БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

АҚШда яқинни кўролмаслик муаммосини бартараф этувчи ҳамда кўриш аниқлиги ва аввалги ўткирлигини тиклаш имконини берувчи ноёб контактли линзалар яратилди. “Proceeding of the National Academy of Sciences” журналида айтилишича, АҚШдаги Висконсин университетида ўзи коррекцияловчи контактли линзалар кашф этилган эди. Ихтирочи Хунжуй Цзяннинг таъкидлашича, эндиликда икки, ҳатто уч фокусли линзалар, жумладан, лазерли коррекцияга зарурат қолмайди. Янгилик кашфиётчиси бу ихтиро кўз гавҳари қаттиқлашган ва яқинни кўролмаслик юзага келган нафақа ёшидаги кишиларга микродатчиклар ёрдамида кўриш ўткирлигини қайтаришига умид билдирмоқда. Линза Африка дарёларида яшовчи нил филчаси балиғи кўрганидай аниқ-равшан кўра олиш имконини беради. Айтиш жоизки, айнан шу жонивор линза ғояси яралишига туртки берди. Нил филчаси кўз тўр пардасининг ён томонлари ёруғликни акслантирувчи бир неча коса кўринишидаги ботиқлардан иборат бўлиб, бу узун ёруғлик тўлқинларининг кучайиши, кўриш ўткирлиги ортиши, ҳатто атрофни илғаш қийин бўлган ҳолларда ҳам тасвирни англаш имкони туғилишига сабаб бўлади.

Ёруғлик ўтказувчи кўплаб туйнукчаларга эга ушбу мўъжаз қурилма балиқ кўз тўр пардасидаги ботиқларда бўлгани каби кўз ёни деворларига тушаётган нурларни акслантириб беради. Коллекторларнинг бундай ишлаши шарофати билан линза қармоқ ипи кенглигидаги буюмларда ҳам фокусланиши мумкин. Контактли линза объектларни яқин ва йироқ масофадан бирдек кўриш имконини бериши билан бирга узоқ вақт ўз хусусиятларини йўқотмайди. Қурилма синови ҳозирча лаборатория шароитида сунъий кўз устида олиб борилмоқда. Қайд этилишича, линзанинг амалиётдаги нусхаси яратилишига ҳали ўн йилларча бор. Қурилмадан ташқари унинг электрон тизими ишлаши учун батарея яратиш керак бўлади. Зарядланиш ва энергияни сақлашга кўмаклашувчи қуёш батареялари ҳозирча энг мақбул восита сифатида баҳоланмоқда. Бундан ташқари, линза пластик хом ашёдан ишланиб, барча элементлари ёруғликка сезгир бўлиши лозим.

ДАЛЬТОНИКЛАР УЧУН КЎЗОЙНАК  

Ранг ажратолмайдиган кишилар учун EnChroma Cx кўзойнаклари сотувга чиқарилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Medgadget.com cайтининг хабар беришича, ушбу ихтиро шарофати билан ранглар аслида қандай бўлса, ўшандай кўриш имконияти юзага келади. Кўзойнакларнинг бу тури юқори сифатли ранг спектри фильтрларидан иборат поликарбонат линзаларга эга. Улар уч хил узунликдаги ёруғлик тўлқинларинигина ўтказиб, бошқаларининг ўтишига йўл қўймайди. Айни пайтда EnChroma Cx кўзойнаклари катталар учун ҳам, болалар учун ҳам ишлаб чиқилган. Шунингдек, уларнинг дальтониклар спорт билан шуғулланишларида асқотувчи нусхаси ҳам мавжуд. 

РАНГ АНОМАЛИЯСИ

          У ёки бу хилдаги ранг ажратолмаслик нуқсонлари мавжуд бўлиши одатда аномалия деб аталади. Ушбу нуқсонлар Х хромосомаларга бириккан рецессив белги сифатида наслдан-наслга ўтади. Ранг аномалиясига учраган инсонларнинг барчаси трихромат ҳисобланади. Яъни бу тоифа кишлар соғлом одамлар каби учта асосий рангдан фойдаланишлари зарур бўлади. Бироқ аномаллар нисбатан рисоладагидек кўрувчи трихроматларга қараганда баъзи рангларни қийинчилик билан ажратадилар. Қизил ва яшил рангларни эса амалиётда бошқача мутаносибликда қўллайдилар. Аномалоскопдаги тестларнинг кўрсатишича, протаномалияда қизил ранг меъёрдагига нисбатан устунлик қилса, дейтераномалияда яшил ранг керагидан ортиқ бўлади. Тританомалиянинг айрим ҳолларида яшил-кўк канал фаолиятида бузилиш кузатилади. Кишининг кўриш тарзи текширилиши жараёнида махсус тестлар ёрдамга келади.       

 

ИНТЕРНEТ саҳифаларидан олинди.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш