БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Нодир топилма

         Талабалик йилларимда мени бир савол кўп қизиқтирарди: жаҳон фани,  маданиятига беқиёс ҳисса қўшган аждодларимиз, наҳотки, қадимий куй ва қўшиқларимизни  тўлақонли ифодалай оладиган  нота ёзувини кашф этмаган бўлса? Бу савол билан устоз санъаткорларга ҳам мурожаат қилсам-да, қониқарли жавоб ололмаганман. Кейинроқ Хоразмда танбур сози пардалари асосида яратилган нота ёзуви борлигини эшитдим. Ўша даврдаги мусиқа адабиётларида бу ҳақда жуда кам маълумотлар битилган эди. Ёзув “Танбур чизиғи” деб аталиб, Хоразм мақомлари унинг воситасида тўла ноталаштирилган. Бироқ унда мақом ашулаларининг матни берилмаган. Ўтган асрнинг 80–йилларида мазкур ёзув асосида Хоразмда илк тажрибалар қилиниб, мақомларнинг айрим қисмлари қайта кўриб чиқилди. Ижро амалиётида уларнинг ўзига хос намуналари яратилди. Табиийки, бу ижроларнинг маълум даражада мувафаққиятли чиқишида устоз санъаткорларнинг маслаҳати муҳим аҳамият касб этди.

            2000 йилнинг бошларида матбуотда Хоразм мақомларининг яна бир ёзуви топилганлиги ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Уни кўз қорачиғидай асраб келаётган созу овоз санъатининг беназир шинавандаси Оллоназар Шукуров ҳақида ҳам анча илиқ сўзлар айтилганди. Ушбу ёзувнинг мукаммаллиги шунда эдики, унда Хоразм мақомлари ва ундаги шеърий матнлар тўлалигича берилган. Шунингдек, мақом куйлари, ашулаю тароналарининг усуллари жуда аниқ ифодаланган. Созу оҳанг муштараклиги акс этган, танбур пардаларию торлари асосида шаклланган мазкур нота ёзувининг топилиши Ўзбекистон санъат аҳлининг маънавий ҳаётида оламшумул воқеликка айланди. Рисола ҳофиз О.Шукуровга унинг аждодларидан етиб келган. У XIX асрнинг охирларида олим, шоир, мусиқашунос Комил Девоний томонидан ёзилган, аниқроғи, Хоразм мақомлари танбур нотацияси (нота тизими)да ифодаланган. Ушбу нотация “Танбур чизиғи”, “Хоразм нота ёзуви” деб юритилган.

Истиқлол туфайли маънавий қадриятларимиз чирой очиб бораётганини юракдан ҳис этган О.Шукуров мазкур рисолани президентимиз И.Каримовга совға қилади. Муҳтарам юртбошимиз рисолага жуда юқори баҳо бериб, уни Ўзбекистон Давлат консерваториясига тақдим этади. Айни воқелик мақом санъатининг янги қирралари очилишини таъминлади.

         Рисолани илмий-амалий тадқиқ этиш мақсадида таниқли олим, устоз О.Матёқубов раҳбарлигида матншунос Ҳамидулло Аминов, созанда Рустам Болтаевлардан иборат мўъжаз, аммо салоҳиятли гуруҳ тузилди. Гуруҳнинг тинимсиз изланиши, машаққатли меҳнатининг самараси ўлароқ, рисола “Ўзбек нотаси” номи остида нашр этилди.  Китобда Хоразм мақомларининг фотонусхаси ҳам берилган. Унда мақомларнинг созанда Р.Болтаев томонидан замонавий нота ёзувига ўгирилган намуналарига кенг ўрин берилганлиги кўҳна ёзувни тушуниш, унинг моҳияти ва мазмунини англашни бир қадар осонлаштиради. Китобда Тошкент-Фарғона ва Бухоро мақомларига доир қимматли мушоҳада ва далилларнинг келтирилганлиги унинг илмий аҳамиятини янада оширади. Муаллифлар “Хоразм танбур чизиғи” нота ёзувини шарҳлаш билан чегараланмай, куй ёзишнинг, аниқроғи, пардаларни нотада ифодалашнинг мавжуд бўлган бир қанча қадимий усуллари ҳақида қимматли фикрларни беришган.

         Маълумки, барча даврларда етук созандалар, мусиқашунослар халқ ашулалари, ўз репертуаридаги қўшиқлар оҳангини турли йўллар билан ёзишга уринишган. Илмий-мусиқий адабиётларда қайд этилишича, Аббосийлар халифалиги давридаёқ машҳур созанда ва хонандалар Исҳоқ Мавсилий, ибн Сурайж дастурларидаги ашула ва куйларни тартибга солиб ёзишда куй пардаларини алоҳида белгилар билан ифодалаганлар. Агар шеърий матн одатдагидек ҳарфлар ёрдамида битилган бўлса, оҳангларни ёзувда ифодалаш учун чолғу сози торлари, торларда ҳаракатланувчи бармоқлар ўрнини билдирувчи аломатлардан кенг фойдаланганлар. Бу аломатлар “Пардабанд” дейилган. Ўз даврида бармоқлар ёзуви “Асобеъ” номи билан ҳам тарқалган. Кейинчалик улуғ алломалар ибн Сино, Форобий, Мароғий, ал-Киндий, Урмавий, Жомийлар мусиқанинг илмий-амалий асосларини тушунтиришда чолғу торлари, уларда ҳаракатланувчи бармоқлар номи, шунингдек, абжад ҳисобига асосланган нағмалар жадвалини ишлаб чиққанлар. Ўз навбатида бундай жадваллар ўзбек нота ёзувининг ибтидоий кўриниши сифатида тарихга кирган. Айни мана шу жадваллар замирида кейинчалик улардан мукаммалроқ уд, танбур табулатура (куй ёзиш усули)лари жорий этилдики, Хоразмда кашф қилинган танбур нотацияси ушбу жараённинг юксак бир чўққиси сифатида юзага келди. Мазкур нотациянинг вужудга келиши тахминан XVIII асрнинг охири XIX асрнинг бошларига тўғри келади.

         Бизга маълум бўлган мақом рисолаларининг кўпчилигида асосан ашулаларнинг шеърий матни, асарларнинг номланиши акс этган бўлса, “Ўзбек нота ёзуви” китобига асос қилиб олинган рисолада (рисолани баёз ҳам дейиш мумкин) мақом ашулаларининг куйи ва сўзи яхлит тарзда берилган. Бу ҳолат мумтоз оҳанг ва шеърлар уйғунлиги ҳақидаги тасаввурларимизни равшанлаштиради. Унинг моҳияти, мазмун-мундарижасини чуқур англашимизга ёрдам беради. Китобда мақомларнинг ижро этилиш вақтлари ҳам жуда қизиқарли баён қилинган. Унда эътироф этилишича, “Рост” – ҳамал, “Исфахон” – савр, “Ироқ” – жавзо, “Бузрук” – асад, “Ушшоқ” – ақраб, “Наво” – қавс, “Ҳусайний” – жадий, “Раҳовий” (Насруллойи) – ҳуд буржларига боғланган. Пайғамбарлар ҳақидаги ривоятларга суянган ҳолда мақомларнинг қандай руҳий ҳолатларда ижро этилганлиги ҳам китобда батафсил ёритилган: “Рост” – Одам Атонинг Момо Ҳаво ҳажрида чеккан фироғи, “Ушшоқ” – Нуҳ алайҳис-салом ноласи, “Наво” – Довуд алайҳис-саломнинг ҳасрати, “Ироқ” – Айюб алайҳис-саломнинг мубталолик садоси, “Ҳусайний” – Яъқуб алайҳис-саломнинг фарёди... Кўринадики, мақомларнинг пайдо бўлишида инсон ва маконнинг ҳам аҳамияти чексиз. Шу боис улар мумтоз санъат дурдонасидир.

         Мен мазкур китобни дўстларим ёрдамида жуда катта қизиқиш билан ўқидим. Ундаги мусиқий асарлар билан имкон қадар чуқурроқ танишишга ҳаракат қилдим. Хоразм мақомларини жуда кўп эшитганман. Бироқ замонавий нота ёзувига ўгирилган оҳанглар менда янгича завқ, ҳайрат пайдо қилди. Китобга Хоразм дутор йўлидаги куйларнинг илова этилганлиги биз созандалар учун айни муддаодир.

         Ҳақиқатан ҳам кенг илмий жамоатчиликка тақдим этилган бу қадимий нота ёзуви нодир топилма. Уни санъатнинг бепоён уммонига қуйилгувчи улкан бир денгизга қиёслагим келади. Ҳар бир ижодкор бир ғаввос янглиғ бу денгиз бағрига чуқурроқ шўнғиб бориши ва унинг қаъридаги дуру жавоҳирлардан ўз халқини баҳраманд этиши лозим, деб ўйлайман. Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Устоз, машҳур олим О.Матёқубов билан қилган суҳбатларимизнинг бирида у киши Италия, Франция каби ғарб мамлакатларида қадимий нота ёзувлари борлиги ҳақида гапирган эдилар. Диққатга лойиқ томони шундаки, уларда олий мусиқа даргоҳларига кирган талабаларга дастлаб мана шу нота ёзувини ўргатишар экан. Менимча, бу ташаббус давлатимиз мусиқий ўқув тизимларида ҳам қўлланилса, яъни танбур нотацияси ва шунга ўхшаш ёзувларни ўргатиш кенг йўлга қўйилса фойдадан холи бўлмайди. Қадриятларимиз ҳақида сўз борар экан, “Ўзбек меъморчилиги”, “Ўзбек шеърияти”, “Ўзбек романчилиги” каби атамаларни бот-бот такрорлаймиз. Шукурки, энди мазкур иборалар қаторида “Ўзбек нотаси” деган иборани ҳам ифтихор билан тилга олиш ҳуқуқига эга бўлдик. Уни бизга “Ўзбек нота ёзуви” китоби ҳадя этди.

Ўлмас РАСУЛОВ,

Ўзбекистон халқ артисти.           

QALBDAN TARALGAN NAVOLAR

         Инсон зоти борки, унинг қалбида ҳамиша орзу-истак, қувончу дард туғён уради. Муҳаббат деб аталмиш ушбу аланга юраклардан отилиб чиқиб, беихтиёр кимнингдир қўлига қалам тутқазса, яна кимгадир куйлаш  учун йўл беради. Санъат бобида ўзига хос истеъдодга эга кишилар жамиятимиз аъзолари орасида кўплаб топилади. Уларни ўз вақтида аниқлаш, маҳоратларига холис баҳо бериш ва рағбатлантириш зарурий аҳамиятга моликдир. Ана шу мақсадлар рўёби сифатида ЎзКОЖнинг 75 йиллик юбилейи муносабати билан Янгийўл сиҳатгоҳида 35 ёшгача бўлган I ва II гуруҳ кўриш ногиронлари иштирокида  “Ёшлик наволари” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилган илк босқич ғолиблари учта йўналишда, яъни яккахон хонандалик, созандалик ва бадиий ўқиш бўйича ўз иқтидорларини намойиш этдилар. Танлов иштирокчиларининг чиқишлари Ўзбекистон халқ артисти Матлуба Дадабоева, Республикада хизмат кўрсатган артист Тоҳир Ражабий ва радиосухандон Муслима Муродовалардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан 10 баллик тизим асосида баҳоланар экан, бунда уларнинг ижрочилик маҳорати, репертуар танлаш савияси, саҳнада ўзини тутиши каби ҳолатлар инобатга олинди. Айрим сабабларга кўра якуний беллашувда Жиззахдан бадиий ўқиш, Навоий, Фарғона ва Қашқадарё вилоятларидан созандалик бўйича номзодлар қатнашмади. Қорақалпоғистон ва Хоразм жамоалари таркибидан ўрин олган иккитадан иштирокчи эса учала йўналишда ҳам тўлиқ қатнашдилар.

         Кўрик–танловнинг умумий репертуарига назар ташлайдиган бўлсак, аксарият санъаткорлар кўпроқ мумтоз куй-қўшиқлар ижро этиб, қалбларида ўлмас наволарга муҳаббат тобора кучайиб бораётганлигини амалда исботладилар. Жумладан, хонандалик бўйича сурхондарёлик Ж.Назаров, Тошкент вилоятидан Ш.Имомалиеваларнинг куйлаган хонишлари, айниқса, сирдарёлик ҳаваскор М.Ўсарованинг ўзига хос соз ва овоз ҳамоҳанглигида ижро этган “Галдир” номли халқ қўшиғи санъат ихлосмандларига манзур бўлди. Созандалик йўналишида эса қатнашчилар томонидан рубоб, дутор, ғижжак, най каби чолғуларда халқ куйлари ижро этилди. Андижонлик М.Қаюмова дуторда “Роҳат” куйини қалбга манзур даражада чалишга эришган бўлса, хоразмлик М.Иброҳимовнинг рубобда ижро этган “Али қамбар” куйи дилкушо оҳанглари билан алоҳида ажралиб турди. Шунингдек, танловда бадиий ўқиш йўналишида ҳам чинакам истеъдод соҳиблари,  ёш қаламкашларнинг эътиборга молик чиқишлари кузатилди. Чунончи, самарқандлик Д.Оқбўтаева ҳамда фарғоналик У.Ҳошимовалар ўз ижодларига мансуб шеърларни ифодали тарзда томошабинларга тортиқ этишди. Айтиш лозимки, танлов дастуридан ўрин олган ва она-Ватан, муҳаббат мавзуларига бағишланган шеърларнинг аксарияти  аллақачон халққа ёд бўлиб кетган сатрлардир.

         Тадбир жараёнида баъзи гуруҳларнинг танловга жиддий тайёргарлик кўрмаганликлари ҳам аён бўлди. Бу борада паст натижа кўрсатган Навоий, Жиззах вакилларини мисол қилиб келтириш мумкин. Зеро, ушбу гуруҳлар таркиби ҳам тўлиқ бўлмай, бу ҳол сўнгги натижага салбий таъсир кўрсатди.

         Ҳакамлар ҳайъати танлов ғолибларини аниқлашда бирмунча қийинчиликларга дуч келишди. Яъни бунга иқтидорли номзодлар кўплиги, низомда эса совринли ўринлар оз миқдорда белгилангани сабаб бўлди. Ниҳоят, узоқ баҳслардан сўнг хонандалик йўналиши бўйича 1-ўрин наманганлик Х.Мадумаровага насиб этди. У Косонсойдаги кўзи ожиз болалар интернат-мактабида она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлишига қарамай, мумтоз қўшиқларни куйлашда тенгсиз маҳоратга эга эканлигини амалда исботлади. 2-ўринни Тошкент шаҳридан Т.Насриддинов қўлга киритган бўлса, 3-поғонага андижонлик Ҳ.Исмоилов лойиқ кўрилди. Созандалик бўйича 1-ўрин Бухоро вакили Ж.Рамазоновга, 2, 3-ўринлар эса пойтахтлик Б.Тошхўжаев ҳамда Тошкент вилоятидан Ҳ.Исроиловларга насиб этди. Бадиий ўқиш йўналишида энг юқори поғонага актёрлик бобида юксак иқтидорга эга дея тан олинган бухоролик Ш.Қодиров, навбатдаги ўринга Сирдарёдан Ф.Қобулова, 3-ўринга эса наманганлик ёш қаламкаш К.Эгамбердиевалар мушарраф бўлишди. Ғолиблар ЎзКОЖ МБ томонидан пул мукофотлари билан тақдирландилар.

         Биз устоз санъаткор М.Дадабоеванинг тадбир ҳусусидаги фикрлари билан қизиқдик:

         – Бугунги тадбир орқали диёримизда санъатга ташна инсонлар кўплигига яна бир бор амин бўлдим. Лекин уни ташкиллаштиришдаги баъзи камчиликлардан кўз юмиб бўлмайди. Айтайлик, совриндор бўлишга арзийдиган номзодлар кўп, уларни рағбатлантириш учун эса Низомда кўрсатилган ўринлар кифоя қилмайди. Танлов йўналишларини ва ютуқлар сонини кўпайтириш, уни тез-тез ўтказиб туриш, аввало, ёшларнинг катта саҳнага чиқишларига йўл очади, қолаверса, уларни қизғин ижод жараёнига ундайди. Аслида санъатни чин дилдан севган инсон унинг даража-ю унвонларига интилмайди. У фақат ижод қилмоғи даркор, шундагина қилган меҳнатининг маҳсулини кўради.

         Бир сўз билан айтганда, танлов кўтаринки руҳда ва таассуротларга бой тарзда ўтди. Аммо унинг Низомида қайд қилинган баъзи вазифалар амалда бажарилмади. Чунончи, ҳар бир иштирокчига ижро учун 5 дақиқа вақт берилганига қарамай, ушбу меъёр кўп ҳолларда инобатга олинмади. Шунингдек, учала йўналиш бўйича яна қўшимча рағбатлантирувчи ўринлар аниқланиши керак эди. Лекин ташкилотчиларнинг уларни мукофатлаш учун етарли маблағ ажратмаганлиги боис фақат ғолибларни тақдирлаш билан кифояланилди.

         Биз бугун ёрқин талант соҳиби сифатида намоён бўлган ёш ҳаваскорларимизнинг келажакда бундан-да юқори марраларни забт этишларига  тилакдошмиз.

Икром РАЖАБ.