БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

         Оила – муқаддас даргоҳ. У муҳаббат, садоқат, ишонч устунлари асосида қуриладиган мустаҳкам қўрғон, жамият таянчидир. Халқимизда азал-азалдан оила деб аталмиш муқаддас кошонага юксак эҳтиром билан қаралади. Чунки миллатимизга хос бўлган одоб-ахлоқ, тарбия ва маънавият, аввало, оила муҳитида шаклланади.

Маълумки, сўнгги йилларда ЎзКОЖ томонидан ҳам кўзи ожизлар оилаларини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг дастлабки чорагида тизимимизда 35 ёшгача бўлган оила соҳиб ва соҳибалари иштирокида “Энг намунали ёш оила” кўрик-танлови ўтказилди. Бундан кўзланган мақсад кўзи ожизлар оилаларининг турмуш тарзи, касбий фаолияти, рўзғор юритиш борасидаги ҳаётий тажрибаларини жамоатчиликка тарғиб қилиш, уларнинг  турли соҳаларда билим ва иқтидорларини намойиш этишларига имкон яратиш, оилавий муносабатларини мустаҳкамлаш, яшашга бўлган интилишларини кучайтиришдан иборатдир. Танловнинг Тошкент ШБ, Андижон, Бухоро, Сурхондарё ВБлар томонидан минтақавий шаклда уюштирилган қуйи босқичида   тегишли ҳудудлардан ташриф буюрган ёш оилалар ўзаро беллашдилар. Мазкур тадбирларда яқин ҳамкорлар сифатида республика Хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Кенгаши, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳудудий бўлимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

ЎзКОЖ “Санъат гулшани” маданият саройида бўлиб ўтган ушбу анъанавий кўрик-танловнинг республика босқичида минтақавий тур ғолиблари  – андижонлик Санжар Эрқўзиев ва Гулмира Фозилова, Бухородан Мадиёр Йўлдошев ва Нафосат Ҳамдамова, самарқандлик Ўткир Ҳошимов ва Муниса Сатторова, Тошкент шаҳридан Ботир ва Нилуфар Акрамова жуфтликлари турли соҳаларга оид билимлари, уй-рўзғор ишларидаги кўникмалари, шунингдек, спорт ва санъат бобидаги маҳоратларини намойиш этдилар. Дастлабки шартга кўра, иштирокчи оилалар ўзлари ҳақида қисқача маълумот бериб, бир-бирларини ҳаётда қандай топганликларига оид тафсилотларни реал воқеликка асосланган ҳолда қизиқарли тарзда ҳикоя қилдилар. Жумладан, андижонлик Эрқўзиевлар оиласи бир мактабда таҳсил олишгани, талабалик чоғларида бир-бирларига кўнгил бериб, оила ришталарини боғлаганликларини сўзлаб беришди. Бухоролик иштирокчиларнинг ўзлари ва оилаларига оид маълумотларни бошдан-оёқ шеърий йўсинда баён этгани томошабинлар олқишига сазовор бўлди. Тадбир иштирокчилари орасида энг ёш оила ҳисобланмиш кўҳна Самарқанд заминидан ташриф буюрган Ў. Ҳошимов ва М. Сатторовалар жуфтлиги болалик давридаёқ бир-бирларига меҳр қўйганликлари, вақт ўтиб ушбу пок туйғулар оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг мустаҳкам пойдеворига асос бўлганлиги ҳақида мароқ билан ҳикоя қилишди. Пойтахтлик Акрамовлар оиласи жамият корхонасида фаолият юритаётган кезлари танишиб, турмуш қурганликларини жўн тарзда гапириб бердилар. Уларнинг чиқишларида минтақавий босқичда кузатилган дадиллик ва кўтаринкилик у қадар сезилмади.

         Навбатдаги шартда иштирокчиларнинг интеллектуал салоҳияти синовдан ўтказилиб, бунда ҳар бир жуфтлик ўзлари танлаган билетлардаги сўз ва атамаларнинг қандай маъно англатишини изоҳлашга уриндилар. Айниқса, андижонлик ёшлар тақдим этилган барча сўзларнинг маъноларини тўғри ва муфассал баён этиш билан юксак намуна кўрсатдилар. Танловнинг “Амалий топшириқ” деб номланган 3-шартида эркаклар тош кўтариш, аёллар салат тайёрлаш бўйича маҳоратларини намойиш этдилар. Бунда самарқандлик оила ҳар иккала вазифани тез ва сифатли бажаришга эришди. Афсуски, салат тайёрлаш топшириғини адо этишда қолган қатнашчиларда гигиена талабларига риоя қилмаслик, маҳсулотларни бир хил ўлчамда тўғраш бўйича номутаносибликка йўл қўйиш ҳолатлари кузатилди.

Танловнинг сўнгги шартида қатнашчилар бугунги кунда юз кўрсатаётган оилавий муаммоларни саҳна кўринишлари орқали ёритиб беришга ҳаракат қилдилар. Бунда уларнинг ижрочилик маҳорати, танлаган мавзуларининг ҳаётий ҳамда долзарблигига эътибор қаратилди. Ушбу шартни бажаришда бухоролик ёшларда мўмай даромад илинжида чет элларга ноқонуний ишлашга кетаётган, натижада одам савдоси тузоғига илинаётган инсонлар ҳақидаги долзарб мавзуни томошабинга таъсирчан руҳда етказиш бўйича маҳорат етишмади. Андижонлик иштирокчилар ўз чиқишларида оилаларда учровчи иқтисодий муаммоларни  давлатимиз томонидан ёш тадбиркорлар учун ажратилаётган имтиёзли кредитлардан фойдаланиш орқали ижобий ҳал этиш мумкинлигини ёритдилар. Самарқандлик вакиллар ватандаги тинч, фаровон ҳаётини олис юртлардаги азоб-уқубатларга алмаштирган кишилар кечмишини саҳнада жонли ва таъсирчан тарзда акс эттириб, барчанинг юрагини тўлқинлантириб юборди. Пойтахтлик Акрамовлар оиласининг бизнес режалар ишлаб чиқиш орқали кўзи ожиз ёшларни иш билан таъминлаш мавзусидаги саҳна кўринишида муаммолар етарлича очиб берилмади. Қолаверса, ижро вақтида адабий тил меъёрларидан четга чиқиш ҳолатлари кузатилди. Танлов Низомига мувофиқ иштирокчи оилалар томонидан уларнинг бахтиёр дамлари, кундалик турмуш жараёнлари тасвирланган қисқа ҳажмдаги видеороликлар ҳам тақдим этилди.

Якуний натижаларга кўра, рағбатлантирувчи ўринга 171 балл тўплаган тошкентлик Акрамовлар оиласи муносиб топилди. 182 балл йиққан бухоролик М. Йўлдошев ва Н. Ҳамдамоваларга 3-ўрин насиб этди. 2-поғонани 198 балл билан андижонлик С. Эрқўзиев ва Г. Фозиловалар, ниҳоят, энг юқори ўринни 224 балл жамғарган самарқандлик Ў. Ҳошимов ва М. Сатторовалар қўлга киритдилар. Ғолиб ва совриндор оилаларга ЎзКОЖ МБ ва ҳамкор ташкилотларнинг диплом ҳамда қимматбаҳо совғалари топширилди.

 

Озод ҚУРБОНОВ.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш