БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

ҲИЖРОНДАМАН

Хийла вақтдур ишқ аро туғёндаман,

Билмайин ором нима ҳайрондаман.

Муттасил рашк оташи бағрим ёқар,

Дарбадар саҳро кезиб ҳар ёндаман.

Ўзга ёри бор дебон гумондаман,

Ўртанурман дам-бадам ҳижрондаман.

Ёр фироғида чекиб оҳу фиғон,

Ҳасратида бўлди рангим заъфарон.

Кетди дармон, кўзларимдан қочди нур,

Ёшларимнинг шиддати тинмас ҳамон.

Йўлларига термулиб гирёндаман,

Ўртанурман дам-бадам ҳижрондаман.

Ҳажр аро мен тортмаган дард қолмади,

Бу менинг шум толеим, ҳеч кулмади.

Неча ошкор айладим ошиқлигим,

Ул санам севгимга бовар қилмади.

Етмайин ёр васлига армондаман,

Ўртанурман дам-бадам ҳижрондаман.

Банда ҳар нени тилар, Ғаффор билур,

Дилда пинҳон не сиру асрор билур.

Сидқ ила ким илтижо қилса анга,

Бўлса ҳар на мушкули осон қилур.

Ёлвориб ҳар субҳидам, хуфтонда ман,

Ўртанурман дам-бадам ҳижрондаман.

Ишқ ўти қай бир кўнгилга тушса гар,

Бу ғалат дунёга ҳеч солмас назар.

Ўлгунимча ёрни дерман Ҳайдаро,

Гарчи у жабру жафолар кўргузар.

Канда қилмай одатим ҳар онда ман,

Ўртанурман дам-бадам ҳижрондаман.

НЕТАЙ

Сендан ўзга дилрабони кўрмаса кўзлар нетай,

Ғам юки қаддимни букди, заъфарон юзлар нетай?

Бўзладим тўрғай мисоли уйқу келмай кечалар,

Ҳар замон ёдинг билан ёр, ўтса кундузлар нетай?

Неча Зуҳро, неча Ширин таърифин ёд айладим,

Ўхшамас аммо ўзингга Лайливаш қизлар нетай?

Мисли монанди мажнунман, англамас кимса мени,

Ишқ аро мастона янглиғ пойма-пой сўзлар нетай?

Кўрсалар ҳар ерда ногоҳ тоқату сабрин синаб,

Дам-бадам ранжу маломат айлар ишқсизлар нетай?

Ҳайдаро, токи тирикман талпиниб кўнглим мудом,

Маҳрами дийдор тилаб ўз ёрини излар нетай?

Ҳайдар АБДУЛЛАЕВ,

Фарғона.

МАЙЛИ

Майли, мени ёлғиз қолдиргин,

Сенсизликка дучор бўлайин.

Айрилиқнинг азобларидан

Беҳаловат, абгор бўлайин.

Майли, келма менинг ёнимга,

Эсламагин бир бор бўлса ҳам.

Меҳринг бериб қўйгансан кимга,

Мени сева олмаган эркам.

Майли, мени ёлғиз қолдиргин,

Телбанамо бўлиб қолайин.

Мажнун каби Лайлига содиқ

Чин вафодор ошиқ бўлайин.

Суйма мени, розиман, суйма,

Қалб боғингга йўлатмагин ҳеч.

Асло мен-чун йиғлама, куйма,

Изҳорпараст бу шоирдан кеч.

Майли, мени ёлғиз қолдиргин,

Азобласин ўтли ҳижронлар.

Ишончимни тамом ўлдиргин,

Тугаб битсин барча армонлар.

Умидим йўқ, севгим айтмайман,

Нажот берсин шу шеърлар менга.

Тоабад сездириб қўймайман,

Мажнунлигим эй гўзал, сенга.

Ёдгор ЗОКИРЖОНОВ,

Наманган.

КУЗ

Куз! Соғиндим ёмғирларингни,

Баҳорлардан совигандай дил.

Юракдаги оғриқларимни,

Бир тилагим, томчинг-ла ювгил.

Куз! Соғиндим япроқларингни,

Олтин рангга киргандай кўнгил.

Кўнгилдаги титроқларимни,

Бир истагим, баргинг-ла кўмгил.

Куз! Соғиндим шамолларингни,

Шамол билан қошимга келгил.

Тўзғиб кетган хаёлларимни

Нафасинг-ла бутунлаб бергил.

Гўзал кузим, кўзланмагин ҳеч,

Сенга келсин баҳор ҳаваси.

Соғинтирма, қолмагин-да кеч,

Сенда бордир севгим нафаси.

Дилдора МУСЛИМОВА,

Тошкент вилояти.

 

ОРТИҚ БАХТНИ ТОПМАДИМ

Ишқ боғидан бир зум, ёр,

Бошим олиб кетмадим.

Бахтли бўлгин, дегандинг,

Сенсиз бахтга етмадим.

Уриндим шод яшашга,

Лек қўлимдан келмади.

Ҳеч бир инсон кўнглимни

Сендек яхши билмади.

Сенсиз ўтган кунларим,

Асрларга тенглашди.

Дардим айтсам, юлдузлар

Йиғлаб-йиғлаб тинглашди.

Дилимдаги соғинчим,

Кўзларимни ёшлади.

Сўнмас севги, ёр, мени

Сен томонга бошлади.