БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

СУЮҚ КРИСТАЛЛИ ЛИНЗАЛАР

         Суюқ кристалли плёнка анчадан буён планшет ва смартфонлар дисплейлари, замонавий телевизорларни тайёрлашда ишлатиб келинади. Лидс университети олимлари мазкур ашёдан офтальмологияда интраокуляр линзалар яратишда фойдаланишни таклиф қилишмоқда. Аёнки, замонавий кўз ичи линзалари барқарорлаштирилган синдирувчанлик қобилиятига эга. Уларнинг эгрилиги инсон нигоҳи яқин ва узоқ объектларга йўналганига қарамай ўзгармасдан қолади. Суюқ кристалли линзалар эса ихтирочилар фикрича, ўз эгрилигини кўз гавҳари аккомодациясига таъсир этувчи мушаклар ҳаракатига боғлиқ ҳолда ўзгартириши мумкин. Янги линзалар узоқ ва яқинни кўрмаслик, шунингдек, катаракта хасталикларини даволашда янада юқори натижаларга эришишни таъминлаши билан аҳамиятли. Суюқ кристалли линзаларни кўзга ўрнатиш билан боғлиқ жарроҳлик амалиёти маҳаллий наркоз остида, қарийб ярим соат давомида ўтказилади. Айни ихтиро муаллифлари, Лидс университети олимлари ва контакт линзаларнинг йирик саноатчиларидан бўлмиш Ultra Vision CLPL компанияси мутахассислари клиник синовларни 2018 йилнинг бошида тугатишни режалаштирмоқда. 2023 – 2024 йилларда эса ушбу методни клиник амалиётга жорий этиш мўлжалланмоқда.

ШОХЛИ ҲУЖАЙРАЛАР КЎЧИРИБ ЎТКАЗИЛДИ

Буюк Британияда инсон эмбриони шохли ҳужайраларини кўчириб ўтказиш бўйича дастлабки жарроҳлик амалиёти ўтказилди. Шифокорларнинг умид билдиришича, бундай усул кўзи ожизликнинг кенг тарқалган сабабларига қарши самарали восита бўлиши мумкин. Лондондаги Мурфилд кўз касалликлари шифохонасида ўтган айни амалиётга ёшга боғлиқ макуляр дегенерацияга чалинган 60 ёшли аёл жалб этилди. 18 ойга мўлжалланган ушбу тадқиқотни 10 нафар бемор иштирокида олиб бориш кўзда тутилган.

         Кўз хасталиклари миллий институти маълумотига кўра, макуляр дегенерация 50 ва ундан юқори ёшдаги инсонларда кўриш ёмонлашувининг асосий сабаби ҳисобланади. Унинг нам ва қуруқ турлари мавжуд бўлиб, сариқ доғнинг нам дегенерацияси доимо қуруқ макуляр дегенерация каби бошланади. Сариқ доғ дегенерациясининг қуруқ тури кенг тарқалган бўлиб, 90 фоизгача беморларда учрайди. Бу кўриш учун аҳамиятли фоторецепторларнинг ёруғликни сезувчан ҳужайраларини таъминловчи макулада кўз тўр пардаси пигментли эпителиал ҳужайралар қатламининг юпқалашиши ёки шикастланиши оқибатида рўй беради.

         Ҳозирда шохли ҳужайралардан олинган пигментли эпителиал ҳужайраларни кўчириб ўтказиш самарадорлиги ва хавфсизлигини таъминлаш устида жиддий бош қотирилмоқда. Зеро, бу макуляр дегенерациянинг нам тури оқибатида кўриш қобилияти сусайган беморларни даволашда қўл келади. Жарроҳлик амалиёти 1-2 соат давом этиб, айтилган ҳужайралар тўр пардага киритилган махсус патч орқали кўзнинг орқа қисмидаги касалланган ҳужайраларни алмаштиришда қўлланилади. “Нам макуляр дегенерацияга чалинган беморларнинг келажакда бу ҳужайраларни кўчириб ўтказишдан манфаатдор бўлишларининг реал имкониятлари мавжуд”, – дейди ретинал жарроҳ, Мурфилд кўз касалликлари шифохонаси профессори Линдон да Круз.   Хуллас, мутахассислар бу клиник синовлар яқин келажакда кишилар саломатлигини тиклашда муҳим омил ўлароқ хизмат қилишидан умидвордирлар.

ИНТЕРНЕТ саҳифаларидан олинди.

 

 

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш