БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

МУШФИҚ ДИЛ ЗОРИ

(Қатра)

Узоқ йиллар халқ хизматида бўлган бир инсоннинг юбилейида ширин нафасли ҳофиз йигит она ҳақидаги қўшиқни жўшиб куйларди. Қўшиқнинг дардли оҳанги, ундаги мисралар қатига яширинган армон ва изтироблар бутун вужудимни ларзага солди. Эзгин руҳи қалбни қамраб олган ашулага берилиб кетиб йиғлаётганимни сезмай ҳам қолибман. Бир пайт ёнимда ўтирган аёл оҳиста туртиб деди: “Нега йиғлайсиз? Бу ҳофизнинг онасига муносабатини билганингизда эди...”

Аслида ушбу маҳзун таронанинг дарди менинг ҳам қалбимга бегона эмас. Мен онамни эрта йўқотганман. Йўқ-йўқ, бола эмасдим. Ўзим ҳам мўътабар мақомда фарзандлар ўстириб, она қадрини англаб етган, онам суянса суянчиқ бўладиган ёшда эдим. Афсуски, раҳматли онам набиралар дийдорига тўя олмай 43 ёшида бу дунёни тарк этди. Ука-сингилларимни аранг овутардим, лекин ўзимни-чи?! Она меҳри тафтида исиниб, далдасига суяниб қолган инсонга етимлик юки жуда оғирлик қиларкан. Ҳалиги аёлнинг айтганлари ёки шундай ҳофизни ўстирган она билан суҳбатлашиш истаги туртки берибми, йигитнинг манзилини сўраб олдим. У аёл яшайдиган уйдан бир кўча нарида истиқомат қилар экан.

Маҳалладаги бошқа хонадонлардан фарқли тарзда айрича савлат тўкиб турган икки қаватли кўркам қасрни топиш қийин бўлмади. Дарвоза очиқ экан, аста кириб бордим. Дарвозахона ёнида кичик бир ҳужра бўлиб, у ердан аёл кишининг мунгли хиргойиси эшитилиб турарди. Ҳовлидаги манзарани таърифлашга сўз ожиз. Ўртада шаршарали ҳовуз, теграсида турли-туман ажабтовур дарахтлар ва гуллар. Ёз пайти бўлгани учун ҳовузда икки нафар болакай қийқириб чўмилишарди. Мени кўриб болаларнинг бири сувдан чиқди-да, ким кераклигини сўради:

– Аямни чақирайми ёки бувимними?

– Бувингни.

 Бола бувисининг кўзи кўрмаслигини айтиб, мени ҳужрага олиб борди. Одам шарпасини сезган онахон ниҳоятда мулойимлик билан: “Келинг, болам, мени йўқлаб келдингизми?” – деди. Ўзимни таништириш асносида мени бу ерга ажойиб ҳофизнинг онаси билан суҳбатлашиш истаги бошлаб келганини айтдим. Онахон йиғлаб юборди. Узоқ йиллар кеча-кундуз чок тикиб, отасизлигини билдирмай, ҳеч нарсага зориқтирмай ёлғиз фарзандини ўстиргани, дорилфунунда ўқитгани, ниҳоят, ўғли хушовоз хонанда бўлиб етишганини ҳаяжон билан фахрланиб сўзлаб берди.

– Хафа бўлмасангиз, бир савол берсам: шундоқ машҳур ҳофизнинг онаси кўзни қамаштирувчи қасрнинг эгаси бўлса-ю, нега сиз бу кўримсиз ҳужрада ёлғиз ўзингиз қимтиниб ўтирибсиз? Сўзларингизда мунг, айтишга ийманиб турганингиз ҳасрат бор, боиси нима? – деб сўрадим.

Онанинг авзойи ўзгарди.

– Ярамни тирнамасангиз бўларди, синглим, майли, сизга айта қолай. Тўғри, ҳаётимдан нолимайман, оч қолганим йўқ. Келиним ва набираларим ҳолимдан хабар олиб туришади. Лекин кўзларим ожиз бўлиб қолгандан буён ўғлимнинг овозини, дийдорини аввалгидан кўпроқ соғинаман. Шошиб-пишиб бўлса-да, аҳён-аҳёнда ёнимга кириб ҳол сўрайди. Бироқ унда аввалгидек меҳр, соғинч ҳиссини туймайман. Жигарбандим мендан узоқлашиб кетаётгани, қадр-қиммат йўқолиб бораётганига ўксинаман. Ҳар не бўлганда ҳам Худо мартабасини баланд қилсин, орқамда қолсин, доғини кўрмай. Бир кун келиб қалб кўзи очилар. Аммо мен ўша дамларда бўлармиканман?!

– Нега шундай иссиқ кунда ҳовлига чиқмайсиз, шаршарали ҳовуз ёнида унинг салқин ҳавосидан баҳра олиб ўтирмайсиз? – дедим мен.

Онаизор хўрсинганча сўзида давом этди:

– Ўтган йили ёз пайти ҳовузга оёқларимни солиб, тоза ҳавода нафас олиб ўтирган эдим. Ўғлим келиб қолди. “Бу ерда нима қилиб ўтирибсиз, онагинам. Биласиз, дўстларим кўп, тез-тез келиб туришади. Сиз уларга кўринмасангиз яхши бўларди, барибир, кўзингиз бу гўзалликларни илғамайди-ку” – деса бўладими. Қани энди “болагинам, кўзим илғамаса ҳам дилим яйрайди, дарахт, гуллар исидан ҳузурланаман”, – дея олсам. Шу-шу ҳужрада ўтириб, ўғлимнинг ўртоқларига кўринмасликка ҳаракат қиламан. Бироқ фарзандлар унутмаслиги лозимки, оналар кўнгли ҳам меҳрга муҳтож. Улар ҳар қандай ҳолатда дилбандларидан эътибор, эҳтиром кўришни истайди.

Муштипар онахоннинг ҳузуридан қайтар эканман, қулоғим остида яна ўша ҳофизнинг қўшиғи жаранглагандай бўлди. Аммо энди мен учун бу қўшиқ аввалги таъсир кучини йўқотганди.

Машрабхон ЖУВОНМАРДИЕВА,

Тошкент.

СОЧЛАРИМДА ТУННИНГ БАРҚУТИ

         Сочларимда туннинг барқути,

         Кафтим узра ёйиқ тўлқинлар.

         Эрка дилнинг шўх хаёлоти,

         Ёр васлига жўшиб талпинар.

         Сочим тараб сим-сиёҳ тунда,

         Ҳисларимни қўшиб ўргайман.

         Юлдузнимас, у ой ичинда

         Кулиб турган юзинг кўргайман.

         Сен имлайсан кел, деб қошимга,

         Сирли боқиб, ширин куласан.

         Нелар солмоқ бўлиб бошимга,

         Тушларимга қайта кирасан.

         Сочларимда туннинг барқути,

         Ҳар толада сенинг исминг бор.

         Соғинч тўла ҳисларим ўти,

         Шу тунларда битилган ашъор.

ОЛТИН ЯПРОҚ

         Ижро этиб шамоллар ҳукмин,

         Тўкиларкан олтин япроқлар.

         Қиш-қировли қора изғирин

         Элчисидан айбин сўроқлар.

         Сарвқомат терак учидан

         Якка баргни учиролмади.

         Ёнар гўё шамнинг тилидай,

         Тўфон, зулмат ўчиролмади.

         Субҳидамни кутар эди у,

         Тун пойига ҳорғин йиқилди.

         Қайдан келди танига ғулув,

         Шодликми бўғзига тиқилди.

         Унутди-ю ўзни бир куни,

         Ғолиб япроқ ерда ётарди.

         Шарафламоқ бўлибми уни,

         Майсалар бошига кўтарди.

Тожихон ОХУНОВА,

Самарқанд.

ОНАМНИ СОҒИНИБ

         Қалбимни ҳасратлар тирнар бетиним,

         Юрагим тубида аламлардан чўғ.

         Ҳолимни хор этар букун дарду ғам,

         Соғинч дамларига чидолмайман, йўқ!

         Дод дегим келади тоғларга қараб,

         Нафасим сиқади, етмас овозим.

         Онажон, мен сизни тонглардан тилаб

         Ашъорлар битаман, соғинч, дилрозим.

         Бепарво оқади дарё-ю сойлар,

         Зулмат пардасига ўралар дунё.

         Тобора бағримга санчилар ёйлар,

         Армонлар қаърига чўкяпман гўё.

         Оқшом. Уйқу яна киприкка қўнар,

         Ҳали ҳам титрайди вужудим, танам.

         Ҳар кеча умид-ла юмилар кўзлар,

         Тушларимга кирсин мунисим – онам!

ЎКИНМАЙМАН

         Кўкламойдек яшнамайди хаста қалбим,

         Балки йўқдир ушоқдайин зарра қадрим,

         Юрагимни тимдалайди аччиқ дардим,

         Мен барибир бу ҳаётдан ўкинмайман.

         Муҳаббатнинг дарёсида чўкиб кетсам,

         Орзуларнинг шодасини тўкиб кетсам,

         Бахт қидириб ҳижронларга таъзим этсам,

         Мен барибир бу ҳаётдан ўкинмайман.    

         Хотиралар заҳар солиб тутса шароб,

         Умидларим ўтда ёниб бўлса сароб,

         Азобларим бу ҳолимни этса хароб,

         Мен барибир бу ҳаётдан ўкинмайман.

         Синовларга ошно бўлса кунларим ҳам,

         Ғуссалардан тор келса гар бу кенг олам,

         Ва лек ёзгин, дея ҳар чоқ ундар қалам,

         Мен барибир бу ҳаётдан ўкинмайман.

Гуласал ҒАЙРАТЖОНОВА,

Фарғона.

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш