БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Шунинг оқибатида бу ерда кўз касаллиги бўлмиш катаракта оврупо давлатларидагига нисбатан кўп учрамоқда.

Мазкур тадқиқотларда ёши 60 дан ошган 5600 нафар киши иштирок этди. Қатнашчиларга даромадлари салмоғи, қандай маҳсулотларни тановул қилишларига оид ҳаёт тарзи билан боғлиқ саволлар берилиб, уларда мавжуд С дармондорисининг миқдори аниқланди. Кўнгиллиларнинг 75 фоизида катаракта борлиги қайд этилди. Бироқ мазкур хасталикнинг келиб чиқиши ва зўрайиш тезлиги иштирокчилар таомномаси С дармондориси билан бойитилгани ҳисобига бирмунча камайган. Лондонлик профессор А. Е. Флетчернинг таъкидлашича, антиоксидантлар сирасига кирувчи С дармондориси кўз гавҳарини катарактага олиб бориши мумкин бўлган оксидантли стрессдан ҳимоя қилади. Овруполик олимлар ушбу тадқиқот натижаларини ҳақиқатга яқин деб топган бўлсалар-да, С дармондориси катарактанинг олдини олувчи энг самарали восита, деб ҳукм чиқариш ҳам тўғри эмас.  

КЎЗ УЧУН ПРОТЕЗ

Стэнфорд дорилфунуни олимларининг кўриш қобилиятини электроника ёрдамида тиклаш йўлидаги ҳаракатлари офтальмологияда инқилобий ўзгаришлар рўй бераётганининг далолатидир. Қалинлиги инсон соч толасининг учдан бирига тенг фотоэлектрик чип яратган офтальмолог тадқиқотчи Джим Лудиннинг айни ихтироси “Терминатор” фильмидаги киборгларни эсга солади. Кашфиёт муаллифининг изоҳлашича, кўзнинг зарарланган тўр пардаси ёруғликни сезмай қолиши мумкин. Бу чип тўр парданинг сезиш қобилиятини тиклашга ёрдам беради. Камера вазифасида қўлланувчи махсус кўзойнак атрофдаги манзараларни суратга олиб, уни инфрақизил лазер нурларига айлантиради ва кўз тўр пардасига жойлаштирилган чипга узатади. Сўнгра чип ушбу пардага электрик таъсир кўрсатиб, унда маълум даражада кўриш имконини юзага келтиради.

“Бу нарса телевизорнинг масофавий бошқариш пультига ўхшайди. Сиз каналларни ўзгартираётганингизда у сигнални йўналтиради. Сиз сигнални кўрмайсиз, телевизор эса кўради. Бизда ҳам худди шундай. Кўз фотонларни кўрмайди, бироқ чип уларни қабул қилади ва электр сигналига айлантириб беради”, – дейди тадқиқотчилардан яна бири профессор Даниэль Планкер. Ўтказилган тажрибалардан маълум бўлишича, кўз нейронлари электр сигналларини тутади ва тасвирни мияга етказади. Ҳозирги бош муаммо – кўриш аниқлигини ошириш. Ихтиро муаллифи Джим Лудин яна қуйидагиларни қўшимча қилади: “Биз тажриба асносида кўздаги тасвирнинг яхшилангани ҳақидаги исботга эга бўлганимиздан сўнг инсонларни даволашга киришмоқчимиз. Мақсадимиз беморларнинг хавфсиз ҳаракатлана олишлари ва ҳеч бўлмаганда ўзларини хавфдан холи ҳис қилишларига эришишдан иборатдир”.

Бугунги кунда миллионлаб кишилар тўр пардада пигмент ҳосил бўлиш тарзининг бузилиши оқибатида кўришдан маҳрум бўлишяпти. Замонавий тиббий усуллардан кўриш қобилиятини тиклашга кўпроқ ёрдам берадигани   айнан электрон протезлаш бўлиб турибди.    

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш