БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

         Олимларнинг хабар беришича, мобиль телефон тез кунларда тиббий қурилма вазифасини ўташга киришиши кутилмоқда. Smart Vision Labs компанияси мазкур янгиликни жорий этиш устида иш олиб борар экан, эндиликда мобиль алоқа воситаси ёрдамида кўзни осонгина текшириш имкони туғилади. Сўнгги статистик маълумотларга кўра, дунё бўйича 246 млн. киши кўриш нуқсонидан азият чекади. Демак, янги мобиль технологияни амалиётга татбиқ этишдан манфаат кўрувчилар кўпчиликни ташкил этади.

         Мутахассислар мобиль телефонга битта бюджет ва компакт вариантга бириктирилган иккита қурилмани улаб кўришди. Ундаги авторефрактометр яқинни ёки узоқни кўролмасликни аниқласа, аберрометр кўришдаги меъёрдан оғиш ҳолатларини ташхислашга ёрдам беради. Бунинг учун инсон нигоҳини бир неча сония телефонга уланган ташхислаш қурилмасига йўналтирса кифоя. Натижада махсус дастур олинган сурат асосида ташхис қўяди. Ушбу содда ва қулай текширув усули амалиётида қўлга киритилган маълумотлар асосида мижозлар кўзойнак олиш учун тегишли жойга мурожаат этишлари мумкин. Хуллас, бундай имкониятга эга мобиль телефонлар синовдан муваффақиятли ўтиб, янгилик юқори баҳоланмоқда.

КИМЛАР МИОПИЯГА ЧАЛИНАДИ?

         Кейинги пайтда офтальмолог шифокорлар узоқни кўролмаслик хасталиги болалар орасида кенг тарқалаётгани ҳақида бонг уришмоқда. Кардифф университети тадқиқотчилари болалар миопияси борасида илгари маълум бўлмаган далилни аниқладилар. Буюк Британияда яшовчи 89 минг нафар кишининг саломатлиги таҳлил қилинар экан, кўп болали оилалардаги катта ёшли фарзандларда миопия ривожланиши эҳтимоли юқори экани маълум бўлди. Уларнинг кўриш аъзолари ҳолатини тадқиқ этиш шуни кўрсатдики, тўнғич фарзандларда ука-сингилларига қараганда узоқни кўролмаслик касаллиги 10, миопиянинг кучли даражада ривожланиши 20 фоиз юқоридир.  

         Айтилишича, болаларда узоқни кўролмаслик хасталигининг келиб чиқиши ирсий омилларга ва турмуш тарзига боғлиқ. Болакай телевизор экрани, компьютер мониторидан қанча узоқлашиб, очиқ ҳавода ўйнаш ва жисмоний машқлар бажаришда фаол бўлса, унда миопиянинг ривожланиш эҳтимоли шунчалик камаяди. Аниқланган ҳолат юзасидан қизиқарли хулосаларни илгари сурган тадқиқот муаллифларининг фикрича, одатда кўпгина ота-оналар мактаб ҳаётини ука-сингилларига нисбатан эртароқ бошлаган катта фарзандларининг дарсларни ўзлаштириш тарзини қатъий назорат остига оладилар. Шу сабабли катта ёшли болалар дарс тайёрлашга кўпроқ вақт ажратишади. Бу ўз навбатида кўз зўриқишига олиб келади.   

 

ИНТЕРНЕТ саҳифаларидан олинди.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш