БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Етук илмий, бадиий асарларни тарғиб қилиш, ёш авлодни комил инсон этиб тарбиялаш ва унда юксак маънавий фазилатлар, соф инсоний туйғуларни шакллантиришда кутубхоналарнинг ўрни беқиёс. Жисмоний имконияти чекланган юртдошларимиз онгу тафаккурини маърифат зиёси ила нурлантириб  келаётган Қашқадарё вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси ана шундай масканлар жумласига киради. Ўтган йили муассаса ташкил топганига 25 йил тўлиши муносабати билан ушбу қутлуғ санага бағишланган байрам тадбирлари Қарши шаҳрида юқори савияда уюштирилди. Унда дастлаб Республика кўзи ожизлар марказий кутубхонаси, жойлардаги турдош зиё масканлари ходимлари, ЎзКОЖ фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида “Кўзи ожизларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишнинг ҳозирги кундаги долзарб вазифалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Суҳбат чоғида кўриш имкони чекланган шахсларни брайль ёзувидаги ва аудиоформатдаги китоблар билан таъминлаш, уларга замонавий ахборот технологиялари воситасида хизмат кўрсатишнинг жорий ҳолати таҳлил қилиниб, айни соҳани янада такомиллаштиришга доир муҳим таклифлар илгари сурилди.

         Йиғилишда Қашқадарё вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси директори О. Комилов  муассасанинг ўтмиши ҳамда бугунги кундаги фаолияти, ахборот таъминоти бўйича яратилган шарт-шароитлар ва галдаги вазифалар хусусида маъруза қилди. Нотиқнинг билдиришича, вилоят маданият бошқармасининг буйруғига асосан Қарши шаҳрида жойлашган ҳозирги С. Насафий номли оммавий кутубхона таркибида 1966 йилда брайль ёзувидаги адабиётлар бўлими иш бошлаган. Ўша даврда бўлим фондида бор-йўғи 65 номда брайлча адабиётлар мавжуд бўлса, тез орада улар сони 387 тага етди. Ўтган асрнинг 70-йилларига келиб бўртма ёзувдаги ва “гапирувчи” китобларнинг кўзи ожизлар орасида кенг миқёсда оммалашуви юртимизнинг турли нуқталарида янги зиё масканларини очиш ҳамда мавжудларини кенгайтиришга замин яратди.  Ниҳоят, 1972 йилда брайль шрифтидаги адабиётлар бўлими негизида Қарши шаҳар кўзи ожизлар кутутбхонаси ташкил қилинди. Кейинчалик вилоятнинг Косон, Шаҳрисабз, Касби, Китоб, Ғузор, Қамаши туманларида ҳам махсус зиё масканлари фаолиятига асос солинди. Шу тариқа кутубхона тармоғи кенгайишга юз тутиб, 1991 йилда тегишли мутасадди ташкилотлар ташаббуси билан Қарши шаҳар кўзи ожизлар кутубхонасига вилоят мақоми берилди. Маънавият ўчоғининг китоб фондини бойитиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, илғорлар сафидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлашда муассасага узоқ йиллар раҳбарлик қилган Х. Қўйлиев, Л. Имомов, Ҳ. Умаров, Д. Чигарёв каби заҳматкаш инсонларнинг хизматлари алоҳида таҳсинга лойиқ.

         Кутубхона йиллар мобайнида турли ташкилотларга тегишли биноларда ижара асосида фаолият юритиб келган бўлса, 2015 йили вилоят ҳокимлиги кўмагида янги, замонавий ва ҳар томонлама қулай бўлган муқим иншоот билан таъминланди. Бой китоб фонди, ўқув ва 70 ўринли анжуманлар заллари, услубият, китобхонларга хизмат кўрсатиш, адабиётларга ишлов бериш, “гапирувчи” китоблар, болалар ва ўсмирлар бўлимлари ҳамда компьютер хоналарини ўзида жамлаган мазкур муҳташам масканда фойдаланувчиларнинг турли шаклда ахборот олишлари учун барча шароитлар яратилган. Бугунги кунда кутубхонада 4393 та брайлча, 6171 та ясси, 5423 та “гапирувчи” адабиётлар, айни пайтда 38 номдаги матбуот нашрлари мавжуд. Улардан 10 мингдан зиёд кўзи ожиз ва бошқа тоифадаги ногиронлар, ўқувчи-ёшлар баҳраманд бўлиб келмоқда. Шунингдек, вилоят кутубхонаси 11 та туманда жойлашган шохобчалари учун услубий марказ вазифасини ўтамоқда. Китобхонларни янада кенгроқ кўламда қамраб олиш йўлида Қарши шаҳридаги бир қатор таълим ва маданият муассасаларида кўчма кутубхоналар ташкил этилган. Маҳаллий зиё масканлари ходимларининг касбий малакасини ошириш ва ўзаро тажриба алмашишларини таъминлаш мақсадида вилоят кутубхонаси томонидан улар ўртасида “Энг фаол кутубхоначи”, “Президент асарлари билимдони” кўрик-танловлари, мижозларга хизмат кўрсатишнинг илғор услубларини тарғиб қилишга қаратилган ўқув семинарлари, давра суҳбатлари мунтазам равишда ўтказиб турилади. Бундан ташқари, ЎзКОЖ ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари билан ҳамкорликда йилнинг муҳим саналари ҳамда атоқли шоир ва ёзувчилар таваллудига бағишлаб уюштирилаётган адабий-бадиий, савол-жавоб, хотира кечалари, китобхонлар анжуманлари фойдаланувчилар сафини кенгайтиришда ижобий самара бермоқда. Замонавий ахборот технологиялари билан тўла жиҳозланган вилоят кутубхонасида интернетга уланган 20 га яқин компьютер орқали жойлардаги турдош  муассасалар ўртасида электрон ҳисобот ва маълумот алмашиш тизими йўлга қўйилган. Кўзи ожизлар бу ерда интернет тармоғидан бепул фойдаланишлари мумкин. Шунингдек, мижозларнинг хоҳиш ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда зарур китобларни уларнинг уй манзилларига бепул етказиб бериш хизмати жорий қилинган.

         Анжуманда сўз олган Қашқадарё ВБ раиси Ҳ. Пўлатов брайлча китоблар таъминотидаги долзарб муаммоларга йиғилганлар эътиборини қаратди. Брайль ёзувидаги адабиётлар кўриш ногиронига чинакам мутолаа завқини берувчи, унинг дунёқарашини бойитувчи зарурий восита экани маълум. Аммо сўнгги пайтларда кўзи ожиз ёшлар орасида айни турдаги китоблардан фойдаланиш бироз сусайгани кузатилади. Бунга сабаб уларнинг янги нашрлар билан етарли даражада таъминланмаётганидир. 2002 йилда Қарши шаҳрида иш бошлаган “Мавҳумот оламига маълумот” тифлоахборот мажмуаси томонидан брайлча адабиётлар чоп этиш йўлга қўйилиб, кутубхоналар билан фаол ҳамкорлик ўрнатилди. Аммо айни мажмуа зиё масканларининг бу борадаги эҳтиёжларини тўла қондира олиш даражасида техник имкониятга эга эмас. Ўтган даврда бу ерда атиги 94 номда бўртма адабиётлар тайёрланиб, ўқувчиларга ҳавола этилди. Китоблар сифати, яъни нуқталарнинг қабариқлик даражаси пастлиги ҳақида фойдаланувчилар томонидан турли эътирозлар билдирилади. Гап шундаки, аввалгидан фарқли тарзда ҳозирда нашр жараёнида фойдаланилаётган хитой саноатига хос қоғозлар нуқталарни бир хил маромда сақловчи плёнкалар билан қопланмаган. Бундай қопламали хом ашёнинг баҳоси ўта қиммат бўлиб, тайёрланадиган маҳсулот таннархининг ошишига олиб келади. Шу боис ҳозирда брайль ёзувидаги китоблар нашри мавжуд имкониятлар доирасида амалга оширилмоқда. Дунё миқёсида бир кунда миллионлаб номда, миллиардлаб нусхада ясси китоблар чиқаётган бир пайтда брайлча адабиётлар тақчиллигига барҳам бериш йўлида янги имкониятларни излаб топиш ва ишга солиш зарур.

         Аудиокитоблар таъминотининг жорий ҳолати ва улардан фойдаланиш меъёрлари хусусида тўхталган “Санъат гулшани” МЧЖ овоз ёзиш студияси бадиий раҳбари И. Ориповнинг таъкидлашича, бугунги кунда студия билан жойлардаги аксар кўзи ожизлар кутубхоналари овозли адабиётларга буюртма бериш, шартнома асосида сотиб олинишига эришиш бўйича ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ҳар бир китоб муқовасига ундан нусха кўчириш ёки тижорат мақсадларида фойдаланиш қатъиян тақиқланиши ҳақида кўрсатмалар қайд этилганига қарамай, айрим туманлардаги зиё масканлари томонидан молиявий имконият етишмаслиги рўкач қилинган ҳолда “гапирувчи” китоблар расмий тартибда эмас, балки ноқонуний тарзда ўзлаштирилаётгани сир эмас. Айни ҳолатга чек қўйиш мақсадида кутубхона ходимлари ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш зарур. Шу ўринда айтиш жоизки, буюртмачилар сафи кенгайиши ҳисобига “гапирувчи” китобларнинг кўп нусхада тайёрланиши уларни фойдаланувчиларга арзон баҳода етказиб бериш имконини туғдиради.

         Тадбирда Қашқадарё вилоят кутубхонаси директори ўринбосари А. Темиров кўзи ожизларга замонавий ахборот технологиялари воситасида хизмат кўрсатиш борасида яратилган шароитлар хусусида маълумот берар экан, муассаса таркибида электрон кутубхона ташкил этилгани, унинг базаси мавжуд брайлча ва ясси адабиётларни Word форматига ўгириш, интернетдан керакли манбаларни кўчириб олиш ҳисобига бойитилаётганини айтиб ўтди. Шунингдек, кассета ва магнит ленталарига ёзилган китобларни компьютер хотирасига муҳрлаш ва диск шаклида китобхонларга тақдим этиш ишлари самарали тарзда олиб борилмоқда. Кўзи ожизлар бу ерда компьютер ва интернет хизматидан фойдаланган ҳолда “гапирувчи” ва электрон китоблар, матнни йирик шрифтда ўқиш имконини берувчи қурилмалар воситасида ясси адабиётлар ва матбуот нашрлари мутолаасидан баҳраманд бўлишлари, ўз илмий-ижодий салоҳиятларини оширишлари мумкин.

         Вилоят кутубхонасининг 25 йиллиги шарафига ташкиллаштирилган шодиёналар Қарши шаҳридаги муҳташам “Табассум” ресторанида кўтаринки руҳда давом этди. Унда сўзга чиққан кутубхона директори О. Комилов айни маскан фаолиятини ривожлантиришда фидойилик кўрсатган инсонлар меҳнатини чуқур ҳурмат билан эътироф этиб, ҳозирда муассасани моддий-маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаётган ҳамкор ташкилотлар раҳбарларига қимматбаҳо совғалар тақдим этди. Тадбирда қатнашган ЎзКОЖ раисининг 1-ўринбосари А. Мирҳамидов жамият ташкилотлари ва кутубхоналар ўртасида мавжуд ҳамкорлик кўзи ожизларнинг сиёсий, ижтимоий онгини ўстириш, умумжамиятга интеграциялашувини таъминлашда ижобий самара бераётгани, ҳозирда жойлардаги зиё масканлари етакчиларининг аксарияти бир вақтнинг ўзида тегишли жамият маҳаллий бўлинмаси раиси сифатида фаоллик намуналарини кўрсатаётгани, бу эса ижтимоий алоқаларни янги босқичга кўтаришга имкон беришини таъкидлаб, бир гуруҳ соҳа жонкуярларига МБнинг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғаларини топширди. Шунингдек, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармасининг Қашқадарё вилоят бўлими раиси ўринбосари П. Миртозаев, вилоят Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши вакили И. Аҳмедов, ҲБ етакчиларидан Ҳ. Пўлатов, Ж. Раҳматов, С. Пўлатовлар, Қарши шаҳридаги 18-кўзи ожиз болалар мактаб-интернат директори Қ. Ҳақбердиев ва бошқалар кутубхона жамоасининг хайрли мақсадлар йўлида олиб бораётган самарали фаолиятини ижобий баҳолаган ҳолда зиёкорларга самимий қалб изҳорларини йўлладилар.

Икром РАЖАБ.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш