БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

                             “УНСИЗ ТЕАТР”НИНГ АКС-САДОСИ  

Драматургия, актёрлик, мусиқа, рақс, тасвирий санъатни ўзида мужассам этган театр санъати томошабинларнинг маънавий ва эстетик тарбияси юксалишида муҳим ўрин эгаллайди. Бугунги кунда республикамизда фаолият юритаётган давлат тасарруфидаги 37 та театр  мазкур санъатнинг ўзига хос сеҳру жозибаси, гўзаллик ва нафосатини намойиш этиб, халқимиз маданияти, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу борада уларда хизмат кўрсатаётган фидойи актёрлар, заҳматкаш режиссёрларнинг машаққатли меҳнати таҳсинга сазовор, албатта.

Халқ артисти Шукур Бурҳонов “Мен ижодимда уч нарсага амал қиламан: биринчиси, касбга муҳаббат ва садоқат; иккинчиси, темир интизом, фидойилик; учинчиси, халққа яқин бўлиш, халқни билиш, уни тушунишга ҳаракат қилиш”, деган экан. Ана шу қоидаларни умр мазмунига айлантирган суҳбатимиз қаҳрамони – таниқли кино ва театр актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жумадулло Раметов ўзини ҳам бадиий раҳбар, ҳам режиссёр сифатида намоён этиб, республикамизда биринчи бўлиб Кар-соқовлар театр труппасини тузди. Труппа томонидан дастлаб болаларга мўлжалланган “Зумрад ва қиммат”, “Қақилдоқ” эртаклари саҳналаштирилган бўлса, кейинчалик ёзувчи Шуҳратнинг “Беш кунлик куёв” комедияси томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. 2010 йил ушбу спектакль Тошкентда бўлиб ўтган республика театрларининг анъанавий “Наврўз” фестивалида совринли ўринни қўлга киритиб, труппа қимматбаҳо эсдалик совғаси билан тақдирланди. Спектаклда қатнашган актёрлар, уларнинг ижро маҳорати ҳақида театршунос танқидчи, профессор Л. Тўлахўжаева, таниқли артистлар Т. Йўлдошев, Ҳ. Икромовлар томонидан илиқ фикрлар билдирилди. Айни кунларда труппа аъзолари “Афандининг беш хотини” саҳна асари устида иш олиб боришяпти. Унда С. Саидваққосова. Н. Исломхўжаева, Ш. Абдуллаева, А. Иброҳимов, С. Мирмусаев каби ҳаваскор ижрочилар иштирок этишмоқда. Биз Жумадулло акага мурожаат этиб, мазкур труппанинг ташкил этилиши, бугунги фаолияти, мақсад-режалари, ундаги актёрлар ижро маҳорати, ижоддаги машаққатлар, устоз ва шогирд ўртасидаги муносабатлар ва шу каби мавзулар атрофида гапириб беришларини илтимос қилдик.  

– Труппанинг фаолиятини 2005 йилда Тошкентдаги 101-кар-соқов болалар махсус интернат-мактаби ўқувчилари иштирокида “Зумрад ва Қиммат” эртагини саҳналаштиришдан бошлаганмиз. Уни ташкил этишда мазкур ўқув даргоҳи директори М. Султонова менга яқиндан ёрдам берган. 30 – 35 дақиқалик томошамиз тайёр бўлгач, ота-оналар мажлиси чақириб, уларга спектаклни қўйиб берганмиз. Томошамиз муваффақиятли чиққанидан сўнг республика Кар-соқовлар жамиятининг Тошкентдаги 700 ўринли маданият саройида фаолиятимизни давом эттирдик. Бу ерда ҳам ишни дастлаб болалар томошасини саҳналаштиришдан бошладик, чунки катталар учун спектакль қўйишга ҳали тайёр эмас эдик. Ўқувчилар билан яна бир эртак-спектакль – “Қақилдоқ”ни томошабинлар эътиборига ҳавола этгач, катта ёшли актёрлар етишиб чиққандан сўнг “Беш кунлик куёв” асарини саҳналаштиришга қўл урдик. Кўпчилик бир ярим соатдан ортиқ давом этувчи бу томоша ногиронлар учун оғирлик қилиши мумкинлигидан хавотир олишган эди. Лекин актёрларимиз ролларни катта қизиқиш ва зўр иштиёқ билан ижро этишди.

Маданият саройига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиеванинг онаси Гўзал Шодиева директор эдилар. У кишининг раҳбарлигида спектаклни Тошкентдаги гапириш ва эшитиш қобилияти чекланган томошабинлар орасида муваффақиятли намойиш этгач, вилоятларга гастроль сафарига чиқишни мўлжалладик. Ўша пайтлари Маданият ишлари вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган Бахтиёр ака Сайфуллаевдан 12 кишилик труппа билан Самарқандга гастроль уюштириш, у ердаги маҳаллий театрда декорацияларидан фойдаланган ҳолда саҳна асарлари намойиш этиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ижросини таъминлашда ёрдам беришини илтимос қилдик. У киши Самарқандга қўнғироқ қилиб, бу ишларни ижобий ҳал этиб берди. Ўзимиз маблағ топиб Самарқандга етиб боргач, бир кеча қайнонамникида меҳмон бўлдик. Эртасига Чехов номидаги вилоят театрида “Беш кунлик куёв” спектаклини томошабинлар эътиборига ҳавола этиб, уларнинг олқишларига сазовор бўлдик. Мезбонлар биз учун ош дамлаб, чиройли зиёфат уюштиришди. Пешиндан кейин Регистон майдонини зиёрат қилдиришиб, зўр тантана билан кузатиб қўйишди. Биз хуш кайфиятда, гўзал таассуротлар билан Тошкентга қайтдик. 

2010 йили “Фонд форум” ёрдамида яна ўша спектакль билан водий бўйлаб сафарга чиқдик. Бу гал барча сарф-харажатлар жамғарма томонидан қопланди. Дастлаб Фарғона шаҳрида бўлдик. Вилоят театрининг Қўқондаги 700 ўринли лиқ тўла залида кар-соқовлар ва бошқа томошабинлар учун спектакль намойиш этиб, қўшиқлар ижро этдик. Труппамиз аъзолари нафақат роль ўйнашни, ҳатто “ашула айтиш”ни ҳам эплашади. Улар орасида қисман бўлса-да товуш англайдиганлари бор. Фонограммадан фойдаланган ҳолда улар ижросида “қўшиқ”лар тайёрлаймиз, яъни саҳнага чиққан ижрочи фонограммада куйланаётган қўшиқ сўзларини эшитиш аппарати орқали англаб, умуман эшитмайдиганларга имо-ишора тилида, қўл ҳаракатлари ёрдамида тушунтириб туради. Бундай чиқишлардан лол қолган фарғоналиклар: “Биз улар фақат гаплашишни билади десак, куйлашни ҳам қойиллатар экан-ку!” – дея олқишлашди. Сўнгра Андижон, Наманган вилоятларидаги томошаларимиз ҳам мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Айни кунларда “Афандининг беш хотини” комедияси устида ишлаяпмиз. Репетиция жараёнлари бошланганига 8 ойдан ошиб қолди. Боиси, Афанди ролига номзод топишимиз жуда қийин кечди. Ҳозир учинчи номзод билан синов машғулотлари давом этмоқда. Бу ишларда имо-ишора тилини яхши биладиган таржимоним менга яқиндан ёрдам беради. Спектакль тайёр бўлгач, барчангизни томошага таклиф қиламиз.

2005 йили Юнеско халқаро ташкилоти ташаббуси билан Парижда ўтказилган Хоразм ва Бухоро шаҳарларининг 2500 йиллиги зўр тантана қилинди. Унга ташриф буюрган Президентимиз раҳбарлигидаги делегация таркибида Ўзбек давлат драма театри жамоаси билан мен ҳам қатнашганман. Францияда юрганимизда кар-соқовлар театрида бўлиб, уларнинг томошаларини кўриб ҳайратда қолганман. Ўша пайтдаги таассуротларимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Менга ёққан нарса шу бўлдики, бу инсонларда тўрт мучаси соғлом кишиларда етишмайдиган, актёр учун зарур бўлган эмоционаллик жуда кучли. Актёрнинг ҳис-туйғуси тошқин бўлиши, ич-ичидан тезда ролга киришиб кетиши керак. Мен шу ҳолатни айни инсонлар табиатида кузатдим. Улар гапирса шунчаки гапирмайди, кучаниб, куйиб-пишиб, дард билан гапиради. Саҳнага чиққанларида айрим актёрларимизга айтганларимиз каби юракдан гапир, юрагинг ишламаяпти, деб айтишга ҳожат қолмайди. Францияда кўрганларимдан хулоса чиқариб, улар қилган ишни бизда ҳам амалга ошириш мумкин-ку, деган мақсадда айнан шундай труппа тузишга қарор қилган эдим. Бугунда бизникилар мен Парижда кўрганимдан-да зиёда ишлар қилишяпти. Қани эди биз ҳам парижликларга ўз томошаларимизни намойиш этиш имконини топа олсак!..

Республикамизда гапириш ва эшитиш имконияти чекланган шахслар сони қанчалик эканини билмадиму, аммо улар ҳам инсон, Ўзбекистон фуқароси, биз билан теппа-тенг ҳуқуққа эга. Жамиятда яратилган шарт-шароитлар, имкониятлардан фойдаланишга уларнинг ҳам ҳаққи бор.  Нега энди  бу инсонлар театр кўрмаслиги, санъатдан баҳраманд бўлмаслиги керак? Аслида улар бу нарсаларни биздан талаб қилишга ҳақли. Лекин биз буни кутиб турмасдан ўзимиз аввалроқ ҳаракатга киришсак, ёрдам қўлини чўзсак, катта савоб ишни амалга оширган бўламиз. Юқорида айтганимдек, эндигина тўртта вилоятга сафар уюштирдик. Қолганлари навбат кутиб турибди... 

Мен тажриба алмашиш мақсадида Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларини суриштириб кўрдим. Бундай труппа уларда ҳали ташкил этилмаган экан. Қардош республикаларга бориб бемалол томошалар қўйиб келсак бўларкан. Яна бир қулай томони – имо-ишора тили айни тоифа инсонлар учун халқаро тил мақомига эга бўлиб, таржимонга ҳам зарурат бўлмас экан. Айтишларича, ўзларигагина маълум жиҳатларни эътиборга олмаганда улар бир-бирларини қийинчиликсиз тушунишаркан. Шу боис келгусида труппамиз билан дунё бўйлаб сафарларга чиқиш, томошалар кўрсатиш, миллий қадриятларимизни хорижликларга намойиш этиш ниятимиз бор. Эҳтимол, кейинчалик бу ниятимиз амалга ошиб, чет эллларга бориб тажриба алмашиш имкони ҳам туғилар.

Шу ўринда санъатга муҳаббат уйғотган, унинг сир-асрорларини ўргатган устозларим – “Илҳом” театри раҳбари  Э. Масафоев, таниқли режиссёр Б. Йўлдошевлар номини ҳурмат билан тилга олишни истардим. Ўзбекистондаги энг кучли, манаман деган режиссёрлардан саналувчи бу гигант санъаткорларнинг бири менга назарий жиҳатдан, бири эса амалиётдан сабоқ беришган. Мени тинимсиз меҳнат қилишга ўргатишган. Баҳодир аканинг уйларига хабар олгани бориб ҳар гал гаплашганимда, “Акажон, сочингизнинг эллик фоизини мен оқартирганман, рози бўлинг”, десам куладилар. Швейцариялик ёзувчи Ф. Дрюматнинг “Бир эшак ҳангомаси” спектаклида Эшакфуруш ролини ижро этиб, республикамиздаги 37 та театр актёрлари ичида “Йилнинг энг яхши актёри” номинацияси ғолиблигига лойиқ кўрилишим у кишининг меҳнати самараси бўлган. Устозларим менга нафақат актёрликни, балки камтарлик, меҳнатсеварлик,  инсонийликни ўргатишган. Ногиронлар билан ишлашимнинг сабаби, тагзамини ҳам шуларнинг ўгитлари туфайли бўлса ажабмас. Устозлардан яна сабр-тоқатни, пулнинг кетидан қувмасликни ўргандим. Раҳматли Э. Масафоев: “Сен индамасдан ишлайвер, пулнинг ўзи изингдан келаверади”, десалар, “қачон келади?” дея сўрайверардим. Мана энди айтганлари ижобат бўлиб, шундай кунлар келди. Аллоҳга шукур, театр, кино ва бошқалардан кетма-кет таклифлар тушмоқда. Кинода йилига ўнтагача роль ўйнаяпман, театрдан ортиб, труппамиз билан ишлашга ҳам улгураяпман. Албатта, буларнинг барчаси фидойи устозларим меҳнатининг самарасидир. Шуни айтишни истардимки, устозларнинг шогирдлардан пул олишини ҳеч ҳам ҳазм қилолмайман. 1977 – 1980 йилларда “Илҳом” театрида Э. Масафоев қўлида сабоқ олганимда ҳаммага жавоб, фақат сен қоласан, деб мен билан эринмасдан 8 – 10 соатлаб ишларди, бир тийин ҳақ олмасди. Битта нон кўтариб борсам, шунинг ҳам пулини берарди. Ҳозиргиларга ҳайрон қоламан, бир нарса ўргатадими-йўқми, албатта, репетиторман, деб пул талаб қилади. Агар устозларим мендан ҳақ сўрайдиган бўлса, жонимни беришимга тўғри келади. Ахир, улар мен учун жонини, асабини, кўзининг нурини аяшмади-ку, олтиндан қиммат вақтини сарфлашди-ку! Улардан ҳамиша миннатдорман.  

Яна труппа фаолиятига тўхталадиган бўлсам, ҳозирда унда 15 киши мунтазам иштирок этиб келмоқда. Актёрларимиз ёши чегараланмаган. Улар орасида 18 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар бор. Вақтида 7 ёшли болалар билан ҳам ишлаганман. Труппа репертуари дастлаб эртак-томошалардан бошланган бўлса, кейинроқ ундан  катталар учун спектакль ва қўшиқлар жой олди. Буларнинг барчасини актёрларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишларидан келиб чиқиб тайёрлаганмиз. Машғулотларни Кар-соқовлар маданият саройида олиб борардик. Аммо қиш мавсумида хоналар совиб кетиб, репетиция жараёнлари тўхтаб қоларди. Бундан хабар топган Ўзбек Давлат драма театри директори, раҳматли С. Аҳроров 2008 йилда менга: “Бу театрда кимлар ишлаб кетмаган, эртага биздан ҳам қолади. Труппангизни олиб келинг, шу ерда шуғулланишсин, савоб бўлади”, – деб рухсат бердилар. Шундан бери ушбу театрда репетиция машғулотларини ўтказамиз. Саҳна безаклари, либослар, аппаратуралардан фойдаланамиз. Ҳозирги янги директоримиз Ботир ака Тожихўжаев ҳам бизни қўллаб-қувватлаб, Худо хоҳласа, “Афандининг беш хотини” спектакли премьерасини Ўзбек давлат драма театрида ўтказиб, унинг қошида Кар-соқовлар театр студиясини ташкил этамиз, деган таклифни билдиряптилар.

Бундан ташқари, кўзи ожизлар жамияти билан ҳамкорлик қилиш ниятим ҳам йўқ эмас. Жамиятнинг Навоий вилоятида бўлиб ўтган 80 йиллиги тантаналарида иштирок этганимда бир ашулачи Ўзбекистон Халқ артисти Сойиб Хўжаевнинг овозини шу даражада қойилмақом қилиб ўхшатдики, ҳаяжонланганимдан микрофонни қўлимга олиб, Худо хоҳласа, сизлар билан “Тошболта ошиқ” драмасини қўяман, деб ваъда бериб юбордим. Эндиликда  пьеса матни, мусиқаларини тайёрлаб ёнимда олиб юрибман. Фақат улар билан учрашишга, ишлашга, ролларни тақсимлаб беришга вақт тополмаяпман.  Аслида кўзи ожизлар билан ҳамкорлик илгарироқ бошланган эди. Тошкент шаҳридаги имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган республика касб-ҳунар коллежи кўзи ожизлар гуруҳи ўқувчилари билан ишга жиддий киришиб, уларга Э. Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достонидаги ролларни тақсимлаб, ёздириб ҳам қўйгандим. Афсуски, коллежга янги раҳбар келиши билан вазият ўзгариб, ишларимиз юришмай қолди. Менимча, у унчалик санъатга қизиқмайди, шекилли. Ўқувчиларни бир-икки марта машғулотларга чақирсам, директоримиз рухсат бермаяпти, деб келишмади ва шу билан ишимиз ниҳоясига етмай қолди. Бу ҳақда директорга қўнғироқ қилиб, сиз билан суҳбатлашмоқчиман десам, гаплашишни истамади. Мен ундан сиздан ўзимга пул сўраётганим, булардан ҳам пул олаётганим йўқ, бошлаб қўйган ишимни давом эттирсам майлими, деб сўрамоқчи эдим. Инчинун, труппани ташкил этиб, томошалар қўйиб, бирон жойдан бир тийин пул олган ёки манфаат кўрган, бировдан бир нарса таъма қилган эмасман. Фақат ёлғон бўлмасин, ишларимни энди йўлга қўяётган пайтимда Тошкентдаги  101-мактаб бироз муддат ойлик тўлаган, холос. Мен бу гапларни аччиқланганимдан ёки мақтаниб айтаётганим йўқ. Ниятим – труппамиз кўзга кўринган театрлар қаторидан жой олса, улар сафида юрса, шунинг ўзи етарли. Яқинда бир йиғинда “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Ж. Қосимов киноижодкорларга труппамиз ҳақида гапириб, Ж. Раметов кар-соқовлар иштирокида бир ярим соатлик спектакль тайёрлапти, вилоятларга гастроль сафарларига чиқибди, нега шу ҳақда 15 – 20 дақиқалик ҳужжатли фильм ишламаяпсизлар, деган фикрни билдирибди. Мен буни эшитиб, камтарона хизматимиз жамоатчилик эътиборига тушганидан, кўпчиликка маъқул келганидан хурсанд бўлдим. Спектаклимиз телевидениенинг “Ўзбекистон” каналида намойиш этилгач, вилоятлардан ташаккур сўзлари битилган хатлар олдим.

Томошаларимиз асосан кар-соқовлар учун мўлжалланган бўлса-да, уларга бошқа томошабинлар ҳам киришини эътиборга олиб, биринчи қаторда ўтирганча қўлимиздаги пьеса матни ҳамда актёрлар ҳаракатларига қараб, эркакларга ўзим, аёлларга ёнимдаги шеригим овоз бериб, саҳнадаги воқеалар айтиб турилади. Труппамизга тағин вилоятлардан таклифлар тушяпти.

         Труппа аъзолари орасида умуман эшитмайдиган ва гапиролмайдиганлари ҳам бор. Бироқ барчаси махсус интернат-мактабларда савод чиқариб, ўқиш-ёзиш, имо-ишора тилини яхши ўзлаштирган. Спектакль матнини қўлларига ёзиб берсам-да, ролларини таржимон ёрдамида қайта-қайта тушунтириш, репетиция жараёнида 20 – 30 марталаб такрорлаш натижасида ёдлаб оладилар. Мен улардан нолимайман, театрга чанқоқ, қизиқишлари зўр. Тўғри, машғулот пайтида уларга баъзи бир ҳолат, ҳаракатларни, айтайлик, ғазаб ёки қувноқ кайфиятни, ҳис-туйғуни ифодалашни ўргатиш бироз мушкуллик туғдиради. Буни сўз ёки матнни ўқитиш билан тушунтириб бериш қийин. Бундай ҳолларда таржимон ёрдамидан фойдаланамиз. Актёр ундан нима қилиш кераклигини ўрганиб олгандан сўнг жаҳд билан образга киришиб кетади ва ўша ҳолатни кўрсатиб бера олади. Санъат институти ёки биронта олийгоҳда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган 4-5 та талабани актёрликка ўқитадиган кичикроқ бўлим ёки факультет ташкил этилса, қани эди! Уларни жон деб ўзим ўқитардим, дарс берардим. Бир пайтлари Маданият ва спорт ишлари вазирлигига “Маданият институтида кар-соқовлар учун актёрлик факультети очайлик, ҳар йили унга 5 та, ҳеч бўлмаганда 3 та талаба қабул қилайлик”, деган таклиф билан чиққанман. Ўтган йили Санъат ва маданият институтига “Беш кунлик куёв” спектаклида бош ролни ўйнаган Аббос деган ўқувчимни ижодий имтиҳонга олиб бордим. Комиссия аъзолари гапиролмайдиган одам ҳам роль ижро этиши мумкинми, дегандек бошда бизга унча ишонишмади. Шунда иккаламиз спектаклдан 8 дақиқалик парча қўйиб бердик. Улар ўқувчимнинг маҳоратига тасаннолар айтиб, бир овоздан 5 баҳо қўйишди. Афсуски, фанларга оид тест синовида 2 балл етмай ўқишга киролмади. Эндиликда оила ташвиши, иш, тирикчилик деб ўқишга вақт тополмаяпти. Мен бундай истеъдодлардан кўпчилигини биламан. Қани эди, улар ҳам санъат институтларида ўқишса, соғлом талабалар қатори актёрлик маҳоратидан сабоқлар олишса! Билмадим, бу таклифлар қачон мутасаддиларнинг қулоғига етиб бораркин?!

Дарҳақиқат, санъат дарду ташвиши билан яшаётган бу куюнчак, тиниб-тинчимас актёрнинг бўш вақтини топиш қийин экан. Қачон қараманг, ё театрда труппа билан репетиция қилаётган ёки кинода суратга тушаётган ёхуд театрда ўз ролини яратиш устида изланаётган бўлади. Унинг кино ва театрдаги роллари ҳақида гапириш биргина мақола мавзусига сиғмайди. Биз Жумадулло ака ва у ташкил этган театр фаолиятига ривож тилаган ҳолда эл севган санъаткоримизнинг баракали ижоди ва шарафли меҳнатига ҳаққоний баҳо сифатида айтилган Ўзбек Давлат драма театри труппа бошлиғи Хадича Ризаеванинг қуйидаги фикрлари билан суҳбатимизни якунлашни лозим топдик:    

         “Бир куни Самарқандга гастроль сафарига кетаётганимизда Жумадуллога: “Труппа аъзолари билан ҳар доим таржимон ёрдамида мулоқот қиласиз, ўзингиз ҳам мустақил гаплаша оласизми?” – деб ҳазиллашганимизда у имо-ишора тилида чиройли бир шеър ўқиб бериб, уни ҳам қўл ҳаракати, ҳам товуш орқали гўзал қилиб тушунтириб бизни ҳайратда қолдирганди. Шунда бу соҳанинг ҳам ўзига хос ажойиб жиҳатлари борлиги, хоҳ сўз, хоҳ имо-ишора орқали бўлсин, санъатнинг чегара билмаслиги, у гўзаллиги, нафосати билан ҳар бир инсоннинг қалбига йўл топа олишига амин бўлганман. Труппанинг барча сарф-харажатлари Жумадуллонинг шахсий жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади. Труппа аъзолари қаерга, қайси ташкилотга боришмасин, уларни зўр қизиқиш, ҳаяжон билан кутиб олишади. Вилоятда сафарда юрганимизда бир киши узоқдан ёнимизга югуриб келиб, имо-ишоралар билан бир нималарни суриштира бошлади. Кейин билсак, у Жумадуллони телевиденида кўриб таниб қолган экан. Унинг спектаклларини кўрганини айтиб, бизнинг ташкилотга ҳам борасизми, томошалар қўйиб берасизми, деб сўраётган экан.       

         Тўрт мучаси соғлом инсонлар ҳаётда кўп нарсага осонроқ эришганлари учун атрофдагиларга унча эътибор беравермайди. Лекин кар-соқовлар бундай эмас. Бир-бирларини ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Репетиция жараёнларини кузатганимизда биронтаси режиссёр кўрсатмасини тезроқ тушунмаса, бажаришга қийналса, иккинчиси дарров ёнига келиб, режиссёрга ҳам аҳамият бермай, жон куйдириб тушунтиришга киришиб кетади. Бутун диққатини саҳна жараёнига қаратади. Ҳар бир ишга, топшириққа эътибор билан ёндашади, масъулиятни юракдан ҳис этади. Бир образни яратиш учун актёр унинг характери, ички оламини очиб бериши, кечмиш-кечирмишларини томошабин кўз ўнгида гавдалантира олиши керак. Тил воситасида оддий нарсаларни сўз билан тушунтиришга қанчалик қийналамиз-у, энди имо-ишора орқали бутун бир асарни томошабинга етказишнинг заҳматини тасаввур қилаверинг.

Дарҳақиқат, Ж. Раметовни чин маънода санъат фидойиси, матонатли инсон десак янглишмаган бўламиз. Чунки гапириш ва эшитиш қобилияти чекланган   шахслар билан театр қўйиш, уларнинг тилини тушуниб, кўнглига йўл топиш, бажарадиган вазифаларини тушунтириб, талаб қилишнинг ўзи катта жасорат!”. 

                                                                        Суҳбатдош Қудрат ОЧИЛОВ.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш