БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

Шунингдек, орттирилган астигматизм ҳам борки, у кўз жароҳати оқибатида ёки жарроҳликдан кейин кўзда чандиқ ҳосил бўлиши натижасида юзага келиши мумкин. Яқинни ёки узоқни яхши кўра олмаслик дардига чалинган инсонларда маълум даражада  астигматизм ҳам мавжудлиги эҳтимолдан холи эмас. Унинг ўта оғир тури бириккан астигматизм бўлиб, киши бунда яқин масофадан ҳам, узоқдан ҳам яхши кўра олмайди.

Баъзи ҳолларда инсон астигматизм хасталиги билан оғриганини пайқамай қолиши ҳам мумкин. Бироқ бошда оғриқ пайдо бўлиши, нарсаларнинг чаплашиб ёки иккита бўлиб кўриниши, компьютер ёхуд китобдан кўзнинг тез толиқиши каби белгилар юз кўрсатса, дарҳол мутахассисга мурожаат қилиш лозим. Кўз шифокори махсус жадвал ва цилиндрсимон  линзалар кўмагида кўриш аъзосини текшириб, аниқ ташхис қўйиб беради.

Астигматизмни махсус линза ёки кўзойнаклар орқали бартараф этиш мумкин. Ундан батамом халос бўлиш  эса жарроҳлик амалиётини тақозо этади. Даво чоралари ичида бирмунча самарали ва хавфсиз ҳисоблангани  “ЛАСИК” деб аталмиш кўришни лазер ёрдамида даволаш усулидир. 15 дақиқача давом этувчи лазер жарроҳлиги асносида аввал махсус асбоб ёрдамида мугуз парданинг устки қатлами кесиб олинади. Сўнг унга лазер ёрдамида ишлов берилиб, сферик ҳолга келтирилади. Шундан кейин мугуз парда жойига қайтариб қўйилади ва ўзида мавжуд коллаген моддаси ҳисобига ҳолатини тиклаб олади. Шу сабабли бунда чок қўйиш талаб қилинмайди. Натижа жарроҳлик амалиётидан кейинги 1-2 соат ичида сезила бошлайди. Кўриш қобилияти 1 ҳафта давомида тўла тикланади. Таъкидлаш жоизки, астигматизмни даволамаслик ғилайлик ёки кўришнинг кескин ёмонлашувига олиб келиши мумкин.

1 ёшгача бўлган болаларда астигматизм касаллигининг учраши меъёрий ҳол ҳисобланади. Гўдакар кўзи жуда тик мугуз пардага эга бўлиб, астигматизм 6 диоптриягача етиши мумкин. Болакайлар мугуз пардаси шакли аста-секин ўзгариб, 5-6 ёшга етганларнинг 5 фоизидагина 1 диоптриядан ортиқроқ даражадаги астигматизм кузатилади. Вақт ўтиши билан физиологик ҳолат рўй бериши асносида унинг даражаси 0,5 – 0,75 диоптриягача камаяди ва бошқа ошмайди. Агар ота-оналар ёки бобо-бувиларда астигматизм бўлса, у ирсият орқали ҳам ўтиши мумкин. Кўз жароҳатланган ёки шикастланган, шунингдек, хасталикка чалинган тақдирда эса болакайларда астигматизм даражаси янада ортиши юз беради.

Болалар астигматизмининг хавфли жиҳати, унинг таъсирида мия фаолияти билан боғлиқ тарзда кўриш қобилиятининг сусайиши содир бўлади. Агар ёруғлик шуъласи тўр пардада фокусланмаса, мия аниқ тасвирдан маҳрум бўлади. Бундай пайтда кўриш қобиғи ҳужайралари ривожланишдан тўхтайди, мия кўриш сигналларига ишлов бера олмайди ва кўрув ёмонлашади. Айни нуқсонли ҳолатларга чек қўйиш учун махсус ёки бир томони тўсилган оддий кўзойнаклардан фойдаланилади. Айтилишича, хасталанган кўзнинг тўсилмаган ҳолда очиқ туриши мия фаолиятини кучайтириш ва кўришни яхшилашга хизмат қилар экан. Бироқ соғлом кўзнинг ёпиб қўйилиши кунига бир неча соатдан ошмаслиги керак. Акс ҳолда бу кўз ҳам касалланиши, кўриш фаолиятининг сустлашиши юз бериши мумкин.

1 ёшгача бўлган болакайларда астигматизм хасталигини аниқлаш ниҳоятда қийин кечади. Шу боис уларни 3, 6 ва 12 ойда кўз шифокори кўригидан ўтказиш керак бўлади. Агар шу оралиқда астигматизм аниқланса, замонавий даволаш усуллари орқали касаллик бартараф этилади. Айтиш жоиз, 6-7 ёшли болаларда даво амалиёти самаралироқ кечади.

         Болалар астигматизмини фақат окулистгина аниқлай олиши мумкин, лекин бу ҳар доим ҳам муваффақиятли амалга ошавермайди. Негаки, гўдаклар ҳали бошларини тутиш, қимирламай бир ҳолатда туриш ва керакли томонга қарашнинг уддасидан чиқа олишмайди. Шу жиҳатдан ташхис баъзида хато қўйилиши ҳам мумкин. Ота-оналар эса фарзандларидаги кўриш нуқсонларини аниқлашда амалий имкониятга эга эмаслар. Агар гўдак буюмларнинг бир чеккасини босса ёки ўйинчоқни столга тўғри қўёлмаса, бунга унинг нарсаларнинг чеккасини аниқ кўра олмаслиги сабаб бўлиши мумкин. Бу ҳолда яхшиси, окулистга мурожаат қилган маъқул. Агар шифокор гўдакнинг кўз хасталигига чалинганини тасдиқласа, унда махсус кўзойнак тақиш, кўз мушаклари ва кўришдаги зўриқишларга ижобий таъсир этувчи мажбурий гимнастика машқларини бажариш лозим бўлади. Умуман, кичкинтойларни окулист кўригидан мунтазам суратда ўтказиб туриш талаб этилади. Кўриш аъзосидаги нуқсонни олдинроқ пайқаш ўтказиб юборилган хасталикни даволашдан кўра яхши эканлигини унутмаслик зарур.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш