БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Таҳлил натижаларини олимлар Америка офтальмология академиясининг Флоридадаги ҳар йилги слётига тақдим этиб борганлар. Аниқланишича, узоқни яхши кўролмайдиган болалар кўчада соғлом тенгқурларига нисбатан ҳафтасига ўртача 3,7 соат камроқ бўлишар экан. Айни пайтда очиқ ҳавода ҳафтасига ўтказиладиган ҳар бир қўшимча соат ушбу хасталикнинг хавфини 2 фоизга камайтиради. Бундай ўзаро алоқадорликнинг аниқ сабаби ҳали ўрганилмаган. Бироқ тадқиқот раҳбари Жастин Шеруин фаразича, сайрларнинг кўриш қобилиятига ижобий таъсирининг асосий омиллари узоқдаги буюмларга синчиклаб қараш, табиий ультрабинафша нурларининг кор қилиши ва жисмоний фаоллик бўлиши мумкин. Олимнинг таъкидлашича, болаларнинг кўчадаги сайри давомийлиги қатъий мувофиқлаштирилган бўлиши лозим. Сир эмаски, қуёш тиғи остида узоқ вақт ультрабинафша нур олиш меланома - тери саратонининг ниҳоятда хавфли формаси ривожланишининг бош омили ҳисобланади. Айни пайтда мувофиқлаштирилган сайрлар нафақат узоқни яхши кўролмаслик хасталиги, балки семириб кетиш, қандли диабет, Д дармондориси етишмовчилиги, остеопороз ва бошқа касалликларга чалиниш хавфини ҳам камайтиради.

ЯШИЛ САБЗАВОТЛАР КАТАРАКТАНИНГ ОЛДИНИ ОЛАДИ

Америкалик олимлар “Журнал оф Нутратион” ойномасида озиқ-овқат рациони яшил тусга эга бўлган сабзавотлар (исмалоқ, салат, карам)нинг катаракта ривожланишининг олдини олишга оид тадқиқотлар натижаларини эълон қилдилар. Маълумки, катаракта ривожланиши хавфини оширувчи омилларга ирсий мойиллик ва ташқи муҳит таъсири кабилар киради. Хусусан, қуёшнинг ультрабинафша нурлари кўз гавҳари тўқимасида оксидланиш стресси жараёнларини рағбатлантириб, касаллик қўзғатади. Натижада вақт ўтиши билан кўз гавҳари хиралашуви ёки катарактанинг ўзи пайдо бўлиши кузатилади. Олимлар яшил баргли сабзавотларда кўп миқдорда бўладиган лютеин ва зеаксантиндаги антиоксидантларнинг кўз гавҳари оптик хусусиятларига таъсирига доир лаборатория тадқиқоти ўтказдилар. Маълум бўлишича,  ушбу моддаларнинг антиоксидантлик фаоллиги (оксидантли стрессни бартараф этиш қобилияти) Е дармондорисига нисбатан салкам 10 баравар юқори экан. Шу сабабли таркибида лютеин ва зеаксантин бўлган яшил баргли сабзовотлар ультрабинафша нурларнинг кўз гавҳарига кўрсатадиган салбий таъсирини самарали бартараф этар экан. Шунга кўра, катарактага учраш хавфи юқори бўлган гуруҳга мансуб кишилар кўп миқдорда яшил баргли сабзовотлар истеъмол қилишлари лозим. Бу хилдаги парҳез катаракта ривожланиши хавфини камайтиради.

Рус тилидан Суҳроб ОЧИЛОВ таржимаси.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш