БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

КОМПЬЮТЕР БИЛАН МУЛОҚОТ КЕНГАЙМОҚДА

Компьютер технологиялари бугун инсоният фаолиятининг барча жабҳаларида муваффақиятли тарзда қўлланилмоқда. Компьютер, мобил алоқа воситалари юқори даражада юксалиб бориши, теле ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб, тармоқда янгидан-янги хизмат турлари пайдо бўлиши табиий равишда улардан фойдаланувчилар сафининг кенгайишига туртки бермоқда.Маълумотларга кўра, улкан ахборот манбаи, замонавий коммуникация воситаси бўлмиш Интернет тизимидан айни пайтда мамлакатимизда 10 млн.дан зиёд фуқаро (уларнинг қарийб 80 фоизи ёшлар) фойдаланмоқда. Ер шари веб-аудиторияси эса 2,7 млрд. кишини қамраб олиб, яъни умумий аҳолининг 30 фоиздан ортиқроғини ташкил этади. Бугунги кунда Интернет тармоғига уланган шахсий компьютер эгалари кўп нарсани хонадан чиқмай туриб билиб олишлари, ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб топишлари, матний, тасвирий, овозли ва видеомаълумотлар билан бир вақтнинг ўзида танишишлари мумкин.

“Google” компанияси таҳлилларидан аён бўлишича, Ўзбекистонда бир кунда “odnoklassniki.ru”дан 200 минг, “faсebook”дан 90 мингга яқин, “Мой Мир”дан эса 40 минг нафардан зиёд киши фойдаланиши аниқланган. Сайёрамизда рўй бераётган воқеалар дарҳол “Fасеbооk” ёки “Twitter” орқали муҳокама этилиб, уларда акс этмиш ҳар қандай хабарга минглаб, миллионлаб изоҳлар ёзиб қолдирилади. Шунингдек, машҳур шахслар, давлат арбоблари, санъаткор ва спортчиларнинг ижтимоий тармоқларда аккаунт (шахсий саҳифа) очиши одатий ҳолга айланиб улгурди. “Twitter” сайти расмий маълумотларига қараганда, обуначилар сони бўйича сайт рейтингида етакчилик қилаётган қўшиқчи Кетти Перрининг 56, АҚШ президенти Барак Обаманинг 46, футболчи Криштиану Роналдонинг 29 млн. ўқувчиси бор.

Бугунга келиб Интернет тармоғи соғлом инсонлар қатори кўзи ожиз ёшларнинг ҳам фаол ҳаракат майдонига айланмоқда. Юқори сифатли мобил телефонлар ҳамда шахсий компьютерларга эга бўлган жамиятдошларимиз сони ортиб, улар айни имкониятдан фойдаланишлари давомида интеллектуал салоҳиятларини юксалтириб бормоқдалар. Жамият аъзоларининг замонавий ахборот технологияларини ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш, улар   билан мулоқотини янада кенгроқ йўлга қўйишни мақсад қилган кўриш имкони чекланган шахслар ўртасидаги Компьютер саводхонлиги республика кўрик-танлови Самарқанд шаҳрида ЎзКОЖ МБ ва Самарқанд ВБнинг ўзаро ҳамкорлигида ўтказилди. Тизимимиз миқёсида иккинчи марта уюштирилган мазкур тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимлари йўллаган 14 нафар соҳа билимдонлари беллашдилар. Дастлаб танлов доирасида кўзи ожизларнинг умумжамиятга интеграциялашувида замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг ўрни юзасидан давра суҳбати ташкил этилиб, унда ясси ёзувдаги китобларни сканер ёрдамида ўқиш имконини берувчи Oppen book, овоз ёзувчи Saund forj, Android тизимида ишловчи мобил телефонларда кўриш ногиронлари фойдаланадиган турли хил дастурлар, иловалар, хизматлар, шунингдек,   жамиятдошларимиз турмушига ахборот технологиялари соҳасидаги қулайликларни жорий этиш хусусида сўз юритилди. Чунончи, Oppen book дастури ясси ёзувдаги ҳужжат ва матнларни электрон шаклга ўгириш, брайль ёзувида чоп этиш, интернет тармоғидан керакли маълумот ва китобларни топиш имконини бериши қайд этилди. Суҳбат жараёнида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олган иштирокчилар замонавий гаджетлар, инновация, уяли алоқа воситаларининг ўзига хос имконият ва устунликларидан самарали фойдаланиш бўйича ўзаро тажриба алмашиб, ўзбекча синтезатор яратиш масаласига ҳам тўхталдилар.  

Таъкидланишича, Android смартфонларни бошқарувчи операцион тизим ҳисобланиб, у “яшил ўзга сайёралик” деган маънони билдиради. Кенг қўлланувчи ушбу мобил операцион тизим АҚШнинг Калифорния штатида жойлашган “Android Inc” фирмаси томонидан 2003 йилда яратилган.   Дастлабки Android 1.0 версияси 2008 йил 23 сентябрда фойдаланувчиларга тақдим этилган. Статистик маълумотларга қараганда ҳар 2 смартфондан бири Android тизимида ишлар экан. Android фойдаланувчилари сони 250 млн.дан зиёд бўлиб, у АҚШ ва Россия давлатларида кўпроқ урфга кирган. Электрон магазин бўлмиш “Google Market”да 500 млн.дан ортиқ android операцион тизими учун иловалар мавжуд. Эндиликда нафақат смартфонлар, балки планшет, нетбук ва смартбукларнинг ҳам мазкур тизимда ишлаши таъминланмоқда. “Android Market”дан фойдаланувчилар, турли давлат фуқаролари учун ҳар хил имтиёзлар берилган. Масалан, кимларгадир текин, яна бировларга пулли дастурларни олишга рухсат этилган. Ҳар бир янги  Android версияси рақами билан бирга маълум бир ном билан чиқиши анъанага айланган. Инглиз алифбоси тартибидаги бу номларнинг иккитаси роботлар, қолганлари ширинликлар билан боғлиқдир. Қисқаси, жуда кўп кичик дастурлар ҳамда ўйинларга эга бу супер тизим барчага маъқул.  

Ўзбекистон давлат Консерваторияси қошидаги академик лицей ўқитувчиси У. Маматхоновнинг билдиришича, Android тизимли смартфонлар орқали кўзи ожизлар пул бирликлари, ранглар, маҳсулотларнинг штрих кодларини аниқлаши, “Мой город” иловасидан фойдаланиб манзил, йўл харитаси, об-ҳаво ҳақида маълумотга эга бўлиши, кўриш ногиронлари учун мўлжалланган турли ўйинлар, овозли файллар ва синтезаторларни “Google почта”, “Интернет”, “Pley маркет”дан юклаб олиши мумкин. Ушбу тизим доирасида яна “Компьютер тузатиш” дастури кўмагида уйда ўтирган ҳолда бошқа бировнинг компьютерини созлаш, “Дуся” ассистентига буйруқ бериб, sms хабар ёздириш, Wi-Fi, GPS, Bluetoothни ёқиб-ўчириш ва бошқа вазифаларни овозли йўсинда бажариш, бугунги кунда оммалашиб бораётган  “Agent” иловаси, “Instagram”, “Telegram” хизмаатларидан фойдаланиш, “WhatsApp”да қўнғироқлар қабул қилиш имкониятлари мавжуд. Смартфонларнинг афзаллиги оператив хотира ва флеш-модул ҳажмининг катталиги, Android версиясини автоматик тарзда янгилаши, экранининг зарар кўришдан ҳимояланганидир. Бироқ сенсорли мобил телефонлардан фойдаланиш кўзи ожизлар учун бироз ноқулайлик туғдиради.

Тадбирда қатнашган ЎзКОЖ раиси ўринбосари А. Мирҳамидов жамиятдошларимизга “Бир сафда” журналининг “Birsafda.uz” веб-саҳифаси иш бошлаганини маълум қилиб, унга ташриф буюрувчилардан сайтнинг қизиқарли ва бардавом бўлиши учун фикр-мулоҳаза ва таклифларини ёзиб қолдиришларини сўради. Ўзбек тилида гапирувчи синтезатор яратиш масаласида эса жамият раҳбарияти билан компьютер билимдонлари ўзаро ҳамкорликда ҳаракат қилишлари зарурлигини таъкидлади.

Энди танлов тафсилотларига тўхталадиган бўлсак, иштирокчилар Jaws овозли дастури, браузер ва принтерга эга компьютерлардан фойдаланган ҳолда топшириқларни бажаришга киришдилар. Танлов низомига кўра, Word дастурида ишлаш, Интернет тармоғидан бирон-бир маълумотни кўчириб олиш шартлари ижросига 15, матн (ҳужжат)ни дискка кўчириш, белгиланган электрон манзилга хабар йўллаш учун 10 дақиқадан вақт ажратилиб, уларни муддатидан олдин уддалаган қатнашчиларга қўшимча баллар берилди. Дастлаб Word  дастури доирасида 40 сўздан кам бўлмаган матнни ўзбек тилининг имло қоидаларига риоя қилган ҳолда компьютерда ёзиш ва уни принтердан чиқариш бўйича билимдонлик ва тезкорлик даражаси синовдан ўтказилди. Ушбу топшириқ ижросини таъминлашда наманганлик Б. Розиқов, самарқандлик О. Ҳасанов, Навоийдан Қ. Нуруллаевлар фаоллик кўрсатган бўлса, аксинча, Қорақалпоғистон РБ, Тошкент вилоятидан келган вакиллар белгиланган вақт давомида берилган матнни электрон кўринишга келтиришда сусткашликка йўл қўйишди. Танловнинг иккинчи шартида эса иштирокчилар матнни дискка кўчириш бобидаги маҳоратларини намойиш қилдилар. Кўзи ожизлардан етарли кўникма талаб этувчи айни вазифани навоийлик вакилдан бошқа барча қатнашчилар уддабуронлик билан адо этдилар.  

Навбатдаги шартларда кўзи ожизларнинг Интернетдан фойдаланиш бўйича имкониятлари баҳоланди. Бунда улар флешмодемлар орқали белгиланган электрон манзилга хабар йўллаш ҳамда Интернетдан бирор маълумотни олиб, компьютер хотирасига киритиш амалларини бажардилар.     Бухоро, Жиззах вилоятларидан келган вакиллар ушбу топшириқларни уддалашда қониқарсиз натижа кўрсатдилар.  

Танлов якунида ҳакамлар ҳайъати раиси А. Қиличев ғолиб ва совриндорлар номини эълон қилди. Наманганлик Б. Розиқов 41 балл билан шоҳсупанинг 1-поғонасидан жой олган бўлса, 40 балл жамғарган самарқандлик О. Ҳасанов 2, Андижон вилояти вакили Б. Абдулҳамидов 38 балл тўплаб 3-ўринни эгаллади. 37 балл йиққан хоразмлик Р. Жабборовга рағбатлантирувчи ўрин насиб этди. Ғолиблар тадбир ташкилотчилари томонидан таъсис этилган диплом ва мукофотлар, қолган иштирокчилар эсдалик совғалар билан тақдирланди. Хулоса ўрнида айтиш жоизки, компьютер билимдонлари синови қатнашчиларнинг Интернетда ишлаш, ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш, керакли файл ва дастурларни олиш, сақлаш, электрон манзиллар очиш борасидаги билимларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.  

Қудрат ОЧИЛОВ.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш