БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

КУТУБХОНА ОНЛАЙН ХИЗМАТДА

Кутубхоналар қадим-қадимдан инсонлар учун маърифат ва маънавият ўчоғи сифатида хизмат қилиб келган. Тарихий манбаларда қайд этилишича, милоддан аввалги VII аср ўрталарида Шарқдаги кўпгина саройлар, қадимги Миср ва Рим ибодатхоналарида шундай масканалар фаолият юритган. Улар орасида энг машҳури Александрия кутубхонасидир. Илк ўрта асрларда Ғарбий Европа монастир ва ибодатхоналари қошида кутубхоналар ташкил этилган. Милоддан аввалги I минг йилликнинг сўнгги асрларида мамлакатимиз ҳудудида бу каби зиё улашувчи муассасаларнинг дастлабки кўринишлари пайдо бўлган. Даврлар оша кутубхоналар фаолияти такомиллаша бориб, бугунги кунда уларда ахборот тақдим этишнинг турли шакллари ва илғор усулларидан фойдаланилмоқда. Юртимиздаги нафақат оммавий, балки махсус зиё масканлари иш жараёнида ҳам айни манзарани кузатиш мумкин. Хусусан, Андижон вилоят кўзи ожизлар махсус кутубхонаси мазкур тоифа китобхонларнинг билим ва ахборот манбаларига бўлган эҳтиёжини қондириш орқали уларга юқори савияда хизмат кўрсатиб келмоқда.

Яқин ўтмишга назар ташласак, ўтган асрнинг 80-йилларига қадар вилоятнинг шаҳар ва туманларида жами 6 та ушбу йўналишдаги муассасалар кўзи ожизларга маърифат улашган. Уларнинг фаолияти тегишли ҳудудий маданият бўлимлари томонидан молиялаштирилган бўлса, китоб жамғармасини шакллантириш ва бойитишда кўзи ожизлар жамияти жонбозлик кўрсатган. Ниҳоят, 1980 йил 15 октябрда ҳудуддаги жамиятдошларимизнинг мутолаага бўлган талабини кенг кўламда қондириш мақсадида Андижон вилоят кутубхонаси ташкил этилди. Ғуломжон Маҳмудов раҳбарлик қилган 1980 – 1984 йиллар мобайнида унинг фаол саъй-ҳаракатлари натижасида муассасанинг  моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, китоб жамғармаси нашрлар билан бойитилди. Янги ўқув зали, хизмат кўрсатиш, услубият-библиография бўлимлари иши йўлга қўйилди. Роза Ғуломованинг раҳбарлик йилларида Москвадан рус, пойтахтдан ўзбек тилидаги бўртма нуқтали адабиётлар, магнит тасмасига муҳрланган “гапирувчи” китоблар келтирилиб, чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи китобхонларга зарур манбаларни етказиб бериш учун 1985 йилда ҳукумат томонидан кутубхонага библиобус ажратилди.

Мустақиллик йилларида ҳам маърифат ўчоғи давлат эътиборидан четда қолмади. 2007 йилга келиб, соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси доирасида туманлардаги 8 та кўзи ожизлар кутубхонаси марказлашган тарзда иш юрита бошлади. Кўриш имконияти чекланган шахсларга ахборот-кутубхона хизмати кўрсатиш тизимини такомиллаштириш мақсадида 2019 йил Избоскан, 2020 йилда Андижон, Балиқчи, Булоқбоши, Хўжаобод, Шаҳрихон туманларида кўзи ожизлар зиё масканалари барпо этилди. 63 нафар ходим меҳнат қилаётган Андижон вилоят кутубхонаси тармоғида 48502 та манбани ўз ичига олган китоб фонди мавжуд бўлиб, улар воситасида 6400 дан зиёд китобхоннинг маънавий эҳтиёжи қондирилмоқда.

Пандемия шароитида кўрсатилаётган онлайн хизмат доирасида телеграм тармоғида ташкил этилган “Андижон вилоят кўзи ожизлар кутубхонаси” расмий канали, “АВКОК китобхоналари-Уйда қолинг!” ва “Зиё улашамиз” гуруҳлари орқали электрон, аудиокитоблар, радиопостановкалар, турли қизиқарли маълумотлар тақдим этилмоқда. Шунингдек, вилоятлар ҳамда қўшни давлатлар билан ҳамкорликда қатор онлайн тадбирлар ўтказилди. Жумладан, Муҳаммад Юсуф таваллудига бағишлаб уюштирилган “Андижон фарзанди” номли адабий кечада китобхонлар шоир қаламига мансуб шеърлар ва улар асосида яратилган қўшиқлардан намуналар ижро этдилар. Ижодкорнинг ҳаёти ва ижоди хусусида кутубхона ходимлари томонидан тайёрланган видеоролик қатнашчиларда қизиқиш уйғотди. Фарғона вилоятидаги турдош муассаса фойдаланувчилари билан онлайн тартибда кечган “Заковат” интеллектуал ўйини, Асака туман кўзи ожизлар кутубхонасида атоқли шоира Саида Зуннунова ижоди асосида тайёрланган “Шеърлар гулдастаси” номли аудиоматериал, Қўрғонтепа туман маърифат маскани ва қўшни Қирғизистон, Озарбайжон Республикалари китобхонлари ҳамкорлигининг маҳсули бўлмиш Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган видеоролик намойиши ҳам китоб ихлосмандлари эътирофига сазовор бўлди. Мазкур мўътабар даргоҳ 40 йилдан буён шу тахлит кишиларни маърифатга ошно этиб, уларнинг руҳий-маънавий оламини бойитишга ҳисса қўшиб келмоқда.

Холидахон УМАРОВА,

Андижон вилоят кўзи ожизлар

кутубхонаси директори.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш