БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

ИХЛОС

Тожини тебратиб керилди бунча,

Ваҳшиёна нафсга берилди бунча,

Ечилгай бу сирли жумбоқ, тугунча,

Фақат Аллоҳга чин ихлос қилсак бас.

Кимга ҳаво етмас, кимдир чинқирар,

Вужудлар зор қақшаб, юрак зирқирар,

Насиб қилса, тождор боши қирқилар,

Фақат Аллоҳга чин ихлос қилсак бас.

Ҳакимлар жонини қўйиб гаровга,

Пешвоз чиқмиш кўзга кўринмас ёвга,

Омад биз томонда оғир синовда,

Фақат Аллоҳга чин ихлос қилсак бас.

Оғир кунлар оғиб, енгилга кўчар,

Офтоб нури оқиб кўнгилга кўчар,

Кўнгиллар кўркам бир манзилга кўчар,

Фақат Аллоҳга чин ихлос қилсак бас.

Зулматни ёриб нур, зиё ёғилар,

Элга омонлик бир дунё ёғилар,

Дардни даф этгувчи дуо ёғилар,

Фақат Аллоҳга чин ихлос қилсак бас.

Сабр қилган элга саодат ёрдир,

Шукур қилган элга шафоат ёрдир,

Меҳр бўлган ерда ҳаловат бордир,

Фақат Аллоҳга чин ихлос қилсак бас.

Ҳикмат эшик очар, ҳар иллатдан сўнг,

Раҳмат эшик очар, ҳар заҳматдан сўнг,

Элдан офат қочар, ишлар келар ўнг,

Фақат Аллоҳга чин ихлос қилсак бас.

Жалил Раҳмат сўзи илтимос эрур,

Тилидан кўчгани дилга мос эрур,

Иншаалоҳ дарддан эл халос бўлур,

Фақат Аллоҳга чин ихлос қилсак бас.

                                                                           Жалил РАҲМАТ,

 Бухоро.

СЕВДИМУ СЕВИЛМАДИМ

Қизлар ичра бир донани севдиму севилмадим,

Дурлар ичра дурдонани севдиму севилмадим,

Ул кўзлари жайронани севдиму севилмадим,

Сочи сунбул райҳонани севдиму севилмадим.

Лайли ёримга ёлвориб менга бўл, жанон дедим,

Сен кетгунча бу танамдан кетса майли, жон дедим,

Билолмайин ёр кўнглини ўксиниб нолон дедим,

Сирлари кўп пинҳонани севдиму севилмадим.

Бағримни доғлаб дилқуши кетди бир ёнга учиб,

Ёр ўзгани ёр айлади ошиносидан кечиб,

Бу аламларга чидолмай гирёнаман май ичиб,

Найлай, дили бегонани севдиму севилмадим.

Неча кунлардан бери пари пайкар ҳажридаким,

Кўзларим тинмай мудом ашкин тўкар ҳажридаким,

Соғинганимдан лаҳзалар йилдек ўтар ҳажридаким,

Малаксиймо мастонани  севдиму севилмадим.

Бўзладим кўкка боқиб мен ҳар кеча, ҳар кундузи,

Ошиғин тунларга ташлаб кетди-ку тонг юлдузи,

Ҳайдарга йўқ бўлса, наҳот, сўнгги бор айтар сўзи,

Бевафо бир жанонани севдиму севилмадим.

Ҳайдарали АБДУЛЛАЕВ,

Фарғона.

КЕЧИНМАЛАР

Билмайман, тунларим бедор, осуда,

Билмайман, хаёлим ўйноқи, дайди.

Билмайман, қувончнинг макони қайда,

Билмайман, юрагим нени истайди?

Балки тупроқларга қоришди орзу,

Балки ишонч боғи бағрин очмади.

Балки ўлчолмади ишқим тарозу,

Балки менга томон омад учмади.

Негадир қушларнинг қовоғи солиқ,

Негадир фалакнинг авзойи бузуқ.

Негадир ойнинг ҳам дармони олиқ,

Негадир юракка қадалгандек ўқ.

Билмадим, бу кўйга севги солгандир,

Билмадим, сезишни билмагандирман.

Билмадим, хаёллар бетоб бўлгандир,

Билмадим, севишни билмагандирман.

Балки севолмади бу кўнгил чиндан,

Балки севилмади бу кўнгил чиндан.

Балки ёш тўкяпти шу сабаб кўзлар,

Балки аразлар ҳам аслида шундан.

Кўникди ҳижронга юрак кўникди,

Кўникди у гулни севолмасликка.

Кўникди бу кўнгил, ишққа тиз чўкди,

Кўникди, кўнмади севилмасликка.

Билмайман, негадир қалб таскин топди,

Билмадим, балки у таскинни хоҳлар.

Кўникди юрагим, орзу овунди,

Истайман, чекмасин энди ҳеч оҳлар.

 Ёдгор ЗОКИРЖОНОВ,

                            Наманган.

ШУНЧАКИ СЕВМАДИМ

Мен сизни шунчаки севмадим,

Севмадим ҳавасу эрмакка.

Сев, дея буйруқ ҳам бермадим,

Қушдайин бу эркин юракка.

Мен сизни шунчаки севмадим,

Сувдай соф муҳаббат турганда.

Вафодан юзимни бурмадим,

Шайдолар изимдан юрганда.

 Мен сизни шунчаки севмадим,

 Ўткинчи ҳис эмас, ўт ишқим.

 Шу ишқ деб не кунлар кўрмадим,

 Тобора ёнди дил оташим.

Мен сизни шунчаки севмадим,

Менга ёт шунчаки севишмоқ.

Бу шеърни бекорга битмадим,

Ошиқман, мен Мунис қизғалдоқ.

Муниса НИЗОМОВА,

Самарқанд.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш