БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 “ГУЛРЕЗ” ЯНА КАМАРБАСТА

Қўшиқ айтиб сизга меҳмон бўлайин бирпас,

Қўшиқларим сизга дўстлар, манзур бўлса бас.

  Катта тўйда куйлай қўшиқ, тингланг бир нафас,

                               Қўшиқ кирган уйга асло қайғу йўламас.

Дарҳақиқат, қўшиқ – қалб озиғи, яхшилик ва эзгулик жарчиси. У дилдаги бор ғубору ғам-андуҳни тарқатувчи восита. Қўшиққа ошифта юрак мудом эзгу мақсадлар сари парвоз этади, юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги ишқи билан ёнади. Ана шундай дилрабо ашулалари-ю жозибали куйлари билан дилга ором берувчи бадиий ҳаваскорлик жамоаларидан бири ЎзКОЖ Бухоро ВБ қошида қайта ташкил этилган “Гулрез” дастасидир. У 2012 йилнинг илк кунларида ЎзКОЖ Бухоро ВБ раёсати қарори асосида ВилКОЖда санъат ва маданият соҳаларини ривожлантириш, айниқса, қўшиқчилик ва созандалик йўналишларига этиборни кучайтириш, республика миқёсидаги тадбирларда унинг муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш билан вилоят нуфузини ошириш, янги истеъдодларни кашф этиш мақсадида ташкил этилди. Жамоага ўзбек мусиқа ва қўшиқчилик санъатини юксалтиришга оид бир неча муҳим қўлланма ва дастурлар яратган таниқли саньаткор, Бухоро маданият коллежининг олий тоифали ўқитувчиси З. Назаров бадиий раҳбар, ўзининг ширали овози билан мухлислар қалбидан муносиб жой олган Бухоро шаҳридаги 24-кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган давлат таълим муассасаси мусиқа фани ўқитувчиси М. Шаропов мусиқа раҳбари этиб тайинланди. Ушбу  санъат фидойилари устозлик қилаётган жамоада қалби қўшиқ ва мусиқага пайваста 14 нафар турли соҳа вакиллари фаолият юритмоқда. Ҳафтада икки маротаба машғулотлар ўтказувчи аҳил жамоанинг ҳамжиҳатлик билан олиб борган ижодий изланишлари тез орада ўз самарасини берди. “Гулрез” дастаси дастлаб илк бор Бухоро ШТ ва Бухоро ЎИЧК томонидан уюштирилган ЎзКОЖнинг 80 йиллиги ҳамда Наврўз байрами тадбирларида ўз санъатини намойиш этиб, умрбоқий мумтоз қўшиқлари маромига етган ижроси билан даврага файз киритди.

Жамоа бадиий раҳбари З. Назаров биз билан суҳбатда “Гулрез” дастасининг ўтмиши ва бугунги фаолияти ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

          – Мазкур даста 1950 йилда ҳаваскорлик тўгараги шаклида тузилиб, узоқ йиллар мобайнида халқимизга хизмат кўрсатиб келди. Ҳатто халқ ансамбли номига ҳам сазовор бўлди. Тўгаракка 1995 йилга қадар Қ. Субҳонов, Ҳ. Неъматов, Ўзбекистон халқ артисти Ў. Расулов,  М. Содиқов, С. Сайфиддинов, Т. Тўхтаев каби таниқли санъаткорлар раҳбарлик қилиб, унинг ривожи ва халқ орасида этибор қозонишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Бадиий дастанинг элга танилишида Б. Жўраев, А. Зоиров, М. Алишаева, Р. Галиев, А. Насриддинов, Ҳ. Нусратова, Ж. Ҳусенова, О. Орзиева, М. Ҳожиева, Т. Жаллиев сингари ҳаваскор хонандалар камарбаста бўлдилар. Узоқ йиллик танаффусдан сўнг фаолиятини қайта бошлаган мазкур жамоага Б. Жабборов, А. Саидов, С. Шарипов, Ф. Раҳматова, Д. Боқиева, О. Худойқулова, И. Искандаров, М. Қурбонов, Ж. Рамазонов, Ҳ. Тўхтаев сингари санъат ихлосмандлари, шунингдек, санъат коллежидан К. Жўраев, Г. Сайдуллаева, С. Ҳамроева каби талабалар таклиф қилинди. Қисқа фурсат ичида улар томонидан 20 га яқин мақом ашулалари, “Мустаҳзод”, “Санамо”, “Эй нозанин”, “Тановар” каби халқ қўшиқлари мухлислар ҳукмига ҳавола этилди.

Суҳбат жараёнида З. Назаров саҳна маданияти ҳақида ҳам тўхталар экан:

– Миллий анъаналар, қадриятлар, либосларимиз саҳна маданиятининг бир кўринишидир. Хонанданинг либоси миллатга, юртга, айтаётган қўшиғига мос бўлиши лозим. Саҳна маданияти фақат либоснинг ўзидангина иборат бўлмай, миллий чолғу асбобларининг мутаносиблиги, қўшиқнинг мазмун-моҳияти, мусиқанинг миллий руҳдалиги, хонанданинг саҳнада ўзини тута билиши, ҳаракатини бошқара олиши, бир сўз билан айтганда, хонанда ва созанданинг ўз қиёфаси бўлиши билан боғлиқ. Яна ҳам муҳими, ҳар бир ҳаваскор устоз кўрган бўлиши шарт, –  дея таъкидлади.

         Жамоанинг ёш азоси Ҳ. Тўхтаев эса:

– Устозларим доимо менинг ижроимни кузатиб, қўшиқларим ҳақида маслаҳат бериб боришади. Кези келганда танқид ҳам қилишади. Мен эса бундан ранжимай, ўз устимда янада кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан. Санъатда бирор нарсага эришишни, ўз йўлини топишни истаган киши сабр-тоқатли бўлиши лозим. Юртимизда мусиқа ва қўшиқчилик санъатини ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд. Улардан унумли фойдаланиб, санъатимиз равнақига хизмат қиладиган қўшиқлар яратишимиз зарур, – дея фикр билдирди.

            Дарҳақиқат, “Гулрез” яна эл хизматига камарбаста. У вилоят миқёсидаги   тадбирларда ўз дастури билан фаол қатнашиб келмоқда. Жамоанинг ҳар бир чиқишида шариф замин мусиқа мактабига хос қадриятлар, саҳна маданияти, оҳанглар сеҳри яққол сезилиб туради. Жонли ижродаги қадимий халқ қўшиқлари, ўзбек мумтоз мусиқалари, она ватан, истиқлолни мадҳ этувчи тароналар тингловчиларга манзур бўлмоқда.

– Мен “Гулрез” жамоасининг хонишларидан ниҳоятда таъсирландим! Кўпдан бери жонли ижрода қўшиқ тинглаб, бу даражада роҳатланмаган эдим. Вужудимдаги бор чарчоқлар унутилиб, ҳақли тарзда руҳий озуқа олдим. Вилоятимизда ҳам шундай ансамбль тузишни кўнглимга тугдим, – дейди ўз ҳаяжонини яширолмай ЎзКОЖ Сурхондарё ВБ раиси Э. Норпўлатов.

Ҳа, “Гулрез” ўз қўшиқлари қанотида ёрқин уфқлар сари дадил парвоз қилмоқда. Инсонлар қалбига завқ ва ором улашиб, уларни янгидан-янги марралар, юксак ижодий парвозлар сари ундамоқда. Унинг бу галги фаолияти бардавом бўлиб, қўшиқлари ҳар биримизнинг қалбимизга эзгулик уруғини сочаверсин! 

 Аъзам ЎРОҚОВ,

Бухоро.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш