БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

СЎЗ-Ю СОЗИДА СЕҲР БОР

Дарддошларимиз орасида санъат ва адабиётга қизиқиш анча юқори. Кимдир болаликдан тинглаган мафтункор наволар сеҳридан таъсирланиб, устозлардан куй-қўшиқ ижрочилигининг нозик қирраларини ўрганишга киришса, яна кимдир бадиий сўз жозибасидан илҳомланиб, беихтиёр қўлига қалам олган кўйи қалб кечинмаларини қоғозга туширишга интилади. Бу йўлдаги тинимсиз изланишу заҳматли меҳнат инсонда ўзига хос қобилият ва иқтидорнинг ўсиб-ривожланишига туртки беради. Албатта, кўзи ожизларнинг муайян соҳада ёрқин истеъдод ва салоҳиятини намоён этишига шароит яратиш унинг умумжамият билан интеграциялашувига йўл очади. Жамиятдошлар орасидаги ана шундай чинакам истеъдод соҳибларини аниқлаш, уларни моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантириш, ўзаро ижодий тажриба алмашишларига имкон яратиш мақсадида ЎзКОЖ МБ ташаббуси билан Ватанимиз Мустақиллигининг 24 йиллигига бағишлаб кўзи ожиз ҳаваскор созанда ва бадиий ўқиш ихлосмандлари ўртасида “Сўз ва соз сеҳри-ла олам мунаввар” номли республика кўрик-танлови ўтказилди.

         Танловнинг қуйи босқичи май-июнь ойларида тизимимиздаги барча ҳудудий бўлимлар томонидан юқори савияда уюштирилиб, унда ғолиб чиққан 28 нафар иштирокчи якуний беллашувда миллий созандалик ва бадиий ўқиш йўналишлари бўйича бор маҳоратларини намойиш этдилар. Уларнинг чиқишлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар – созанда Т. Ражабий, актриса Г. Зокирова ҳамда Низомий номидаги ТДПУ доценти Д. Қодировлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан белгиланган мезонлар асосида баҳолаб борилди. Очилиш маросимида ЎзКОЖ раиси А. Абдунабиев сўзга чиқиб, бугунги кунда жамият миқёсида кўзи ожизлар ижтимоий реабилитациясига йўналтирилган маданий-маърифий ва спорт тадбирларининг қамрови кенгайиб, замонавий қиёфа касб этиб бораётгани, мазкур танлов ҳам санъатга ошифта жамият аъзоларининг истеъдодларига кенг жамоатчилик эътиборини қаратишда муҳим аҳамиятга эга экани, қатнашчилар таркибида ёшларнинг салмоқли ўрин тутиши санъат ва адабиёт соҳаларида ёш иқтидорлар сони ортаётганидан далолат беришини таъкидлади.

Танловда миллий созандалик йўналиши бўйича иштирокчилар томонидан рубоб, дутор, ғижжак, най, сато, дўмбира каби миллий чолғу асбобларида бастакорлар ижоди ҳамда халқ куйларидан намуналар ижро этилди. Хусусан, самарқандлик З. Салимов ижросидаги Т. Жалиловнинг “Уйғон, болам”, фарғоналик А. Исоқов талқинидаги Т. Алиматовнинг “Сато ноласи” ҳамда андижонлик М. Нишонов скрипка созида чалган Ғ. Тошматовнинг “Гулжамол” номли куйларида устоз санъаткорларнинг ўтли нафаси сезилиб турди. Шунингдек, Тошкент, Наманган вилоятларидан келган ва пойтахтлик ёш ҳаваскорлар ўз чиқишларида мусиқанинг бор сеҳри, мураккаблик жиҳатларини очиб беришга уриндилар. Шу билан бирга қорақалпоғистонлик Д. Идаев, жиззахлик Э. Юсупов ижросидаги халқ куйлари ўзига хос жарангдорлик касб этиб, мухлислар дилига хушнудлик олиб кирди. Аксинча, Сурхондарё, Қашқадарё, Сирдарё ва навоийлик вакиллар ижроларида бундай жозибадорлик кузатилмади.

 Бадиий ўқиш йўналишида ҳам адабиётга шайдо, ижодга ошно жамият аъзолари томонидан Она Ватан, муҳаббат, садоқат мавзуларида ажойиб шеър, ғазал ва монологлар ҳавола қилинди. Айниқса, Андижон, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳри вакиллари тақдим этган дардли ашъорлар йиғилганлар юрагини жунбишга келтирди. Шунингдек, фарғоналик У. Ҳошимованинг Зулфияхоним хотирасига атаб битилган, наманганлик Б. Розиқовнинг истиқлол тараннум этилган ҳамда Тошкент вилоятидан Д. Оқбўтаева қаламига мансуб кўнгил изтироблари ила йўғрилган шеърларда бетакрорлик, ҳиссий жўшқинлик кўзга ташланди. Айтиш жоизки, содда, айни пайтда халқ ёдига муҳрланган ижод намуналарини тақдим этган Бухоро, Сирдарё, жиззахлик иштирокчилар эътиборли натижа кўрсата олишмади. Қолаверса, айрим қатнашчилар ўз чиқишларида бадиий асарда акс этган кечинмаларни ортиқча ҳис-туйғу ва эҳтирос билан ифодалашга урингани ҳам эътирозга лойиқ.

         Ҳакамлар ҳайъати томонидан иқтидорли иштирокчиларнинг кўплиги инобатга олиниб, ҳар икки йўналишда Низомда белгиланганидан ташқари яна қўшимча рағбатлантирувчи ўринлар таъсис этилди. Якуний натижаларга кўра, созандалик бўйича 1-ўрин андижонлик моҳир ижрочи М. Нишоновга насиб этди. 2-ўринни Самарқанд шаҳридаги 8-сон маданият ва аҳоли дам олиш маркази бадиий раҳбари З. Салимов қўлга киритган бўлса, 3-поғонага Тошкент вилояти шарафини ҳимоя қилган С. Мадраҳимов лойиқ кўрилди. Наманганлик А. Абдураззоқов, фарғоналик А. Исоқов ҳамда тошкентлик У. Маматхоновлар рағбатлантирувчи ўрин соҳиби бўлдилар. Бадиий ўқиш йўналишида энг юқори поғонани Низомий номидаги ТДПУ талабаси Ф. Ғуломхонов эгаллади. 2, 3-ўринларни андижонлик С. Турсунова ва Тошкент вилоятидан Д. Оқбўтаевалар банд этишди. Умидли ижодкорлардан У. Ҳошимова (Фарғона), М. Бўриева (Сурхондарё), Б. Розиқов (Наманган), Ф. Пирназаров (Қорақалпоғистон) ва Н. Солиева (Самарқанд)ларга рағбатлантирувчи ўрин берилди. Ғолибларга ЎзКОЖ МБ томонидан совринлар ва фахрий ёрлиқлар, шунингдек, барча қатнашчиларга эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир жараёнида меҳмонларнинг самимий дил изҳорлари, айниқса, таниқли актриса Г. Зокирова ижросидаги шеъру монологлар томошабинлар қалбига кўтаринкилик бағишлади. Биз бугун санъат ва адабиёт соҳаларида ёрқин истеъдод, ижодий қобилиятга эга жамиятимиз аъзоларининг келажакда республика миқёсида машҳур санъаткор ва бадиий сўз устаси сифатида халқ эътирофига ноил бўлишларига умид билдирамиз.

Икром РАЖАБОВ.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш