БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ТОҒЛАР

             Сиз томон борайин, донишманд тоғлар,

             Ўргатингиз менга виқор илмини.

             Токи ўз измига сололмай мени,

             Душманимларим чексин аламли оҳлар.

             Ва яна оз эрур бардошим жуда,

             Уқтирингиз менга сабр илмин ҳам.

             Токи йиқолмасин ҳеч бир қайғу-ғам,

             Парчаланиб кетмай ҳуда-беҳуда.

             Кейин берингизки шундайин таълим,

             Ўқитинг камтарлик деган китобни.

             Токи юксалайин, қучай офтобни,

             Ердан узилмасин лек қадамларим.

             Менга яшамоқни ўргатинг, хуллас,

             Вазмину донишманд муаллим бўлиб.

             То умрим кетмасин елга соврилиб,

             Буюк инсон бўлай, бир одам эмас.

БАҲОР

Оёғим остида ғичирлайди қор,

Босиб келар мени оғир бир залвор,

Гар келмасанг бундай яшамоқ душвор,

Соғинтириб қўйдинг-ку, баҳор!

Қарагин бу телба аёзнинг ишин,

Аямай санчмоқда танимга нишин,

Тезроқ кела қолгин, аҳволим тушун,

Соғинтириб қўйдинг-ку, баҳор!

Бўрон уйқум бузиб деразам чертди,

Сирдош анҳоримни муз банди этди,

У қўйган тўсиқни келиб буз энди,

Соғинтириб қўйдинг-ку, баҳор!

Қўмсайман самонинг илиқ жоласин,

Табиат ҳофизи – булбул ноласин,

Излайман қирларнинг эрка лоласин,

Соғинтириб қўйдинг-ку, баҳор!

Ўлкамга кел, тингла кўнглимнинг зорин,

Наҳот соғинмадинг юртим дийдорин,

Шодон қизалоқдек эй беғуборим,

Соғинтириб қўйдинг-ку, баҳор!

Сенга пешвоз чиқай ёзиб қулочим,

Майин эпкинларинг силасин сочим,

Хуш ифорга тўлсин шу борлиқ, очун,

Соғинтириб қўймагин, баҳор!

БАХТ

Кафтимга ўзини отар қорпарча,

Эриб йўқ бўлади аммо бир зумда.

Лайлакқор, лайлакқор, бахтга ўхшайсан,

Шивирлаб қўяман севинч-ла шунда.

Ҳар гал эшигимни очар берухсат,

Бахт дея аталмиш гўзал бир маккор.

Лек унга қучоғим очганим ҳамон,

Йўқ бўлар бамисли кафтга қўнган қор.

Бетиним рақс тушар беғам қорпарча,

Уни ҳеч қийнамас дунё ташвиши.

Умри бир лаҳзалик, тани совуқ, лек

Қалбларга чўғ солмоқ унинг юмуши.

Мен-чи мен! Кунларим ўтар бесамар,

На бир дилни севдим, на ёқолдим ўт.

Мен ҳам қорпарчага айлангим келар,

Мени қучоғингга чорла, эй булут!

            Нодира МАМАШАРИПОВА,

Пойтахтдаги кўзи ожиз болалар

мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчиси.

ГЎЗАЛ БЎСТОНСАН

Ватан, онам каби муқаддасдирсан,

Ҳар зарра тупроғинг кўзимга сурай.

Отам каби улуғ, забардастдирсан,

Ҳар дам хизматингга мен тайёр турай.

Ватан, киндик қоним томган шу тупроқ,

Кўзимга тўтиё ҳар чаман боғинг.

Сен менга азизсан мисли саждагоҳ,

Гулларга буркансин сўлим қучоғинг.

Ватан, не даҳолар макони ўзинг,

Дунё ҳам тан олган гўзал бўстонсан.

Ишончинг оқлагай ҳар ўғил-қизинг,

Мустақил диёрим – Ўзбекистонсан.

                            Феруз Шокиров,

Бухородаги 24-кўзи ожиз болалар

мактаб-интернатининг 8-синф ўқувчиси.             

АСРАБ ЯШАЙЛИК

Уларни номусим, орим деб билиб,

Ягона давлатим, борим деб билиб,

Йироқда бўлсак гар дуолар қилиб,

Бузрукворимизни асраб яшайлик.

Кўкларга кўтариб шавкат-шонини,

Покиза сақлайлик улуғ номини,

Ҳамиша оқлабон тузу нонини,

Бузрукворимизни асраб яшайлик.

Хаёлни бўлмасин ўткинчи ҳавас,

Ўзгалар хатоси бизга бўлсин дарс,

Хизматин қилмоқлик шу энг олий фарз,

Бузрукворимизни асраб яшайлик.

Бизни асрагандир ёмон кўзлардан,

Дилни ранжитувчи турфа сўзлардан,

Илинган у ҳалол ризқу рўзлардан,

Бузрукворимизни асраб яшайлик.

Фарида АБДУЛЛАЕВА,

Самарқанддаги 59-кўзи ожиз болалар

мактаб-интернатининг 11-синф ўқувчиси.

ВАТАНИМ

Шамол эсар олис-олисда,

Ажиб ҳисдан жўш урар қалбим.

Сўлим боғлар сари оҳиста

Қадам қўйган баҳор, Ватаним.

Ҳар нафасда улуғлаб қадрин,

Асқар тоғдек тик тутиб қаддин,

Юрт дея жон берган Нажмиддин

Кубролардан ёдгор, Ватаним.

Гулга шабнам қўнар тонгларда,

Ой жилмаяр тиниқ сойларда,

Товони ер ўпиб жангларда,

Алпомишга тулпор, Ватаним.

Жаннатмакон, беқиёс ўлкам,

Меҳринг дилда ёниб турган шам,

Ҳузурингда шоир ўғлинг ҳам

Бир умрга қарздор, Ватаним.

                                   Баҳодир АЪЗАМЖОНОВ,

                   Андижондаги 16-сонли кўзи ожиз болалар

 мактаб-интернатининг 9-синф ўқувчиси.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш