БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ВИРТУАЛ САҲНАДА ЁРҚИН ИЖРОЛАР

Мамлакатимизда пандемия шароитида давлат аҳамиятига молик турли тадбир ва кўрик-танловлар онлайн тартибда ўтказилмоқда. Жумладан, Республика Маданият вазирлиги томонидан жорий йилнинг март-апрель ойларида уйда қолиб меҳнат фаолиятини олиб бораётган фуқароларнинг маданий дам олиши ҳамда ижодий қизиқишлари ва ижрочилик қобилиятларини намойиш этишига имкон япатиш мақсадида “Уйдаги юлдузлар”кўрик-танловиташкил этилди. Иштирокчилар томонидан созандалик, хонандалик, рақс ижрочилиги, рассомлик, ҳунармандчилик йўналишларида тақдим этилган ижод намуналари видео, аудио, фотоматериаллар тарзида белгиланган интернет манзили орқали қабул қилинди. Бундан ташқари, айни вазирлик ташаббуси билан “Ёш рақс ижрочилари”, “Умрбоқий наволар” республика кўрик-танловлари, шунингдек, қўғирчоқ театрларининг анъанавий XII фестивали ҳам онлайн тарзда амалга оширилди.

Жорий вазиятдан келиб чиқиб, шу йилнинг 26 ноябрида ЎзКОЖ МБ томонидан ҳам кўриш имконияти чекланган мақом ижрочилари ўртасида республика онлайн кўрик-танлови ўтказилди. Мазкур танлов мақом йўналишида ёрқин истеъдод эгаларини аниқлаш, жамият аъзолари ўртасида ўзбек миллий мумтоз мусиқасини кенг тарғиб этиш, пандемия даврида кўзи ожиз ижрочиларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби эзгу мақсадларга қаратилган. Ушбу ижодий беллашувда қатнашиш истагида бўлган номзодларнинг масофадан туриб иштирок этишларини таъминлаш мақсадида ЎзКОЖ МБ томонидан телеграм тармоғида “Мақом онлайн” гуруҳи ташкил қилинди. Ижодкорларнинг чиқишлари тасвирга туширилган видеолавҳалар мазкур гуруҳ орқали қабул қилинди. Танловда мамлакатимизнинг деярли барча ҳудудларидан иштирок этган жамият аъзолари, шунингдек, мактаб ёшидаги ўқувчилар хонандалик ҳамда созандалик йўналишларида ўз маҳоратларини синовдан ўтказдилар.

Бевосита жараёнларга тўхталадиган бўлсак, аксар қатнашчилар  томонидан асар номларини эълон қилишда “ашула” ва “қўшиқ” атамаларини фарқламай, нотўғри қўллаш ҳолатлари кузатилди. Қайд этиш жоиз, мақом йўналишидаги мусиқий асарлар ашула ҳисобланиб, асосан лирик руҳдаги ғазаллар заминида юзага келади. Ашула ўзбек фольклорида катта ўрин эгаллаган қўшиқ жанридан куй диапазонининг кенглиги, шаклан ривожланганлиги, мазмунан теранлиги билан фарқланади. Созандалик бўйича Фарғона вилоятидан қатнашган С. Маматов икки бастакорлик асарини икки хил чолғу асбобида маҳорат билан ижро этди. Ҳолбуки, Низом талабига кўра, ижроларнинг бири мақом йўналишига мансуб бўлиши керак эди. Ўзининг соҳир овози билан жамиятдошлар эътирофига сазовор бўлган наманганлик Х. Мадумарова куйлаган “Фарғона тонг отгунча” ашуласи энг яхши ижролардан бири деб топилди. Аммо унинг репертуарида мақом ашулаларидан намуна бўлмаганлиги туфайли ижрочи совриндорлар қаторидан ўрин ололмади. Айрим қатнашчиларда мусиқа ижрочининг овозидан баландроқ эшитилиши, ашула сўзлари нотўғри талаффуз қилиниши каби камчиликлар кўзга ташланди. Ижроларни баҳолашда саҳна маданияти, танланган асарнинг мураккаблиги жиҳатларига ҳам эътибор қаратилди. Кўрик-танловда кўзи ожиз ўқувчи-ёшларнинг иштироки айниқса муваффақиятли кечди. Хусусан, хонандалик йўналишида қатнашган пойтахтдаги кўзи ожиз болалар мактаб-интернатининг 5-синф ўқувчиси Д. Муродов ҳали ёш бўлишига қарамай, “Талқинчаи сафти калон” ҳамда “Этмасмидим” ашулаларини маромига етказиб куйлади. Ижродаги ўзига хос нола ва қочиримлар, айниқса, болаларча беғуборлик ҳакамлар ҳайъати томонидан алоҳида эътироф этилди.

Якуний натижаларга кўра, хонандалик бўйича эркаклар ўртасида Наманганлик Т. Насриддинов олий ўринга мушарраф бўлди. 2-ўрин Хоразм дугоҳ танимақоми, “На суд” ашулаларини тор жўрлигида маҳорат билан ижро этган Хоразмлик А. Раҳимовга насиб этди. Ўзининг жажжи юраги билан катта ашулаларга меҳр қўйган пойтахтлик Д. Муродов 3-ўринга муносиб кўрилди. Айни йўналишда аёллар ўртасида кўҳна Самарқанд фарзанди М. Ўсарова ғолиблик шоҳсупасини забт этган бўлса, тошкентлик Г. Сайдуллаева ҳамда Г. Олимжоновалар 2, 3-ўринларни эгаллади. Созандалик бўйича рубоб чолғусида ажиб оҳангларни тақдим этган тошкентлик Б. Тошхўжаев 1-ўринни қўлга киритди. Миллий мусиқий меросимиздан энг гўзал намуналарни най воситасида ижро этган Наманганлик А. Абдураззоқов 2-ўринга лойиқ деб топилди. 3-ўрин эса афғон рубобидаги ажойиб ижролари учун Самарқандлик Ж. Мўминовга насиб этди.

Таъкидлаш жоиз, тизимимизда илк бор уюштирилган онлайн кўрик-танловда айрим видеолавҳаларда тасвир у қадар ёрқин аксланмагани, баъзиларда овоз сифатига эътибор қаратилмагани билан боғлиқ жузъий камчиликлар ҳам кузатилди. Шунингдек, тақдим этилган кўпгина видеонамойишларнинг сиғими ҳаддан зиёд катталиги уларни юклаб олишда муаммоларни келтириб чиқарди. Нима бўлганда ҳам қизғин руҳда ва ёрқин таассуротларга бой тарзда кечган мазкур танлов ғолиблари ва барча иштирокчиларга ижодий муваффақиятлар ёр бўлишини, келгусида катта саҳналардан туриб ўз маҳоратларини намойиш этишларини тилаб қоламиз.

Озод ҚУРБОНОВ.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш