. Тўғри, “Сароб”нинг юза қатламида бу ҳақда ҳеч нарса дейилмаган, аммо матннинг ички – муаллиф ихтиёрига боғлиқ бўлмаган теран қатламлари ушбу тарихий жараён натижасини  ифодалайди.

         Ушбу романнинг иккинчи фаслидаги Саидий ижарага олган хона тасвирида микромакон мухтасар тарзда акс эттирилган: “Тор ва дим хона”, “уй тўрига қўйилган кенг ёғоч каравот”, “стол устидаги қора тунука чойнак”. Мана шу поэтик унсурларнинг ўзигина бош қаҳрамоннинг ўз яшаш тарзига салбий  эмоционал муносабатини кўрсатиш учун етарли. Гап шундаки, оддий ва камбағал талаба тор ва омонат ҳужрадан рози эмас, у шоҳона яшашни орзу қилади. Саидийнинг идеали – табиат қучоғидаги муҳташам қасрнинг хаёлий манзарасига бадиий матнда нисбатан кўпроқ жой ажратилган: “энг баҳаво, гўзал жойга солинган қаср, бутун водий ва ундаги ўтлаб юрган қўй-қўзилар, йилқилар, тоғ ён бағирларида ўсган писта, арча, кўм-кўк ўланлар ва уларнинг орасидан қуёшнинг нурида илонизи бўлиб оққан ариқчалар... қаср орқасида ер юзидаги ҳамма мевалардан топиладиган катта боғ...  Олтиннинг кучи билан бу боғда нилуфар гуллари, хурмо ва апельсин дарахтлари ўсади...”

         Абдулла Қаҳҳорнинг шогирдларидан бири ҳисобланган Омон Мухторнинг катта эпик асарлари, хусусан, “Майдон” бадиий сюжетидаги микромакон тасвирида устоз санъаткорларга хос мухтасарлик аниқ кўриниб туради. Асардаги асосий микромаконлар қуйидагилар: 1) йигирма етти қаватли бино; 2) шаҳар марказидаги майдон; 3) осма қути (лифт); 4) шифохона; 5) дарё; 6) “Машриқ” ва “Мағриб”; 7) “Чойхона”. Романда ушбу маконларнинг батафсил, мукаммал тавсифи йўқ, ҳатто аксарият микромаконларнинг қисқача тасвири ҳам берилмаган. Улардан иккитаси – осма қути ва майдон роман ғоявий-бадиий концепциясида асосий ўрин тутади. Шунга қарамай, уларнинг шаклий-ҳажмий аломатлари ҳақида деярли ҳеч нарса айтилмаган. Бироқ майдон ва осма қути таърифланмаган, тавсифланмаган ҳолда ҳам роман бадиий структурасида асосий мавқе эгаллаган. Қолаверса, “Майдон” бадиий сюжетидаги микромаконларни асосан ретроспектив (эслаш, хотирлаш) усул ўзаро боғлаб, яқинлаштириб туради.

         Юқоридаги қисқача қиёсий-типологик таҳлил шундан далолат берадики,  замонавий ўзбек романчилигида алоҳида ўринга эга бўлган Омон Мухтор ўз асарларида  макон, шу жумладан, микромаконларни тасвирлашда атоқли  ёзувчи  А.Қаҳҳор   адабий-бадиий    анъаналарини  давом эттирган  ва уларни янги адабий-эстетик тафаккур талаблари ва мезонларига мувофиқлаштирган.

Ўктам НАЗАРОВ,

 тадқиқотчи.

YOZILMAGAN HAQIQATLAR

         Уйғониш асри дея тарих саҳифасига қайд этилган илм-фан тараққиётининг дебочасини Европа бошлаб берди. Бу даврда етишиб чиққан олимлар турли соҳаларда кўплаб кашфиётларни амалга оширишди. Лекин аксарият кишилар ушбу кашфиётларнинг асл тамали узоқ Шарқ маданиятига бориб тақалишини, буларнинг асл эгалари биз эканимизни билишмаса керак. Масалан, сиз...

         - Ибн Фирноснинг (вафоти 808) ака-ука Райтлардан 1023 йил олдин учоқ ясаб, парвозни амалга оширганини...

         - Жобир ибн Ҳайён Жон Дальтон, Отто Ханн, Эндрю Ферми, Алберт Эйнштейндан 1000 йил олдин атом устида тадқиқот ўтказганини, илк марта “термоядровий куч”  тушунчасини айтганини, атомнинг парчаланишини ва бомба шиддатини тасвирлаб берганини...

         - Ибн-ун Нафис (вафоти 1289) биринчи бўлиб қон айланишини топганига қарамай, XVI асрда Майкл Сервитус ва В.Ҳарвейлар ушбу кашфиётга эгалик қилганини...

         - Собит ибн Қурро (835 - 902) биринчи бор анестезинни топганини, Абу Али Ибн Сино (ХI аср) эса уни илк бор кўз жарроҳлигида қўллаб, кўз ҳақида мустақил асар ёзганини, бироқ бу кашфиёт 1850 йили Жанкайга тегишли бўлиб кетганини...

         - Кошонийнинг (вафоти 1436) биномал тенгламалар тузиб, уларни ечиш йўлларини ишлаб чиққанига қарамай, орадан йиллар ўтиб Ньютонга тегишли бўлиб кетганини...

         - Батламуснинг фалсафа ва астрономия борасидаги фикрларини йўққа чиқариб, замонавий астрономиянинг асос қонунларини Зарқалий (1029 - 1087) ва Битружий (вафоти 1217) ишлаб чиққанини, лекин Коперник (1473 -1543) ва Кеплерлар астрономиянинг отаси деб тан олинганини...

         - Само жисмларининг эллипс орбита бўйлаб ҳаракат қилиши ҳақидаги фикрни Кеплер Берунийдан ўзлаштириб олганини, Коперник эса Қуёш назариясини Ибн Шотирдан (1304 - 1376) айнан кўчириб олганини...

         - Палеонтология ва седиментология соҳасида илк тажрибалар ўтказиб, китоб ёзган олим Абу Али  Ибн Сино бўлса-да, бу борадаги хизматлари учун Албертга “Буюк Алберт” унвони берилганини...

         - Оқшамсиддиннинг (1389 - 1459) Пастердан 400 йил олдин микробни кашф қилганини...

         - Соат циферблатини Ибн Юнус (вафоти 1009) ихтиро қилса-да, Галилейники деб айтилишини, физика ва астрономияда муҳим аҳамиятга эга маятникни ҳам Ньютондан етти юз йил олдин Ибн Юнус кашф этганини...

         - Сил микробини топиб, Нобель мукофотини олган Р.Кохдан 150 йил олдин Қамбур Восим (вафоти 1761) кашф этганини...

         - Нисбийлик назариясининг биринчи марта Ал-Киндий (796 - 866) томонидан ўртага ташланганини, Эйнштейн эса уни бир нечта математик формулалар билан ўраб, ўзлаштириб олганини...

         - Ҳаво босимини Форобий (870 - 950) кашф этганига қарамай, Торричелли кашф қилган деб ҳаммани ишонтирилганини...

         - Автоматик цилиндр, автоматик жўмрак ва графинни илк бор Жазарий (1136 - 1206) ясаганини, Чарльз Бабакдан илгари компьютер мантиғига оид назарий фикрлар билдириб, кибернетикага асос солганини...

         - Ҳозирги кунда университетларда умумий геология дарсларида ўқитилаётган izosti назарияси Қазвиний (1203 - 1283) томонидан ўртага ташланса-да, бу назария 1950-йилларда Эйири ва Праттни машҳур қилганини, Қазвиний яна вулқоншунослик, геотермал майдон ва магнетик қутбнинг ўзгариши билан боғлиқ билимларнинг ҳам асосчиси эканини...

         - Ернинг тортишиш кучи, ҳам ўзи, ҳам қуёш атрофида айланишини, думалоқ шаклда эканини далиллар билан исботлаб, ернинг айланиш тезлигини Беруний ҳисоблаб чиққанини, бу мавзуларда Муҳиддин Арабий (1164 - 1240), Абул Ҳайсом (965 - 1039) каби олимларнинг ҳам асарлари бўлишига қарамай, Ньютон ва Галилей (1564 - 1642) эгалик қилганини...

         - Полеманиэтизмани биринчи бор Беруний кашф этса-да, Конигсбергер, Е.О.Тайлер, Т.Ногаталарга нисбат қилинганини...

         - Барча табиат ҳодисаларини энергия билан тушунтирган фалсафа доктринаси ҳисобланган энергетика тушунчаси Уилям Оствалдга (1553 -1632) эмас, Довуд-ул Қайсарийга тегишли эканини...

         - Атомнинг парчаланиши ҳақидаги тушунчанинг илк бор Мавлоно Румий ва Пир Али Навий томонидан ўртага ташланганини...

         -  Геодезиянинг асосчиси Беруний эканини...

         -  Биринчи расадхона ва астрономия маркази Насриддин Тусий (1201 -1274) томонидан қурилганини...

         - Сублимация (қаттиқ ҳолатдан буғ ҳолатга ўтиш), калсинация (иссиқлик ёрдамида парчалаш) эритиш ўчоқлари олдида Жобир ибн Кайён кўплаб тажрибалар ўтказганини..

         - Хоразмийнинг (780 - 850) ноль, илдиз ва илдиз остидан фойдаланиб, алгоритмнинг тамалини қўйиб берганини...

         - Маъдан излаш усулларидан бири бўлган морфология усулини Ибн Қутайба (829 - 889) жорий қилганини...

         - Психофизиологиянинг асосчиси Киндий эканини, позитив рационал сонларнинг ал-Кархий (1029) томонидан кашф қилинганини...

         - Хоразмийнинг алгебра ва геометрияни биринчи бор астрономияга татбиқ этиб, Янги астрономик жадваллар тайёрлаганини, Фанорийнинг устурлабни ижод қилганини, расадхона қурувчиси ва ихтирочиси Улуғбек (1394 - 1449) эканини...

         - Тригонометрияга Баттоний (858 - 929) асос солиб, деярли 1000 йил олдин синус, косинус, тангенс ва котангенсни жорий қилганини, бир йилни 365 кун 5 соат 46 дақиқа 22 сония ўлароқ ҳисоблаб чиққанини...

         - Абу Маъшарнинг (785 - 886) илк бор сув кўтарилиши ва тушишини ўрганиб, бу мавзуда асар ёзган олим эканини...

         - Али ибн Аббоснинг (вафоти 994) ўн аср олдин капилляр қон томирларини кашф қилиб, биринчи марта саратон амалиётини (операция) амалга оширганини, Аммор ибн Алининг XI асрдаёқ катаракта амалиётини бажарганини...

         - Ой ҳаракатидаги барқарорликни илк бор ўрганиб, математикага секант ва косекантни киритган олим Абул Вафо (940 - 990) эканини...

         - Ламберт трапециясининг Ламбертга эмас, Абул Ҳайсомга тегишлилигини, Францис Фермат кашф этган интеграл аслида Хожандий томонидан кашф қилинганини...

         - Ал-Кошоний (вафоти 1436) П (Pi) нинг ҳақиқий қийматини илк бор кашф қилиб, ҳисоблаб чиққан биринчи олим эканини...

         - Илк қоғоз фабрикасининг Аббосий вазирларидан Ибн Фозил (739 -805)  томонидан қурилганини...

         - Куб тенгламаларининг Умар Ҳайём (вафоти 1123) томонидан квадрат тенгламага ўзгартирилганини, бу ҳақда Ф.Вопекнинг “Алгебрани геометрияга, геометрияни алгебрага татбиқ қилиш шарафи мусулмонларга тегишли”, дея эътироф этганини...

         - Парабола ва гиперболани бирлаштириб, тўққиз бурчакли полигонни биринчи бор Абул-Лайс (IX аср), кинематик (х2+а=y2) методини эса Ибн Ҳусайн кашф қилганини...

         - Биринчи компас Қабажакий (XIII аср) томонидан ясалганини...

         - Дамашқийнинг (вафоти 1176) “Китоб-уз залзала” асари зилзилага оид биринчи китоб эканини, XV асрда Жалолиддин Суютийнинг «Зилзиланома» деб танилган «Кашф-уз залзала ан-васфил залзала» номли асаридан бошқа сейсмологияга оид асар бўлмаганини…

         - Кимёдаги Кантитаф методини Абулқосим ал-Қоший (вафоти 1436) томонидан кашф қилинганинига қарамай, кашфиёт остига Бленк ва Ловесларнинг имзоси қўйилганини билардингизми?!

 

 

ЎН БЕШИНЧИ КИТОБ

         Адабиётшунос олим Санжар Содиқнинг “Янги ўзбек адабиёти тарихи” деб номланган ўн бешинчи китобини 2006 йилда Мирзо Улуғбек номидаги ўзбекистон Миллий Университети нашрдан чиқарди. Олий ўқув юртлари талабаларига мўлжалланган бу дарсликнинг рус тилидаги нусхаси “Новая узбекская литература” сарлавҳаси остида 2003 йилда чоп этилган эди. ўшанда филология фанлари доктори, профессор Ф.Мўминова “Народное слово” газетасида босилиб чиққан тақризида бу дарсликни “Янги ўзбек адабиётининг кичик қомуси”, деб юқори баҳолаган эди. Янги дарслик рус тилидаги китобнинг сўзма-сўз таржимаси бўлмай, кўп жиҳатдан тўлдирилган ва мукаммаллаштирилган шакли ҳисобланади.

         Агар “Новая узбекская литература” китоби 236 бетдан иборат бўлса, янги нашр 290 саҳифани ўз ичига олади. “Янги ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги илгари нашр этилган шу хилдаги китоблардан ўзининг кўплаб  хусусиятлари билан ажралиб туради. Аввало, унда янги ўзбек адабиёти тараққиётининг деярли барча муаммолари ва йирик намояндалари ижоди илгаригидан бошқача талқин қилинганлиги яққол сезилади. Хусусан,  дарсликда янги ўзбек адабиётининг бешта асосий  хусусияти жуда аниқ шаклда кўрсатиб берилганлиги мақтовга лойиқдир. Улар жумласига муаллиф янги ўзбек адабиётида дунёвий мазмуннинг етакчи ўринга чиққанлиги, реалистик методнинг шаклланганлиги, Европа сўз санъатидаги шакл ва жанрларнинг майдонга келганлиги, профессионал танқидчиликнинг туғилганлиги ва бадиий асар тилининг замонавийлашуви, халқчиллашуви сингари белгиларни киритади. ХХ аср ўзбек адабиёти тарихига бағишланган монография ва дарсликларнинг бирортасида ҳам мазкур белгилар шу тарзда аниқ юзага чиқарилмаган эди.

         “Янги ўзбек адабиёти тарихи” дарслиги илгариги кўп жилдлик монографиялардан адабиётшунослигимизда учрамаган қарашлар-у кузатишларга бойлиги билан фарқ қилади. Дарслик “Янги ўзбек адабиётининг асосий хусусиятлари” деб номланган кириш мақола билан бошланади. Унда янги ўзбек адабиёти қачондан бошланади, деган савол қўйилиб, унга кенг ва атрофлича  далиллар билан ХХ асрда, деган жавоб қайтарилади. “Чинакам ўзбек дунёвий адабиёти, - деб ёзади муаллиф, - фақат ХХ асрда майдонга келди. Бу адабиётнинг дунёвийлиги, даставвал, шу билан белгиланади, унда олам,  инсон ва унинг ҳаёти фақат илоҳиёт билан боғлиқликда эмас, балки илм-фан ютуқлари, борлиқ тўғрисидаги табиатшунослик қонуниятлари асосида  талқин қилина бошлади” (Санжар Содиқ. “Янги ўзбек адабиёти тарихи”. Тошкент, 2006, 18-бет).

         Бу қисмда муаллиф ўзбек адабиётида реализм А.Қодирийнинг 1916 йилда ёзилган “Улоқда” ҳикояси билан бошланади, деган янги фикрни исботлайди. Бунинг учун у ҳикояни ишонарли таҳлил қилади, яъни ёзувчи ўзига қадар ўзбек адабиётида деярли учрамаган усулдан, реалистик методга хос образли кўрсатиш услубидан фойдаланганини таъкидлайди.

         Маълумки, янги ўзбек адабиёти тарихини даврлаштириш масаласида ҳам мутахассисларимиз турлича қарашларга эга эдилар. Профессор Санжар Содиқ янги ўзбек адабиёти тарихини бошқача даврлаштириш йўлини танлайди ва уни далиллаб кўрсатади. Жумладан, у тўртинчи даврни социалистик реализмнинг иккинчи босқичи деб атаб, “бу босқич 1954 йилдан, аниқроғи, А.Қаҳҳорнинг “Оғриқ тишлар” комедиясидан бошланганлигини эътироф этиш ўринли”, деб ҳисоблайди.

         Китобда сўнгги давр миллий истиқлол босқичи деб аталиб, унда социалистик реализм методидан воз кечилгани, “адабиётимиз жаҳон санъатини энг нодир кашфиётлар билан бойитган мумтоз реализм томон буткул юз бургани” очиб берилади. Бу фикр Ш.Холмирзаевнинг “Банди бургут”, “Озодлик” ҳикоялари, О.Ёқубовнинг “Бир кошона сирлари” драмаси, Х.Дўстмуҳаммаднинг “Бозор” романлари мисолида талқин этилади. Ушбу қисмда танқидий руҳ кучлилик қилади. “Афсуски, - деб ёзади олим бир ўринда, - ғарб адабиёти анъаналари изидан бориш кўп ҳолларда ижобий самаралар ўрнига ўта мавҳумликка, ҳатто маъносизликка олиб келмоқда” (38-бет). ўз фикри исботи учун муаллиф ёш ёзувчи Хайруллонинг “Стерео ёки ёлғиз ой остида мўъжиза” ҳикоясини таҳлил қилади ва асосли мулоҳазалар билан хулоса ясайди.

         Дарсликда ўзР Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тасдиқлаган дастур асосида 24 та ёзувчининг ижодий портрети берилган. Аввал нашр этилган “ХХ аср ўзбек адабиёти тарихи” дарслигида 27 та ижодий портрет берилган бўлиб, дастурдан ташқари Мирмуҳсин, Шукрулло, Тоғай Мурод ҳаёти ва ижодига оид бўлимлар киритилган эди.  Янги дарсликда ҳар бир ёзувчи ижоди ҳақида илгари  учрамаган гап айтилган ва улар қиёсий таҳлил воситасида исботланган. Фикримизнинг далили сифатида Абдулла Қодирийнинг “ўтган кунлар”, машҳур араб ёзувчиси Журжи Зайдоннинг “Хорун Ар-Рашиднинг синглиси” романлари ҳақидаги мулоҳазаларни келтиришимиз мумкин: “Агар араб ёзувчиси романида Ироқда Хорун Ар-Рашиддек оламшумул шуҳрат топган халифа ҳукмронлиги давридаги форсларга қарши миллий адоват кучайиши ва унинг даҳшатли оқибатлари қаламга олинган бўлса, “ўтган кунлар”да рус босқини туфайли мустамлакага айланган халқ бошига тушган фожиалар, қипчоқ қирғинлари китобхонни ларзага соладиган даражада акс эттирилган” (88-бет).

         Кўрамизки, қиёсий таҳлил бу асарларнинг иккаласига хос кўплаб муштарак хусусиятларни аниқлашга имкон берган. Жумладан, ҳар иккала романда ҳам “хат” воситасидан унумли фойдаланилган. Муаллифнинг таъкидлашича, хат воситаси А.Қодирийда кўпроқ ва каттароқ вазифани бажарган. С.Содиқ Кумушнинг Отабекка ёзган хати таҳлили асосида А.Қодирийда психологик таҳлил кучлилигини очиб беради.

         ХХ аср ўзбек адабиётига тамал тошини қўйган ижодкорлардан бири Ҳамза ҳақида гапирганда, дарслик муаллифи “Девони Ниҳоний” асосида фикр юритади. Ҳамзанинг “Келадур” радифли ғазали ҳазрат Навоийнинг “Келмади” радифли ғазали билан қиёсан таҳлил қилинади. Бу шеър Навоийнинг машҳур ғазалига “жавобдек ёзилганга ўхшайди”, деб тахмин қилади, муаллиф улар ўртасидаги фарқларни кўрсатиб ўтади. Навоий ғазалидаги ошиқ неча тунлар кутмасин маъшуқа Аллоҳ унинг ёнига ҳеч қачон келмайди. Чунки Навоий Аллоҳ ошиғи. Ҳамзадаги маъшуқа эса севганининг олдига келиши муқаррар, чунки у ердаги гўзал жонон ҳисобланади. Бу билан дарслик муаллифи Ҳамза ижодида янги мазмун, яъни воқеликни дунёвий руҳда идрок этиш томон бурилиш юз бера бошлаганлигини юзага чиқаради.

         Ойбек ижодини ёритишда муаллиф адабиётшуносликда биринчи бўлиб ёзувчининг “Қутлуғ қон” асарини машҳур Америка ёзувчиси Джон Стейнбекнинг “Ғазаб шодалари” романи билан қиёслайди. Ҳар иккала роман бир даврда яратилган. Шу пайтгача “Қутлуғ қон” М.Горькийнинг “Она” романи билан қиёсланарди. Санжар Содиқ эса “реализмнинг теранлигига, мазмуни, моҳияти ва айрим ҳаётий тафсилотлардаги муштарак томонларига кўра “Қутлуғ қон”... “Ғазаб шодалари” романига яқинроқ туради”, - деган аниқ хулосага келади.

         Ғафур Ғулом адабий портретида “Ёдгор” қиссаси таҳлилига бағишланган саҳифалар диққатга лойиқ. Қиссада жаҳон адабиётининг энг қадимий муаммоларидан – ташландиқ бола масаласи ўзига хос тарзда талқин қилинган. Мазкур муаммо юнон драматурги Софоклнинг “Шоҳ Эдип” трагедиясида қаламга олингани ҳаммага маълум. Бу мавзу XIX аср драматурги А.Н.Островскийнинг “Айбсиз айбдорлар” пьесасида Гриша Незнамовдек ташландиқ бола тимсолида бундай фарзанд туфайли биринчи навбатда унинг оиласига битмас-туганмас кулфатлар ёғилиб келиши очиб берилганини таъкидлаш билан муаллиф ҳар учала асар қиёсий таҳлили асосида шундай хулосага келади: ўзбек халқида бола ташландиқ бўлмайди, ўзбек халқи болажон халқ. Демак, “Ёдгор” қиссасининг қиёсий таҳлили муаллифга ўзбек халқини шу қадар улуғловчи ибратли умумлашма чиқариш имконини туғдирган. Дарслик муаллифи Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси Америка ёзувчиси Марк Твеннинг Том Сойер ва Геккель Бери Фин ҳақидаги саргузашт асарлари каби даражага кўтарилганини аниқ кўрсатиб беради.

         Зулфия ижоди ҳақида гапирганда шоиранинг “Хотирам синиқлари” лирик достони устида тўхталмаслик мумкин эмас. Унда шоира деярли  бошқа биронта ҳам шеърларида қаламга олмаган ҳис-туйғуларини, замонлар ўзгариши билан туғилган қарашларни ифодалашга уринади. Адабиётшунос олим бу достонни таҳлил қилар экан, уни рус шоираси А.Ахматованинг “Реквием” асарига қиёслайди ва ҳар иккала достонни зулмлар, таъқиблар қаршисида аёл иложсизлигидан туғилган изтироблар ҳамда уларга нисбатан қалбларда тўлқин урган исёнкорлик руҳи муштараклиги ўзаро яқинлаштиради, улар бир-бирига яқин асарлардир, деган тўғри хулоса чиқарилади. Журналист Маҳмуд Саъдий “ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2006 йил 28 июнь сонида эълон қилган тақризида иккала достонни тенг деб нотўғри баҳолайди. Ҳеч қачон иккита мустақил асар бир-бирига тенг келмаслиги ҳаммага маълум ҳақиқат-ку. Демак, Санжар Содиқнинг мазкур достонлар мазмун ва оҳанги жиҳатидан яқин эканлиги тўғрисидаги хулосаси ҳаққонийроқ ҳисобланади.

         ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи ҳозирги ўзбек шеъриятида ҳеч кимга ўхшамасликка интилган, ўзига хос овозга эга бўлган ижодкорларимиздан бири. У ҳақда холис илмий баҳо айтиш учун шоир шеъриятидаги фалсафийликни, мажозий тимсолларни ижодкорнинг ўзи даражасида англаш лозим. Дарслик муаллифи ҳамкурси ижодини узоқ йиллар мобайнида ўрганиб, Рауф Парфи лирикаси жаҳон миқёсида тан олинган Нобель мукофоти соҳиби Иосиф Бродский шеърларини эслатади, деган янги фикрни илгари суради.

         Дарсликда танқидий руҳ кучли эканини юқорида айтиб ўтган эдик. Унда машҳур ёзувчиларнинг асарларида учрайдиган камчиликлар ҳам рўй-рост кўрсатиб берилган. Масалан, Ҳамид Олимжоннинг “Муқанна” фожиасида руҳий ҳолатлар, инсоний туйғулар етарлича далилланмаганлиги айтилиб: “драмада Муқанна буюк муҳаббат соҳиби сифатида кўрсатилади. Фақат бундай талқин Муқаннанинг тарихий асарларда чизилган моҳиятига номувофиқдек туюлади”, деган хулоса ўртага ташланади.

         Дарҳақиқат, муаррих Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида ёзилишича, Муқаннанинг юзта хотини бўлган. Бундай шахсни юксак муҳаббат соҳиби сифатида тасвирлаш жоиз эмасдек кўринади.

         Яна бир мисол, муаллиф А.Қаҳҳор ижодини ўрганиш тарихини тўрт босқичга бўлиб таҳлил қилиш ўринли эканини таклиф қилган, бу янги фикр. Ҳақиқатан, серқирра ижод соҳиби А.Қаҳҳор адабиётшунослигимизда  чуқур ўрганишга лойиқ адиб. Шунга қарамай, дарслик муаллифи унинг камчиликларидан ҳам кўз юммайди. У А.Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссасини рус ёзувчиси Г.Николаеванинг “МТС директори ва бош агрономи ҳақида қисса” асари билан қиёсий таҳлил қилади, пировардида А.Қаҳҳор асарида тақлидни эслатувчи унсурлар борлиги тўғрисидаги хулоса ўз-ўзидан келиб чиқади.

         Дарслик айрим камчиликлардан ҳам холи эмас. Унинг муаллифи кўп йиллик тажрибага эга. ўз соҳасининг билимдони. Демак, ундан камчилик  топиш эмас, балки ўрганишимиз ўринли бўлади. Лекин баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтишни лозим топдик. Аввало, шундай зарурий дарслик сифатсиз муқоваланган. Битта дарсликдан ўнлаб талабалар фойдаланишини, китоб қўлма-қўл бўлишини назарда тутиб, нашриёт  ходимлари уни сифатли муқовалашлари лозим эди. Дарсликда баъзи фикрлар етарлича далилланмагандек туюлади. Жумладан, Гоголнинг “Ревизор” пьесаси билан А.Қаҳҳорнинг “Оғриқ тишлар” комедияси таҳлили чуқур эмасдек, фикрлар исботталабдек кўринади. Худди шунингдек, Рауф Парфи ва Иосиф Бродский шеърлари ҳақида гапирганда ҳам далилланмаган фикрлар кўзга ташланади. Китобда мазкур шоирларнинг икки шеърини қиёсий таҳлилдан ўтказиб, улар ижоди юзасидан илгари сурилган умумлашмани ишонарлироқ асослаш имкониятлари бор эди.

         Яна бир истак, дарсликда Фитратнинг “Абулфайзхон” фожиаси таҳлилига кўпроқ ўрин ажратилганга ўхшайди. Бу фожиа ўрта мактабларнинг 11-синф дарслигида атрофлича ёритилган. ўша гапларнинг кўпи бу ерда такрорлангандек туюлади. Шу жойда Фитратнинг бошқа бир драматик асари таҳлил қилинса, талабалар учун янгилик кўпайган бўлур эди.

         Хуллас, дарслик олий ўқув юртларининг сиртқи бўлим талабалари учун мўлжалланган бўлиб, ўзининг янги фикрлари, тўлдиришлари, чуқур таҳлиллари билан алоҳида ажралиб туради. Профессор Санжар Содиқнинг мазкур дарслиги олий ўқув юртларида янги ўзбек адабиёти тарихи фанини ўқитиш ва ўзлаштириш ишини сезиларли даражада осонлаштиради. Унда ҳозирги илм-фаннинг энг сўнгги ютуқлари инобатга олинганлиги ва умумлаштирилганлиги сабабли бу китоб миллий истиқлол даври ўзбек адабиётшунослиги ҳамда танқидчилигининг жиддий ютуқларидан ҳисобланади.

Марҳабо МИРЗАЖОНОВА,

филология фанлари номзоди.