БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ – ТУРМУШ ОБОДЛИГИ ГАРОВИ

         Халқимиз азал-азалдан ота-онага, оилага чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келган. У муҳаббат, садоқат, ишонч устунлари эвазига қуриладиган мустаҳкам қўрғон, жамият таянчидир. Албатта, миллатга хос барча эзгу амаллар, анъаналар, аввало, оилада шаклланади. Президентимиз томонидан 2012 йилнинг юртимизда “Мустаҳкам оила йили”, унга ҳамоҳанг тарзда жорий йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши замирида миллий қадриятларимизни асраш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ўстириш, демакки, жамият равнақини таъминлаш вазифаси туради. Ана шундай ислоҳотларнинг амалий кўриниши сифатида ЎзКОЖ МБ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамкорлигида тизимимизда 35 ёшгача бўлган кўриш ногиронлари ўртасида “Энг намунали ёш оила” кўрик-танлови уюштирилди. Бундан кўзланган мақсад кўзи ожизлар оилаларининг турмуш тарзи билан яқиндан танишиш, уларнинг билим ва иқтидорларини намойиш этишларига имкон яратиш, оилавий муносабатларини мустаҳкамлаш, ватанга, ота-онага, фарзандларга нисбатан эзгуликка йўғрилган туйғуларини, яшашга бўлган интилишларини кучайтиришдан иборат. Шунингдек, мазкур танлов ўз олдига кундалик ҳаётда юзага келадиган муаммоларни енгиб ўтишда кўриш имконияти чекланган шахсларни иродали, матонатли бўлишга ундаш, уларнинг касбий фаолият, рўзғор юритиш борасидаги иш тажрибаларини жамоатчиликка тарғиб қилиш, яшаш жойларида, маҳаллаларда ижтимоий фаолликларини ошириш каби қатор вазифаларни қўйгани билан ҳам аҳамиятлидир. Дастлаб Қашқадарё, Бухоро, Наманган ВБлари томонидан ташкиллаштирилган минтақавий босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллари уч гуруҳга бўлинган ҳолда белгиланган шартлар асосида ўзаро беллашдилар.

Республикамиз Конститутциясининг 20 йиллиги ҳамда Халқаро ногиронлар куни арафасида Янгийўл сиҳатгоҳида ушбу анъанавий кўрик-танловнинг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда минтақавий турда ғолибликка эришган қашқадарёлик Фарҳод ва Ферузахон Тошпўлатова,  бухоролик Дилшод Аҳмедов ва Манзурахон Тошева, Тошкент вилоятидан Исломжон ва Хуршидахон Исмоилова ҳамда андижонлик Нурматжон Аҳмедов ва Марғубахон Ёқубовалар жуфтлиги турли соҳаларга оид билимлари, оила, уй-рўзғор, санъат бобидаги кўникма ва иқтидорларини намойиш этдилар. Танловнинг биринчи шартида иштирокчи оилалар ўзлари ҳақида қисқача маълумот бериб, бир-бирларини ҳаётда қандай топганликларига оид тафсилотларни реал воқеликка асосланган ҳолда қизиқарли тарзда ҳикоя қилдилар. Хусусан, қашқадарёлик Тошпўлатовлар жуфтлиги жамият мутасаддилари воситачилигида танишиб, оила ришталарини боғлаганликларига доир жараёнларни бошдан-оёқ шеърий йўсинда баён этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлишди. Бухоролик оила соҳиблари мактаб давриданоқ бир-бирига кўнгил қўйганликлари ва бу охир-оқибат, мустаҳкам қалб қўрғонининг қурилишига замин яратганлигини тўлқинланиб сўзлаб бердилар. Шунингдек, улар турмуш қуриш остонасида қайнонанинг бўлажак келинини синаш жараёнида кечган қизиқарли, шу билан бирга ҳаяжонли онларни ёдга олдилар. Тошкент вилоятидан Исмоиловлар оиласининг чиқишларида жиддий, ҳаётий ҳодисаларга тўхталинмай, икки ёшнинг танишуви асносидаги битта қизиқарли воқеага урғу берилди, холос. Андижонлик иштирокчилар эса жамият корхонасидаги фаолият чоғида бир-бирларини яқиндан ўрганиб, турмуш қурганликларини кичик саҳна кўриниши орқали ёритишга ҳаракат қилдилар.

Навбатдаги шарт оилавий муносабатлар, фарзанд тарбияси, уй-рўзғор ишларига доир, шунингдек, иштирокчиларнинг фикрлаш даражаси, зеҳний имкониятларини синашга қаратилган савол-жавоблардан иборат бўлди. Бунда деярли барча қатнашчилар фуқароларнинг никоҳдан ўтиш, икки ёшгача болалар нафақасини олиш шартлари, рўзғор тутиш тартиб-қоидаларига тегишли саволларга жавоб қайтариб, қолаверса, мантиқий жумбоқларга тўғри ечим топиш билан бу борада етарли билим ва малакага эга эканликларини исботладилар. Аммо андижонлик вакиллар ота-она ҳамда фарзанд зиммасидаги бурч ва мажбуриятларни ҳуқуқий жиҳатдан асослаб бера олмаган бўлсалар, қашқадарёлик Тошпўлатовлар оиласи кўзи ожиз шахслар бола тарбиялашда эътибор қаратиши зарур бўлган маънавий омилларга тўхталишмади.

Уй-рўзғор ишларини бажаришга йўналтирилган “Амалий топшириқ” шартида эркаклар маиший жиҳозларнинг электр вилкаларига сим улаш, аёллар эса шим дазмоллаш борасида ўз тажрибаларини кўрсатдилар. Ушбу шарт бўйича ҳар бир номзод алоҳида баҳоланар экан, қашқадарёлик вакиллар ҳамда Тошкент, андижонлик оила соҳибалари берилган топшириқни аъло даражада уддалаб, энг юқори натижани қўлга киритдилар. Қолган иштирокчиларда эса иккала вазифани бажаришда уддабуронлик, тезкорлик етишмади.

         Сўнгги шартда қатнашчилар ижтимоий ҳаётда, оилалар муҳитида учраётган оғриқли ҳолатлар, жиддий, оилавий муаммоларни акслантирувчи саҳна кўринишларини намойиш этдилар. Бунда уларнинг ижрочилик маҳорати, танлаган мавзулари ҳаётийлигига алоҳида эътибор қаратилди. Айни шарт бўйича Тошпўлатовлар оиласи бугунги кунда айрим ўзбошимча аёлларнинг фарзандларини тарбиялаш ўрнига кўча-кўйда хандон юриши, оқибатда уларнинг зиммасидаги вазифаларни эркаклар бажараётгани хусусидаги долзарб муаммони ёритишга уриндилар. Ушбу саҳнавий талқинда образларни гавдалантириш маҳорати етишмади. Бухоролик вакиллар тайёрлаб келган кичик саҳна кўринишида нафс кўйига тушган аёлларнинг ўз эрларини бўйсундириб, ота-онасидан кечиш, ҳаром мол тўплашга мажбурлаётгани, натижада эркакларнинг пул топиш илинжида чет элга бориб, одам савдоси гирдобига тушаётгани каби аянчли ҳолатлар ифодаланган бўлса, етук ижро маҳоратига эга дея тан олинган тошкентлик номзодлар баъзи ота-оналар томонидан балоғат ёшига етмаган фарзандларининг мактабда илм ўрганишига тўсқинлик қилиб, уни бозорда турли йўллар билан пул топишга ундаши, боласи келажагига бефарқлик ёмон оқибатларга олиб келишини таъсирчан тарзда акслантирдилар. Андижонлик қатнашчилар талқинидаги оддий бир хонадон бекасининг қўл телефонига эга бўлиши натижасида тез орада келиб чиққан йирик можарога оид саҳна кўриниши сюжетида реал манзаралар, ҳаётий деталлар кўзга ташланмади. Ҳечқурса, унда кундалик турмушда бўй кўрсатаётган телефон билан боғлиқ маънавий-ахлоқий муаммолар кўтарилса, айни муддао бўлур эди. Таъкидлаш жоизки, танлов шартларини адо этишда аксарият қатнашчиларда низомга зид равишда белгиланган вақт (регламент)га риоя қилмаслик ҳолати кузатилди. Нима бўлганда ҳам, улар оила ва жамиятда ўз муносиб ўринларини топганликлари, ўзига хос истеъдод, етарли билим ва тажрибага эга эканликларини амалда исботладилар.

         Якуний натижаларга кўра, танловда ҳакамлар ҳайъати томонидан учинчи ўринга 42,4 балл жамғарган андижонлик Н. Аҳмедов ва М. Ёқубовалар жуфтлиги лойиқ деб топилди. Иккинчи ўринни 43,4 балл тўплаган бухоролик Д. Аҳмедов ҳамда М. Тошевалар оиласи қўлга киритди. Энг юқори поғонани эса 44,4 балл билан қашқадарёлик Тошпўлатовлар ҳамда Тошкент вилоятидан Исмоиловлар жуфтлиги забт этишди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан ажратилган қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Тадбир тафсилотлари юртимиз оммавий-ахборот воситалари орқали кенг ёритилди. Бу эса тадбир низомида кўзда тутилганидек, кўриш ногиронларининг оила ва жамият ишларидаги фаоллиги, тенгсиз ирода-ю матонатини жамоатчиликка тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этди. 

ТЕЗКОРЛИК ВА ТОПҚИРЛИК НАМОЙИШИ

         ЎзКОЖ МБ томонидан ўтказилаётган турли йўналишдаги тадбирлар шакл ва мазмун жиҳатдан такомиллашиб бораётгани айни ҳақиқат. Брайль ёзуви саводхонлиги бўйича республика кўрик-танлови мана, икки йилдирки, янгича кўринишда, яъни тез ва ифодали ўқиш, диктант ёзиш ҳамда тезкор савол-жавоб шартлари асосида ташкил этилмоқда. Бу галги танловда унинг ҳудудий босқичларида ғолиб чиққан 11 нафар билимдон, зукко иштирокчилар учта йўналиш бўйича ўзаро баҳсга киришдилар. Айрим сабабларга кўра, унда Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона ҳудудларидан вакиллар қатнашишмади. Бошқа жиҳатдан, ушбу танловда мактаб, лицей ўқувчиларининг ҳам иштирок этиши ёшларнинг бу каби тадбирларга қизиқиш ва интилишлари кучайиб бораётганидан далолат беради. Зеро, мазкур беллашувни уюштиришдан кўзланган мақсад тақдирдошларимиз ўртасида Брайль ёзуви бўйича саводхонлик даражасини ошириш, уларнинг китоб ўқиш, билим олишга бўлган саъй-ҳаракатларини янада юқори босқичга кўтариш, ёш авлод онгида юксак маънавиятни шакллантириш, шунингдек, чинакам истеъдод эгаларини моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантиришдан иборатдир.

         Танлов тафсилотларига тўхталсак, унда қатнашчилар дастлаб тарихий мавзудаги диктантни кирилл ёки лотин алифбосида Брайль шрифтида ёзишга киришдилар. Матнда баъзи нотаниш сўзлар учрагани сабабли деярли барча иштирокчилар, ҳатто олий маълумотли мутахассисларга ҳам уни тўғри, грамматик хатоларсиз ёзиш бироз қийинчилик туғдирди. Айниқса, бу борада Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари вакиллари паст натижа қайд этдилар. Қатнашчилар орасида Жиззахдаги кўзи ожиз болалар интернат-мактаби ўқувчиси Ф. Сафаров имло қоидаларини яхши ўзлаштиргани аён бўлди. Зеро, у диктантда бошқалардан фарқли тарзда нисбатан кам хатога йўл қўйди. Тез ва ифодали ўқиш беллашувида кирилл алифбосида мутолаа қилувчилар учун ғарб адиби Т. Драйзернинг “Америка фожеаси” ҳамда лотин алифбосини ўзлаштирганларга немис ёзувчиси Э. М. Ремаркнинг “Уч оғайни” романларидан олинган бобларни уч дақиқа давомида тез ва равон, нутқ қоидаларига амал қилган ҳолда ўқиш вазифаси топширилди. Бунда одатдагидек самарқандлик А. Абдуманнонов, бухоролик Л. Раҳмонова ҳамда Тошкент шаҳридан Ш. Ҳожиевалар пешқадамлар сафидан ўрин олди. Қолаверса, ёш тақдирдошларимиз орасида  китобсеварлар сони ортиб бораётгани кишини қувонтиради. Жумладан, Навоий, Жиззах, қашқадарёлик ёшлар матнни сухандонларга хос тарзда, таъсирчан руҳда мутолаа қилдилар. Андижон, Сирдарё, Тошкент, Наманган вилоятларидан қатнашган вакиллар белгиланган вақт ичида атиги 200 га яқин сўз ўқидилар, холос.

Танловнинг сўнгги ҳал қилувчи савол-жавоб шартида иштирокчиларнинг ЎзКОЖнинг кечаги ва бугунги фаолияти, Луи Брайль ҳаёти ҳамда у кашф этган бўртма ёзув, шунингдек, адабиёт, тарих фанларига доир билимлари синовдан ўтказилди. Бунда, асосан, Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари вакиллари берилган саволларга тўлиқ жавоб қайтариб, юқори балл тўплашга эришдилар. Самарқанд, Андижон, Сирдарё ва жиззахлик қатнашчилар жамият ўтмиши, Брайль ҳаёти билан боғлиқ маълумотлардан хабардорликларини намоён этган бўлсалар-да, тарихга оид саволлар жавобини топишда сусткашликка йўл қўйишди. Навоий, Тошкент вилоятларидан келган иштирокчилар эса биронта саволга ҳам тўғри жавоб бера олишмади.

         Ҳакамлар ҳайъати томонидан эълон қилинган натижаларга мувофиқ танловда энг кўп 44,2 балл йиққан пойтахт шаҳри вакиласи Ш. Ҳожиева мутлақ ғолибликка эришди. Иккинчи поғонани эса бухоролик Л. Раҳмонова 43,5 балл билан забт этди. Самарқандлик А. Абдуманнонов 40,3 балл тўплаб, учинчи ўринга лойиқ кўрилди. Рағбатлантирувчи мукофотга қашқадарёлик М. Искандарова (39,7 балл) ҳамда жиззахлик Ф. Сафаров (35 балл)лар мушарраф бўлишди. Ғолибларга ЎзКОЖ МБ томонидан тегишли даражадаги диплом ва совринлар топширилди. Шунингдек, танловдаги фаол иштироки учун навоийлик мактаб ўқувчиси М. Асадовга “Бир сафда” журнали таҳририятининг эсдалик совғаси ҳадя қилинди.

Икром РАЖАБ.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш