БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ҲУНАРМАНД БЛОГЕР

Кўз – бебаҳо неъмат. Айниқса, катта ёшда кўриш имкониятини йўқотган инсонлар унинг қадри ва аҳамиятини теран ҳис қиладилар. Бу ҳолга тушган кишилардан яшашга бўлган қизиқиш, мақсадлар рўёбига эришиш иштиёқи чекингандек бўлади. Аслида кўзи ожизлик уларга ҳаётга янгича тафаккур билан қараш ва ўз салоҳиятини тўла намоён этиш имконини беради. Кутилмаганда кўришдан мосуво бўлган 48 ёшли буюк британиялик Крис Фишер ҳам дастлаб шундай ҳолатни бошдан кечирди. 2008 йилда унга кўз тўр пардаси жиддий зарарланишига сабаб бўлувчи паразитар токсаплазмоз хасталиги ташхиси қўйилди. Крис бир неча ҳафта ичида гўё булутсиз осмондаги момақалдироқ янглиғ қўққисдан бошига тушган кўзи ожизлик савдоси билан юзлашди. Натижада ўзи ишлаётган “BMW” автохизмати механиги вазифасидан кетишга мажбур бўлар экан, аввалига вазиятни қай тарзда ўнглаш чорасини тополмай мушкул аҳволда қолди. Бироқ вақт ўтиб Фишерда болаликдаги қизиқиши – ёғочдан турли хил уй-рўзғор анжомларини ясаш билан шуғулланиш фикри уйғонди. Ушбу ҳунарни мукаммал ўрганиш илинжида интернетдаги қарийб 500 соатлик махсус видеолавҳалар шарҳини тинглашига тўғри келди. Алалоқибат, ҳар хил усуллар билан ёғочга ишлов берувчи кўплаб асбоб ва дастгоҳларда ишлашни ўзлаштириб олди.

Крис турли хил шаклдаги товоқ, шамдон, финжон каби кўплаб буюмлар ясашни машқ қила бошлади. У ўрганган дарслар кўзи ожизлар аудиториясига мўлжалланмагани боис касб кўникмаларини эгаллашда қатор муаммоларга дуч келди. Сабаби, видеоблогерлар жараённи асосан тасвирда акслантириб, уни  овозлаштиришга кўп ҳам эътибор қаратмаган эдилар. Ҳунарни бекам-кўст эгаллаган уста бошқа дарддошлари ҳам ўзи бошдан кечирган қийинчиликларга рўбарў бўлмасликлари учун 2013 йилда Youtubeда дурадгорлик сирларини ўргатувчи “The Blind Wood Turner” деб номланмиш шахсий таълим каналини очди. Бунда у кўзи ожизларнинг жисмоний ҳолатини ҳисобга олган ҳолда ёғочга ишлов бериш кўникмаларини сингдиришга интилар экан, кўришдан мосуволик шароитида ҳунарни тўла-тўкис ўзлаштириш имкони мавжудлигини бот-бот уқтиради. Фишер автомеханик бўлиб ишлаган пайтига қараганда кўзи ожиз бўлиб қолган ҳозирги даврида техника хавфсизлигига жиддий ёндашаётганини алоҳида таъкидлайди.

Бугунги кунга келиб 200 га яқин видеодарслар муаллифи бўлмиш Крис фаолият олиб бораётган таълим канали салкам 500 кишилик фойдаланувчилар аудиториясига эга. Блогер нафақат кўзи ожизларнинг дурадгорлик борасидаги кўникмаларини мустаҳкамлаш, балки барча инсонларга камолотга эришиш йўлини кўрсатишни зиммасидаги муҳим вазифа деб билади. Фақатгина онлайн тизимда эмас, балки офлайнда ҳам маърифий фаолият билан машғул Фишер ўз тажрибаларини кенг миқёсда тарғиб этиш мақсадида Буюк Британия бўйлаб мунтазам саёҳатлар уюштириб туради. “Билимларимни ўзгалар билан бўлишар эканман, шунинг турткиси билан инсонлар ўз имкониятларига бўлган салбий муносабатлари ва ҳаёт тарзларини яхши томонга ўзгартиришга интилишлари мен учун энг катта мукофотдир”, – дейди қаҳрамонимиз.

“НАША ЖИЗНЬ” журналидан олинди.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш