БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

          Кўриш аъзосида кузатилувчи нуқсонлар органик ва функционал дейилувчи 2 йирик турга бўлинади. Катаракта (кўз гавҳари хиралашуви), тўр парда кўчиши, кўриш нерви атрофияси, кўзнинг шишли хасталиклари органик бузилишлар сирасига киради. Бунда кўриш аъзоси бирор таркибий унсури иш фаолиятининг тўла ёки қисман чекланиши юз беради. Кўзнинг функционал нуқсонлари қаторига яқин ёки узоқни яхши кўра олмаслик (гавҳардаги фокуслаш жараёнининг бузилиши), астигматизм, ғилайлик, аккомодация, адаптация бузилиши ва периферик кўришнинг пасайиши касалликларини киритиш мумкин. Хасталикларнинг халқаро таснифига кўра, кўриш қобилияти заифлигининг 4 босқичи фарқланади:

1. Заиф кўришнинг енгил босқичи. Бунда кўриш функцияси арзимас бузилишга юз тутади. Кўриш ўткирлиги 0,4 – 0,7 фоиз, кўриш майдони чегараси 40 даражани ташкил этувчи ушбу босқич кўринмайдиган майдончаларнинг йўқлиги билан характерланади.

2. Заиф кўришнинг ўрта босқичи. Бу кўриш аъзоси фаолиятининг ўртамиёна  бузилишидир. Мазкур босқичда кўз ўткирлиги 0,1 – 0,3 фоиз, кўриш майдони чегараси 20 – 40 даража бўлиб, у кўринмайдиган майдончаларнинг яккам-дуккамлиги билан белгиланади.

3. Заиф кўришнинг юқори босқичи. Бунда кўриш фаолиятининг жиддий равишда чегараланиши кузатилади. Кўриш ўткирлиги 0,05 – 0,1 фоиз, кўриш майдони чегараси 10– 20 даража, яккам-дуккам ёки кўплаб кўринмайдиган майдончалар бўлиши унинг хосликларини ташкил этади.

4. Мутлақо кўрмаслик. Кўришнинг тамоман чекланиши юз берувчи айни босқичда кўз ўткирлиги 0 – 0,04 фоиз, кўриш майдони чегараси 10 даражадан камроқ бўлади.   

Кўриш ўткирлиги деганда одатда кўрилаётган буюмнинг майда қисмларигача ажрата олиш тушунилади. Инсон кўзи ҳар хил жисмлар сиртидан қайтган ёки шаффоф ва ярим шаффоф буюмлар орқали ўтаётганда синган нурларни тутиш қобилиятига эга. Буюмнинг исталган икки нуқтасидан кўзга келаётган ёруғлик нурлари муайян бурчак ҳосил қилади. Агар буюм кўзга яқинлаштирилса, ёруғлик нурлари орасидаги бурчак ортади, узоқлаштирилганда эса камаяди. Ушбу вазиятда бурчак минут (бурчак градусининг олтмишдан бир бўлаги)ларда ўлчанади. Соғлом кўз 1 минутга тенг бурчак остида кўринадиган икки нуқтани фарқлай олади. Яъни мазкур нуқталардан чиқаётган ва кўзга келаётган ёруғлик нурлари 1 минутга тенг бўлган бурчак ҳосил қилади. Кўриш ўткирлиги келаётган ёруғлик нурлари орасидаги бурчак қийматига тескари бўлган катталикдир. Бурчак қанчалик кичик бўлса, кўриш ўткирлиги шунчалик юқори ёки аксинча, бурчак қанчалар катта бўлса, кўз ўткирлиги шунча паст бўлади. Бундай бурчакни мавжуд кўриш қобилиятининг минимал бурчаги дейилади. Ушбу қобилиятнинг 1 минутга тенглиги кўриш ўткирлигининг 1,0 фоизга тенглигига мос келади. Агар кўз фарқлай оладиган икки нуқта орасидаги бурчакнинг энг кичик қиймати 2 минутга тенг бўлса, кўриш ўткирлиги 0,5 фоизга тўғри келади. 

Кўриш ўткирлигини аниқлаш амалиётида маълум ўлчамли, осон англашилувчи объектлардан иборат бўлган ва махсус тайёрланган жадвал (оптотип)лардан фойдаланилади. Оптотиплар сифатида одатда алифбо ҳарфлари, Ландольт ҳалқаси, шунингдек, болаларда кўз ўткирлигини ўлчаш учун ишлатиладиган содда тасвирлар қўлланилади. Жадвал инсоннинг кўриш даражасини аниқлаш учун керак бўладиган тайинли масофага эга. Унда турли ўлчамлардаги оптотиплар сатрлар бўйлаб жойлашган. Жадвалнинг 1-қатори энг йирик оптотиплардан иборат бўлса, уларнинг ўлчамлари пастга қараб силжиш асносида аста-секин кичрая бориб, ниҳоят, сўнгги қатордан энг кичик оптотиплар ўрин олади. Оптотипларнинг ўлчамлари (баландлиги, кенглиги, чизиқ ва узилмаларининг қалинлиги) шундай танланганки, маълум бир масофага муайян даражадаги кўриш ўткирлиги (юқори ёки паст) мос келади. Бу дегани берилган масофада асосий қатор элементлари (жумладан, ҳалқанинг ички диаметри, чизиқлар қалинлиги ва узилма катталиги) 1 минутли бурчак остида кўринади ва соғлом кўз учун ҳеч бир муаммо туғдирмайди.

Кўзнинг кўриш даражасини белгилашда қўлланувчи тизимлардан бири голланд офтальмологи Снеллен томонидан ишлаб чиқилган. Снеллен жадвалида ҳар бир сатр ёнида масофани кўрсатувчи рақам жойлашган бўлиб, айни қаторнинг оптотиплари баландлиги 5 минутли бурчакка мос келади. Бу оптотиплар қисмлари (чизиқлар қалинлиги ва улар орасидаги оралиқ) мазкур масофада 1 минутли бурчак остида кўриниб туради. Шунингдек, хорижда масофани ўлчашнинг метрик ва инглизча тизими фаол қўлланади. Метрик тизимга кўра, кўриш ўткирлигини аниқлаш учун синов масофаси 6 м га тенг. Футлар билан белгиланувчи инглизча тизимда синов масофаси мос равишда 20 футни ташкил этади.

Россияда Д. А. Сивцев ва С. С. Головин томонидан 1923 йилда  тавсия этилган жадвал кенг тарқалган. Жадвалда рус алифбоси ҳарфлари ва турли катталикдаги Ландольт ҳалқалари тасвирланган. У 12 сатрдан иборат бўлиб, ҳар бир қаторда бир хил катталик ва мураккабликдаги оптотиплар жойлашган. Сивцев-Головин жадвалида синов масофаси 5 м ни ташкил этиб, кўриш ўткирлиги ўнли каср кўринишида ёзилади: 1,0 (5,0 м), 0,9 (5,55 м), 0,8 (6,25 м), 0,7 (7,14 м) в.ҳк. Қавс ичида соғлом кўз маълум сатрларни кўриши учун белгиланган масофалар кўрсатилган.

         Агар синалаётган кишининг кўриш ўткирлиги жуда паст – 0,1 дан камроқ бўлса, унинг 1-қатордаги энг йирик ҳарфларни қанча масофадан кўриши мумкинлиги V = s/50 ифодаси орқали аниқланади. Бу ерда V – кўриш ўткирлиги даражаси, s – синалувчи 1-сатрдаги ҳарфни фарқлай оладиган масофа (масалан, 2 м), махраждаги 50 м соғлом кўз кўра оладиган масофа ҳисобланади. Демак, V = 2/50 = 0,04 бўлади. Агар инсон 1-сатрдаги ҳарфни 1 м масофадан кўрмайдиган бўлса, у ҳолда кўриш ўткирлиги қўл бармоқларини юзнинг олдида тутиб, кўздан унгача бўлган 40 см узоқликдаги масофа билан аниқланади. Бунда бармоқлар қалинлиги жадвалнинг 1-сатридаги ҳарфлар қалинлигига тенглаштирилади. Киши кўзи олдидаги бармоқларини кўрмаган тақдирда унинг ёруғликка сезгирлиги ёруғлик проекцияси ёрдамида текширилади. Синалувчи кўзига ёруғлик нури ҳар томондан йўналтирилади. Агар у нур қайси томондан тушаётганини тўғри топса, бу синалувчида ёруғлик сезувчанлиги сақлангани ва тўғри проекцияга эга эканидан дарак беради. Башарти нур томонларнинг қай биридан тушаётгани фарқланмаса, бу ёруғликка сезгирлик бўлгани ҳолда унинг проекцияси нотўғрилигини кўрсатади.

         Кўп ҳолларда кўриш ўткирлиги тушунчасини соддалаштириш учун унинг ўнли каср ўрнига фоиз билан ифодаланиши (масалан, 0,5 = 50%) кузатилади. Бу тўғри эмас. Сезувчанликнинг ҳар қандай кўриниши чизиқли эмас, балки логарифмик шкала бўйича ўлчанади. Айнан шунинг учун кўриш ўткирлигининг 1,0 дан 0,9 гача пасайиши инсонга унинг 0,2 дан 0,1 гача тушишига қараганда унчалик сезилмайди. Ҳолбуки, иккала ҳолатда ҳам кўриш даражаси 0,1 га пасайиши юз беради.       

Интернет материаллари асосида тайёрланди.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш