БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

ҚАРОҒИМДА ҚАЛҚИМАС ЁМҒИР...

Инсон маънавиятини шакллантириш имкониятининг кенглиги ва кишига таъсир қудрати миқёсига кўра бадиий адабиёт санъатнинг бошқа турлари орасида алоҳида мавқега эгадир. Ғоят кўп ўлчовли мураккаб бутунлик бўлмиш бадиий адабиёт ўқувчи томонидан ўқилиб, ҳис этилиб, англангандагина таъсирчан эстетик-маънавий қувватга айланади. Ҳис этилмаган, англанмаган гўзаллик ҳаётдаги фойдаланилмаган имконият каби шахс маънавиятига таъсир кўрсата олмайди. Дилдора Оқбўтаева шеърлари бир қарашда таҳлилга муҳтожмасдай, ҳамма нарса шундоқ ҳам тушунарлидай. Аммо яна бир карра ўқиган ўқувчи содда сатрлар аслида жуда мағзи бутун, серқатлам ва кутилмаган манзараларга бойлигини илғайди. Улардаги тасвирдан туйғулари таъсирланади, ўзидаги ички ўзгариш, тозаришни ҳис қилади:

Тупроқларга қорилиб кетдинг,

Шу тупроқда ундим, юрагим.

Юрак энг нафис туйғулар, яширин кечинмалар, ҳассос орзулар макони. Улар қалбни тўлдириб, бағирни бутун қилиб туради. Аммо улар бирма-бир синиб, синиқлари кўз ёшга айланган. Кўздан оққан ёш думалаб, ерга томчилайди, шу тарзда юрак тупроққа қорилади. Кўз ёш билан суғорилган тупроқ энди унумдор. Ундан оппоқ чечак, яшил майса – қиз қалби униб чиқади. Бундан ўкинган шоира “Бошин силаб туйғуларимни, Йиғлаб қучдим орзуларимни” дейди. Орзулар тарк этган, кечинмасиз ҳувиллаб ётган кўнгил энди жонли эмас. Усиз одам эса фақат жисмдан иборат бўлиб қолади: “Жим ётибман вужудим ўлиб”.

Дилдоранинг битикларидан ижтимоий маъно излаш бефойда. Шоира қуруқ ғоябозлик, ўгитчилик, яланғоч шиорбозликдан қочади. Чиндан туйганларини чин қилиб беришгагина интилади. Шу боис улар билан танишган ўқувчи чинакам бадиий сўз таъмини ҳис қилади, эстетик завқ олади. Умуман олганда, кишининг бирор илмий қарашдан бехабар қолиши атрофдагилар учун ҳам, унинг ўзи учун ҳам жиддий йўқотиш саналмайди. Аммо бирор маънавий қадрият, ахлоқий сифатни ўзлаштира олмагани миллат миқёсидаги фожиага айланиши мумкин. Бундай ўзлаштирув эса фақат бадиий сўз зиммасига юклангандир:  

Тонгда оппоқ капалак бўлиб,

Юзларига қўндим, юрагим.

Дилдора сўзлардан жуда чиройли фойдаланади. Ўзига керакли манзарани осонгина чизади. Китобдан жой олган туюқда “Кетди ишқим кунларидан оқ ариб” сатрини ўқиган китобхон кўз олдида қоронғу зулмат гавдаланади. Аммо бу тун ҳам эмас. Руҳий ҳолат жуда усталик билан кўрсатилган: дим, бўғиқ, тунд ҳаво, булут қоплаган осмон, қуёш нурлари уларни ёриб ўта олмаяпти...

Ёки “Сизни кўзларимга яшира олмай” сатрида бутун туйғулари кўзларида акс этиб турган қиз кўринади. Кўзда акс этиш учун киши юзма-юз туриши лозим. Қиз ҳам севиклиси қаршисида турибди. Аммо у – ўзбек қизи. Бақрайиб қараб туриш унга хос эмас, уят саналади. У ҳақда сурган ўйлари, хаёлида гавдалантирган сиймоси қиз кўнглини тўлдириб турибди. Кўз эса кўнгил ойнаси. Шу боис қиз кўзини ерга қаратган, киприклари билан нигоҳини тўсган бўлса-да, йигит унинг қорачиқларида аксланиб турибди. Ярим ёпилган қовоқлар қорачиқни оғритиб, кўздан ёш думалаб – йигит қиёфаси парчаланиб тушяпти.

Дилдоранинг шеърларини кузатаркансиз, унинг жуда ҳаққоний фикрлаши, орзу ва ҳаётни ажрата олишига амин бўласиз. Турмуш ташвишлари билан мунтазам бандлигини сезган ижодкор қаровсиз қолган ҳиссиётлари, кечинмалари олдида ўзини айбдор ҳис этади, улар билан ҳали алоҳида “шуғулланишни” кўнглига тугиб қўяди:

Ташвиш пардаларин бир четга суриб

Телба юрагимни силаб қўяман.

Шоира баъзан “Кипригим учида тонгларни асраб” кабишундай чиройли ўхшатишлар қиладики, ўқувчи энтикиб кетади, дарҳол ёдига муҳрлаб, ўзи учун қайд этиб қўяди.

Тўпламдаги “Туйғулар рақси” шеъри билан танишган киши китобнинг бежизга шу ном билан аталмаганига амин бўлади. Дилдора қалбни безовта қиладиган, соҳибининг ўзига-да кўпинча тушуниксиз бўлган туғёнларни бирма-бир таҳлил қилади, моҳиятига мос ранг билан таъминлайди, тутумларини маҳорат билан чизади:

Бугун яна кўксим кўшкида,

Рақсга тушди туйғулар жами.

Сирли дард бор ҳар бир куйида,

Бу севинч ва қайғулар базми.

Шеър илк сатрлариданоқ ўқувчини эртаклар оламига етаклагандек бўлади. Дилдора ҳар бир одам – кичик олам эканлигини билади. Кўнгилда рўй бераётган ҳар бир ўзгариш коинотда содир бўлаётган ҳодисаларга тенглиги, ҳар каснинг шахсий булути, ёмғири, пана бўладиган мағораси борлигига ишонади. Дилни яралаш билан шуғулланадиган хиёнат ҳамиша ҳам айбдор эмаслиги, у ҳам садоқатни исташи, аммо тинмай ўзгариб-товланиб турувчи “қулуб”нинг қурбони эканлигини “Садоқатни қучоқлаб олиб, Хўрсиняпти хиёнат дайди” тарзида кўрсатади. Ўқувчи “дайди” сўзидан хиёнат тушиб қолган вазиятни англайди, унга ачинади, ҳеч бир қалбдан қўним топа олмай, мангу дарбадарликка маҳкум эканидан ўкинади, ўз туйғуларини эса шундай қийноққа дучор қилмай, пок сақлашга аҳд қилади. Сатрлар билан танишгани сари ўқувчининг ҳайрати ошиб, дили завққа тўлиб боради: оҳ, қоп-қора либосдаги армонни кўринг, оқ орзуга қанчалар суқланиб боқмоқда, ўрнида бўлишни истаяпти шўрлик... муҳаббат ва нафрат ораси чиндан бир қадам экан, ана, бирга қўл ушлашиб юришибди... эҳ, умиднинг илинжи, оқибатнинг эса имкони қолмади...

Албатта, тўпламдаги барча битикларни бирдек юқори савияга эга дейиш қийин. Айниқса, имло хатоларининг мавжудлиги ўқувчи таъбини хира қилади, шеърларнинг равон, маза қилиб ўқилишига, демакки, тўлақонли таҳлилга халал беради. Балки нашриёт ходимлари хийла эътиборли бўлишганида тўпламнинг нафақат мазмун-моҳияти, балки сифати ҳам кўркамлашган бўларди. Нима бўлганда ҳам “Туйғулар рақси”дан ўрин олган Дилдора Оқбўтаева шеърларининг бадиий жозибаси ўқувчини ўзига жалб этади, руҳиятини тамкинроқ қилади, ўзини шоирадан бундан-да гўзал битикларни кутишга ҳақли сезади.

Муҳайё ИСМОИЛОВА,

 ЎзМУ доценти.

КЎКДА СУЗАР КЎКИМТИР БУЛУТ

Баъзи шеърларни ўқиганида киши “Гул чиройи, тонг мусаффолиги, муҳаббат қудратини ёзмоқчи бўлибди”, дейиш билан кифояланади. Баъзи шеърларни ўқиган шеърхон эса гул бўйини туяди, рангидан зақланади, гул баргида титрабгина турган шудрингни чайқатиб юборишдан чўчийди, тонгдаги тиниқликка нафаси билан бўлса ҳам путур етказишга ийманади. Бир сўз билан айтганда, шоирнинг шеър ёзаётгандаги руҳий ҳолатига тушиб, уни асир этган оламга сайр қилади. Шеърнинг бундай кескин фарқли таъсирини эса сўзлар белгилайди. Чиройли сўзларни кетма-кет қўллаш, мазмунга уйғун тарзда қофиялаш билан шеър пайдо бўлмайди. Иш шу билан битганида тилнинг луғат бойлигини яхши эгаллаган киши борки, шеър битарди. Шеър эса чиройли сўзларни бадиий сўзга айлантириш санъатидир.

Шеър – махсус нутқ шакли, у – энг яхши тартибда жойлаштирилган энг яхши сўзлар йиғиндиси. Унга қўйиладиган барча талаблар нисбий. Бироқ шеър қаддини тутиб турадиган баъзи унсурлар борки, уларсиз шеър, юқорида таъкидланганидек, чиройли сўзлар мақбараси бўлиб қолади, холос. Бу, аваало, шеърдаги руҳ, миллий ўзига хослик:

Тушларимда сени топиб,

Ўнгда яна йўқотаман.

Жалил Раҳматнинг “Ойдин қишлоқ оғушида” номли шеърий тўпламидан жой олган мазкур сатрлар ўқувчи кўз олдида жуда таниш манзарани гавдалантиради. Ўзбекларда бўй қизларнинг ортидан йигит эргаштириб юриши номус саналади. Ўзбек йигити ҳам буни яхши билади, қиз шаънини кўз қорачиғидай асрайди, туйғулари қанчалар кучли ва жўшқин бўлмасин, уларни ниҳон тутади. Қизга, у яшайдиган уй, уйи жойлашган кўчага ҳам қарамасликка интилади. Йигитда хаёл суриш, орзу қилиш имкони бор. Уни асир этган сулув эса бўй қизларга хос сезги билан йигит кўнглидагини илғаб бўлган. Майли бор ё йўқлигини кўз қири, билинар-билинмас табассуми, ортига бир ўгирилиши билан маълум қилади. Суюкли қизнинг ўзигина интуитив тарзда илғай олиши мумкин бўлган мазкур ҳаракатлар йигитга дадиллик бағишлайди, орзулари реалликка яқинлашади, севишганлар васлини бемалол туш кўради. Бундай миллий тафаккур билан суғорилган сатрлар, этник тоифасидан қатъи назар, ҳар қандай шеър ихлосмандини завқлантиради.

Жалил Раҳмат шеърлари ўзбекона жамиятни тутиб турувчи устунлар, ҳар биримиз амал қиладиган қадриятлар, бизни ҳаракатлантирадиган мақсадлар ҳақида сўзлайди. Улар билан танишган сари “мен ҳам шундай қиламан”, “мен билан ҳам шундай воқеа содир бўлганди”, “мен учун ҳам муҳими шу-ку” каби эътирофлар тилдан учади:

Уйим тўри, бошига қараб,

Дастурхоним ошига қараб,

Боламнинг кўз-қошига қараб,

Йиғлаб олдим унсиз, пинҳона,

Сизни жуда соғиндим, она.

Чиндан ҳам биз ўзбекларда фарзанд ёши нечада бўлса ҳам  ҳамиша ота-онага итоат қилинади, уларнинг хоҳишига кўра иш тутилади. Ғарбда балоғатга етган фарзанднинг уйни тарк этиши ижобий саналади, йигит ёки қизнинг мустақил, масъулиятли, ишончли эканини белгилайди. Бизда эса тарбиясида кемтиги бор, иймони заиф, Яратгандан қўрқмайдиган ўғилгина ота-онани ташлаб кетади. Айнан шундай, уйни тарк этмайди, ота-онани ташлаб кетади. Бизда ҳамиша уй дейилганида унда яшовчи оила аъзолари тушунилади, шу боис “уйлар тинчми?” дея ҳол-аҳвол сўралади.

Якуни маълум бўлган асар воқеалар йиғиндиси ёки уларнинг баёнигина, холос. Уни миллий қиёфага хос жозибали сирлилик, ўзгачалик бадиий қилади. Шеърда тасвир асосини насрдаги каби воқеа-ҳодисалар эмас, балки улар таъсирида пайдо бўлган оний туйғу, лаҳзалик ҳолат, муваққат кечинмалар ташкил қилади. Унда сюжет бўртиб, зоҳирий жиҳатлари билан намоён бўлиб турмайди. Аксинча, сюжет бўладиган воқеани ўқувчининг ўзи шеърдан туйган туйғуларга таянган тарзда содир этиши лозим. Жалил Раҳмат шеърлари айнан шу жиҳати ўқувчига тасаввур қилиш, мантиқ ва ҳиссиётни уйғунлаштириш имконини бериши билан ажралиб туради:

Сувда ястанар ялпиз,

Бўйидан маст йигит-қиз.

Гул пойига чўкиб тиз,

Терайин қучоқ-қучоқ.

Соғиндим сени, қишлоқ.

Илк сўзларданоқ ўқувчи кўз олдида суратга чизиқлар тортила бошлайди: яшил майса, юмшоқ тупроқ – сал намроқлиги учун чангимайди, кўкламга хос салқинлик ҳавони биллурдек ҳолга келтирган, чертсанг жаранглайди. Бутун борлиқни ялпиз бўйи тутиб кетган, ариқда оқаётган сув эпкини бу ифорни ҳамма ёққа таратяпти... Табиатда юз бераётган ажиб ўзгаришлар, гўзаллашувлар кўнглида содир бўлаётган ғалаёнга чандон мос тушганидан боши айланиб кетаётган ўспирин... Дилидаги тўфонларни кўзида ҳам акс эттиришдан ийманаётган қиз... Шу бетакрор лаҳзаларни яна бошдан кечиришни истаган, бунинг иложсизлигини тушунган ва армон билан қишлоқдан ҳам кўра ўша беғубор дамларни қўмсаётган шоир... Яхши шеърни ёмон шеърдан улар ҳосил қилаётган манзара, чизаётган сурат ажратади. Жалил Раҳмат шеърларининг қай бирини олманг, ҳар бири ўз тарихи, ҳозири ва умид қилаётган эртаси ҳақида кўрсатади, чизади. Сатрдан-сатрга, саҳифадан-саҳифага ўтганингиз сайин энтикасиз, завққа тўласиз, ҳатто қайғули ҳолатнинг сурати ҳам чинлиги, танишлиги билан кўнглингизни тўлдиради.

Шеърият жонли вужуд мисоли, шу боис уни қайта ишлашга эҳтиёж йўқ. Шоир қўлламоқчи бўлган сўзларга хос қонуниятларни интуитив тарзда билади. Шеърий нутқ кимга мурожаат қилинаётганига боғлиқ тарзда ўзгаради. Бу табиий, негаки, шоир ёрига ҳам, денгизга ҳам, балиққа ҳам, Яратувчисига ҳам бир хил муносабатда бўла олмайди. Шеърий нутқ тўла англаниши ва қабул қилиниши учун шоир тасвирланаётган объектни яққол тасаввур қилиши, у билан ораларидаги муштаракликни кўра олиши ҳамда алоқа ўрнатишга имкон берувчи воситани илғай билиши керак. Жалил Раҳмат ўзи яхши билмаган мавзуга қўл урмаган, бошидан кечирмаган ҳолатни шеърга айлантирмаган, дилида чиндан бор туйғуларнигина сўзга эвирган:

Болалигим, бол даврим,

Шошқалоқ шамол даврим,

Кенг самолар бағрида

Сузганим ҳилол даврим.

Ёки:

Кўкда сузар кўкимтир булут,

Шовиллайди шамол гоҳида.

Саватчада терилган қурут,

Тебранади ўрик шохида

сингари сатрларни ўқиган киши кенг далада ғизиллаб чопиб, ўйнаб юрган болакайга “ҳой, секинроқ” дегиси келади, ёмғир олдидан борлиқни тўлдирадиган оний сукут ва қандайдир магнит тўлқинидан сесканади, шоирнинг онаси қатиқ зардобини оқизиб тайёрлаган сузмадан ясалган қурут тўлдирилган саватни ичкарига олиб киргиси келади. Бу Жалил Раҳмат тасаввур кучи ва сўзларни чийратиб ишлатиш истеъдодидан дарак беради.

Шеър ёзилиш жараёни шу қадар мураккабки, кўпчиликка у мўъжизали, илоҳий туюлади. Шеърга туртки бўлган ҳодисага кўпчилик гувоҳ бўлиши мумкин, лекин у фақат биргина кишида шеърий туйғу уйғотади. Шоир ўз бошидан кечирган туйғулар, дилининг тубигача ларзага солган ҳодисалар, қалбида ўчмас из қолдирган кечинмаларсиз ҳақиқий шоир бўла олмайди. Унинг шахсияти такомили махсус шароит, долғали давр талаб қиладиган мураккаб, шу билан бирга табиий жараёндир. Зеро, кескин ижтимоий ўзгаришлар натижасида шоирда пайдо бўлган ҳислар бўрони унинг вужудида мудраб ётган ижодий имкониятларни уйғотади. Аммо долғали давргина истеъдодни даҳога айлантирмайди. Бунинг учун туғилганидан то шоир сифатида уйғонгунига қадар олган узлуксиз таассуротларидан келиб чиқадиган, ўзида ўтмиш, ҳозирги пайт ва келажак туйғуларини жамлаган ҳаётий тажриба зарур.

Ойдин қишлоқ оғушида

Ёришган дил орзуларим.

Оқшомлар ой ёғдусига

Қоришган ҳис-туйғуларим.

“Шеър ёзишнинг ҳеч бир қоидаси бўлмайди, аксинча, шеърий қоидаларни яратадиган одамга шоир дейилади. Шоирлар бўйсунадиган умумий шеърий қонун-қоидалар йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Чунки ҳеч бир одам улар ҳатто эгизак бўлишса-да, бир-бирини такрорламайди, бир муҳит-шароитда вояга етишса-да, феъл-атвор, дунёқараш, тафаккур тарзлари тамомила ўзгача бўлади. Шу каби Жалил Раҳматнинг ҳам олам ҳодисаларига ёндашув ва уни шеърда ифодалаш усуллари ўзгача, бошқа шоирлар қўллай олмайдиган ўз шеърий қонунига кашфиёти, шахсий қоидасига эга. У бу қонунларни ўз кузатувларига асосланган ҳолда яратган ва шу сабабли ўзбек адабиётида ёзиш, ифодалаш усули, тасвир маҳорати жиҳатидан қатъий ўрнига эга. Мен бир ихлосманд сифатида шу ўзгачалик Жалил Раҳматни ҳеч қачон тарк этмаслигини, шоирни шакллантирган Ойдин қишлоқ ҳамиша кўнглини тўлдириб туришини тилайман:

Ойдин қишлоқ оғушига

Бир кун буткул қайтарим бор.

Куз ёмғири ёғишида

Ёзар қўшиқ, байтларим бор.

Муҳайё ИСМОИЛОВА,

ЎзМУ доценти.

 

 

Радио танқидчи нигоҳида

Филология фанлари доктори, профессор Санжар Содиқов адабиётшунослик, адабий танқиднинг муҳим масалаларини тадқиқ этиш баробарида радио танқидчиси сифатида ҳам фаолият юритиб келади. Аксар тингловчилар ширин уйқуда бўладиган ярим тунда ҳам домла “Бедорлик” дастурини тинглайди. Радиожурналистика истиқболи, ютуқ ва муаммолари хусусида мушоҳада юритади. 2010 йилда “Мумтоз сўз” нашриёти томонидан чоп этилган “Радиожурналистика асослари” ўқув қўлланмаси мана шундай уйқусиз тунлар маҳсули, миллат маънавиятига содиқликнинг натижаси ўлароқ майдонга келди. Мазкур қўлланма яхши журналист бўламан деган ёш мутахассисларга, радионинг жонли овозини севадиган содиқ тингловчиларга, қолаверса, халқимиз маданий-маънавий ҳаётига бефарқ бўлмаган барча кишиларга бирдек фойдаси тегиши мумкин бўлган асар десак, муболаға бўлмайди.

         Китобда аудиовизуал журналистика, нодавлат радиожурналистика, радиожурналистика жанрлари ҳамда айни соҳа ҳозирда юз тутаётган муаммолар хусусида атрофлича мулоҳаза юритилади. Оммавий ахборот воситалари тарихида радиожурналистиканинг тутган ўрни, унинг шаклланиш ва тараққиёт босқичлари ҳақида мухтасар маълумот берилиб, радионинг бош вазифаси, радиожурналистика меъёрлари сингари масалалар қаламга олинади. Китобда синчков таҳлил, фактларни қиёслаш, материалларни систематик баён этиш усуллари етакчилик қилади. Унинг салмоқли қисмини муаллиф радиожурналистика тарихи ва бугунги кунига оид материалларни ўзаро муқояса қилишга бағишлайди. Бунда ижтимоий ҳаёт воқелигини ҳаққоний равишда, тезкорлик ва маҳорат билан тингловчига етказиш бугунги радиожурналистиканинг муҳим шарти сифатида талқин этилади. Масалан, мунаққид бугунги бошловчилар йўл қўяётган хатолар хусусида шундай ёзади: “2006 йил 22 майдан 23 майга ўтар кечаси (00:32) бошловчи Бек томонидан айтилган мана бу сўзларни эслаш кифоя: “Адабий-драматик эшиттиришимиз давом этади. Энди француз ёзувчиси О.Генрининг “Сўнгги япроқ” ҳикояси асосида тайёрланган радиоинсценировкани эшиттирамиз” (34-бет). Бошловчи АҚШнинг таниқли ёзувчиси О.Генрини француз ёзувчиси дея таништирадики, мунаққид буни сезгирлик билан илғайди ва ўткир танқид тиғи остига олади. Бу ўринда, биринчидан, жаҳон адабиётига доир маълумотнинг хато талқин этилиши, иккинчидан, бошловчининг саводсизлиги, учинчидан, радиожурналистиканинг юксак масъулиятини ҳис қилмаслик сингари ҳолатларга урғу берилади. Ахир, “Айтилган гап – отилган ўқ” мақоли айнан радиожурналистга тегишли эмасми? Радио тўлқинларида юз берган хатони тўғрилаш имконсизлигини бошқалар билмаса ҳам, радиожурналист билиши лозим-ку! С.Содиқов мана шундай бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган, аслида радиожурналист шахсияти, радиожурналистика обрўсига дахл қилиши мумкин бўлган муаммоли ҳолатлар хусусида куйиниб ёзади.

         Танқидчининг фикрига кўра, радиожурналист наинки матн, ундаги жумлалар ва рақамларни, ҳатто эшиттирилаётган овозли ёзувларни ҳам жиддий назорат остида тутиши лозим. Акс ҳолда унинг учун шармандали ҳолатлар юзага келиши мумкин. Шу ўринда “2006 йил 25 ноябрь куни эфирга узатилган  “Дугоналар” радиожурналидан бир мисол келтирсак. Унда Тошкент кўз касалликлари клиникаси бош врачининг қайнона-келин муносабатларига оид анча тўғри гаплари, насиҳатлари берилгани ҳолда интервью давомида шундай маълумотлар зикр қилинади: “Катта келиним тушганига 15 йил бўлди, катта неварам 16 га кирди” (37-бет). Эшиттиришдан ушбу парчани келтирар экан, муаллиф хулосани ўқувчининг ўзига ҳавола қилади. Буни қарангки, на радиожурналист, на эшиттириш мутасаддилари интервью берувчи томонидан йўл қўйилган мантиқсизликка эътибор қаратишган. Аммо бу мантиқсизлик ҳам профессор С.Содиқовнинг  назаридан четда қолмаган. Ахир, келин бўлиб тушганига 15 йил тўлган аёлнинг фарзанди қандай қилиб 16 га кириши мумкин?!

         Бундан ташқари, китобда радионинг олтин хазинаси, мусиқий жаранги, радиоэссе, радиофельетон, радиоочерк, радиокомпозиция масалалари устида ҳам қимматли фикрлар билдирилган. Энг муҳими, аниқ фактлар, тизимли таҳлиллар асосида майдонга келган бу китоб журналистика факультети талабаларига тушунарли тарзда, чуқур илмий асосларга таянган ҳолда битилган. Асарда юксак педагогик тажриба, маърифий-дидактик талқин, публицистика назарияси, адабиётшунослик ва адаб илми мужассамлашганки, айни жиҳати билан китоб кенгроқ доирада маънавий, ижтимоий моҳият касб этади.

         Хуллас, китоб шакл ва мазмун жиҳатидан турли ракурсларда намоён бўлса ҳам, бундан муаллифнинг кўзлаган мақсади эзгу – ўзбек радиожурналистикасини тараққий эттириш, шу аснода ҳалқимиз маънавиятини юксалтиришга хизмат қилишдир. Зийрак тингловчи, ўткир танқидчи устозимиз С.Содиқовга мана шундай муросасиз, эзгулик ва адолатнинг қарор топиши йўлидаги курашларда ҳеч қачон толманг, дея тилак билдириб қоламиз.

Комилжон ҲАМРОЕВ,