БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

                             “УНСИЗ ТЕАТР”НИНГ АКС-САДОСИ  

Драматургия, актёрлик, мусиқа, рақс, тасвирий санъатни ўзида мужассам этган театр санъати томошабинларнинг маънавий ва эстетик тарбияси юксалишида муҳим ўрин эгаллайди. Бугунги кунда республикамизда фаолият юритаётган давлат тасарруфидаги 37 та театр  мазкур санъатнинг ўзига хос сеҳру жозибаси, гўзаллик ва нафосатини намойиш этиб, халқимиз маданияти, миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу борада уларда хизмат кўрсатаётган фидойи актёрлар, заҳматкаш режиссёрларнинг машаққатли меҳнати таҳсинга сазовор, албатта.

Халқ артисти Шукур Бурҳонов “Мен ижодимда уч нарсага амал қиламан: биринчиси, касбга муҳаббат ва садоқат; иккинчиси, темир интизом, фидойилик; учинчиси, халққа яқин бўлиш, халқни билиш, уни тушунишга ҳаракат қилиш”, деган экан. Ана шу қоидаларни умр мазмунига айлантирган суҳбатимиз қаҳрамони – таниқли кино ва театр актёри, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Жумадулло Раметов ўзини ҳам бадиий раҳбар, ҳам режиссёр сифатида намоён этиб, республикамизда биринчи бўлиб Кар-соқовлар театр труппасини тузди. Труппа томонидан дастлаб болаларга мўлжалланган “Зумрад ва қиммат”, “Қақилдоқ” эртаклари саҳналаштирилган бўлса, кейинчалик ёзувчи Шуҳратнинг “Беш кунлик куёв” комедияси томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. 2010 йил ушбу спектакль Тошкентда бўлиб ўтган республика театрларининг анъанавий “Наврўз” фестивалида совринли ўринни қўлга киритиб, труппа қимматбаҳо эсдалик совғаси билан тақдирланди. Спектаклда қатнашган актёрлар, уларнинг ижро маҳорати ҳақида театршунос танқидчи, профессор Л. Тўлахўжаева, таниқли артистлар Т. Йўлдошев, Ҳ. Икромовлар томонидан илиқ фикрлар билдирилди. Айни кунларда труппа аъзолари “Афандининг беш хотини” саҳна асари устида иш олиб боришяпти. Унда С. Саидваққосова. Н. Исломхўжаева, Ш. Абдуллаева, А. Иброҳимов, С. Мирмусаев каби ҳаваскор ижрочилар иштирок этишмоқда. Биз Жумадулло акага мурожаат этиб, мазкур труппанинг ташкил этилиши, бугунги фаолияти, мақсад-режалари, ундаги актёрлар ижро маҳорати, ижоддаги машаққатлар, устоз ва шогирд ўртасидаги муносабатлар ва шу каби мавзулар атрофида гапириб беришларини илтимос қилдик.  

– Труппанинг фаолиятини 2005 йилда Тошкентдаги 101-кар-соқов болалар махсус интернат-мактаби ўқувчилари иштирокида “Зумрад ва Қиммат” эртагини саҳналаштиришдан бошлаганмиз. Уни ташкил этишда мазкур ўқув даргоҳи директори М. Султонова менга яқиндан ёрдам берган. 30 – 35 дақиқалик томошамиз тайёр бўлгач, ота-оналар мажлиси чақириб, уларга спектаклни қўйиб берганмиз. Томошамиз муваффақиятли чиққанидан сўнг республика Кар-соқовлар жамиятининг Тошкентдаги 700 ўринли маданият саройида фаолиятимизни давом эттирдик. Бу ерда ҳам ишни дастлаб болалар томошасини саҳналаштиришдан бошладик, чунки катталар учун спектакль қўйишга ҳали тайёр эмас эдик. Ўқувчилар билан яна бир эртак-спектакль – “Қақилдоқ”ни томошабинлар эътиборига ҳавола этгач, катта ёшли актёрлар етишиб чиққандан сўнг “Беш кунлик куёв” асарини саҳналаштиришга қўл урдик. Кўпчилик бир ярим соатдан ортиқ давом этувчи бу томоша ногиронлар учун оғирлик қилиши мумкинлигидан хавотир олишган эди. Лекин актёрларимиз ролларни катта қизиқиш ва зўр иштиёқ билан ижро этишди.

Маданият саройига Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Шодиеванинг онаси Гўзал Шодиева директор эдилар. У кишининг раҳбарлигида спектаклни Тошкентдаги гапириш ва эшитиш қобилияти чекланган томошабинлар орасида муваффақиятли намойиш этгач, вилоятларга гастроль сафарига чиқишни мўлжалладик. Ўша пайтлари Маданият ишлари вазирининг ўринбосари бўлиб ишлаган Бахтиёр ака Сайфуллаевдан 12 кишилик труппа билан Самарқандга гастроль уюштириш, у ердаги маҳаллий театрда декорацияларидан фойдаланган ҳолда саҳна асарлари намойиш этиш билан боғлиқ ташкилий масалалар ижросини таъминлашда ёрдам беришини илтимос қилдик. У киши Самарқандга қўнғироқ қилиб, бу ишларни ижобий ҳал этиб берди. Ўзимиз маблағ топиб Самарқандга етиб боргач, бир кеча қайнонамникида меҳмон бўлдик. Эртасига Чехов номидаги вилоят театрида “Беш кунлик куёв” спектаклини томошабинлар эътиборига ҳавола этиб, уларнинг олқишларига сазовор бўлдик. Мезбонлар биз учун ош дамлаб, чиройли зиёфат уюштиришди. Пешиндан кейин Регистон майдонини зиёрат қилдиришиб, зўр тантана билан кузатиб қўйишди. Биз хуш кайфиятда, гўзал таассуротлар билан Тошкентга қайтдик. 

2010 йили “Фонд форум” ёрдамида яна ўша спектакль билан водий бўйлаб сафарга чиқдик. Бу гал барча сарф-харажатлар жамғарма томонидан қопланди. Дастлаб Фарғона шаҳрида бўлдик. Вилоят театрининг Қўқондаги 700 ўринли лиқ тўла залида кар-соқовлар ва бошқа томошабинлар учун спектакль намойиш этиб, қўшиқлар ижро этдик. Труппамиз аъзолари нафақат роль ўйнашни, ҳатто “ашула айтиш”ни ҳам эплашади. Улар орасида қисман бўлса-да товуш англайдиганлари бор. Фонограммадан фойдаланган ҳолда улар ижросида “қўшиқ”лар тайёрлаймиз, яъни саҳнага чиққан ижрочи фонограммада куйланаётган қўшиқ сўзларини эшитиш аппарати орқали англаб, умуман эшитмайдиганларга имо-ишора тилида, қўл ҳаракатлари ёрдамида тушунтириб туради. Бундай чиқишлардан лол қолган фарғоналиклар: “Биз улар фақат гаплашишни билади десак, куйлашни ҳам қойиллатар экан-ку!” – дея олқишлашди. Сўнгра Андижон, Наманган вилоятларидаги томошаларимиз ҳам мухлислар томонидан илиқ кутиб олинди. Айни кунларда “Афандининг беш хотини” комедияси устида ишлаяпмиз. Репетиция жараёнлари бошланганига 8 ойдан ошиб қолди. Боиси, Афанди ролига номзод топишимиз жуда қийин кечди. Ҳозир учинчи номзод билан синов машғулотлари давом этмоқда. Бу ишларда имо-ишора тилини яхши биладиган таржимоним менга яқиндан ёрдам беради. Спектакль тайёр бўлгач, барчангизни томошага таклиф қиламиз.

2005 йили Юнеско халқаро ташкилоти ташаббуси билан Парижда ўтказилган Хоразм ва Бухоро шаҳарларининг 2500 йиллиги зўр тантана қилинди. Унга ташриф буюрган Президентимиз раҳбарлигидаги делегация таркибида Ўзбек давлат драма театри жамоаси билан мен ҳам қатнашганман. Францияда юрганимизда кар-соқовлар театрида бўлиб, уларнинг томошаларини кўриб ҳайратда қолганман. Ўша пайтдаги таассуротларимни сўз билан ифодалаб беролмайман. Менга ёққан нарса шу бўлдики, бу инсонларда тўрт мучаси соғлом кишиларда етишмайдиган, актёр учун зарур бўлган эмоционаллик жуда кучли. Актёрнинг ҳис-туйғуси тошқин бўлиши, ич-ичидан тезда ролга киришиб кетиши керак. Мен шу ҳолатни айни инсонлар табиатида кузатдим. Улар гапирса шунчаки гапирмайди, кучаниб, куйиб-пишиб, дард билан гапиради. Саҳнага чиққанларида айрим актёрларимизга айтганларимиз каби юракдан гапир, юрагинг ишламаяпти, деб айтишга ҳожат қолмайди. Францияда кўрганларимдан хулоса чиқариб, улар қилган ишни бизда ҳам амалга ошириш мумкин-ку, деган мақсадда айнан шундай труппа тузишга қарор қилган эдим. Бугунда бизникилар мен Парижда кўрганимдан-да зиёда ишлар қилишяпти. Қани эди биз ҳам парижликларга ўз томошаларимизни намойиш этиш имконини топа олсак!..

Республикамизда гапириш ва эшитиш имконияти чекланган шахслар сони қанчалик эканини билмадиму, аммо улар ҳам инсон, Ўзбекистон фуқароси, биз билан теппа-тенг ҳуқуққа эга. Жамиятда яратилган шарт-шароитлар, имкониятлардан фойдаланишга уларнинг ҳам ҳаққи бор.  Нега энди  бу инсонлар театр кўрмаслиги, санъатдан баҳраманд бўлмаслиги керак? Аслида улар бу нарсаларни биздан талаб қилишга ҳақли. Лекин биз буни кутиб турмасдан ўзимиз аввалроқ ҳаракатга киришсак, ёрдам қўлини чўзсак, катта савоб ишни амалга оширган бўламиз. Юқорида айтганимдек, эндигина тўртта вилоятга сафар уюштирдик. Қолганлари навбат кутиб турибди... 

Мен тажриба алмашиш мақсадида Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон давлатларини суриштириб кўрдим. Бундай труппа уларда ҳали ташкил этилмаган экан. Қардош республикаларга бориб бемалол томошалар қўйиб келсак бўларкан. Яна бир қулай томони – имо-ишора тили айни тоифа инсонлар учун халқаро тил мақомига эга бўлиб, таржимонга ҳам зарурат бўлмас экан. Айтишларича, ўзларигагина маълум жиҳатларни эътиборга олмаганда улар бир-бирларини қийинчиликсиз тушунишаркан. Шу боис келгусида труппамиз билан дунё бўйлаб сафарларга чиқиш, томошалар кўрсатиш, миллий қадриятларимизни хорижликларга намойиш этиш ниятимиз бор. Эҳтимол, кейинчалик бу ниятимиз амалга ошиб, чет эллларга бориб тажриба алмашиш имкони ҳам туғилар.

Шу ўринда санъатга муҳаббат уйғотган, унинг сир-асрорларини ўргатган устозларим – “Илҳом” театри раҳбари  Э. Масафоев, таниқли режиссёр Б. Йўлдошевлар номини ҳурмат билан тилга олишни истардим. Ўзбекистондаги энг кучли, манаман деган режиссёрлардан саналувчи бу гигант санъаткорларнинг бири менга назарий жиҳатдан, бири эса амалиётдан сабоқ беришган. Мени тинимсиз меҳнат қилишга ўргатишган. Баҳодир аканинг уйларига хабар олгани бориб ҳар гал гаплашганимда, “Акажон, сочингизнинг эллик фоизини мен оқартирганман, рози бўлинг”, десам куладилар. Швейцариялик ёзувчи Ф. Дрюматнинг “Бир эшак ҳангомаси” спектаклида Эшакфуруш ролини ижро этиб, республикамиздаги 37 та театр актёрлари ичида “Йилнинг энг яхши актёри” номинацияси ғолиблигига лойиқ кўрилишим у кишининг меҳнати самараси бўлган. Устозларим менга нафақат актёрликни, балки камтарлик, меҳнатсеварлик,  инсонийликни ўргатишган. Ногиронлар билан ишлашимнинг сабаби, тагзамини ҳам шуларнинг ўгитлари туфайли бўлса ажабмас. Устозлардан яна сабр-тоқатни, пулнинг кетидан қувмасликни ўргандим. Раҳматли Э. Масафоев: “Сен индамасдан ишлайвер, пулнинг ўзи изингдан келаверади”, десалар, “қачон келади?” дея сўрайверардим. Мана энди айтганлари ижобат бўлиб, шундай кунлар келди. Аллоҳга шукур, театр, кино ва бошқалардан кетма-кет таклифлар тушмоқда. Кинода йилига ўнтагача роль ўйнаяпман, театрдан ортиб, труппамиз билан ишлашга ҳам улгураяпман. Албатта, буларнинг барчаси фидойи устозларим меҳнатининг самарасидир. Шуни айтишни истардимки, устозларнинг шогирдлардан пул олишини ҳеч ҳам ҳазм қилолмайман. 1977 – 1980 йилларда “Илҳом” театрида Э. Масафоев қўлида сабоқ олганимда ҳаммага жавоб, фақат сен қоласан, деб мен билан эринмасдан 8 – 10 соатлаб ишларди, бир тийин ҳақ олмасди. Битта нон кўтариб борсам, шунинг ҳам пулини берарди. Ҳозиргиларга ҳайрон қоламан, бир нарса ўргатадими-йўқми, албатта, репетиторман, деб пул талаб қилади. Агар устозларим мендан ҳақ сўрайдиган бўлса, жонимни беришимга тўғри келади. Ахир, улар мен учун жонини, асабини, кўзининг нурини аяшмади-ку, олтиндан қиммат вақтини сарфлашди-ку! Улардан ҳамиша миннатдорман.  

Яна труппа фаолиятига тўхталадиган бўлсам, ҳозирда унда 15 киши мунтазам иштирок этиб келмоқда. Актёрларимиз ёши чегараланмаган. Улар орасида 18 ёшдан 60 ёшгача бўлганлар бор. Вақтида 7 ёшли болалар билан ҳам ишлаганман. Труппа репертуари дастлаб эртак-томошалардан бошланган бўлса, кейинроқ ундан  катталар учун спектакль ва қўшиқлар жой олди. Буларнинг барчасини актёрларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишларидан келиб чиқиб тайёрлаганмиз. Машғулотларни Кар-соқовлар маданият саройида олиб борардик. Аммо қиш мавсумида хоналар совиб кетиб, репетиция жараёнлари тўхтаб қоларди. Бундан хабар топган Ўзбек Давлат драма театри директори, раҳматли С. Аҳроров 2008 йилда менга: “Бу театрда кимлар ишлаб кетмаган, эртага биздан ҳам қолади. Труппангизни олиб келинг, шу ерда шуғулланишсин, савоб бўлади”, – деб рухсат бердилар. Шундан бери ушбу театрда репетиция машғулотларини ўтказамиз. Саҳна безаклари, либослар, аппаратуралардан фойдаланамиз. Ҳозирги янги директоримиз Ботир ака Тожихўжаев ҳам бизни қўллаб-қувватлаб, Худо хоҳласа, “Афандининг беш хотини” спектакли премьерасини Ўзбек давлат драма театрида ўтказиб, унинг қошида Кар-соқовлар театр студиясини ташкил этамиз, деган таклифни билдиряптилар.

Бундан ташқари, кўзи ожизлар жамияти билан ҳамкорлик қилиш ниятим ҳам йўқ эмас. Жамиятнинг Навоий вилоятида бўлиб ўтган 80 йиллиги тантаналарида иштирок этганимда бир ашулачи Ўзбекистон Халқ артисти Сойиб Хўжаевнинг овозини шу даражада қойилмақом қилиб ўхшатдики, ҳаяжонланганимдан микрофонни қўлимга олиб, Худо хоҳласа, сизлар билан “Тошболта ошиқ” драмасини қўяман, деб ваъда бериб юбордим. Эндиликда  пьеса матни, мусиқаларини тайёрлаб ёнимда олиб юрибман. Фақат улар билан учрашишга, ишлашга, ролларни тақсимлаб беришга вақт тополмаяпман.  Аслида кўзи ожизлар билан ҳамкорлик илгарироқ бошланган эди. Тошкент шаҳридаги имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган республика касб-ҳунар коллежи кўзи ожизлар гуруҳи ўқувчилари билан ишга жиддий киришиб, уларга Э. Воҳидовнинг “Руҳлар исёни” достонидаги ролларни тақсимлаб, ёздириб ҳам қўйгандим. Афсуски, коллежга янги раҳбар келиши билан вазият ўзгариб, ишларимиз юришмай қолди. Менимча, у унчалик санъатга қизиқмайди, шекилли. Ўқувчиларни бир-икки марта машғулотларга чақирсам, директоримиз рухсат бермаяпти, деб келишмади ва шу билан ишимиз ниҳоясига етмай қолди. Бу ҳақда директорга қўнғироқ қилиб, сиз билан суҳбатлашмоқчиман десам, гаплашишни истамади. Мен ундан сиздан ўзимга пул сўраётганим, булардан ҳам пул олаётганим йўқ, бошлаб қўйган ишимни давом эттирсам майлими, деб сўрамоқчи эдим. Инчинун, труппани ташкил этиб, томошалар қўйиб, бирон жойдан бир тийин пул олган ёки манфаат кўрган, бировдан бир нарса таъма қилган эмасман. Фақат ёлғон бўлмасин, ишларимни энди йўлга қўяётган пайтимда Тошкентдаги  101-мактаб бироз муддат ойлик тўлаган, холос. Мен бу гапларни аччиқланганимдан ёки мақтаниб айтаётганим йўқ. Ниятим – труппамиз кўзга кўринган театрлар қаторидан жой олса, улар сафида юрса, шунинг ўзи етарли. Яқинда бир йиғинда “Ўзбеккино” миллий агентлиги бош директори Ж. Қосимов киноижодкорларга труппамиз ҳақида гапириб, Ж. Раметов кар-соқовлар иштирокида бир ярим соатлик спектакль тайёрлапти, вилоятларга гастроль сафарларига чиқибди, нега шу ҳақда 15 – 20 дақиқалик ҳужжатли фильм ишламаяпсизлар, деган фикрни билдирибди. Мен буни эшитиб, камтарона хизматимиз жамоатчилик эътиборига тушганидан, кўпчиликка маъқул келганидан хурсанд бўлдим. Спектаклимиз телевидениенинг “Ўзбекистон” каналида намойиш этилгач, вилоятлардан ташаккур сўзлари битилган хатлар олдим.

Томошаларимиз асосан кар-соқовлар учун мўлжалланган бўлса-да, уларга бошқа томошабинлар ҳам киришини эътиборга олиб, биринчи қаторда ўтирганча қўлимиздаги пьеса матни ҳамда актёрлар ҳаракатларига қараб, эркакларга ўзим, аёлларга ёнимдаги шеригим овоз бериб, саҳнадаги воқеалар айтиб турилади. Труппамизга тағин вилоятлардан таклифлар тушяпти.

         Труппа аъзолари орасида умуман эшитмайдиган ва гапиролмайдиганлари ҳам бор. Бироқ барчаси махсус интернат-мактабларда савод чиқариб, ўқиш-ёзиш, имо-ишора тилини яхши ўзлаштирган. Спектакль матнини қўлларига ёзиб берсам-да, ролларини таржимон ёрдамида қайта-қайта тушунтириш, репетиция жараёнида 20 – 30 марталаб такрорлаш натижасида ёдлаб оладилар. Мен улардан нолимайман, театрга чанқоқ, қизиқишлари зўр. Тўғри, машғулот пайтида уларга баъзи бир ҳолат, ҳаракатларни, айтайлик, ғазаб ёки қувноқ кайфиятни, ҳис-туйғуни ифодалашни ўргатиш бироз мушкуллик туғдиради. Буни сўз ёки матнни ўқитиш билан тушунтириб бериш қийин. Бундай ҳолларда таржимон ёрдамидан фойдаланамиз. Актёр ундан нима қилиш кераклигини ўрганиб олгандан сўнг жаҳд билан образга киришиб кетади ва ўша ҳолатни кўрсатиб бера олади. Санъат институти ёки биронта олийгоҳда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган 4-5 та талабани актёрликка ўқитадиган кичикроқ бўлим ёки факультет ташкил этилса, қани эди! Уларни жон деб ўзим ўқитардим, дарс берардим. Бир пайтлари Маданият ва спорт ишлари вазирлигига “Маданият институтида кар-соқовлар учун актёрлик факультети очайлик, ҳар йили унга 5 та, ҳеч бўлмаганда 3 та талаба қабул қилайлик”, деган таклиф билан чиққанман. Ўтган йили Санъат ва маданият институтига “Беш кунлик куёв” спектаклида бош ролни ўйнаган Аббос деган ўқувчимни ижодий имтиҳонга олиб бордим. Комиссия аъзолари гапиролмайдиган одам ҳам роль ижро этиши мумкинми, дегандек бошда бизга унча ишонишмади. Шунда иккаламиз спектаклдан 8 дақиқалик парча қўйиб бердик. Улар ўқувчимнинг маҳоратига тасаннолар айтиб, бир овоздан 5 баҳо қўйишди. Афсуски, фанларга оид тест синовида 2 балл етмай ўқишга киролмади. Эндиликда оила ташвиши, иш, тирикчилик деб ўқишга вақт тополмаяпти. Мен бундай истеъдодлардан кўпчилигини биламан. Қани эди, улар ҳам санъат институтларида ўқишса, соғлом талабалар қатори актёрлик маҳоратидан сабоқлар олишса! Билмадим, бу таклифлар қачон мутасаддиларнинг қулоғига етиб бораркин?!

Дарҳақиқат, санъат дарду ташвиши билан яшаётган бу куюнчак, тиниб-тинчимас актёрнинг бўш вақтини топиш қийин экан. Қачон қараманг, ё театрда труппа билан репетиция қилаётган ёки кинода суратга тушаётган ёхуд театрда ўз ролини яратиш устида изланаётган бўлади. Унинг кино ва театрдаги роллари ҳақида гапириш биргина мақола мавзусига сиғмайди. Биз Жумадулло ака ва у ташкил этган театр фаолиятига ривож тилаган ҳолда эл севган санъаткоримизнинг баракали ижоди ва шарафли меҳнатига ҳаққоний баҳо сифатида айтилган Ўзбек Давлат драма театри труппа бошлиғи Хадича Ризаеванинг қуйидаги фикрлари билан суҳбатимизни якунлашни лозим топдик:    

         “Бир куни Самарқандга гастроль сафарига кетаётганимизда Жумадуллога: “Труппа аъзолари билан ҳар доим таржимон ёрдамида мулоқот қиласиз, ўзингиз ҳам мустақил гаплаша оласизми?” – деб ҳазиллашганимизда у имо-ишора тилида чиройли бир шеър ўқиб бериб, уни ҳам қўл ҳаракати, ҳам товуш орқали гўзал қилиб тушунтириб бизни ҳайратда қолдирганди. Шунда бу соҳанинг ҳам ўзига хос ажойиб жиҳатлари борлиги, хоҳ сўз, хоҳ имо-ишора орқали бўлсин, санъатнинг чегара билмаслиги, у гўзаллиги, нафосати билан ҳар бир инсоннинг қалбига йўл топа олишига амин бўлганман. Труппанинг барча сарф-харажатлари Жумадуллонинг шахсий жамғармаси ҳисобидан амалга оширилади. Труппа аъзолари қаерга, қайси ташкилотга боришмасин, уларни зўр қизиқиш, ҳаяжон билан кутиб олишади. Вилоятда сафарда юрганимизда бир киши узоқдан ёнимизга югуриб келиб, имо-ишоралар билан бир нималарни суриштира бошлади. Кейин билсак, у Жумадуллони телевиденида кўриб таниб қолган экан. Унинг спектаклларини кўрганини айтиб, бизнинг ташкилотга ҳам борасизми, томошалар қўйиб берасизми, деб сўраётган экан.       

         Тўрт мучаси соғлом инсонлар ҳаётда кўп нарсага осонроқ эришганлари учун атрофдагиларга унча эътибор беравермайди. Лекин кар-соқовлар бундай эмас. Бир-бирларини ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Репетиция жараёнларини кузатганимизда биронтаси режиссёр кўрсатмасини тезроқ тушунмаса, бажаришга қийналса, иккинчиси дарров ёнига келиб, режиссёрга ҳам аҳамият бермай, жон куйдириб тушунтиришга киришиб кетади. Бутун диққатини саҳна жараёнига қаратади. Ҳар бир ишга, топшириққа эътибор билан ёндашади, масъулиятни юракдан ҳис этади. Бир образни яратиш учун актёр унинг характери, ички оламини очиб бериши, кечмиш-кечирмишларини томошабин кўз ўнгида гавдалантира олиши керак. Тил воситасида оддий нарсаларни сўз билан тушунтиришга қанчалик қийналамиз-у, энди имо-ишора орқали бутун бир асарни томошабинга етказишнинг заҳматини тасаввур қилаверинг.

Дарҳақиқат, Ж. Раметовни чин маънода санъат фидойиси, матонатли инсон десак янглишмаган бўламиз. Чунки гапириш ва эшитиш қобилияти чекланган   шахслар билан театр қўйиш, уларнинг тилини тушуниб, кўнглига йўл топиш, бажарадиган вазифаларини тушунтириб, талаб қилишнинг ўзи катта жасорат!”. 

                                                                        Суҳбатдош Қудрат ОЧИЛОВ.

 

 “ГУЛРЕЗ” ЯНА КАМАРБАСТА

Қўшиқ айтиб сизга меҳмон бўлайин бирпас,

Қўшиқларим сизга дўстлар, манзур бўлса бас.

  Катта тўйда куйлай қўшиқ, тингланг бир нафас,

                               Қўшиқ кирган уйга асло қайғу йўламас.

Дарҳақиқат, қўшиқ – қалб озиғи, яхшилик ва эзгулик жарчиси. У дилдаги бор ғубору ғам-андуҳни тарқатувчи восита. Қўшиққа ошифта юрак мудом эзгу мақсадлар сари парвоз этади, юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги ишқи билан ёнади. Ана шундай дилрабо ашулалари-ю жозибали куйлари билан дилга ором берувчи бадиий ҳаваскорлик жамоаларидан бири ЎзКОЖ Бухоро ВБ қошида қайта ташкил этилган “Гулрез” дастасидир. У 2012 йилнинг илк кунларида ЎзКОЖ Бухоро ВБ раёсати қарори асосида ВилКОЖда санъат ва маданият соҳаларини ривожлантириш, айниқса, қўшиқчилик ва созандалик йўналишларига этиборни кучайтириш, республика миқёсидаги тадбирларда унинг муваффақиятли иштирок этишини таъминлаш билан вилоят нуфузини ошириш, янги истеъдодларни кашф этиш мақсадида ташкил этилди. Жамоага ўзбек мусиқа ва қўшиқчилик санъатини юксалтиришга оид бир неча муҳим қўлланма ва дастурлар яратган таниқли саньаткор, Бухоро маданият коллежининг олий тоифали ўқитувчиси З. Назаров бадиий раҳбар, ўзининг ширали овози билан мухлислар қалбидан муносиб жой олган Бухоро шаҳридаги 24-кўзи ожиз болалар учун ихтисослашган давлат таълим муассасаси мусиқа фани ўқитувчиси М. Шаропов мусиқа раҳбари этиб тайинланди. Ушбу  санъат фидойилари устозлик қилаётган жамоада қалби қўшиқ ва мусиқага пайваста 14 нафар турли соҳа вакиллари фаолият юритмоқда. Ҳафтада икки маротаба машғулотлар ўтказувчи аҳил жамоанинг ҳамжиҳатлик билан олиб борган ижодий изланишлари тез орада ўз самарасини берди. “Гулрез” дастаси дастлаб илк бор Бухоро ШТ ва Бухоро ЎИЧК томонидан уюштирилган ЎзКОЖнинг 80 йиллиги ҳамда Наврўз байрами тадбирларида ўз санъатини намойиш этиб, умрбоқий мумтоз қўшиқлари маромига етган ижроси билан даврага файз киритди.

Жамоа бадиий раҳбари З. Назаров биз билан суҳбатда “Гулрез” дастасининг ўтмиши ва бугунги фаолияти ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:

          – Мазкур даста 1950 йилда ҳаваскорлик тўгараги шаклида тузилиб, узоқ йиллар мобайнида халқимизга хизмат кўрсатиб келди. Ҳатто халқ ансамбли номига ҳам сазовор бўлди. Тўгаракка 1995 йилга қадар Қ. Субҳонов, Ҳ. Неъматов, Ўзбекистон халқ артисти Ў. Расулов,  М. Содиқов, С. Сайфиддинов, Т. Тўхтаев каби таниқли санъаткорлар раҳбарлик қилиб, унинг ривожи ва халқ орасида этибор қозонишига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. Бадиий дастанинг элга танилишида Б. Жўраев, А. Зоиров, М. Алишаева, Р. Галиев, А. Насриддинов, Ҳ. Нусратова, Ж. Ҳусенова, О. Орзиева, М. Ҳожиева, Т. Жаллиев сингари ҳаваскор хонандалар камарбаста бўлдилар. Узоқ йиллик танаффусдан сўнг фаолиятини қайта бошлаган мазкур жамоага Б. Жабборов, А. Саидов, С. Шарипов, Ф. Раҳматова, Д. Боқиева, О. Худойқулова, И. Искандаров, М. Қурбонов, Ж. Рамазонов, Ҳ. Тўхтаев сингари санъат ихлосмандлари, шунингдек, санъат коллежидан К. Жўраев, Г. Сайдуллаева, С. Ҳамроева каби талабалар таклиф қилинди. Қисқа фурсат ичида улар томонидан 20 га яқин мақом ашулалари, “Мустаҳзод”, “Санамо”, “Эй нозанин”, “Тановар” каби халқ қўшиқлари мухлислар ҳукмига ҳавола этилди.

Суҳбат жараёнида З. Назаров саҳна маданияти ҳақида ҳам тўхталар экан:

– Миллий анъаналар, қадриятлар, либосларимиз саҳна маданиятининг бир кўринишидир. Хонанданинг либоси миллатга, юртга, айтаётган қўшиғига мос бўлиши лозим. Саҳна маданияти фақат либоснинг ўзидангина иборат бўлмай, миллий чолғу асбобларининг мутаносиблиги, қўшиқнинг мазмун-моҳияти, мусиқанинг миллий руҳдалиги, хонанданинг саҳнада ўзини тута билиши, ҳаракатини бошқара олиши, бир сўз билан айтганда, хонанда ва созанданинг ўз қиёфаси бўлиши билан боғлиқ. Яна ҳам муҳими, ҳар бир ҳаваскор устоз кўрган бўлиши шарт, –  дея таъкидлади.

         Жамоанинг ёш азоси Ҳ. Тўхтаев эса:

– Устозларим доимо менинг ижроимни кузатиб, қўшиқларим ҳақида маслаҳат бериб боришади. Кези келганда танқид ҳам қилишади. Мен эса бундан ранжимай, ўз устимда янада кўпроқ ишлашга ҳаракат қиламан. Санъатда бирор нарсага эришишни, ўз йўлини топишни истаган киши сабр-тоқатли бўлиши лозим. Юртимизда мусиқа ва қўшиқчилик санъатини ривожлантириш учун барча имкониятлар мавжуд. Улардан унумли фойдаланиб, санъатимиз равнақига хизмат қиладиган қўшиқлар яратишимиз зарур, – дея фикр билдирди.

            Дарҳақиқат, “Гулрез” яна эл хизматига камарбаста. У вилоят миқёсидаги   тадбирларда ўз дастури билан фаол қатнашиб келмоқда. Жамоанинг ҳар бир чиқишида шариф замин мусиқа мактабига хос қадриятлар, саҳна маданияти, оҳанглар сеҳри яққол сезилиб туради. Жонли ижродаги қадимий халқ қўшиқлари, ўзбек мумтоз мусиқалари, она ватан, истиқлолни мадҳ этувчи тароналар тингловчиларга манзур бўлмоқда.

– Мен “Гулрез” жамоасининг хонишларидан ниҳоятда таъсирландим! Кўпдан бери жонли ижрода қўшиқ тинглаб, бу даражада роҳатланмаган эдим. Вужудимдаги бор чарчоқлар унутилиб, ҳақли тарзда руҳий озуқа олдим. Вилоятимизда ҳам шундай ансамбль тузишни кўнглимга тугдим, – дейди ўз ҳаяжонини яширолмай ЎзКОЖ Сурхондарё ВБ раиси Э. Норпўлатов.

Ҳа, “Гулрез” ўз қўшиқлари қанотида ёрқин уфқлар сари дадил парвоз қилмоқда. Инсонлар қалбига завқ ва ором улашиб, уларни янгидан-янги марралар, юксак ижодий парвозлар сари ундамоқда. Унинг бу галги фаолияти бардавом бўлиб, қўшиқлари ҳар биримизнинг қалбимизга эзгулик уруғини сочаверсин! 

 Аъзам ЎРОҚОВ,

Бухоро.

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИ – ТУРМУШ ОБОДЛИГИ ГАРОВИ

         Халқимиз азал-азалдан ота-онага, оилага чуқур ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб келган. У муҳаббат, садоқат, ишонч устунлари эвазига қуриладиган мустаҳкам қўрғон, жамият таянчидир. Албатта, миллатга хос барча эзгу амаллар, анъаналар, аввало, оилада шаклланади. Президентимиз томонидан 2012 йилнинг юртимизда “Мустаҳкам оила йили”, унга ҳамоҳанг тарзда жорий йилнинг “Обод турмуш йили” деб эълон қилиниши замирида миллий қадриятларимизни асраш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ўстириш, демакки, жамият равнақини таъминлаш вазифаси туради. Ана шундай ислоҳотларнинг амалий кўриниши сифатида ЎзКОЖ МБ, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати марказий кенгаши ҳамкорлигида тизимимизда 35 ёшгача бўлган кўриш ногиронлари ўртасида “Энг намунали ёш оила” кўрик-танлови уюштирилди. Бундан кўзланган мақсад кўзи ожизлар оилаларининг турмуш тарзи билан яқиндан танишиш, уларнинг билим ва иқтидорларини намойиш этишларига имкон яратиш, оилавий муносабатларини мустаҳкамлаш, ватанга, ота-онага, фарзандларга нисбатан эзгуликка йўғрилган туйғуларини, яшашга бўлган интилишларини кучайтиришдан иборат. Шунингдек, мазкур танлов ўз олдига кундалик ҳаётда юзага келадиган муаммоларни енгиб ўтишда кўриш имконияти чекланган шахсларни иродали, матонатли бўлишга ундаш, уларнинг касбий фаолият, рўзғор юритиш борасидаги иш тажрибаларини жамоатчиликка тарғиб қилиш, яшаш жойларида, маҳаллаларда ижтимоий фаолликларини ошириш каби қатор вазифаларни қўйгани билан ҳам аҳамиятлидир. Дастлаб Қашқадарё, Бухоро, Наманган ВБлари томонидан ташкиллаштирилган минтақавий босқичда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллари уч гуруҳга бўлинган ҳолда белгиланган шартлар асосида ўзаро беллашдилар.

Республикамиз Конститутциясининг 20 йиллиги ҳамда Халқаро ногиронлар куни арафасида Янгийўл сиҳатгоҳида ушбу анъанавий кўрик-танловнинг республика босқичи бўлиб ўтди. Унда минтақавий турда ғолибликка эришган қашқадарёлик Фарҳод ва Ферузахон Тошпўлатова,  бухоролик Дилшод Аҳмедов ва Манзурахон Тошева, Тошкент вилоятидан Исломжон ва Хуршидахон Исмоилова ҳамда андижонлик Нурматжон Аҳмедов ва Марғубахон Ёқубовалар жуфтлиги турли соҳаларга оид билимлари, оила, уй-рўзғор, санъат бобидаги кўникма ва иқтидорларини намойиш этдилар. Танловнинг биринчи шартида иштирокчи оилалар ўзлари ҳақида қисқача маълумот бериб, бир-бирларини ҳаётда қандай топганликларига оид тафсилотларни реал воқеликка асосланган ҳолда қизиқарли тарзда ҳикоя қилдилар. Хусусан, қашқадарёлик Тошпўлатовлар жуфтлиги жамият мутасаддилари воситачилигида танишиб, оила ришталарини боғлаганликларига доир жараёнларни бошдан-оёқ шеърий йўсинда баён этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлишди. Бухоролик оила соҳиблари мактаб давриданоқ бир-бирига кўнгил қўйганликлари ва бу охир-оқибат, мустаҳкам қалб қўрғонининг қурилишига замин яратганлигини тўлқинланиб сўзлаб бердилар. Шунингдек, улар турмуш қуриш остонасида қайнонанинг бўлажак келинини синаш жараёнида кечган қизиқарли, шу билан бирга ҳаяжонли онларни ёдга олдилар. Тошкент вилоятидан Исмоиловлар оиласининг чиқишларида жиддий, ҳаётий ҳодисаларга тўхталинмай, икки ёшнинг танишуви асносидаги битта қизиқарли воқеага урғу берилди, холос. Андижонлик иштирокчилар эса жамият корхонасидаги фаолият чоғида бир-бирларини яқиндан ўрганиб, турмуш қурганликларини кичик саҳна кўриниши орқали ёритишга ҳаракат қилдилар.

Навбатдаги шарт оилавий муносабатлар, фарзанд тарбияси, уй-рўзғор ишларига доир, шунингдек, иштирокчиларнинг фикрлаш даражаси, зеҳний имкониятларини синашга қаратилган савол-жавоблардан иборат бўлди. Бунда деярли барча қатнашчилар фуқароларнинг никоҳдан ўтиш, икки ёшгача болалар нафақасини олиш шартлари, рўзғор тутиш тартиб-қоидаларига тегишли саволларга жавоб қайтариб, қолаверса, мантиқий жумбоқларга тўғри ечим топиш билан бу борада етарли билим ва малакага эга эканликларини исботладилар. Аммо андижонлик вакиллар ота-она ҳамда фарзанд зиммасидаги бурч ва мажбуриятларни ҳуқуқий жиҳатдан асослаб бера олмаган бўлсалар, қашқадарёлик Тошпўлатовлар оиласи кўзи ожиз шахслар бола тарбиялашда эътибор қаратиши зарур бўлган маънавий омилларга тўхталишмади.

Уй-рўзғор ишларини бажаришга йўналтирилган “Амалий топшириқ” шартида эркаклар маиший жиҳозларнинг электр вилкаларига сим улаш, аёллар эса шим дазмоллаш борасида ўз тажрибаларини кўрсатдилар. Ушбу шарт бўйича ҳар бир номзод алоҳида баҳоланар экан, қашқадарёлик вакиллар ҳамда Тошкент, андижонлик оила соҳибалари берилган топшириқни аъло даражада уддалаб, энг юқори натижани қўлга киритдилар. Қолган иштирокчиларда эса иккала вазифани бажаришда уддабуронлик, тезкорлик етишмади.

         Сўнгги шартда қатнашчилар ижтимоий ҳаётда, оилалар муҳитида учраётган оғриқли ҳолатлар, жиддий, оилавий муаммоларни акслантирувчи саҳна кўринишларини намойиш этдилар. Бунда уларнинг ижрочилик маҳорати, танлаган мавзулари ҳаётийлигига алоҳида эътибор қаратилди. Айни шарт бўйича Тошпўлатовлар оиласи бугунги кунда айрим ўзбошимча аёлларнинг фарзандларини тарбиялаш ўрнига кўча-кўйда хандон юриши, оқибатда уларнинг зиммасидаги вазифаларни эркаклар бажараётгани хусусидаги долзарб муаммони ёритишга уриндилар. Ушбу саҳнавий талқинда образларни гавдалантириш маҳорати етишмади. Бухоролик вакиллар тайёрлаб келган кичик саҳна кўринишида нафс кўйига тушган аёлларнинг ўз эрларини бўйсундириб, ота-онасидан кечиш, ҳаром мол тўплашга мажбурлаётгани, натижада эркакларнинг пул топиш илинжида чет элга бориб, одам савдоси гирдобига тушаётгани каби аянчли ҳолатлар ифодаланган бўлса, етук ижро маҳоратига эга дея тан олинган тошкентлик номзодлар баъзи ота-оналар томонидан балоғат ёшига етмаган фарзандларининг мактабда илм ўрганишига тўсқинлик қилиб, уни бозорда турли йўллар билан пул топишга ундаши, боласи келажагига бефарқлик ёмон оқибатларга олиб келишини таъсирчан тарзда акслантирдилар. Андижонлик қатнашчилар талқинидаги оддий бир хонадон бекасининг қўл телефонига эга бўлиши натижасида тез орада келиб чиққан йирик можарога оид саҳна кўриниши сюжетида реал манзаралар, ҳаётий деталлар кўзга ташланмади. Ҳечқурса, унда кундалик турмушда бўй кўрсатаётган телефон билан боғлиқ маънавий-ахлоқий муаммолар кўтарилса, айни муддао бўлур эди. Таъкидлаш жоизки, танлов шартларини адо этишда аксарият қатнашчиларда низомга зид равишда белгиланган вақт (регламент)га риоя қилмаслик ҳолати кузатилди. Нима бўлганда ҳам, улар оила ва жамиятда ўз муносиб ўринларини топганликлари, ўзига хос истеъдод, етарли билим ва тажрибага эга эканликларини амалда исботладилар.

         Якуний натижаларга кўра, танловда ҳакамлар ҳайъати томонидан учинчи ўринга 42,4 балл жамғарган андижонлик Н. Аҳмедов ва М. Ёқубовалар жуфтлиги лойиқ деб топилди. Иккинчи ўринни 43,4 балл тўплаган бухоролик Д. Аҳмедов ҳамда М. Тошевалар оиласи қўлга киритди. Энг юқори поғонани эса 44,4 балл билан қашқадарёлик Тошпўлатовлар ҳамда Тошкент вилоятидан Исмоиловлар жуфтлиги забт этишди. Ғолиблар ташкилотчилар томонидан ажратилган қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Тадбир тафсилотлари юртимиз оммавий-ахборот воситалари орқали кенг ёритилди. Бу эса тадбир низомида кўзда тутилганидек, кўриш ногиронларининг оила ва жамият ишларидаги фаоллиги, тенгсиз ирода-ю матонатини жамоатчиликка тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этди. 

ТЕЗКОРЛИК ВА ТОПҚИРЛИК НАМОЙИШИ

         ЎзКОЖ МБ томонидан ўтказилаётган турли йўналишдаги тадбирлар шакл ва мазмун жиҳатдан такомиллашиб бораётгани айни ҳақиқат. Брайль ёзуви саводхонлиги бўйича республика кўрик-танлови мана, икки йилдирки, янгича кўринишда, яъни тез ва ифодали ўқиш, диктант ёзиш ҳамда тезкор савол-жавоб шартлари асосида ташкил этилмоқда. Бу галги танловда унинг ҳудудий босқичларида ғолиб чиққан 11 нафар билимдон, зукко иштирокчилар учта йўналиш бўйича ўзаро баҳсга киришдилар. Айрим сабабларга кўра, унда Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона ҳудудларидан вакиллар қатнашишмади. Бошқа жиҳатдан, ушбу танловда мактаб, лицей ўқувчиларининг ҳам иштирок этиши ёшларнинг бу каби тадбирларга қизиқиш ва интилишлари кучайиб бораётганидан далолат беради. Зеро, мазкур беллашувни уюштиришдан кўзланган мақсад тақдирдошларимиз ўртасида Брайль ёзуви бўйича саводхонлик даражасини ошириш, уларнинг китоб ўқиш, билим олишга бўлган саъй-ҳаракатларини янада юқори босқичга кўтариш, ёш авлод онгида юксак маънавиятни шакллантириш, шунингдек, чинакам истеъдод эгаларини моддий-маънавий жиҳатдан рағбатлантиришдан иборатдир.

         Танлов тафсилотларига тўхталсак, унда қатнашчилар дастлаб тарихий мавзудаги диктантни кирилл ёки лотин алифбосида Брайль шрифтида ёзишга киришдилар. Матнда баъзи нотаниш сўзлар учрагани сабабли деярли барча иштирокчилар, ҳатто олий маълумотли мутахассисларга ҳам уни тўғри, грамматик хатоларсиз ёзиш бироз қийинчилик туғдирди. Айниқса, бу борада Наманган, Самарқанд, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятлари вакиллари паст натижа қайд этдилар. Қатнашчилар орасида Жиззахдаги кўзи ожиз болалар интернат-мактаби ўқувчиси Ф. Сафаров имло қоидаларини яхши ўзлаштиргани аён бўлди. Зеро, у диктантда бошқалардан фарқли тарзда нисбатан кам хатога йўл қўйди. Тез ва ифодали ўқиш беллашувида кирилл алифбосида мутолаа қилувчилар учун ғарб адиби Т. Драйзернинг “Америка фожеаси” ҳамда лотин алифбосини ўзлаштирганларга немис ёзувчиси Э. М. Ремаркнинг “Уч оғайни” романларидан олинган бобларни уч дақиқа давомида тез ва равон, нутқ қоидаларига амал қилган ҳолда ўқиш вазифаси топширилди. Бунда одатдагидек самарқандлик А. Абдуманнонов, бухоролик Л. Раҳмонова ҳамда Тошкент шаҳридан Ш. Ҳожиевалар пешқадамлар сафидан ўрин олди. Қолаверса, ёш тақдирдошларимиз орасида  китобсеварлар сони ортиб бораётгани кишини қувонтиради. Жумладан, Навоий, Жиззах, қашқадарёлик ёшлар матнни сухандонларга хос тарзда, таъсирчан руҳда мутолаа қилдилар. Андижон, Сирдарё, Тошкент, Наманган вилоятларидан қатнашган вакиллар белгиланган вақт ичида атиги 200 га яқин сўз ўқидилар, холос.

Танловнинг сўнгги ҳал қилувчи савол-жавоб шартида иштирокчиларнинг ЎзКОЖнинг кечаги ва бугунги фаолияти, Луи Брайль ҳаёти ҳамда у кашф этган бўртма ёзув, шунингдек, адабиёт, тарих фанларига доир билимлари синовдан ўтказилди. Бунда, асосан, Тошкент шаҳри, Бухоро, Қашқадарё вилоятлари вакиллари берилган саволларга тўлиқ жавоб қайтариб, юқори балл тўплашга эришдилар. Самарқанд, Андижон, Сирдарё ва жиззахлик қатнашчилар жамият ўтмиши, Брайль ҳаёти билан боғлиқ маълумотлардан хабардорликларини намоён этган бўлсалар-да, тарихга оид саволлар жавобини топишда сусткашликка йўл қўйишди. Навоий, Тошкент вилоятларидан келган иштирокчилар эса биронта саволга ҳам тўғри жавоб бера олишмади.

         Ҳакамлар ҳайъати томонидан эълон қилинган натижаларга мувофиқ танловда энг кўп 44,2 балл йиққан пойтахт шаҳри вакиласи Ш. Ҳожиева мутлақ ғолибликка эришди. Иккинчи поғонани эса бухоролик Л. Раҳмонова 43,5 балл билан забт этди. Самарқандлик А. Абдуманнонов 40,3 балл тўплаб, учинчи ўринга лойиқ кўрилди. Рағбатлантирувчи мукофотга қашқадарёлик М. Искандарова (39,7 балл) ҳамда жиззахлик Ф. Сафаров (35 балл)лар мушарраф бўлишди. Ғолибларга ЎзКОЖ МБ томонидан тегишли даражадаги диплом ва совринлар топширилди. Шунингдек, танловдаги фаол иштироки учун навоийлик мактаб ўқувчиси М. Асадовга “Бир сафда” журнали таҳририятининг эсдалик совғаси ҳадя қилинди.

Икром РАЖАБ.

МИЛЛИЙ МАДАНИЯТИМИЗ САРЧАШМАСИ

Агар ёлғиз эрсанг, ҳамдам китобдир,

Билим субҳидаги нур ҳам китобдир.

Донолар бисотидан.

Дарҳақиқат, китоб инсоннинг энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, фикрлаш қуроли, қалб малҳами, руҳият озуқасидир. У ҳаёт ҳодисаларини таҳлил қилишга ёрдам берувчи маълумотлар ғазнаси, донишмандлик чашмаси сифатида ахборот, ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоий, сиёсий, илмий, эстетик қарашларни шакллантириш воситаси саналади. Ш. Монтескьенинг эътироф этишича, мутолаага берилиш турмушда содир бўлиб турадиган зерикиш соатларини чексиз ҳузур-ҳаловат соатларига айлантиришдир.

Маълумки, ўзбек миллати дунёдаги китобсевар халқлардан бири ҳисобланади. Китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Китоб хазиналар калити, тафаккур манбаи бўлгани учун ҳам халқимиз уни нондай азиз, мўътабар ва муқаддас ҳисоблаган. Мамлакатимизда китоб қадимдан ҳаёт дарслиги сифатида эъзозланган, инсоният ижодиётининг чинакам ҳайратланарли ва эътиборга лойиқ белгиси сифатида қадрланган. Чунки унда ўтган замонларнинг ақл-идроки яшайди. Инсоният томонидан кашф этилган ва қўлга киритилган ютуқларнинг барчаси сеҳрли сандиқ саналмиш китоблар саҳифаларида сақланиб қолган. Шунинг учун аждодларимиз фаолиятида китоб тўплаш ва кутубхоналар ташкил этиш масаласига устувор вазифалардан бири сифатида ёндашилган.

Турон заминида яшаб ҳукмронлик қилган қайси ҳукмдорни эсламайлик, улар томонидан маънавият, маърифат маскани бўлмиш кутубхоналарга алоҳида эътибор берилганига гувоҳ бўламиз. Жаҳон маданияти ва фанига улкан ҳисса қўшган Абу Наср Форобий, Ибн Сино, Абу Райҳон Беруний, Ал-Хоразмий, Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомий, Мирзо Улуғбек сингари алломаларимизнинг китоб ва кутубхонага кўп бор мурожаат этганлари, маърифат масканида ойлаб, йиллаб ижод қилиб илм олганлари тарихдан маълум. Кутубхоналарнинг вазифаси дурдона фикрлар акс этган, маънавий озуқа берувчи билимга бой асарларни тўплаш, сақлаш ва улардаги ахборотларни китобхонга етказишдан иборат эканлиги барчага аён. “Агар кутубхона бўлмаганда эди, –дейди машҳур кутубхонашунос Л. Б. Хавкина, – нашр этилган китоблар ҳар томонга тарқалиб, комета сингари вақт ўпқонига сингиб кетарди ва улардан фақатгина библиографик маълумот қоларди, китобларсиз бу маълумотлар қабрга қўйилган тошларга ўхшаб қолар эди”.

Ахборот-кутубхона тизимини такомиллаштириш давр талабига айланган бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан зиё масканларини таъмирлаш, уларни янги адабиётлар билан бойитиш ҳамда замонавий компьютер технологиялари билан таъминлаш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Пойтахтимизнинг Истиқлол кўчасида жойлашган Алишер Навоий номли Ўзбекистон Миллий кутубхонасида юз берган ўзгариш ва янгиланишлар юқоридаги фикримизнинг ёрқин далилидир. Ривожланган мамлакатлардаги илғор тажрибаларга асосланган ҳолда иш юритувчи ушбу умумдавлат универсал ахборот-кутубхона муассасаси бой маънавий хазинаси, китобхонлар учун ҳар томонлама қулай шароитга эга экани ҳамда кўркамлиги жиҳатидан алоҳида ажралиб туради. Мазкур маърифат маскани барча ахборот-кутубхона муассасалари учун республика миқёсидаги услубий марказ ҳисобланади.

Миллий кутубхонанинг ахборот хизмати раҳбари У. Тешабоева томонидан берилган маълумотларга кўра, мазкур муассаса 1880 йилда ташкил топган бўлиб, дастлаб унинг хазинасидан 1200 номдаги 2200 жилд китоб ўрин олган. Бугунги кунга келиб кутубхона фондидан 6,5 млн. дан зиёд ахборот манбалари жой эгаллаган. Миллий библиография бўлимида кутубхона фондини ташкил этувчи барча соҳаларга оид адабиётларнинг тўлиқ рўйхати тузилади. Кутубхонада 1870 йилда Туркистонда илк маротаба литография йўли билан нашр этилган газета ва журналлар ҳам мавжуд. Улар нодир нашрлар, қўлёзмалар бўлими фондида сақланади. Умумий майдони 38000 квадрат метрни ташкил этувчи ушбу кутубхонанинг етти қаватдан иборат жаҳон андозаларига мос равишда барпо этилган янги биноси 2012 йил 20 февралда фойдаланишга топширилди. Бинонинг биринчи қаватига сенсор равишда, яъни қўл билан бошқариладиган турли-туман интерактив панеллар жойлаштирилган. Китобхон улар ёрдамида кутубхонадаги бирламчи маълумотлар, унинг фондлари, манбалари, хизмат турлари, ахборотларни излаш ҳамда буюртма бериш қоидалари билан танишади. Айниқса, кутубхонада ногиронлар аравачаси ёрдамида ҳаракатланувчи китобхонлар учун махсус йўлак барпо этилгани мазкур муассасанинг диққатга сазовор жиҳатларидан биридир.

Миллий кутубхонада жамланган ахборот манбаларидан фойдаланиш тартибига оид ислоҳотлар унга аъзо бўлиш жараёнида янада аниқ кўзга ташланади. Бунда китобхондан унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат талаб этилади. Ҳозирда кутубхона аъзолари сони 15000 дан ортиқ бўлиб, уларнинг 80% ини ёшлар ташкил қилади. Миллий кутубхонага 14 ёшдан аъзо бўлиш мумкин. 16 ёшга етмаганлар эса ушбу муассасага ота-онаси ёки яқинлари билан биргаликда мурожаат қилиши лозим. Мазкур ёш давридаги китобхон учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасидир. Имконияти чекланган китобхон кутубхонага бепул аъзо бўлиш имтиёзига эга. Аввалги тизимга кўра, китобхон аъзолик гувоҳномасидан фойдаланган бўлса, ҳозирда унга уч йил мобайнида фойдаланиш учун ID-карта берилади. Унда шахсни аниқлашга хизмат қилувчи идентификация рақами акс этади. ID-картада ифодаланган рақамлар электрон каталогдан керакли манбани топиб, унга буюртма беришни расмийлаштиришда пароль, яъни шартли белги сифатида хизмат қилади. Фойдаланувчи вақтни тежаш мақсадида кутубхонага келишдан аввал унинг Веб-сайти – www.natlib.uz орқали керакли манбага буюртма бериш имконига ҳам эгадир. Бу турдаги кутубхона хизмати, айниқса, имконияти чекланган фойдаланувчилар учун ниҳоятда қулайлиги билан ўзига хос аҳамият касб этади. Буюртма қилинган ахборот манбалари китоб бериш бўлимига анъанавий усул билан эмас, балки узунлиги 300 метрдан иборат, 10 килограммгача вазндаги китобларни кўтара оладиган телелифт, яъни автоматлаштирилган китоб бериш мосламасига жойлаштирилган ҳолда етказилади. Глобал тармоқ, яъни интернет тизими орқали берилган буюртма уч кун давомида кутубхонанинг Китоб бериш кафедрасида сақланади. Китобхон шу муддат ичида ўзи буюртма қилган ахборот манбаидан фойдалана олади. Кутубхонада электрон каталог тизими 1998 йилда жорий этилган бўлиб, ундан мазкур йилдан ҳозирги кунга қадар кутубхона фондига киритилган барча манбалар ҳақидаги маълумотларни топиш мумкин. Эндиликда 1998 йилга қадар кутубхона фондига киритилган ахборот манбалари рўйхати ҳам босқичма-босқич, рейтрофонд тарзида электрон каталогга киритилаётгани қувонарли ҳол, албатта.

2003 йилда ЎзР Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация комиссияси билан тузилган шартномага мувофиқ, мамлакатимизда ҳимоя қилинган фаннинг барча соҳаларига оид номзодлик ҳамда докторлик диссертациялари Миллий кутубхона фондига топширилади. Айни вақтда бу ерда Ўзбекистонда ҳимоя қилинган 14 мингдан зиёд тадқиқотлар мавжуд. Бундан ташқари, айни муассасада Россия давлат кутубхонаси билан ҳамкорликда виртуал ўқув зали ташкил қилинган. Китобхонларга Россиядаги диссертацияларнинг электрон нусхалари билан танишиш учун қулайлик яратиш мақсадида кўрсатиладиган хизматлар Онлайн тизимда амалга оширилади. Фойдаланувчиларда бу тизим орқали 600 мингдан ортиқ илмий ишлар билан танишиш имконияти мавжуд. Шунингдек, Миллий кутубхона фонди МДҲ давлатларида чоп этилган авторефератлар нусхалари билан ҳам бойиб бормоқда.

Миллий кутубхонада 1956 йилда халқаро китоб айирбошлаш йўлга қўйилган ва “Жаҳон” хорижий адабиётлар зали фонди шакллантирилган. Ушбу ўқув залининг ёрдамчи фондида дунёнинг 75 тилида чоп этиладиган 375 минг та ахборот манбаи сақланади. Адабиётларнинг 60 фоизини инглиз, 30 фоизини бошқа европа тиллари, 10 фоизини шарқ, австроосиё, африка каби мамлакатлардан келтирилган ҳужжатлар ташкил этади. Бугунги кунда айни йўналишга доир масалалар юзасидан Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Эрон, Россия, Украина, Латвия, Литва, Польша сингари хорижий мамлакатлар кутубхоналари билан ҳамкорлик алоқалари кенг йўлга қўйилган. Бу ерда уларнинг веб-саҳифаларида акс этган маълумотлардан ҳам фойдаланиш мумкин.

Мазкур кутубхонада мавжуд ахборот манбаларини сақлаш мақсадида уларни инвентаризациядан ўтказиш масаласига катта эътибор қаратилади. Бунинг учун фонддаги ҳар бир китоб муқовасига махсус чип ёпиштирилади. Унга кутубхона ходими томонидан китобнинг паспорти – муаллифнинг исми, шарифи, ушбу адабиётнинг номи, инвентарь рақами ва шифри киритилади. Чиплар китобни кутубхонадан ташқарига олиб чиқилишидан ҳимояловчи восита сифатида ҳам хизмат қилади. Улар нафақат китобларни сақлаш, балки кутубхона ходимига муайян ахборот манбаини топишни осонлаштиради. Буюртма қилинган адабиётни излаш жараёнида “Ридер” номли қурилма китоб жавонидаги чип ёпиштирилган ахборот манбаларига яқинлаштирилса, ушбу мослама керакли адабиётнинг номини ўқиб беради. Шу ўринда кутубхонада кўришда нуқсони бўлган китобхонларнинг замонавий ахборот технологияларидан мустақил фойдаланиши учун бирмунча кенг имконият яратилганини мамнуният билан қайд этиш жоиз. Кутубхона Ахборот-коммуникация технологиялари ва хорижий ахборот-кутубхона фондларига уланиш хизмати бош мутахассиси Ҳ. Жўраевнинг маълумот беришича, ушбу муассасадаги 7 та компьютер фақат кўриш имконияти чекланган китобхонларга хизмат қилади. Бу тоифа китобхонлар учун ажратилган ҳар бир компьютерга овозли ЖАВС дастури юкланган. Барча тифлокомпьютерларга Фокус 40 қурилмаси ўрнатилган. Мазкур қурилма Брайль дисплейи ҳамда махсус клавиатурани ўзида мужассам этади. Кўриш имконияти чекланган фойдаланувчи маълумотларни Брайль тизимига мослаштирилган клавиатура ёрдамида компьютерга киритиши мумкин. Айтиш мумкинки, кўзи ожиз китобхон нафақат компьютерга ўзи киритган маълумотни, балки Миллий кутубхона фонди ёки интернет саҳифаларидан олинган электрон адабиётларни ҳам мустақил ўқиш имконига эга. Кутубхона 2 та Брайль принтери билан таъминланган бўлиб, бу турдаги тифлотехник воситалар кўриш имконияти чекланган фойдаланувчига керакли маълумотни бўртма нуқтали ёзувда чоп этиш учун хизмат қилади. Мазкур жараён имтиёзли равишда бепул амалга оширилади. Шу ўринда кутубхона раҳбарияти ва ходимлари томонидан ўқув залларини Брайль ёзувидаги адабиётлар билан таъминлаш масаласига жиддий эътибор қаратилаётганини алоҳида эътироф этиш даркор. Мазкур масканда кўриш имконияти чекланган китобхонда маълумотларни нафақт Брайль ёзувида ўқиш ва ёзиш, балки ЭлекЖест (CD ва MMC флешкада сақланадиган “гапирувчи” китобларни эшитиш мосламаси) орқали овозли ахборот манбалари билан танишиш имконияти ҳам мавжуд. Кўзи ожиз инсон CD ва MMC флешкадаги аудиомаълумотларни компьютер орқали махсус дастур ёрдамида ўзининг USB флешкасига кўчириб олиб фойдаланиши мумкин.

Бу ерда китоб дўкони, емакхона ҳамда “Болалар” хонасининг ташкил этилгани ҳам муҳим янгиликлардан ҳисобланади. “Болалар” хонасида ўйин майдончаси мавжуд бўлиб, у турли ўйинчоқлар билан таъминланган. Китобхонлар фарзандларини “Болалар” хонасида фаолият кўрсатувчи мутахассисга топшириб, кутубхона хизматидан фойдаланишлари мумкин. Болалар билан ишлайдиган ходим кичкинтойларнинг вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида уларни расм чизишга жалб этади, қизиқарли китоблар ўқиб беради, аудиоформатда ёзилган эртакларни компьютер орқали эшиттиради.

Мазкур муассасанинг ҳар бир аъзоси китоб мутолаасидан ташқари, унинг музейидаги ахборотлар билан танишиши, олимлар, шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, кутубхона нашриётида чоп этилган адабиётлар тақдимотида иштирок этиб маънавий оламини янада бойитиши, дунёқарашини кенгайтириши мумкин.

Мунаввара ҚУРБОНОВА.