БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Қўшиқ – кўнгил мулки. Киши қалбидаги энг нозик туйғулар, сўнгсиз ҳиссиётлар унинг оҳангларида акс-садо беради. Шу боис қўшиқ қанчадан-қанча юракларни бир-бирига боғлаб турувчи сирли ҳодисот саналади. Жамиятимиз аъзолари орасида санъат бобидаги ўзига хос иқтидори билан кўнгилларни забт этаётган кишилар кўплаб топилади. Мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги муносабати билан кўриш имконияти чекланган ижрочилар ўртасида бўлиб ўтган “Қўшиқ-ла кўраман оламни” кўрик-танловининг Республика босқичи мана шундай истеъдодларни кашф этиш ва ижодини рағбатлантириш баробарида ижро маҳоратларини кенг оммага намойиш этишлари учун ҳам яна бир имконият яратди. Унда Қорақалпоғистон республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилган ҳудудий босқич ғолиблари миллий мумтоз ашулалар ҳамда эстрада қўшиқлари ижрочилиги бўйича ўзаро беллашдилар.

         Танловда ҳаваскор хонандалар мумтоз ижрочилик намуналарини тақдим этишда айрича фаоллик кўрсатганини қайд этиш жоиз. Улар репертуаридан ўрин олган мусиқий асарларнинг ранг-баранглиги тадбирга ўзгача файз бағишлади. Хусусан, пойтахтлик Н. Шароповнинг Навоий ғазали билан ижро этилувчи “Лолазор эрмаски”, Хоразм воҳасидан келган У. Каримовнинг маҳорат билан куйлаган мақом дурдоналари сирасига кирувчи “Таним мақом сегоҳ” ашулалари йиғилганлар томонидан илиқ қарши олинди. Ҳали ёш бўлишига қарамай, қалбида ўлмас наволарга муҳаббати юксак эканлигини амалда исботлаган самарқандлик Ш. Ҳалимова санъат ихлосмандлари олқишига сазовор бўлди. Эстрада қўшиқлари ижрочилиги йўналишида қатнашган аксар жамиятдошларимизнинг чиқишларида бундай кўнгилга яқин ижроларни учратиш мушкул. Кўпроқ Бухоро, Самарқанд, Тошкент вилоятлари вакиллари бу борада нисбатан кенг ижро имкониятларига эга эканликларини намойиш этдилар. Қолган иштирокчиларнинг хонишларида асар ижрочининг овоз имкониятларига мувофиқ эмаслиги, мазмунан саёзлиги каби камчиликлар кузатилди.

         Ҳакамлар ҳайъати томонидан мумтоз ашулаларнинг моҳир ижрочиси навоийлик О. Турдиев 1-ўринга муносиб кўрилди. 2-ўринни Андижон вилоятидан Р. Эргашев эгаллаган бўлса, қашқадарёлик А. Шукуров 3-поғонадан жой олди. Эстрада йўналишида бухоролик М. Қурбонов энг юқори чўққини забт этди. Самарқандлик А. Вольф ҳамда қорақалпоғистонлик Б. Мадраимовлар 2, 3-ўринларга мушарраф бўлишди. Шунингдек, ҳар иккала йўналишда сирдарёлик Ш. Дадажонов ва Тошкент вилоятилик Б. Қўрғонбоевларга рағбатлантирувчи мукофотлар насиб этди. Ғолиблар ЎзКОЖ МБ томонидан таъсис этилган махсус диплом ҳамда пул мукофотлари билан тақдирландилар.

         Ҳакамлар ҳайъати раисаси, эл ардоғидаги устоз санъаткор З. Суюнова танлов хусусида қуйидаги мулоҳазаларни баён этди: “Тадбирда қатор истеъдод соҳибларини кашф этиб кўплаб яхши ижролардан баҳраманд бўлдик. Лекин уни ташкиллаштиришдаги баъзи камчиликлардан кўз юмиб бўлмайди. Айтайлик, иштирокчиларнинг баъзилари микрофон воситасида, айримлари унинг ёрдамисиз ўз чиқишларини намойиш этишди. Бу ҳолат жонли ижрода хонанданинг овоз хусусиятларини аниқлашда чалкашликларни юзага келтиради. Келгуси кўрик-танловларда масаланинг айни жиҳатига жиддийроқ эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўларди. Шунга қарамай, қатнашчилар орасида мумтоз мусиқий меросимизга мурожаат қилиб, мураккаб асарларни маҳорат билан ижро этган келажаги порлоқ ҳаваскор хонандаларнинг борлиги бизни хушнуд этди. Замонавий эстрада ижрочилиги йўналишида ҳам ажойиб овоз, ёрқин қобилият эгалари бор экан. Уларнинг ҳам келгусида яхши санъаткор бўлиб етишишларига умид билдириб қоламиз. Аслида бу каби танловларда мағлубият бўлмайди. Негаки, санъат кишиларни эзгуликка чорловчи хусусияти билан ҳам шарафлидир”.

Бир сўз билан айтганда, санъат сеҳри ва завқини кўнгилларга жо этган ушбу кўрик-танлов иқтидорли ижрочиларга ўз маҳоратларини синовдан ўтказишлари ва юксак ижодий парвозларга чоғланишлари учун туртки вазифасини ўтади. Бу каби илк қадамлар келгусида уларни катта саҳналарга олиб чиқишидан умидвормиз.  

Озод ҚУРБОНОВ.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш