БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Санъатга ихлосманд инсонларни бирлаштирувчи мусиқа дунёсида кўнгил мулкига жо бўлган азиз туйғуларнинг самимий ифодаси мужассам. Айтишларича, санъатга ошифталик қалб поклигидан далолат бераркан. Бу каби ошнолик ёрқин истеъдодларнинг кашф этилиши, янгидан-янги асарлар дунёга келишига туртки бўлиб хизмат қилади. Сир эмас, жамиятдошларимиз орасида ўз ёқимли овози билан мухлислар кўнглидан жой олиб, эл ардоғига сазовор бўлган иқтидор эгалари талайгина. Уларнинг муносиб издошлари бўлишга интилаётган ёш ҳаваскор хонандаларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодини юзага чиқариш мақсадида маданий тадбирлар уюштириш жамиятимиз тизимида хайрли анъанага айланган. Жорий йилнинг сентябрь ойида ЎзКОЖ МБ ташаббуси билан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси,республика Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда “Камолот” ЁИҲ Марказий Кенгаши ҳамкорлигида Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб кўзи ожизлар ўртасида миллий мумтоз ва эстрада хонандалиги йўналишлари бўйича ўтказилган республика кўрик-танлови ана шундай тадбирлар сирасига киради.

Жамият аъзолари орасидан иқтидор соҳибларини аниқлаш, уларнинг санъат бобидаги маҳоратини муносиб баҳолаш, ўзаро тажриба алмашишлари ва дўстона муносабатларни мустаҳкамлашларига имкон яратиш каби эзгу мақсадларни ўзида мужассам этган мазкур танловда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолибликка эришган 27 нафар ҳаваскор ижрочилар иштирок этди. Айрим сабабларга кўра, унда Жиззах вилоятидан эстрада йўналиши бўйича номзод қатнашмади. Тадбир аввалида иштирокчиларнинг ижрочилик малакасини ошириш юзасидан маҳорат дарслари ташкил этилиб, хушовоз хонанда Очилбек Матжоновнинг концерт дастури намойиш қилинди. Қатнашчилар чиқишлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Козим Қаюмов, хонанда Очилбек Матжонов, МБ Ташкилий-ижтимоий бўлими етакчи мутахассиси Қодир Амиржоновлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланар экан, бунда уларнинг ижрочилик маҳорати, овоз имкониятлари, репертуар танлаш савияси, саҳна маданияти, кийиниш қоидаларига риоя қилиш даражаси инобатга олинди.

         Танлов жараёнига назар ташлайдиган бўлсак, унда санъатимиз гултожи саналмиш “Шашмақом” тароналари, таниқли хонандалар ижодига мансуб миллий эстрада намуналари ўзига хос талқинда йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди. Айниқса, хоразмлик А. Раҳимов, Сирдарёдан Ш. Дадажонов, пойтахтлик Ф. Бобоевлар ижросидаги миллий мумтоз ашулалар айрича жозибадорлик, оҳангдорлик касб этди. Шунингдек, Қашқадарё, Навоий, наманганлик аёл хонандаларнинг гўзал ижролари маҳорат маҳсули сифатида намоён бўлди. Шунга қарамай, тадбирда эстрада ижрочилиги йўналишида Қорақалпоғистонлик қатнашчининг низом қоидаларига номувофиқ равишда фонограммадан фойдалангани, Тошкент,  Сурхондарё вилоятлари вакиллари томонидан тақдим этилган мусиқий асарлар жанр талабларига мос келмагани томошабинларда ҳақли эътироз уйғотди. Энг муҳими, айни беллашув орқали янги истеъдодли ижрочилар кашф этилгани, уларнинг маҳорати устоз санъаткорларнинг алоҳида эътирофига сазовор бўлгани тизимимизда бу каби кўрик-танловларнинг нечоғли аҳамиятли эканини равшан кўрсатди.  

         Қайд этилган натижаларга кўра, миллий мумтоз ашулалар ижрочилиги бўйича рағбатлантирувчи ўринга қашқадарёлик С. Усмонова лойиқ деб топилди. 3-ўринни бухоролик О. Шарипов қўлга киритган бўлса, 2-поғонани сирдарёлик хушовоз хонанда Ш. Дадажонов, ниҳоят, 1-ўринни кенг овоз имкониятига эга дея тан олинган Тошкент шаҳри вакили Ф. Бобоев эгаллади. Эстрада йўналишида рағбатлантирувчи мукофот сирдарёлик О. Ражабовга насиб этган бўлса, Тошкент вилоятидан Н. Абдураҳмонов 3, пойтахтлик А. Қосимов 2, хоразмлик ёш ижодкор У. Каримов 1-ўринга муносиб кўрилди. Ҳакамлар ҳайъати аъзоси О. Матжонов айни тадбирнинг аҳамияти хусусида қуйидаги фикрлари билан ўртоқлашди:

– Умумжамиятда ўз ўрнимни топишимда санъатнинг роли беқиёс. 2001 йилда жамиятимиз томонидан кўзи ожизлар ўртасида ташкил этилган республика санъат беллашувида ўз даврида “Ўрта Осиё булбули” номига эришган устозимиз Бахтиёр Нишонов билан тенг равишда менга ҳам хонандалик бўйича энг юқори ўрин берилганди. Шундан кейин ушбу соҳада ўзимга нисбатан қатъий ишонч ҳисси пайдо бўлган. Эҳтимол, профессионал санъатга кириб келишимга айнан ўша кўрик-танлов туртки бергандир. Ўйлайманки, мазкур санъат байрами барча совриндорларнинг келгусидаги улкан муваффақиятларига дебоча бўлиб хизмат қилади.

Танлов сўнгида ғолиблар ЎзКОЖ МБ томонидан таъсис этилган диплом, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совринлар билан тақдирландилар. Шунингдек, барча қатнашчиларга ҳамкор ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилди.

 

         Улуғбек МАМАТХОНОВ.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш