Станислав СТРАТИЕВ
ШАХСИЙ ФИКРИМ ҚАНИ?
(Ҳикоя)
Эрталаб Петров бир қултум қаҳвасини ичди-ю, хотинининг пешонасидан ўпиб, ишга отланмоқчи бўлиб, остонага етганда ҳаяллаб, чўнтакларини ковлаштира бошлади.
– Нимангни излаяпсан? – деди хотини.
– Фикрим… менинг фикрим… топилмаяпти, – деди Петров кийимларини пайпаслаб, киссаларини ковлашда давом этаркан. – Қаёққа тиқдим экан-а!
– Анови чўнтагингдаги шалвираб турган нима?
– Дастрўмолчам, – минғирлади Петров. – Фикрим қаёққа даф бўлдийкин-а?
У барча чўнтакларини ағдариб кўрди, портфелини титкилади, кийимларини қоқиб кўрди – тополмади.
– Йўқ, – деди у хотинига. – Сен билмайсанми, қаёққа ғойиб бўлганийкин?
– Яхшиси, ҳовлиқмасдан, астойдил излаб кўр.
Петров яна чўнтакларини бирин-кетин ковлашга тушди. Афсуски, ҳеч қаерда унинг шахсий фикри йўқ эди.
– Шошмай тур-чи, – дея хотини пешонасини тириштирди. – Охирги марта сен уни ўтган йили январь ойида эслагандек бўлувдинг, шекилли. Корхонангда йиллик режа тасдиқланадиган куни-чи?
– Йўқ, хотин, адашяпсан. Мен ҳали ақлдан озганим йўқки, йиллик режа муҳокамасига шахсий фикрим билан борсам!..
– Ҳмм… Ҳа, айтмоқчи! Кейин вазирликка чақиришувди-ку? Эҳтимол, фикрингни ўшанда обкетган бўлма тағин?
– Нималар деяпсан, хотин? Вазирликка ким ҳам ўз фикри билан боради, а? Шундай нуфузли жойда одатда ўзгаларнинг фикрига қўшиласан, бас! Йўқ, у гал фикримни обкетмаганман.
– Унда қаёққа гумдон бўлади? Аслида бормиди ўзи?
– Бор эди, бор эди, мана, энди йўқ.
– Ёпирай! Савил қолгур фикринг қайси кавакка кириб кетдийкин, а?
Хотини чуқур ўйга толди. Эри сўнгги пайтларда қаерларга борувди, ўзи билан ўз фикрини қачон обкетувди?
– О, топдим! – деб қийқириб юборди хотини. – Эсингдами, бош директорингга тишини қайраб юрган Симеонов деган шартаки ходимларинг бор эди-ку, ўшани ишдан бўшатадиган кун эсингдами? Фикрингни ўша кунги мажлисга обкетгансан. Ёдингга тушдими?
– Ёдимда, – деди Петров бамайлихотир. – Лекин ўшанда биздан мажлис қарорини қўллаб-қувватлашгина сўралган, холос. Шахсий фикр ҳеч кимни қизиқтирмаган.
Хотини жавонини очиб кўрди.
– Балки сен уни муҳим ҳужжатларинг сақланадиган ғаладонга солиб қўйгандирсан?
– Қўйгандим. Сўнг бир марта олиш учун очиб… олдимми ё яна солиб қўйдимми, эсимда йўқ.
– Менга қара, шу топда шахсий фикринг нега керак бўп қолди? Нега ёпишиб олдинг? Ахир, ишга кетяпсан-ку? Сўраб қолсалар, “уйда қопти”, деб айтарсан-да.
– Хўп, айтарман. Мабодо уни мутлақо йўқотиб қўйган бўлсам-чи?
– Қиёмат қўпмас! Унингсиз ҳам бинойидек яшаб келяпсан-ку!
– Тўғрику-я… Ҳар ҳолда доим унингсиз яшаш ҳам яхшимас. Бирор нозик жойда керак бўп қолса, нима деган одам бўламан?
– Керак бўлмайди-ёв…
– Йўқ, ҳар ҳолда, ҳар ҳолда… Бирор жойда бордир у? Ҳеч бўлмаса, бир қур қараб кўрайлик-чи!..
Хотини шиддат билан кийим-кечак, кўрпа-тўшакларни ағдаришга тушиб кетди…
– Мана у! – деди хотини терларини арта-арта. – Сен уни эски пальтонгнинг чўнтагида қолдирибсан. Бу пальтони, биласанми, икки йил олдин чиқитга чиқариб ташловдинг.
– Тўппа-тўғри, шахсий фикрим! – қувониб кетди Петров. – Икки йил олдин опчиққан эканман-у, яна ўша жойида паққос унутиб қолдирибман-а?
– Мен пальтони ювишга топширворгандим-ов. Бу ёққа ол-чи, кирмошинда фикринг ивиб, титилиб кетмадимикин? – Шундай деб хотини айлантириб-айлантириб, силкиб-силкиб, пуфлаб-пуфлаб эрига фикрини қайтариб берди. – Йўқ, жин ҳам урмабди. Аксинча, худди янгидек.
– Албатта-да, мен ундан деярли фойдаланмадим, ахир.
– Тўғри қиласан. Менам пальтонгни болахонага чиқариб ташламоқчийдим. Бариби, киймайсан-ку!
– Менда янгиси бор-ку. Почапўстин.
– Энди фикрингни бошқа кўринарли жойга қўй. Қутичагами, ҳужжатларингнинг орасигами? Яхшиси, энг ишончлиси – омонат дафтарчангнинг қатига жойлаб қўя қолганинг дуруст.
– Шундай қиламан!
Петров шахсий фикрини дафтарча қатига жойлади-ю, хотинининг пешонасидан ўпиб, мамнун ҳолда эшикдан чиқди.