БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

Инсон майда буюмларни яхшироқ кўриш учун уларни кўзига яқинроқ олиб келиб, бу билан кўриш бурчагини оширишга эришади. Яъни айни объектларнинг ўлчамлари каттароқ кўринишга эга бўлади. Бироқ буюмга 10 – 15 см масофадан ҳам яқинроқ қаралса, инсон кўзи тўр пардага аниқ тасвирни бера олмаслиги мумкин.

Лупа ёрдамида кичик объект тасвирини катталаштириб кўриш имкони мавжуд. Фокус масофаси 2 – 15 см бўлган йиғувчи линзага лупа дейилади. Ундан фойдаланганда буюм гўё лупанинг фокус масофасига тенг бўлган узоқликдан кўрингандай бўлади. Умуман олганда, буюмнинг катталаштирилган тасвирдаги ўлчами у билан лупа, шунингдек, кўз ва лупа орасидаги масофага боғлиқ. Линзанинг фокус масофаси ёки унинг диоптрияларда ўлчанувчи оптик кучини билган ҳолда лупaнинг неча марта катталаштириб кўрсатишини тақрибан ҳисоблаб чиқиш мумкин:

m = 1/(4 х f), бу ерда f фокус масофаси, m эса лупанинг неча бор катталаштирилишини англатади. m = D/4, бу ерда D – линзанинг диоптриялардаги оптик кучи. Масалан, фокус масофаси 2,5 см = 0,025 м бўлган лупа тасвирни қарийб 1/(4х0,025) = 1/(0,1) = 10 марта катталаштириб беради. Бу ифодадан катталаштириш даражаларини тақрибий баҳолаш учун фойдаланиш мумкин. Шундай қилиб, лупа буюм тасвирини кўриш бурчагининг оширилиши ҳисобига “катталаштиради”. Кўзни зўриқтирмай катталиги энг юқори даражадаги тасвирни кўриш учун лупани кўзга яқинроқ тутиш керак бўлади. Кўрилаётган буюм эса унинг фокус масофасига бироз яқинлаштирилса кифоя.

         Ярим шар кўринишига эга лупалар оптик ойна ёки махсус пластикдан ясалиши мумкин. Улар тузилиши жиҳатидан қўлбоп, таянч (штативли), контактли ёки шаффоф тагли бўлади. Соатсозбоп (кўз қовоқлари орасига қистириб қўйиш учун мўлжалланган), ёритгичли лупа турлари ҳам фарқланади. Линза сферик ёки асферик шаклга эга бўлишига таяниб айтиш мумкинки, асферик лупалар линза четларида ўзгаришлар бўлмагани сабабли  афзалроқ ҳисобланади. Алоҳида таъкидлаш жоиз, кўриш қобилияти жиддий нуқсонга учраган кишиларнинг “Френель линзаси” типидаги оптик воситалардан фойдаланишларига ҳожат йўқ. Жозибадор кўринишдаги бу лупалар пластик карточка, хатчўп ёки ихчам чизғич шаклида бўлиб, жузъий камчиликларга ҳам эга. Улар тасвирни йириклаштира олмаса-да, кўриш ўткирлиги қониқарли бўлган кишиларга буюмни 2-3 марта катталаштириб кўрсатишда асқотиши мумкин. Қолаверса, бу турдаги лупалар орқали кўрилган тасвир жуда ноаниқ бўлиб, натижада кўриши ёмон бўлган кишининг кўзи жиддий зўриқишга учрайди.

Матн ўқилаётган пайтда лупани қўлда тутганча унинг устида юргизишга тўғри келади. Бу унчалик қулай эмас. Бундан-да афзалроғи кучли плюсли линзага эга бўлган гиперокуляр деб аталмиш кўзойнаклар ёрдамидан фойдаланишдир. Улар моҳиятан кўзойнак гардишига маҳкамланган лупа каби бўлади. Бундай кўзойнаклар одатда яхшироқ кўрадиган кўзга нисбатан қўлланилади. Иккала кўзга қўлланиши учун мураккаб тузилишга эга призмали  кўзойнаклар зарур. Гиперокуляр кўзойнаклар ишлатилганда ўқилаётган матн кўзга яқинроқ олиб келинади. Масалан, тахминан 2,5 карра катталаштирувчи + 10, диоптрияли линзалар қўлланганда матннни кўздан 10 см узоқликда тутиш лозим. Гиперокуляр ва лупа уйғунлашган таянч ёки контактли кўзойнаклар орқали ушбу масофани оширишга эришилади. Бу ҳолда кўзойнаклар оптик кучини икки баробар камайтириш, ўқиш масофасини эса шунча баробар кўпайтириш мумкин. Телескопик монокуляр воситалар заиф кўрувчи инсонлар томонидан саёҳатлар, театр ва бошқа томоша тадбирлари чоғида узоқдаги объектларни кўришда қўлланади. Шунингдек, улар кўча-кўйда мўлжал олиш, жамоат транспорти маршрути ва уйлар рақамини, турли лавҳаларни ўқишда ёрдам беради.

Афсуски, лупаларнинг катталаштириш имконияти чекланган. Ушбу имкониятни ошириш учун фокус масофасини қисқартириш зарур. Бунда лупа сиртининг эгрилигини ошириш эвазига уни камайтиришга эришилади. Сирт эгрилиги қанчалик катта бўлса, лупанинг диаметри шунча кичик бўлади. Диаметри увилдириқдек бўлган линзани бир тасаввур қилинг-а (бундай линзанинг фокус масофаси миллиметрнинг улушига тўғри келади). Бундан ташқари, айни турдаги линзада жуда кучли сферик бузилиш кузатилиб, аниқ тасвир фақат унинг марказида намоён бўлади. Демак, амалиётда бундай лупадан фойдаланиш имконсиз.

         Юқори даражада узоқни кўра олмаслик ва нистагмага йўлиққан кишиларга электрон видеокатталаштиргич номини олган қурилмалар ёрдамга келади. Унинг 3 хили мавжуд: қўлбоп (портатив), стол усти (стационар, турғун), автофокусли камерага эга катталаштиргичлар. Қўлбоп видеокатталаштиргич – камера ва дисплей (диагонали 3 – 7 дюймли) битта корпусда бўлган электрон қурилмадир. Корпус шундай тузилишга эгаки, бунда қурилма матнли қоғоз ёки бирон тасвир устига қўйилади. Унинг катталаштириш даражасини 2 дан 14 бараваргача ўзгартириш мумкин. Максимал катталаштирилганда 4 дюймли дисплейга матннинг бор-йўғи 2-4 та катталаштирилган белгиси сиғади. Матн ёки тасвирни тўла кўриб чиқиш учун қурилмани қўл билан суриб туриш зарур.

Мураккаб қурилма ҳисобланмиш стол усти видеокатталаштиргичи сурилма столча (кўриб чиқилаётган объектни жойлаштириш учун), унинг устидаги камера ҳамда диагонали 24 дюймгача бўлган дисплейни ўз ичига олади. Бу хилдаги воситалар кўмагида тасвирни бир неча ўн маротаба катталаштириш мумкин.

Автофокус камерали катталаштиргич эса узоқ ва яқиндаги объектлар – проектор экрани, синф доскасидаги тасвирни ёки олдимизда турган ёзувли варақни экранда бирдек катталаштириб кўриш имконини беради. Шуни унутмаслик керакки, электрон видеокатталаштиргич кўриш бурчагини ўзгартирмай, катталаштирилган тасвирни дисплейда шакллантиради. Бу қурилма кўриш ўткирлиги 0,1 дан паст бўлган кишиларга асқотиши мумкин.

ИНТЕРНЕТ материаллари асосида тайёрланди.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш