БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ҲАЗИЛНИНГ ТАГИ ЗИЛ

(Воқеий ҳикоя)

Ўқувчилик йиллари энг беғубор, фараҳбахш давр. Болаларча ўйинқароқлик, шўхлик ва шумликлар ёшликнинг мўъжаз қолипига сиғиб кетаверади. Аммо оқибати ўйланмай қилинган бир ҳазил бу беғуборликка дарз етказди.

Ўшанда 22 май шанба куни эди. Ўқув йилининг сўнгги кунлари. Машғулотлар тугаган. Ўқитувчимиз синфга кириб келди-да, “Болалар, шовқин қилмай, жимгина китобларингни ўқиб ўтиринглар”, – дея синф журналига бир нималарни ёзиш билан вақт ўтказди. Қўнғироқ чалингач, биз тўрт синфдош ўртоқ мактаб ҳовлисига чиқдик. Улкан дарахт остига қўйилган, ўртаси оқ, икки чеккаси кўкка бўялган скамейкага сергак ҳолда эҳтиёт бўлиб ўтирдик. Негаки, кейинги кунларда ўқувчилар орасида баъзи бўшанг болаларни скамейка билан бирга ағдариб чўчитиш урф бўлган эди. Ёнимизга бошқа синфда ўқийдиган Ҳалимжон исмли бола ҳам келиб ўтирди. У ҳар биримиз билан бирма-бир қўл бериб илиқ кўришди. Ҳалимжон жуда қувноқ, аълочи ўқувчи эди. Кўпинча танаффус пайтлари синфимзга келиб биз билан суҳбатлашиб турарди.

Ҳалимжон орқа суянчиққа ястанганча “Мана, жўралар, еттинчи синфни ҳам тугатдик ҳисоб”, – дея қувноқлик билан гап бошлаган эдики, биз тўртовлон бир-биримиз билан тезда кўз уриштириб баравар ўрнимиздан турдик-да, ўриндиқни Ҳалимжон билан бирга орқага ағдариб юбордик. Ўриндиқ кўпдан бери сув ўтмай, қақраб ётган ариқ устига тўнкарилиб тушди. Ҳалимжоннинг боши пастда, оёқлари юқорига узанганча типирчиларди. Устидан скамейка босиб қолганлиги учун у ўзини ўнглай олмас, қўл-оёқларини тинимсиз қимирлатарди. Биз Ҳалимжоннинг бу ҳолатидан қотиб-қотиб кулардик. Анчагина кулишиб олгач, ўриндиқни жойига тўғирлаб қўйдик. Ҳалимжонни ариқдан чиқариб, уст-бошларидаги чангни қоқа бошладик. Унинг ҳеч ери шилинмаган, кўкармаган бўлса-да, юзидан қони қочиб, кўзлари олайиб кетганди. Қўлларини беўхшов силкитганча имо-ишоралар қилар, гапиролмас, нуқул жилмаярди. Ҳалимжоннинг бу ҳолатидан саросимага тушиб, уни авайлаганча ўриндиққа ўтиришига кўмаклашдик. Қўл-оёғи, елкаларини уқалаб ҳушига келтирмоқчи бўлдик. Бироздан сўнг у ўзига келиб ўрнидан турди. Бизга ғазаб билан боқиб, синфи томон йўл олди.

Ҳалимжон кейинги кунларда, ҳатто имтиҳон пайтида ҳам мактабда кўринмади. Эшитишимизча, у пойма-пой гапирадиган бўлиб қолибди. Шифохонада даволанаётган экан. Ҳалимжон мактабга бошқа келмади. Орадан анча вақт ўтиб Ҳалимжонлар оиласи шаҳарга кўчиб кетибди, деган хабар тарқалди. Бора-бора у мутлақо ёдимиздан чиқиб кетди. Биз яна уч йил ўқиб, мактабни тугатдик. Мен Тошкент давлат университетининг журналистика факультетига ўқишга кирдим. Ўқиш даврида бир йил ҳарбий хизматга бориб келдим. Университетни тугатгач, республика марказий газеталаридан бирида ишлай бошладим. Уйланиб, бола-чақали бўлдим.

Орадан анча йиллар ўтди. Бир куни хизмат сафари билан Бухорога бордим. Муҳарририятдаги ишларни битиргач, касбдош дўстларим билан соя-салқин ошхонага тушлик қилгани кирдик. Тўкин дастурхон атрофида чақчақлашиб ўтирдик. Барчамиз ҳаётдан, ишимиздан мамнунмиз. Шу пайт бизнинг столга уст-боши яғир бир тиланчи яқинлашди. Ёнимизга келиб, эти устихонига ёпишган кир қўлларини чўзганча садақа сўради. Сафдошларим ижирғаниб уни ҳайдаб юборишди.

– Бу тиланчи кўпдан бери кўринмай қолган эди. Яна пайдо бўлибди-да, – деди касбдошларимдан бири.

Кейинги столга яқинлашган тиланчи бу гапни эшитиб, илинж билан ортига ўгирилди. Шунда мен ҳам унинг юзига яхшироқ разм солдим. Туб-тубига чўкиб кетган маъюс кўзлари менга танишдек туюлди. Ўрнимдан сакраб туриб, тиланчининг олдига бордим. Пешонасини тўсиб қўйган ўсиқ сочлари ортидаги кўзларига тикилдим. Менга ҳадик билан боқиб турган бу кўзлар собиқ мактабдошим Ҳалимжоннинг кўзлари эди.

Беихтиёр уни маҳкам бағримга босдим. Атрофдагилар ва касбдошларим тушуниксиз ҳаяжон билан бизни кузатишарди. Кўксимда нимадир қаттиқ оғриди. Виждоним бўлса керак.

Аъзам ЎРОҚОВ,

Бухоро.

ҒАНИМАТ ЭКАН

(Ўқитувчи Юсуф Маҳмудов хотирасига)

Ўйналмайин кўп шатранж қолди,

Кўнгилларда қайғу, ранж қолди,

Изингизда нурли ганж қолди,

Сўзларингиз васият экан,

Бир кам дунёғанимат экан.

Келдик, бир-бир кетаверамиз,

Навбат билан ўтаверамиз,

Армонгагул тутаверамиз,

Кераклиси тансиҳат экан,

Бир камдунё ғанимат экан.

Тонглар отар, ботади кунлар,

Хаёлларни чарчатар тунлар,

Бунчалар кўп сирли тугунлар,

Бу шундайин табиат экан,

Бир кам дунё ғанимат экан.

Сизни эслаб ўйгатоламиз,

Осмонларга етар ноламиз,

Сўқмоқларда ҳайрон қоламиз,

Инсон ёди қадрият экан,

Бир кам дунё ғанимат экан.

Руҳингиз шод бўлсин бегумон,

Дуоларда қўлимиз ҳар он,

Ёд айлаймиз токи бор имкон,

Тириклик ҳам бир неъмат экан,

Бир кам дунё ғанимат экан.

ИФТИХОР

Йиллар оша, асрлар оша

Қошғарийдан бир салом келди.

Нурга чўмган қасрлар оша

Ўзбек деган бир калом келди.

Навоийнинг ғазалларида,

Темурийлар қонида ўзинг.

Кекса онам маталларида,

Ҳур элимнинг шонида ўзинг.

Она тилим, олтин бешигим,

Бедор бўлиб аллалар айтган.

Дунёларга очган эшигим,

Ой, қуёшдан акс-садо қайтган.

Сенсан ғурур, сенсан ифтихор,

Шод кўнглимнинг нур кошонаси.

Не сўйласам бари сендабор,

Маржонларнинг асл донаси.

Баҳрилло БЕРДИЕВ,

Самарқанд.

ҲИСЛАРИМ

Бўғиб яшолмайман туйғуларимни,

Ойга кўзгу бўлган кулгуларимни,

Юракда яширган қайғуларимни,

Япроқларда йиғлаб қолган ҳисларим.

Қалбим кўзларидай маъюс ва маҳзун,

Ғамнинг наволари таралар очун,

Гулламай сўлдингиз ахир, сиз нечун?

Япроқларда йиғлаб қолган ҳисларим.

Кўнгил кенглигида тиклаб иморат,

Ишқнинг меҳробини қилиб зиёрат,

Наҳотки, бунчалар дунё бешафқат,

Япроқларда йиғлаб қолган ҳисларим.

Нигоҳга қадалган тиғсиз муқаддас,

Бас, энди кўз ёшдан тўхтанг бир нафас,

Чин шоир қалбимга қилишар ҳавас,

Япроқларда йиғлаб қолган ҳисларим.

Юлдуз КАРИМОВА,

Бухоро.

СЕВГИ НЕДИР

Севги недир, англамоқ душвор,

Роҳатми ё берилган азоб!

Бошқалардек кулмадим бир бор,

Кўнглим тубин ёритмас офтоб.

Севги недир, юраклар маҳзун,

Қисматимнинг синовими бу!

Баҳори йўқ, ўтмиши хазон,

Ё одамзод гуноҳими бу!

Севги недир, ҳислар янчилар,

Айрилиққа маҳкумдир қалблар.

Фақат бир сўз айтиб пичирлар,

Ҳароратдан ёнган чўғ лаблар.

Севги недир, борми севмаган?

Муҳаббатнинг қисмати тахир.

Ишқ ўтида ёниб-куймаган,

Тошюраклар одамми, ахир.

Севги недир, тўқилган эртак,

Эртакми ё ўзинг айт, бироқ

Кашф этади нега ҳар юрак,

Балки севги абадий сўроқ!

Азамат ХОЛИҚОВ,

Қашқадарё.

ДИЛДАГИ СЎЗЛАР

Соғиндим, соғинчим ичга ютаман,

Соғиндим, ошкормас пинҳон тутаман.

Ҳаё ўртар, нетай, очиқ айтолмам,

Дийдор кўришмоққа қадар кутаман.

Ўйлайман кўкни ой ёритган чоғи,

Ҳар тун яралганда юлдузлар боғи.

Хаёлинг таъқиби тинмас туну кун,

Хаёл уммонининг йўқдир адоғи.

Нигоҳлар тўқнашса дилдаги сўзлар,

Яширин бўлса-да сотади кўзлар.

Ҳижрон куйларини тингламас юрак,

Ўчар юздан соғинч қолдирган излар.

Гулноза ОТАЖОНОВА,

Тошкент.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш