БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

“УШШОҚ” – КЎНГИЛ НАВОСИ

Тўғри, Сен устоздан айрилиб қолдинг,

Айрилган фақат сен эмассан, ғижжак.

Не учун ўзингни бу кўйга солдинг,

Таранг тор йиғлайди, қўшиқ ҳам бешак.

         Устозни илк бор “Ушшоқ” ашуласи орқали таниганман. Бир марта уйларига ҳам борганман. Ўшанда мени ва шерикларимни қандай кутиб олганларини кўрсангиз эди. Бизнинг келганимизни эшитган Устоз: “Ассалому алайкум, хуш келибсизлар, Жамилахон, Ойгулхон, Расулжон, Ўлмасқори” исмларини уйғур ва ўзбек оҳангларида турли ижро йўллари билан бойитиб, яйраб-кулиб қаршимизга пешвоз чиққандилар. Бир лаҳзада гўё ария тинглагандек бўлдик ўшанда. Ҳовлида анча вақт суҳбатлашиб ўтирдик. Устознинг ҳаёти, ижоди ҳақида қанчалик қизиқмайлик, у киши ўзлари ҳақида гапирмасдилар. Расулқори Мамадалиев, Аминжон Насриддинов, Абдуҳамид Мирҳамидовга ўхшаш замондош санъаткорлар ҳақида сўзлашдан чарчамасдилар. Улар ҳақида гапирганларида тилларидан бол томарди гўё. Юнусқори Юсупов мана шундай самимий, дилкаш, камсуқум инсон эдилар.

Устоз кутилмаганда қўлларига камон олиб “Дашнаво”, “Муножот” куйларини чала бошладилар. “Муножот”нинг сурнай йўлини мен илк дафъа у киши ижроларида эшитганман. Куйлар тугагач, “Баёт-1”, “Тошкент Ушшоғи”ни айтиб бердилар. Ижроларидан лол эдик. Улуғ мутафаккирлар Фузулий ва Навоий билан ошиқона суҳбат қургандек бўлдик. Бетакрор наволардан сармаст ҳолда устоз билан хайрлашдик. Мана шу илк ва ягона учрашувга ҳам салкам 50 йил бўлибди.

         Юнусқори Юсупов 1932 йилнинг айни қиш палласида Андижон вилояти Пахтаобод туманининг Абушқа қишлоғида оддий оилада туғилган. Онаси Фотима ая ва отаси Юсуф акаларнинг қувончлари чексиз эди. Аммо боланинг чилла даври ўтгач, бу шодликка гўё нуқта қўйилди. Сабаби, Юнуснинг кўзлари кўрмас эди. Юнус ҳали болалигиданоқ қўлига илинган нарсани чилдирма қилиб чалар ва болаларга хос беғуборлик билан ашулалар айтарди. Бундан завқланган қўшнилари унга найча ва бошқа ҳар хил ўйинчоқлар совға қилишарди. Улар орасида Юнусқорига дутор ясаб берганлари ҳам бўлган. Ўғлининг мусиқага иштиёқи баландлигини сезган Юсуф ака унга балалайка олиб беради. Ҳеч қанча вақт ўтмай, кичик Юнус балалайкада куйлар чала бошлайди. Анчайин мураккаб ашулаларни соз жўрлигида айтишга киришади. Бироқ ота-онаси унинг ҳофизи мураттаб бўлишини Аллоҳдан сўрар эдилар. Уларнинг дуолари ижобат бўлиб, Юнусқори 5-6 ёшлариданоқ Қуръон оятларини тўлиқ ёд олди. Ўзининг ёқимли қироати билан қўшниларини лол қолдира бошлади.

 Кунларнинг бирида ёш Юнусқори тенгдошлари билан бир тўйга бориб қолади. Уларни кўрган оқсоқоллардан бири болаларга қараб: “Сизлар четда туринглар, Юнус, сен ашулачиларнинг ёнига бориб ўтиргин”, – дейди. Давра охирига етай деганда халқ “Юнусқоридан ҳам эшитайлик”, дея илтимос қилади. Унинг ашуласини тинглаган ўша даврнинг машҳур созандалари тўй аҳлига “Бу болани эҳтиёт қилиш, истеъдодини асраш керак”, дейдилар. Бундан хурсанд бўлган Юнусқорининг отаси ўғлига “Родина” радиоприёмнигини сотиб олиб берган экан. Фарзандининг мусиқага қизиқиши кун сайин ортиб бораётганини кўрган Юсуф ака уни кекса созанда Абдумалик Юнусов ҳузурига олиб боради. Созанда болани шогирдликка қабул қилиб, унга камон чалиш сирларини ўргатади. Устоз сабоқларидан баҳраманд бўлган иқтидорли шогирд тез кунда яхшигина камончига айланади. Ўзи билган ва ўрганаётган барча ашулаларни камон чалиб айта оладиган маҳоратли санъаткор даражасига эришади.

         Юнусқори Юсупов 1950-йиллардан бошлаб турли мусиқий тўгаракларда мураббий сифатида фаолият юритади. Шогирдлари орасида қатор моҳир хонанда ва созандалар етишиб чиқади. Ўтган асрнинг 70-йиллари ўрталарида Пахтаобод тумани маданият уйи қошида мақомчилар ансамблини тузган устоз умрининг охиригача унинг бадиий раҳбари сифатида ижрочилик соҳасида баракали меҳнат қилади. 1987 йилда Юнусқори Юсуповнинг улуғ хизматлари давлатимиз томонидан “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан муносиб тақдирланди.

Шукурлар бўлсинки, Аллоҳ қаҳрамонимизни яхши инсонларга рўбарў қилиб, айни унутилмас учрашувлар унинг диёримиздаги номдор ҳофизлар даражасига кўтарилишига сабаб бўлди. Шундай учрашувлардан бири 70-йиллар кўкламида содир бўлган эди. Ўша йили Ўзбекистон халқ шоири домла Ҳабибий Андижонга қилган ижодий сафари давомида Пахтаобод туманига ҳам ташриф буюрадилар. Тадбирларнинг бирида шинавандалар Юнусқоридан ҳам бир жуфт ашула эшитиш истаклари борлигини домла Ҳабибийга билдирадилар. Ҳассос шоир, аруз илмининг билимдони таклифни бажонидил қабул қилади. Юнусқори Юсупов “Ушшоқ”, “Чоргоҳ”, “Насруллойи” ашулаларини ғоят нозик дид, теран ҳиссиётлар билан ижро этгандилар ўшанда. Ушбу ижролардан таъсирланган домла Ҳабибий ҳофизни кўзда ёш билан бағрига босиб, самимий дил сўзларини изҳор этади. “Радиода овозли ёзувларингиз борми?” – дея сўрайди шоир. Ҳофиз ҳаяжондан лаблари титраганча “Йўқ”, – деб жавоб беради. “Тошкентга борганмисиз?” – деб яна сўрайди шоир. Юнусқорининг “Бормаганман”, деган жавобини эшитгач, “Тошкентга, албатта, борасиз, бизнинг хонадонда меҳмон бўласиз, биз маза қилдик, халқ ҳам тинглаб яйрасин-да”, дея ҳофизнинг қўлига уй манзили ёзилган қоғозни тутқазади.

Мазкур учрашувдан ҳеч қанча вақт ўтмай, академик, Ўзбекистон халқ артисти Юнус Ражабийдан келган мактубда ёш ҳофиз радиога таклиф этилиб, унинг ижросидаги қўшиқларни фонотекага муҳрлаш истаги битилган эди. Севимли шогирди Насрулло Обидов билан пойтахтга келган Юнусқори Юсуповни ўзбек мусиқасининг улуғ намояндаси илиқ кутиб олади. Ёш ҳофиз куйлаган “Ушшоқ”ни Юнус Ражабий ва у билан бирга ўтирган ижрочи-ю созандалар камоли диққат билан тинглайдилар. Ашула тугагач, ҳассос санъаткор ҳофизнинг бошини силаб, мамнуният ва ҳаяжон билан офарин, деб алқаганларини Юнусқори умрининг охиригача ёдида азиз хотира каби сақлади. Ўшанда у киши: “Бу йигитни бадиий кенгашга қўйиб ўтирманглар, у ўзининг Абушқа қишлоғидаги бадиий кенгашдан ўтиб келган экан”, дея самимий ҳазиллашгандилар. Юнусқори ижросидаги “Баёт”, “Ушшоқ” ва яна ўнга яқин ашулалар ўша куниёқ магнит тасмасига туширилди. Салкам 60 йилдирки, бу қалбга яқин наволар Ўзбекистон радиоси фонотекаси олтин фондида сақланиб келмоқда.

Шу ўринда Юнусқори Юсупов ижро этган “Ушшоқ” ашуласи ҳақида икки оғиз сўз. Мазкур ижро намунасини тингларканман, бир нарсани фаҳмлагандек бўлдим. Гап шундаки, икки улуғ ҳофиз “Ушшоқ” ижрочилигининг байроқдорлари бўлиб, уларнинг бири Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, иккинчиси Юнус Ражабийдир. Мулла Тўйчи ҳофизнинг ижро йўли ундаги овоз ва парда муносабатларини сақлаб қолган ҳолда ашулани бойитган бўлса, академик Юнус Ражабий ҳам ўзбек мақомчилигининг билимдони, моҳир созанда, хонанда ва бастакор сифатида “Қаро кўзум” номи билан шуҳрат топган бу қўшиққа ҳар томонлама зукколик билан ёндашганди. Асарнинг мазмун-моҳиятини Юнус Ражабийгача, ундан кейин ҳам бу қадар муваффақиятли очиб бера олган биронта санъаткорни билмайман. Юнусқори Юсупов “Ушшоқ”ни мана шу нозик жиҳатларини назардан қочирмаган ҳолда ўта масъулият билан ижро этган улуғ ҳофиз эдилар. Унинг айни ижросидан ўзидан олдин ўтган икки “Ушшоқ”хон йўлига садоқат руҳи баралла уфуриб туради. Ижрочи “Ушшоқ”ни тақлиддан йироқ тарзда ўз овозида куйлаб, “Ушшоқ”хонликда Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Юнус Ражабийлар сафига қўшила олди.

 Истеъдодли санъаткор, маҳоратли бастакор, фидойи устоз Юнусқори Юсупов 1987 йилнинг майида вафот этди. Унинг ижросидаги 300 дан ортиқ гўзал ижро намуналари ўзбек мақомининг олтин оҳанглари сифатида сақланмоқда. Қолаверса, ҳофизнинг қатор издошлари бугунги кунда ёшлар онгига ўзбек мумтоз мусиқаси ва мақомларининг соҳир оҳангларини сингдириш йўлида беминнат хизмат қилиб келмоқда. Таъкидлаганимиздек, Юнусқори Юсуповдан қолган олтин мусиқий мероснинг энг мунаввар саҳифаси “Ушшоқ” эди. Унинг овози садоланган “Ушшоқ” оҳанглари санъатсевар халқимизнинг кўнгил бонги ўлароқ узоқ йиллар қалбларда яшайди.

 Ўлмас РАСУЛОВ,

Ўзбекистон халқ артисти.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш