БИР САФДА

оммавий-ижтимоий ва адабий-бадиий журнал

 

         “Қуруқ кўз” муаммоси ҳозирги пайтда ўта долзарб ҳисобланади. Зеро, кўплаб гаджетлар, смартфонлар, электрон китоблардан фойдаланиш вақтида  кўзимизнинг камроқ пириллаши натижасида унинг соққасини қоплаб турувчи ёш пардаси қуриб қолади. Бу шох парданинг яллиғланиши, кейинчалик эса конъюктивга олиб келади. Таъкидлаш жоиз, мактаблар ва баъзи болалар боғчаларида интерфаол доскаларнинг жорий қилиниши оқибатида кўз қуруқлашиши хасталиги ёшариб бормоқда.  

         2015 йил охирига келиб Стенфорд университети олимлари мазкур муаммо билан курашишда асқотадиган электрон қурилма ишлаб чиқишди. Тажриба пастки қовоғининг ёш пардаси остига бўйи 16, эни 4, қалинлиги 2 мм ўлчамли имплант киритилган қуён устида олиб борилди. Натижа кутилганидан ҳам аъло бўлди – ёш миқдори 57 фоизга ортди. Қайд этиш лозимки, ёш пардасига эмас, балки сенсорли рецепторлардан мияга қараб борадиган афферент нейрон йўлига таъсир кўрсатилса, бунинг самараси янада юқори бўлади. Навбатдаги вазифа ишлаб чиқилаётган кўз ёшининг таркиби сифатли бўлишига эришишдан иборат. Бунинг учун олимлар оқсиллар ва липидларнинг мавжуд эканлиги ҳамда улар ўртасидаги мутаносибликни текширишлари керак бўади.

Болаларда ксерофтальмия хасталигига мойиллик кучлироқ. Кўз қизариши, қичиши, ачишиши каби касаллик белгилари намоён бўлиши билан уларни офтальмолог кўригидан ўтказишга шошилган маъқул. Лекин шуниси борки, ёш пардасини қайта тиклашнинг самарали усули ҳозиргача ишлаб чиқилмаган. Шундай экан, бундай электрон қурилманинг оптика дўконларида пайдо бўлиши вазиятни ўзгартириш ва кўпларга ёрдам беришга хизмат қилиши мумкин. Клиник синовдан ўтказилаётган ушбу имплантни яқин келажакда сотувга чиқариш режалаштирилмоқда.

ТЎР ПАРДАДА ЛАЗЕР УСУЛИ

         Кўриш – бизга эркинлик ва мустақил бўлиш имконини берувчи бебаҳо тортиқ. У орқали биз қуёшнинг чиқиши-ю ботиши, хуллас, Аллоҳ яратган дунёнинг жамики гўзалликларини кўриш ва баҳолаш салоҳиятига эга бўламиз. Аммо одамзод уни кўришдан маҳрум этиши мумкин бўлган кўплаб кўз хасталикларини бошдан кечиришга маҳкум. Улардан энг жиддийси кўз тўр пардасининг қатламланиб кўчиши бўлиб, у беморни мутлақ кўзи ожизликка олиб бориши ва тезкор жарроҳлик амалиётини ўтказиш зарурати билан юзлаштириши мумкин.

         Одатда юқори босқичли миопия, тўр парда дистрофияси, шиши, марказий венаси тромбози, кўз қонтомирларининг ҳаддан зиёд катталашуви, кўзнинг диабетик ўзгариши каби бир қатор хасталиклар тўр парда кўчишига сабаб бўлади. Мазкур ўзгаришлар тўр пардада лазерли коагуляцияни ўтказиш эҳтиёжини туғдиради. Бунинг учун тўр пардадаги бириктирув ҳаракатлари лазер нури воситасида жарроҳлик амалиёти тарзида бажарилади. Лазер билан даволашнинг ушбу усули кўзнинг кўриш қобилияти маълум даражада яхшиланишига туртки бериш билан бирга тўр парда кўчишининг олдини олишда ҳам асқотади.       

 

ИНТЕРНЕТ саҳифаларидан олинди.

Изох қўшиш

Химоя коди
Янгилаш