БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

MS Word дастури ёрдамида янги ҳужжат яратишдан аввал уни фаоллаштириш талаб этилади. Дастлаб тизим бош менюсидан вертикал стрелкалар кўмагида создать документ офис ёрлиғи топилиб, у Enter клавиши билан фаоллаштирилади. Натижада 11 бўлимдан таркиб топган мулоқот ойнаси очилиб, курсор бизга керакли биринчи “новый документ”  элементида туради. Профессионал дастур бўлмиш MS Word оддий ҳужжатлар ва мураккаб турдаги матнли файлларнинг электрон нусхаларини яратиш имконига эга бўлиб, айтилган мулоқот ойнасида зарур ҳужжат турини танлаш мумкин. Танловни тасдиқлаш учун Enter клавиши босилгач, ойна ёпилади. Шундан сўнг синтезатор кўп сатрли бўш таҳрир ойнасининг илк саҳифаси очилганлигини “документ 1” тарзида маълум қилади. Кейин очиладиган янги таҳрир ойналари тегишли тартиб рақами билан,масалан, “документ2”, “документ3” тарзида номланаверади.Бундан ташқари, тизим бош менюсидаги “программы” подменю бўлимида жойлашган “майкрософт офис” подменю пунктини очиб, вертикал стрелкалар воситасида Майкрософт офис ворд 2003 ёрлиғини танлаш ва устига Enter клавишини босиш билан ҳам ушбу дастурни ишга тушириш мумкин. Айни ўринда мазкур ёрлиқни контекст менюсидаги “отправить” пунктидан иш столига жўнатиш имкони ҳам мавжуд. Бу эса дастурни иш столининг ўзида фаоллаштиришга замин яратади. Қолаверса, унинг янада тезроқ ишга тушишини таъминлаш учун ушбу ёрлиққа тезкор клавишлар комбинациясини бириктириш керак бўлади.

Очилган кўп сатрли таҳрир ойнасига компьютер клавиатурасининг умумий ҳамда калькулятор блокларидаги клавишлар орқали турли тиллар алифболарида ҳарф, рақам ва бошқа ҳар қандай белгилардан иборат матн киритилиши мумкин. Синтезатор мазкур матнни овозли тарзда ўқиши учун Insert +2 клавишлар комбинацияси орқали киритилган “символни ўқиш” функцияси ёқилган бўлиши зарур. Шунингдек, Insert +3 клавишлар комбинацияси воситасида ишга тушувчи “сўзларни ўқиш” функцияси ёқилган бўлса, матнни тайёрлаш жараёнида бирор сўзни ёзиб, ундан сўнг пробел ёки маълум бир тиниш белгиси босилганда киритилган сўз ўша вақтнинг ўзидаёқ ўқиб берилади. Бирорта узун матнни эшитиш вақтида ўқишни бутунлай тўхтатиш учун CTRL клавишини босиш кифоя. Бу борада NVDA дастуридаги ўзига хос қулайлик шундаки, Shift клавиши ёрдамида матн ўқилишини вақтинча тўхтатиш, уни яна бир босиш билан ўқишни тўхтаган жойидан давом эттириш мумкин. Нотўғри киритилган бирор ҳарф ёки белги BackSpace клавиши билан ўчирилади. Матндаги сўзларни ўчириш учун Shift +CTRL +ўнг стрелка билан кейинги сўзни ёки Shift +CTRL +чап стрелка кўмагида олдинги сўзни белгилаб олиб, сўнгра Delete клавишидан фойдаланилади. Delete клавиши одатда курсор турган символни ўчиради. CTRL +z клавишлар комбинацияси эса мазкур амалларни қадам-бақадам бекор қилади ҳамда матн таркибидаги ўчирилган сўзларни қайта тиклайди.

Агар фойдаланувчи томонидан каттароқ матн ёзилаётган бўлса, жорий сатр тўлиши билан дастур автоматик тарзда янгисини ҳосил қилади ва курсор унинг бошига ўтади. Натижада матннинг давоми янги сатрга ёзилади. Ёзиш жараёнида жорий сатр охирига етмай туриб янги сатрга эҳтиёж сезилган вақтда Shift +Еnter клавишлар комбинациясидан фойдаланган маъқул. Хатбошидан ёзиш учун эса Еnter клавишини босишнинг ўзи кифоя. Жорий саҳифанинг исталган жойида CTRL +Enter клавишлар комбинацияси босилса, курсор янги бўш саҳифанинг бошига тушади. Мазкур комбинация матнни саҳифаларга ажратиб ёзишда қўл келиб, NVDA айни ҳолатни “разделитель страниц” тарзида баён қилади.

Shift клавишидан матнни белгилашда фойдаланилиб, Shift +ўнг стрелка билан кейинги, Shift +чап стрелка ёрдамида аввалги символлар белгиланади. Худди шу тартибдаги комбинация Shift билан бирга CTRL клавиши ҳам қўшиб босилган ҳолда амалга оширилса, матнни сўзма-сўз белгилаш мумкин. Shift +and матнни курсор турган жойдан сатр охиригача, Shift +home эса сатр бошигача белгилашда қўлланилади. Матнни сатрлар бўйлаб белгилашда Shift +вертикал стрелка, унинг абзацларини белгилаш учун эса Shift +CTRL +вертикал стрелка ишлатилади. CTRL +a клавишлар комбинацияси бутун матнни белгилайди. Бирор ҳарф ёки курсор стрелкаларининг босилиши матндаги ҳар қандай белгиловларни бекор қилади. Белгиланган матнлар билан қуйидаги амалларни бажариш мумкин: Shift +f3 мазкур матнни катталаштирса, CTRL+b қалинлаштиради. CTRL +I уни эгри курсивли ҳолатга келтиради. CTRL +u эса матннинг тагига чизади. CTRL +l саҳифадаги белгиланган матннинг чап, CTRL+r ўнг, CTRL+j ҳар ики тарафини текислайди. CTRL +e матнни саҳифанинг ўртасига қўяди.
Юқоридаги амалларни бекор қилиш учун қайд этилган комбинациялар такроран босилиши даркор. Шунингдек, CTRL +m белгиланган матнни ўнг, Shift +CTRL +m чап тарафга суради. CTRL +] бу каби матн ёки суратнинг ҳажмини катталаштирса, CTRL +[ уларни кичрайтиради. Белгиланган матн Delete клавиши ёрдамида ўчирилади. Бундан ташқари, CTRL +c клавишлар комбинацияси билан матннинг муайян қисмидан нусха кўчирилса, ундан бирор сўз ёки жумлани ажратиб олиш CTRL +x кўмагида амалга оширилади. CTRL +V комбинацияси ёрдамида матн парчасининг нусхаси ёки ажратиб олинган қисми саҳифанинг исталган ерига жойлаштирилади. Матнни алмашув буферидан сатр охирига қўйиш учун аввал стрелкалар билан курсор сатрдаги энг сўнгги символдан кейинги жойга ўтказилиши лозим. Акс ҳолда ажратилган матн сатр ўртасига тушиб қолиши мумкин.

Аввал айтилганидек, MS Word кўп ойнали дастур ҳисоблангани боис унда CTRL +n клавишлар комбинацияси орқали кераклича янги бўш таҳрир майдони очиш имкони мавжуд. Бир неча ойна очилган пайтда тизимнинг Alt +tab стандарт комбинацияси ёки CTRL +f6 ҳамда Shift +CTRL +f6 каби усуллар билан ойнадан-ойнага ўтиш мумкин бўлади. Жорий ойна CTRL +f4 комбинацияси орқали ёпилади, бироқ қолган ойналар очиқ туради. Уларни ҳам ёпиш лозим бўлса, мазкур комбинация ҳар бири учун алоҳида қўлланилади. Янги ҳужжат тайёр бўлгандан сўнг уни сақлаш учун дастурнинг “файл” менюсидан “сохранить как?” пунктини топиб, уни фаоллаштириш даркор. Ойна илк бор ёпилаётганда сақлаш мулоқоти автоматик тарзда очилиб, курсор “файлни номлаш” таҳрир майдончасида туради. Шу ерга файл номи ёзилиб Enter клавиши босилиши билан курсор “сохранить” тугмасида турганлиги туфайли ҳужжат файли сақланади. Агар ҳужжат ёпилиб, алоҳида ном қўйилмай сақланса, матндаги дастлабки 20 та символ файл номи сифатида белгиланади. Шунингдек, ҳужжатни сақлашдан олдин Tab билан кодировкалар рўйхатига ўтиб, вертикал стрелкалар кўмагида сақланаётган файл турини танлаш имконидан фойдаланилади. Илгари сақланган ҳужжатга муайян ўзгартишлар киритилган тақдирда у шу ўзгарган ҳолатида CTRL +s клавишлар комбинацияси орқали осонгина сақлаб қўйилади. Одатда дастур янги тайёрланган файлни “мои документы” папкасида сақлашни таклиф этади. Бу ўринда фойдаланувчи Tab билан папкалар дарахтига ўтиб, ўзига қулай бўлган бошқа жойни ҳам кўрсатиши мумкин.

 

Мавлуда ҚУДДУСОВА.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш